Усмон Азимга табрик


     Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбек Миллий Академик драма театрининг "Адабиёт бўлими" бошлиғи, ўзбек адабиётида ўз йўналиш ва услубига эга шоир  - Усмон Азимни таваллуд топган айёми билан табриклаймиз!
     Усмон Азимга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаб қоламиз!

     Маълумот: Усмон Азим (Усмон Азимов ) —  шоир, драматург, кинодраматург ва носир. У 1950 йилнинг 13 Августь куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган.
     1972 йилда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. Республика радиосида муҳаррир, катта муҳаррир ва бош муҳаррир ўринбосари (1976—89), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1989 — 90). Ўзбекистон Республикаси Президент Девонида сектор мудири, етакчи консультант, Давлат маслаҳатчиси (ёшлар бўйича) - (1991 —94). 2003 йилдан Ўзбек Миллий Академик драма театрида адабий эмакдош вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
     Илк китоби — «Инсонни тушуниш» (1979). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари» (1985), «Дарё» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Faройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Fycca» (1994), «Узун тун» (1994), «Бор эканда, йўқ экан» (1995), «Сайланма» (1995), «Куз» (2001) каби шеърий ва «Жоду» (2003) насрий тўпламлари нашр этилган.
     Усмон Азим ўзбек шеъриятининг уфқини кенгайтириб, насрий шеърлардан бармоқ вазнигача бўлган турли вазнларда ижод қилади. Дастлабки шеърларида инсоннинг давр ва жамият ҳаётидаги ўрнини тушунишга, даврнинг оғриқли масалаларига эътибор қаратди ва шу жараёнда минбар шеърияти унсурларидан фойдаланди. Кейинчалик, шоир ижодида воқеликни фалсафий истиоравий образлар орқали идрок ва тасвир этиш маҳорати кучайиб борди. 80-йиллар ижодида кўзга ташланган бахшиёна руҳ шеъриятда янги бир йўналиш яратилишига туртки бўлди. 90-йилларга келиб, унинг ижодида кескин ўзгариш юз берди ва шеърларида суфиёна кайфият акс этди.
     Усмон Азим «Бахтли бўлайлик», «Ҳужжатли фильм учун сюжет», «Баҳодир ва Малика» сингари радиопьесалар ёзган. У ана шу тажрибадан фойдаланиб, 90-йилларда драматургия билан жиддий шуғулланди ва «Бир қадам йўл», «Кундузсиз кечалар», «Бозор» (1997), «Алпомишнинг қайтиши» (1998), «Жазава» (2000), «Бахт қуши» (2002), «Ўтган замон ҳангомалари» (2003), «Адибнинг умри» (2005) пьесаларини ёзди. Бу пьесаларнинг аксари Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган. Усмон Азим бу пьесаларда саҳна қонуниятларини яхши ҳис этувчи, драматург сифатида намоён бўлди. Айни пайтда у ҳам тарихий, ҳам психологик драмалар, ҳам оғзаки ва ёзма адабиёт намуналари асосида замонавий саҳна асарларини ярата олиш истеъдодини намойиш этди. Усмон Азим, шунингдек, кинодраматургияда ҳам қалам тебратиб, «Алишер Навоий» киноқиссаси (1990), «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» (2000) фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган. «Алпомишнинг қайтиши» учун муаллиф 1999 йилнинг «Энг яхши драматурги» деб эътироф этилди. 
     Поль Элюар, В. Вациетис, Ҳ. Доғларжа, А. Вознесенский, Ю. Марцинкявичюс ва б. шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Шеърлари инглиз, француз, немис, поляк, македон, турк, рус, грузин, эстон, литва, тожик, қозоқ ва қирғиз тилларида нашр этилган. 
     Усмон Азим халклар дўстлиги ва ватанпарварлик ғоялари билан йўғрилган шеърлари учун Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). «Дўстлик» ордени (1998) билан мукофотланган. Ўзбекистон халқ шоири (2000). 
     Шоирнинг кўплаб шеърлари таниқли ҳофиз ва хонандалар томонидан қўшиқ қилиб, ижро этилади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот