Тинчлик, мангу яша



Зир қақшади замин бугун, қақшамоқда,
Бир юрт ўзга юртга қармоқ ташламоқда.
Ёвузлик ўз хийлаларин бошламоқда,
Сенга нима бўлди замин, аслингга қайт,
Уруш деган жоҳилларга тўхта, деб айт. 
Етим қолган гўдакларнинг кўзида ёш,
Қон йиғлади қанча инсон, қарию ёш.
Энди сенга тилайинми сабр-бардош,
Сенга нима бўлди инсон, аслингга қайт,
Қардош халқинг бошин ема, иним деб айт. 
Ҳаммага ҳам аталгани битта тупроқ,
Кимга олдин, кимга кейин қазилар чох.
Юрагимни эзиб кетди бугун, эй воҳ,
Сенга нима бўлди имон, аслингга қайт,
Юртфурушлар, гумроҳларга тўхта, деб айт. 
Қара, жажжи юракчалар уриб турар,
Танинг соғлом, оёқларинг юриб турар. 
Ҳаммасини Яратган бил, кўриб турар,
Сенга нима бўлди дўстим, аслингга қайт,
Яшаб турган тинч юртингга шукрона айт. 
Ер титради, қанчаларни ютди, кўрдик,
Тоза ҳаво ўрнин заҳар тутди, кўрдик.
Болалар жим ўлимини кутди, кўрдик,
Сенга нима бўлди, эй қалб, аслингга қайт,
Тош қотган муз юракларга эри деб айт. 
Икки қадам қолди яна, тугар бари,
Карвондамиз ё тинчлик ё уруш сари.
Бирлашайлик бугун энди ёш-у қари,
Сенга нима бўлди ахир, аслингга қайт,
Тинчлик, мангу яша, номинг баралла айт!
Тинчлик, уруш деганларга тўхта, деб айт! 

Мафтуна  ДУНЁ
23.03.2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот