Ватан байроғини ўпган йигитлар


 

    Шукур, сиз урушга кетганингиз йўқ,   
Шукур, сиз тинчликнинг аскарларисиз. 
Дуо қилаётган юртга бир қаранг, 
Сиз унинг тожисиз, гавҳарларисиз, 
Талотўп вокзалнинг бир чеккасида 
Сизга қарайвериб ўйлайвердим жим, 
Юрт сенга ишонар, алпкелбат укам, 
Юрт сенга ишонар, шарткесар иним. 
Вокзал кулгу, ҳазил, севинч ёшлари 
Кезар нон ҳидидек азиз хаёллар. 
Энди, сиз кетгандан келгунингизча 
Тиканлар устида ётмас аёллар. 
Энди ғурур билан боқар оталар, 
Юрак гулханидан кўздаги ўтлар. 
Энди фарқ қилади оддий йигитдан 
Ватан байроғини ўпган йигитлар. 
Нон тишлатар одат, энг қадимий урф, 
Умид уй тўрида порлаб туради. 
Тишлам нон — момолар сақлаган ирим 
Сени уйғоқликка чорлаб туради. 
Уйғоқлик пойингга дон излаб келган, 
Митти қушчаларни синглим деб сийлаш,
Уйғоқлик ҳар тошнинг ёнида ўсган 
Ҳар битта гиёҳни укам деб ўйлаш. 
Ватан деганингда дилингда отган 
Оппоқ саҳарларга саломлар айтгин, 
Ишонч осмонига учирма бўлган, 
Оққушим, соғ Қайтгин, саломат қайтгин. 
Илоё, соғ Қайт!
Келинчак кирмаган йўлинг соғ Қайтсин, 
Куёв белбоғ боғлар белинг соғ қайтсин. 
Беғубор дилингда ҳарбийда ўсган, 
Ватан меҳри деган гулинг соғ қайтсин, 
Илоё соғ Қайтсин қора кўзларда 
Ғурур гулханидан чақнаган ўтлар, 
Ахир фарқ қилади оддий йигитдан 
Ватан байроғини ўпган йигитлар.

Зулфия МЎМИНОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот