НИМА ДЕЙМИЗ...


НИМА ДЕЙМИЗ...

Эй сиз, бу оламни ўйин билганлар,
Дунёнинг бағрини тиғлаб ўйганлар,
Молу дунёсига хайкал қўйганлар,
Энди нима дейсиз, Худо олдида.
Эй, туққан боласин сувларга отган,
Бегуноҳ гўдагин пуллаган, сотган,
Залолат, хиёнат йўлини тутган,
Энди нима дейсиз, Худо олдида.
Эй, ҳалол жуфтига пичоқ урган эр,
Аёли эрини кўмиб,тепган ер,
Она сайёрадан чиқди қора тер,
Энди нима дейсиз, Худо олдида.
Эй, элу юртини осон сотганлар,
Юртга ўт кетганда пана тортганлар,
Воҳ, она Ватанга тошлар отганлар,
Энди нима дейсиз, Худо олдида.
Эй, мушфиқ онадан олмаган хабар,
Отасин хор қилган номард, оқпадар,
Ювилмас гуноҳлар маҳшарга қадар,
Энди нима дейсиз, Худо олдида.
Эй, парча ерни деб, қўшнидан тонган,
Ерга тўкилмади, кафтидан томган,
Панжа урилмаган яна не қолган,
Энди нима дейсиз, Худо олдида.
Бугун мингта ўлди, эрта ҳам хатар,
Дунёга чанг солди бу дард дарбадар,
Эгамнинг қўлида қазои қадар,
Энди нима дейсиз, Худо олдида
Мотам либосини киймасдан дунё,
Ёнган оналардек куймасдан дунё,
Аллоҳдан тилайлик яхши кун, шифо,
Энди нима деймиз, Худо олдида.
Яхшилар бор учун яшайди олам,
Меҳрдан, дуодан яшнайди олам,
Тазарру айласа, ҳар битта одам,
Яна нима деймиз, Худо олдида...

***
Эй, ёруғ оламни ўйин билганлар,
Дунёнинг бағрини тиғлаб ўйганлар.
Молу дунёсига ҳайкал қўйганлар,
Айтгин, нима дейсан, Худо олдида?
Бегуноҳ гўдакни ўтларга отган,
Заҳри балони ҳам пуллаган, сотган.
Залолат, жаҳолат йўлини тутган,
Айтгин, нима дейсан, Худо олдида?
Ўнлаб гўдак ўлди, эрта ҳам хатар,
Оғуни пуллади қай бир оқпадар.
Оналар қарғаса маҳшарга қадар,
Айтгин, нима дейсан, Худо олдида?
Мотам либосини киймасдан дунё,
Ёнган оналардек куймасдан дунё.
Роббим, гўдакларга бер, ўзинг шифо,
Энди нима деймиз, Худо олдида?

Мунаввара  УСМОНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот