ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАГИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАГИ
ҳикоя
--- Янги йилда томошабинларга қандай тилаклар билдирасиз?, --- деди телебошловчи жонли эфир пайти.
--- Дунё тиббиётида ҳали қайд қилинмаган битта касаллик бор. Шу касалликни одамлардан бир-бирига яшин тезлигида юқишини хоҳлайман, --- деди машҳур шифокор.
Телебошловчи қизнинг юраги товонига тушиб кетди. Ранги қув ўчди: “Ўлдим. Ишдан кетдим…”
Режиссёр бақрайиб қолди:
“Эсини еганми бу? Ҳаммаси тамом энди…”
--- Нега ундай деяпсиз?,--- туйқус довдиради бошловчи.
Шифокор табассум қилди:
--- Бу виждон оғриғи, виждон хасталиги... Қанийди ҳаммамиз шу хасталикка йўлиқсак…
Телебошловчи енгил нафас олди.
Режиссёрнинг юзига энди қон югурди.
Шу тобда миллионлаб томошабинларнинг эса қаеридир ғимирлаб, танасининг аллақаери чимиллаб-чимиллаб оғригандай бўлди.
19.12.2022 йил.