БАРДОШ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
БАРДОШ
Ҳикоя
Чақирув бўлди, тез ёрдам улови ўқдай учди: "Каттабоғ кўчаси, 10-уй, 60-хонадон...".
Тўртинчи қаватдаги хонадонга шошилинч чиққан шифокор аёл тўшакда чўзилиб ҳушсиз ётган беморнинг тепасига келиб сесканиб кетди. Карахт аҳволда қалтираб-салтираган уй бекасига далда берди:
— Мана ҳозир укол қиламиз, ўтиб кетади. Сиз қўрқманг, тутқаноғи тутибди-да, кеча бекор ичирибсиз.
— Оз... Озгина, — дудуқланди бека.
— Икки соатдан кейин уйғониб, ўзига келади. Ловия ва мош солиб кесган ош қилиб беринг. Сиз, шаҳарликлар угра дейсизлар. Сузма аралаштиринг..... Сўнгра кийик ўт дамламасига асал қўшиб ичиринг. Тетиклашгач, ҳаммомга бораман дейди, рухсат бераверинг.
Бека таажжубланди:
— Сиз буни қаердан биласиз?
Шифокор аламли жилмайди:
— Итининг феъли ҳам, касали ҳам эгасига маълум-ку. Ҳа, дарвоқе, — аёл қия очиқ эшикка суянган кўйи иҳранди: — хизмат сафари тугагач, Сизникида қолаверсин, айтиб қўйинг.
Шифокор эшикни қарсиллатиб ёпди. Беканинг кўз олди қоронғилашди.
....Тез ёрдам улови катта йўлда ўқдай учиб борарди. Шифокор аёл бу дунёнинг аламларини ич-ичига ютиб, ўзини баъзўр тутиб турарди... ва ниҳоят унинг елкалари силкиниб, кўзларидан дувиллаб ёш оқа бошлади.