УСТОЗ
Кимё фани бўйича ўқитувчим Анорбой акага
Устозлар шаънига қасида жоиз,
Бу олис мозийдан қолган ақида.
Менга зўр қувончдир, шу айём боис
Сўйламоқ сиз каби Устоз ҳақида.
Дунёда кимки бор, шогирддир зотан,
Зотан ҳар кимда бор бемисл устод.
Доҳийлар ақлин ҳам машъала этган
Қай Устоз қолдирган лахча чўғ албат.
Биз ялдо кечаси нотаниш маскан
Қошида иложсиз қотган ҳолда жим,
Қўлда мангу сўнмас олови билан
Сарбонлик этади бизга муаллим.
...Олисларда қолди мактаб партаси,
Унутилди беғам ўспиринлик ҳам.
Лекин узун тунлар баъзида, рости,
Сиз билан хаёлан суҳбат қураман.
Гоҳ ожиз, журъатсиз бўлиб қоламан,
Гоҳо йўқолади ўзимга ишонч.
Муаллақ ҳолатда ўйга толаман
Гоҳо сиқувларга беролмай бардош.
Шунда Сиз қошимда пайдо бўласиз,
Ўйчан кўзларингиз боқар гинали.
Гўё лабларингиз қимирлар сассиз:
“Мен сендан кутганим шумиди ҳали...
Дунёда ёмонлар учраб туради
Ва-лекин яхшилар улардан бисёр.
Руҳингни туширмай, келажак сари
Дадил қадам ташла. Тушкунлик бекор...”
Юрагимга қувват югурар яна,
Ишонч зиёси-ла чароғон қалбим.
Руҳимда шод ҳислар этар тантана,
Сизни эслаганда, азиз муаллим.
Сиз соғу саломат, вақти чоғ бўлинг
Биздек шогирдларнинг бахтига ҳам дам.
Панду насиҳатни аямай туринг
Биз муаллақ ҳолда қолган пайтлар ҳам...
(1981)
МАКТАБ
Бир кун туз ичган жойга
Қирқ кунлик таъзим даркор,
Лек қир кун ўтар-кетар,
Учқур хаёл-ку вақт.
Дўстларим, айтинг менга,
Қай бир туз берган жой бор,
Токи уни ёдлайлик
Ҳурмат билан тоабад.
Дўстларим, маъзур тутинг,
Ботманг чуқур хаёлга,
Сизлар жавоб топгунча
Етмаяпти тоқатим.
Дилимда жавоб сўзлар
Қайнаб-тошган маҳалда
Дарҳол очиб ташламоқ
Гўдакликдан одатим.
...Бола эдим, тол хивични
Минардим тойчоқ қилиб,
Саҳардан то шомгача
Ўйин эди эрмагим.
Мовий осмон, тўп булут,
Юлдуз чақнар жилмайиб,
Яшил қишлоқ... Шу эди
Менинг бор-йўқ билганим.
Етти ёшдайдим, бир кун
Ювиб-тараб, эркалаб,
Қўлимга тутқаздилар
Турфа рангли гулдаста.
Шу куни муаллима
Мени қучиб, етаклаб,
Олиб кирди кенг хона
Ва энг биринчи дарсга.
Барҳам еди тол хивич,
Менинг чопқир тойчоғим,
Барҳам еди бурунги
Содда-содда ўй-хаёл.
Барҳам еди кўкдаги
Суҳбатдош овунчоғим,
Гўёки ҳаммомпишга
Кўмилган тўптош мисол.
Шундан мени қошига
Имлади ўзга дунё,
Мен ҳам унинг ортидан
Тинмай энтикиб чопдим.
Бу — илм дунёсийди,
Мактаб унга ибтидо,
Мен излаган сирларни
Ушбу дунёдан топдим.
Бу — илм дунёсийди,
Интиҳоси йўқ асло,
Бунда ақл, тафаккур
Ҳукмрон эрур ёлғиз.
Бир жумбоқни хўп ўйлаб
Сирин очсанг мабодо,
Кейингиси жилмайиб
Чорлагайдир изма-из.
Мактаб ўқиб дунёнинг
Сирларини ўргандим,
Ҳатто Галактиканинг
Жумбоғи менга маълум.
Болаликда юлдузни
Ёнар тошга йўйгандим,
Бугун унинг таркибин
Хатосиз айтиб бергум...
Дўстлар, айтинг, мактабдан
Суюклироқ жой борми,
Қай маскан мактаб каби
Эъзозларга мушарраф?
Йўқ, баридан юксакдир,
У тафаккур тимсоли,
Билим, таълим ўчоғи,
Қадрдон, суюк мактаб.
Умр бўйи севимли,
Она каби меҳрибон,
Зиёсин улашгувчи
Қуёшдек порлоқ мактаб —
Қучоғидаман. Мактаб
Севимлидир минг чандон,
Ўнлаб, юзлаб шеър, достон
Битурман унга атаб.
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ (1977)