ОДАМИЙЛИКНИНГ ОЙДИН ТИМСОЛИ
БОҚИЙ МИРЗО 70 ЁШДА
ОДАМИЙЛИКНИНГ ОЙДИН ТИМСОЛИ
Ростдан ҳам, ҳар бир ижодкор ҳақида кўнгилдан ёниб, самимият билан сўз очиш осон эмас.
Чунки бир инсонни чексиз меҳр ва ҳурмат билан таърифлаш учун унга нисбатан чиндан-чиноқдан садоқат ва муҳаббат ҳисси бўлиши керак.
Мен учун ана шундай чин ихлосга сазоворлардан бири, ўзбек адабиётида ўзининг муносиб ўрнини топган, серқирра ижодкор, Наманган адабий муҳитининг забардаст ижодкори, шоир ва ёзувчи – устоз Боқий Мирзодир.
Шогирдлари учун офтоби борлиқ каби нур сочиб, уларга йўл кўрсатиб, уларнинг камолотини юксалтирган устоз ҳақида қанча ёзсам ҳам кам.
Истиқболимизга ишонч билан қараб, бизга қанот бўлиб, шу қанотлар билан ҳаёт ва ижод самосида юқориларга чиқишимизга туртки бўлган азиз инсонни улуғлаш, эъзозлаш мен учун ҳам қарз ҳам фарздир.
У кишини қарийб ўн йилдан буён таниб, яқиндан биламан.
Улардаги улкан истеъдод, инсонийлик ва камтарлик ҳар сафар мени янада мафтун этади, бу ҳис-туйғуларни сўзлар билан ифода қилиш мушкул.
Яхши инсонлар ҳақида сўз очилганда, фикрлар қуйилиб, сатрлар эса маржондек тизилиб келаверади. Адабиёт майдонида бор бўй-басти билан таний бошлаган пайтларимда кўплаб кишилар ёшимни, тажрибамни эътиборга олмасдан, истеъдодимга енгил баҳо берганида, кўнглим оғриган пайтлар ҳам кўп бўлган.
Аммо устоз Боқий Мирзо бу ерда ҳам ўзларининг камтарлиги, адолатпарварлиги билан мени қўллаб-қувватлаб, ижодий истеъдодимга нисбатан улкан ишонч билдирганлар.
Бир инсоннинг, хусусан, ёш ижодкорнинг кўнглида ишонч чўғини ёқиш учун қанча қувват ва меҳнат,ҳақиқий буюк қалб кераклигини тушуниш учун катта дунёқараш талаб қилинади, ва устоз айнан шундай нурли қалб соҳибидир.
Боқий Мирзо устознинг ёшлар ижодига бўлган ҳурмати, уларнинг иқтидорига,ёруғ келажагига бўлган ишончи ва умидлари ҳамиша эзгудир.
Бугунги кундаги ижодкорлар орасида ёшларга бундай ҳақиқий қўллаб-қувватловчи, самимий маслаҳат бериб, уларни йўлга бошлайдиган камсон устозлардан бири айнан Боқий Мирзодир.
У киши фақат қалб тубидан сўзларини қаламига ёзадиган теран ижодкор, ва улуғ маънода тоза қалб соҳиби.
Устознинг адабий ижоди улкан денгизга ўхшайди: ҳар бир тўлқинда уларнинг қалб юраги, олий фазилатлари намоён бўлади. Олиму шоирлар, адабиётнинг юксак даражаларидаги инсонлар уларнинг ижоди ҳақида юқори баҳолар бериб келганлар. Боқий Мирзонинг асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки дунё миқёсида ҳам қизғин қабул қилинган, китобхонлар қалбида мустаҳкам жой олган.
Эътирофдан ҳеч ким воз кечмайди. Лекин ҳақиқий эътироф, муҳаббат ва меҳр билан берилган эътироф инсон қалбидаги энган қирларини қайта кўклатади, уни янги чўққиларга кўтаради. Ана шу маънода, устоз Боқий Мирзо менинг ижодий ҳаётимда чинакам қўллаб-қувватловчи, маънавий мадад бўлган шахслардан биридир.
Ҳар қандай вазиятда ҳам ўз меҳр-муҳаббатини авайлаб сақлаб қолувчи, муносабати ўзгармайдиган бундай инсонлар адабиётга ҳам, ёш авлодга ҳам керак.
Устозимизнинг бу йилги муборак 70 ёшлари билан чин дилдан табриклайман! У кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, ва янги ижодий парвозларни тилайман. Кўп йиллар давомида адабиётимиз, шеъриятимиз, яқинларингиз ва шогирдлар бахтига соғ-омон бўлинг, устоз!
Жаҳонгир НОМОЗОВ,
"YAZARLAR" журналининг таҳрир ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон бўйича мухбири.
Изоҳ: Жаҳонгир Намозовнинг шоир ва ёзувчи – Боқий Мирзога бағишланган мақоласи Озарбайжоннинг "YAZARLAR" журнали ҳамда zefernews.az газетаси ва сайтида Озарбайжон тилида эълон қилинди.
Маълумот: Боқий МИРЗО – 1954 йилнинг 10 ноябрида (ҳужжатда 24 март) Ўзбекистон республикаси Наманган вилояти Чортоқ тумани Чортоқ шаҳрида хизматчи оиласида таваллуд топган.
1971 йил мактабни тугатгач, Қўқон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирган.
1975 йили ўқишни тамомлаб, Чортоқдаги ўзи ўқиган 60-ўрта умумтаълим мактабида ишлаган.
1997 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Наманган вилоят бўлимида тарғибот бўлими мудири вазифасида фаолият юритган.
1998 йил “Суҳбатдош” газетасида ишлаган.
2004 йилгача бўлим мудири, кейин бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир лавозимларида журналистик фаолият билан шуғулланган.
2004 – 2007 йилларда вилоят ҳокимлиги Хотин-қизлар қўмитаси нашри – “Аёл ва жамият” газетасида ишлаган.
2008 йилда “Эрудит” МЧЖ “Бекажон” газетасининг Фарғона водийси мухбири вазифасида фаолият юритган.
“Янги кун”, “Узукдаги ёқут кўз”, “Кўнгил хиёбони”, “Сен ҳаммадан чиройлисан” номли шеърий ва ўндан зиёд насрий китоблари чоп этилган.
1993 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосидир.