ВАТАН


Хосият РУСТАМОВА

ВАТАН

1
Яхшиям, узоқда бўлса ҳам борсан,
Турибман пойингга тўкилмоққа шай.
Эсим йўқлигида шу сўзни айтсам —
Туюлди обрўйим тушадигандай.

Ватан буюк! Ватан бу ер шарида,
Шу ёшимга қадар англамай ўтдим.
Бугун ўзга юртнинг кўчаларида —
Келар Сени жуда қучоқлаб ўпгим.

2
Тангрим, кўрсатганинг ўнгми ёки туш,
О, бунча чиройли бўлмаса шаҳар.
Қайси феъл-атворим Сенга келиб хуш —
Юртларни кезишни қилдинг муяссар.

Мен азал кўнглимда сақламайман кин,
Аммо, тунлар менга ўзин оқлайди.
Билсам бўлармикан,
муҳташам Берлин,
Қўл ва оёқларни қайда сақлайди.

Шаҳар атрофимда юрибди елиб,
Бобомни эслайман.
Эслайман юртни.
Ҳаёт экан — Берлин бугунга келиб —
Менинг оёғимни кўзига суртди.

3
Кетяпман. Алвидо, теварак-атроф,
Мени қучоғига олмоқда осмон.
Хайр, Олмония!
Хайр, Дусселдорф!
Уйимда бўлардим тезроқ отса Тонг.

Балки яноқларим ичга ботгандир,
Бироз шамолладим — юртдан ташқари.
Билмам, туз-насиба балки тортгандир —
Балки келгандирман видолашгани.

4
Аввал юрагимга ботарди шу сўз,
Вужуду жонимда турарди оғриқ.
Шукур, англаб етдим юмилмасдан кўз —
Дўстларим, мен бугун Ватанга боғлиқ.

Гўё ечилгандай юракда тугун,
Қолмагандай гўё кўнгил чигили.
Менга тушунтириш шарт эмас бугун —
Ватан учун ўлиш нималагини.

5
Мен Сенинг бағрингга экаяпман жон,
Майса билиб қўйсин, дарахтлар билсин.
Ўтли юрагимга тўлсин ҳар томон —
Майли, ёмғир ёғсин,
Қор ёғаверсин.

Бу ишга қўл уриб турибман энди...
Умримдан, яшашдан тополмай таскин.
Тупроқни ўзимга кийгизгим келди —
Юрагим кўкарсин, жоним кўкарсин.

Руҳим илдиз отиб чиқарсин томир,
Ернинг жон-жонига қотай тошдайин.
Аммо, шу ёшимда кўкармоқ оғир —
Қип-қизил қонимда ўса бошлайин.

Кетмоқчи бўлсам ҳам кетказма йироқ,
Ҳаётга келгандай кетайин тўлиб.
Менга ижозат бер, жонажон тупроқ,
Ўлсам ҳам ўлайин ўлгандай бўлиб.

6
Ватан! Ватан!
Ва яна Ватан,
Йўқдир бунинг асло талқини.
Тўлаб бўлмас ҳеч нарса билан —
Ватанингда яшаш ҳаққини. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот