ОТА
Абдукамол РАХМОНОВ ОТА
Сен эмасми, охирги нонин,
Ўзи емай ўғлига тутган?..
А.Орипов
Ўғлим деб, қизим деб, суюб, эркалаб,
Фарзандин бағрига босган оталар.
Болам-чақам, дея ҳар тонг, эрталаб,
Хуржунни елкага осган оталар...
Номлари қалбларда достон оталар!
Отадан меҳрибон борми дунёда?
Отадан қадрдон борми дунёда?
Отадан зўр боғбон борми дунёда?
Оталар, Сиз қурган йўллар чароғон,
Оталар, Сиз билан ҳаёт фаровон!
Отанинг қўллари дуода доим,
Юзидан таралар нур, зиё, илм
Кўзлари меҳрибон, қалби мулойим.
Ота каби ҳеч ким беролмас таълим,
Фақат, ота эрур буюк муаллим!
О, оталар! Одам атога қондош,
Пайғамбар хислати Сизда мужассам.
Атодир ғойибдан сабр, куч, бардош,
Оталар авлиё, улуғ, муаззам..
Отага тенг келмас биронта аъзам!
Ота, деган сўздан буюги бўлмас,
Ота босган издан қутлуғи бўлмас,
Мен учун отадан улуғи бўлмас!
Падари бузругим – доим ҳамроҳим...
Сиз каъбам, Сиз қиблам, Сиз саждагоҳим!
Қудратли, журъатли суянган тоғим,
Иймон-эътиқодда қойим қўрғоним,
Сиз менинг қуёшим, ўчмас чироғим!
Ҳам устоз, ҳам пирим, асл султоним –
Умримнинг зиёси, жон отажоним!
Қалбимнинг устуни, кўзимнинг нури,
Шаънимнинг қалқони, ишончим отам.
Шарафли йўлингиз кўнглим шуури,
Авлодлар ғурури – қувончим отам,
Шуҳратим, шавкатим, таянчим отам!
Сиз қурган уйларда фароғат кўрдим,
Сиз юрган йўлларда шафоат кўрдим,
Сиз босган изларда саодат кўрдим.
Отажон, тугамас бурчим ва қарзим...
Қутлуғ пойингизга минг бора таъзим!
24.09.2017