МЕНИНГ ОППОҚ ЧЕЧАКЛАРИМ


   XX аср Озарбойжон адабиётининг иккинчи ярмида энг ширали поэтик овозларидан бири Нурангиз Кун 1938 йилнинг 21 сентябрида таваллуд топган. Кўп йиллар давомида Озарбойжон матбуот соҳасида ва Озарбойжон Санъат университетида ­фаолият юритган.
   Адабиётга «Тангри» номли қиссаси билан кириб келган. Ҳозирга қадар «Асрнинг сўнгги туши», «Оқ қанотлар», «Саломат бўл, Оқча йўл», «Қор романи», «Хўжали симфонияси поэмалари», «Йўл кетаман. Сайланма шеърлар», «Қирмизи оқшом» каби бир қатор қисса, ҳикоя, мақола, памфлет ва театр асарлари китоб ҳолида чоп этилган.
   Югославияда чоп қилинган «Овозлар» номли дунё шоир-ёзувчилари алманаҳидаги шеърлари «Яшил булоқ» мукофоти билан тақдирланган.
   «Хўжали симфонияси» достони учун Маҳмуд Кошғарий фондининг мукофотини олган.
   2006 йилда Озарбойжон Республикасининг Президенти Илҳом Алиевнинг «Президент мукофоти»га лойиқ кўрилган.
   Нурангиз Кун 2014 йили 76 ёшида вафот этган.

МЕНИНГ ОППОҚ ЧЕЧАКЛАРИМ

Тугади оқ чечакларим, бир кузакка яроқ бўлди,
Учди дайди шамолларда, қўпиб вароқ-вароқ бўлди.

Куш мисол учди ғунчалар, қўлда қолган бутоқ бўлди,
Жим боғларимнинг меҳмони бир қақшаган япроқ бўлди.

Кўзларим айланди кўлга, висол мендан узоқ бўлди,
Не келса ғуссадан келди, мени узган фироқ бўлди.

Хаёл бўлди севганларим, ёниб-ўчган чироқ бўлди,
Менинг оппоқ чечакларим энди қора тупроқ бўлди.

* * *
Бир зиё йўқотганман
онамнинг кўзларида.
Бир баёт йўқотганман
онамнинг сўзларида.
Бир ҳикмат йўқотганман
онамнинг дудоғида.
Бир чироқ йўқотганман
онамнинг сўроғида.
Бир бешик йўқотганман
онамнинг қўлларида.
Бир умр йўқотганман
онамнинг йўлларида...

ТУШ

Бир оқшом
очганча тушимнинг эшикларини
йиртиб ташлаб зулмат пардаларини,
ичкари кирдинг.
Тушимда
бир булоқ очган эди кўз.
Ҳорғин эдинг,
эгилиб,
юрак ёнғинлари-ла
сувдан симирдинг.

Сўнгра ўчириб манглайнинг
ҳорғинлигини
уриндинг яшамоққа.
Кейин эса
мендан бурдинг буткул юз -
қўлларинг узатдинг,
мени ойдинликка тортиб чиқариб
узоқ кузатдинг...

Бир ой нурларининг!
Иссиғидан иккимиз қотардик совуқ, нега?
Аммо сен ҳам,
мен ҳам,
ой ҳам,
бахтиёрдир...

Тонгда
мен сенинг тушингни қучоқлар эдим,
кафтларимда бирма-бирма эзардим, ҳорғин...

* * *
Худойим,
тонмадим ҳеч! -
Ипак билдим като*ни,
Чечак билдим тиконни,
Рост, деб билдим ёлғонни,
Кабутар атадим мараз «илонни»...

На тош отдим,
на бир хас,
ким дер мени - беэга.
Бахтимга боқ, бахтимга...
Тангрим,
яралдим нега?

* * *
Бўмбўш бир сукунат,
мен ёлғиз...
Бўшлиқда на севги,
на нафрат,
на саодат,
на ҳис,
бордир на бир сас!
Отим бор эди. Бас, қани?
Қамчим бор эди, бас, қани?
Отим, майли, қолсин сизга.
Қамчим қайтаринг бироқ!
Қамчиламоқ истайман бу бўшлиқни...

ЙЎЛ КЕТАМАН

Дудоқларда табассум,
Умид ва ғурар бор қорачиғимда,
Ичимда кўзёшга эҳтиёжим бор,
Йўл кетаман энди,
оёқларим чарчагунича...

Кафтларимда сир,
Бармоқларимда тилсим,
Юрагимдир - бор-йўғим,
Йўл кетаман энди,
жуссам йиқилгунича...

Сочларимда шамолим,
Руҳимда Она лайли,
Бошимда музтар севги,
Йўл кетаман энди,
кўксим тешилгунича...

Олдимда баланд тоғлар,
Охирсиз қоялар, совуқ бир денгиз,
Ғариб жоним, ёлғиз жонга бир армоним,
Йўл кетаман энди,
бошим букилгунича...

Ортимда айрилиқлар,
Елкамда Қуёш қўллари
Хаёлимда Жолам ва титроқларим...
Йўл кетаман энди,
йўл тугагунича...

БИР ОҚШОМ

Нозим Ҳикматнинг қабри қошида...

Агарда, қаҳқаҳа уриб,
ҳазин абрларни қучмоқ истасам,
телба, демасларми менга?

Йиқилсаму ўпсам тупроғингни,
айлансам бағрингда
сукунати лол бир яшил чаманга,
телба, демасларми менга?

Бир оқшом узатсам Кунботарга қўл,
ғариб уфқларни жойлсам,
жойлай олсам - қорачиғимга,
телба, демасларми менга?

Телба, демасларми...

* * *
Аввал ўзинг жим келдинг
сўнг бу кадар тикди дов.
Аввал ўзинг беркиндинг,
сўнг овчи бошлади ов.
Аввал
сўнг девор.
Аввал ўзинг бошладинг
сўнгра, деди - тўхта, бор.
Аввалда сен кулдинг,
энди мен.
Аввалда мен ўлдим,
энди сен.
Оҳ, муҳаббат...
Сенга ҳам раҳмат,
менга ҳам...

* * *
Жоламга

Кимнинг нигоҳларин
олмослари у,
ярқираши
қамаштирар дунёни?
Кимнинг ёноқларин
табассуми у,
Уфқлардан кўриниши
кўп чошдирар дунёни?
Қизим Жоланинг,
чечагим,
кабутарим,
баҳорим, ёзим Жоламнинг...

* * *
Шуҳратпараст эмасман асло,
Шуҳрат сас-куйидан безорман, безор.
Мажбурлаб олмадим ҳеч мукофотни,
Шундай бир одамман,
шундай бир одам:
Истамайман на олқишу, на садо,
Истамайман заррача шуҳратдан бўлсин пойим.
Истамайман!
Машҳурлик,
сени истаганга бор, дейман.
Фақат шеърларим ўқилса,
бу энг гўзал сас,
Ёмонга ёмону, яхшига яхши ёқтирар,
Ортиқ нарса истамайман,
шу ҳам етар, бас.

* * *
Бўш ерлару,
бир жойлардан,
бегона бор
кулбалару,
саройлардан қочаман!
Маънисиз кулишлардан,
сохта, ялтоқ ўпишлардан,
шараф истар,
энг гўзал сўз тараф истар,
учрашувдан қочаман!
Болтаси бор қўллардан,
бўш куйлардан,
ҳар турли аъмоллардан қочаман!
Чангга қориб саодатимни,
ўзгасига кўрсатган меҳр,
ҳеч тинмаган
«шамоллардан» қочаман!

Хосият РУСТАМ таржимаси.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот