Янги йил табриги


Янги йил табриги

Юлдузлар юртидан тушиб келар тун
Осмон даричасин дунёга очиб.
Дилларни дилларга қўшиб келар тун
Оппоқ қорларини самога сочиб.
Соғиндик..соғиниб-соғинтириб кел,
Қадаминг муборак бўлсин, Янги йил!

Сокин бирлашади замину фалак,
Сирли бир туш каби тўкилар хаёл.
Умримиз аслида бир гўзал эртак,
Умримиз аслида бир ёғду мисол..
Ёғдулар ортидан ёғду бўлиб ел,
Умримиз нурларга тўлсин, Янги йил!

Кумуш шуълаларин элайди оқшом,
Арча шохларида қўнғироқчалар.
Ёмғир томчисими ё биллурий жом,
Шодлик айёмига қўнғироқ чалар...
Юрак осмон бўлди, осмон эса сел,
Қадаминг муборак бўлсин, Янги йил!

Эй дил, сукунатнинг қўшиғин тингла,
Самога сачрайди лаҳзалар ранги!
Каҳкашон тоқида порлайди, илло,
Юрак зарбларининг олтин жаранги...
Севги садосидай уйғонсин кўнгил,
Умримиз Бахтларга тўлсин, Янги йил!

Олов вужудида нур, тупроқ, ҳаво,
Аёл қалбида жам - миллатнинг руҳи.
Сен уни асрагил, у - Момо Ҳавво,
У - насл эртаси,
У- юрт шукуҳи!..
Ҳар бешик қошига кўзмунчоқлар ил,
Қадаминг муборак бўлсин,Янги йил!

Бу оппоқ қорлармас, оппоқ тилаклар,
Дуога қўл очган оппоқ юраклар.
Юртга қут-барака ва тинчлик тилаб,
Самодан ёғилган оппоқ малаклар...
Ҳар инсон умрига нур тилаб ёғил,
Қадаминг муборак келсин, Янги йил!

Бахт асли нимадир?
Соғликми, сабот?
Соат милларидек шошилади Вақт...
Дардмандлар дардига топилсин нажот,
Сабрнинг ортидан келсин қувонч, бахт!
Сен - умид ва омад калитисан, бил,
Қадаминг муборак бўлсин, Янги йил!

Ким айтар, мўъжиза бўлмайди содир?
Ким айтар, кафтларга қўнмайди олам?
Ахир юрагимиз ҳар ишга қодир,
Ахир мўъжиза-ку, ҳар нафас, ҳар дам...
Саодат сирларин очгин хилма-хил,
Умримиз бахтларга тўлсин, Янги йил!

Ўтяпмиз Мангулик остонасидан,
Эй дўст, орзуларга тилайлик камол.
Дунёлар яралсин ишқ нафасидан,
Қорлардек мусаффо, қорлардек ҳалол.
Осмондан заминга тўшалсин оқ йўл,
Қадаминг муборак бўлсин, Янги йил!

Тонгларга сабо бер,
Тунларга наво,
Умидга ижобат, қалбларга қанот.
Токи хуш тилаклар бўлсинлар раво,
Сендан мўъжизалар кутамиз, ҳаёт!
Сен бизга Муҳаббат, Тинчлик бўлиб кел,
Умримиз бахтларга тўлсин, Янги йил!

Дунё масрур ўтар вақт чизиғидан,
Қуёш меҳваридан ўтаркан давом.
Коинот китобин зарварағига
Ёзилсин энг аввал Ўзбек деган ном!
Илоҳим, ўзидан кўпайсин бу эл,
Қадаминг муборак бўлсин, Янги йил!!

Зебо МИРЗО










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот