Ўзбекистон халқ шоири - Омон Матжон (1943-2020)


  Ўзбек шеъриятининг забардаст вакили, Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган. 
 Ўрта мактабни тугатгач, у Самарқанд Давлат университетида таҳсил олади. Омон Матжон 1969 йил олийгоҳни якунлаганидан сўнг, 2002 йилгача Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, сўнгра "Ёшлик" журналида бош муҳаррир, "Чўлпон" нашриётида директор бўлиб ишлаган.
 Шоирнинг сара шеърлари «Очиқ деразалар» (1970), «Карвон қўнғироғи» (1973), «Ёнаётган дарахт» (1977), «Ярадор чақмоқ» (1979), «Ҳаққуш қичқириғи», «Сени яхши кўраман» (1983), «Гаплашадиган вақтлар» (1986) каби тўпламларидан ўрин олган.
 Бу тўпламлардаги «Аму», «Ойбек», «Шуълалардан ҳайратланиш», «Она деган сўз», «Турналар», «Мезон», «Чорлов», «Ўн учинчи эшик», «Умримиз ҳақида» каби шеърлари ҳозирги ўзбек шеъриятининг энг яхши намуналаридан бўлиб, уларда инсон қалбининг турфа жилолари ранг-баранг ташбеҳларда, жозибали образларда ифодаланган.
 Омон Матжон 1991 – 1993 йиллар Ўзбекистон Президенти Девонида давлат маслаҳатчиси, 1993 - 1998 йилгача Давлат Матбуот Қўмитасида раис муови лавозимларида ҳам фаолият олиб борган.
 Шоир адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 1993 йилда Омон Матжонга Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон берилган.
  2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти Авестонинг 2700 йиллигига бағишланган «Ардахива» асари нашрдан чиққан.
   2002 йилда ислом дунёсининг буюк намояндаси Хўжа Аҳрор Валий ҳаёти, тақдиридан ҳикоя қилувчи «Халоскор руҳ» асари «Шарқ юлдузи» (2002, 3-сон) журналида чоп этилган.
  Шоирнинг "Умр ўтар...", "Табассум қил", "Эшигингдан ўтарман бир кун", "Менинг кимлигимни эл билса бўлди" каби қатор шеърлари таниқли ҳофизлар тарафидан қўшиқ қилиб куйланган.
   Омон Матжоннинг шеърлари Евгений Евтушенко каби буюк рус шоирлари томонидан таржима қилинган.
   Омон Матжон таржимон сифатида қардош ва чет эл адабиётларидан кўплаб асарларни она тилига маҳорат билан ўгирган. Хусусан, унинг А. Шиллер, Ш. Бодлер каби жаҳон классиклари ижодидан қилган таржималари эътиборга лойиқ.
  Ўзбекистон халқ шоири - Омон Матжон 2020 йил Тошкент шаҳрида вафот этган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот