Азадор от


—Дада, Қалдирғоч қайтиб келибди!
   Қизи Гулоранинг жаранглаган овози Рустамнинг мудроқ кўзларини очишга мажбур қилди. «Иккинчи марта-я!» ғўдранди у ўрнидан турмай. Отасининг ҳадеганда кўриниш беравермаганидан қизнинг юраги сиқилди. Аммо овоз чиқарса Қалдирғоч қўрқиб кетадигандек, тилини тишлади. Секингина унга яқинлашди. «Яна қайтиб келдингми? Бошқа жойга ўрганолмаяпсанда-а? Ёки ойимдан хавотир олдингми?» Рустам эгнига чопонини илиб ҳовлига чиққанида қизи Қалдирғочни қучоқлаганча йиғлаб ўтирарди. 
— Бошимга бало бўлдинг-да, Қалдирғоч. Бир эмас, икки эмас, учинчи маротаба қайтиб келишинг. Ҳеч уятинг қолмади ўзи. Менга қолса сени ўшаларнинг қўлига топширармидим? Тақдир тақозоси. Бекангни мазаси йўқлигини биласан. Даволаниши учун фалон сўм пул керак экан. Менда бунча маблағ бўлмаса. Пул берадиган мард топилмагач, ноилож қолдим-да, жонивор…
   Рустам ҳам қизи каби Қалдирғочни жуда соғинган экан. Уни қучиб олди. Кўзлари намланди. Аммо ўзидаги ўзгаришни сездирмади. Бўлмаса Қалдирғочи қийналишини билади. Ахир уни миттигиналигидан боқиб катта қилди, улғайтирди. Унга меҳри тушди. Ҳеч қачон Қалдирғочдан ажралмасликка қасам ичганди. Афсус... 
   Рустамнинг қалбини ўртаётган азобларни Қалдирғоч ҳам сезмай қолмади. Хўрсиниб, бош қимтиб унга ҳамдардлигини билдирди. Учовлон оғир жимликка чўмишди. Бу аянчли сукунатни эшикнинг аламзада тарақлаши бузди.
— Ўзим ҳам айтгандим. Қалдирғоч шу ерга келган деб. Рустам отини сотишга сотди-ю, текинга қайтариб олмоқчи шекилли, — ҳовлига кириши билан овозини борича дўриллади Карим бақалоқ. 
— Бундай бўлмабди-да, оғайни. Отингизга ишқимиз тушиб айтган баҳоингизни бердим. Ундан хотира бўлсин деб ялинганингизга ичим ачиб, эгар-жабдуқлариниям ташлаб кетган бўлсам. Бу нимаси энди?! От билан тиллаша олишингизни кўрсатиш учун уни уйга қайтишга яна ўргатяпсизми, ёки Карим айтгандек… — энди гапириш навбати Каримнинг отаси Наим акага келганди.    
— Бу нима деганингиз Наим ака? Қалдирғочни болалигидан боқиб катта қилганман. Худди дўстлардек сирлашиб ўсганмиз. Лекин уни қайтишга ўргатмадим. Кўз олдингизда вазиятни тушунтириб, эгаси сиз эканлигингизни айтганимни кўрдингиз. Жонивор кўнгил узолмаяпти, чоғи. Ёки бекасидан хавотири борми?
   Рустамнинг гапларидан Наим аканинг лабига мазахомуз кулги ёйилди. Отнинг савдосини пишитгани келгандаги воқеани эслади. Ўшанда Рустамнинг от билан йиғлаб хайрлашгани, «Қалдирғочим бизни унутма» дея худди инсон каби силаб-сийпашларидан ғаши келганди. Аммо бу антиқа манзара таъсирида ичидан кўтарилган кулгини зўрға босувди. Бир ортиқча ҳаракати билан шундоқ отдан айрилиб қолиши мумкинлигини яхши биларди-да. Аммо кетар чоғи Рустамни мазах қилиш учун зўр баҳона топила қолди.   
— Ҳа, бу дўстингизга уни сотганингизни, энди эгаси мен эканлигимни айтинг. Бизга ўрганолмай хунобимиз чиқмасин, — деди масхаралаб. Рустам эса харидорнинг гапларини тўғри қабул қилди. 
— Тўғри айтасиз Наим ака? Қалдирғоч икки-уч маротаба яйловда адашганида, уйни топиб келишни, қоронғуда йўл қидиришни ўргатгандим. Ўша ҳунарларини ишга солиб қайтиб келиб юрмасин тағин, — деди. Наим ака ҳам ўғли Карим ҳам мешдек қорнини силкита-силкита роса кулишди. 
— Бўйнига занжирдан кишан солсам қаерга ҳам қочарди? — деди Карим.
— Энди айтаман-да. Жониворлар одамлардан кўра садоқатлироқ бўлишади. Меҳр берган инсонидан осонликча айрилмайди. Йўлини топади. Тунов куни янгангизни кўргани касалхонага миниб борувдим. Реанимацияга кириб чиққунимгача кишнаб бутун дўхтирларни оёққа турғизибди. Неча бир бемор деразадан бошини чиқариб Қалдирғочни томоша қилишди. Бош шифокор «Олиб кетинг, ҳаммани тинчини бузди. Бу ер сизга цирк эмас, касалхона» деб уришди. Устига миниб ниқтасам, жойидан қимирламайди денг. Қайсарлиги тутиб қолса бўладими? Ярим соат юргизишга уриндим... Оёқлари, бўйинларига тушган қамчи зарбидан баданлари титраб кетдиям, юрмаса денг. Охири мақсадини англадим. Отнинг қилиғига тушунмай турган бош врачга «Хотинимни ҳеч бўлмаса деразадан кўрсатинглар, бўлмаса кетмайди-ёв» дедим. Ўйлаганимдай бўлди. Деразадан бекаси кўриниш бериши билан ирғишлаб ўйноқлади-да, уйга жўнади. 
— Қўйсангиз-чи, Рустамжон. Гап деб ҳар нарсани айтаверасиз экан-да. Касалхонани ҳидими, дўхтирларни оқ кийимими ёқмаган. Бегонасираган. Кейин ўзига келгандир-да.
— Сизга ёлғон бизга чин ака. Бир марта мен йўғимда Қалдирғочни оёғи синиб ётиб қолган. Янгангиз эрталабгача тепасида қараб чиққан-да. От яхшиликни, яхши одамни ажратади. Масалан, мен учун худди одамдай бўлиб кетган.
— Ундан кўра ўзим отдай бўлиб кетганман. Ҳар-ҳар замонда кишнаб ҳам қўяман денг, — ҳазил аралаш чақиб олди Карим бақалоқ. Рустам ичидаги ғазабини босди. Аммо тилини тишламади.
— Баъзи бир одамларга раҳмим келади. Худойим ҳайвон қилиб яратганида бошқаларга кўпроқ нафи тегармиди? 
   Карим бақалоқ бу кесатиққа тушунмади. Ҳозиргина Рустамни отга менгзаганидан маст бўлганча кулишда давом этди. Ота-боланинг ҳо-ҳолашиб қийқиргани Қалдирғочнинг асабига тегди. Жойида олд-орқа оёғини кўтариб анча қийшанглади. Гўёки улар билан кетгиси йўқлигини билдирди. Рустам унинг дардини англади, лекин бошқа чораси йўқ эди-да. Шу боис Қалдирғочнинг яғринини силаб-сийпаганча, қўра яқинидаги мажнунтол сояси томон кетди. Бу ҳолатдан ота-бола харидорларнинг кўзлари қисилиб «Уни қара! Уни қара!» дея баттар ҳиринглашга тушишди. Рустам ҳозир бутун дунёни унутган бир кўйда эди. Шу боис,  бу кулгилар унга таъсир қилмасди. Қалдирғочгаям вазиятни тушунтирди.  
— Аҳволни кўриб турибсан. Беканг тузалиши учун катта миқдорда пул керак. Бизга шу маблағни Наим судхўрдан бошқа биров беролмайди. Сени шунақа аблаҳларнинг қўлига топшираётганимдан хунобман. Лекин беканг... Ўзинг биласан Гулора ҳам ойисини жуда яхши кўради. У тузалиб бағримизга қайтишини истайди. Сен ҳам бекангни яхши кўрасан-ку, тўғрими?.. — Қалдирғоч худди ҳамма гапни тушунаётгандек бир нуқтага тикилганча жим қотди. — Бисотимда пулга чақса арзийдиган сендан бўлак вақоим йўқ. Ноиложман, мени тўғри тушун. Эгаларингга садоқат билан хизмат қил. Бизга бўлган меҳрингни бутунича энди уларга бағишла. Уларнинг уйи бизникидан унча узоқ эмас. Ўтган-қайтганда кўришиб турамиз. Мени уятга қўйиб қочиб келиб юрмагин.  
   Рустам отнинг боғичини Наим акага тутқазди. 
— Уни сотманг, ака. Кўпайтиринг. Ўзимиздан орттиролсак ё ўзини, ё биронта боласини айтган нархингизга сотиб оламан. Худо хоҳласа, у билан уйингизга барака кириб боради. 
   Наим ака салафан пакетга ўроғлиқ пулни Рустамга узатди. Отни етаклаб ташқарига чиқишди. Рустам ҳам, қизи Гулора ҳам кўзида ёш айланганча Қалдирғоч билан хайрлашишди.           
   Бу ҳолатни тасвирлаш, кўпчиликнинг унга ишониши жуда қийин. Аммо шундай бўлганди. Наим ака ўша кунни бир-бир кўз ўнгидан ўтказди. Ишониб-ишонмай Рустамдан Қалдирғочни койиб қўйишни илтимос қилди. 
— Қўйинг, ака. Одамни калака қилманг. Сизга отни сотдим, пулингизни ишлатдим. Уни тушовини маҳкам қилинг-да, боғлаб ташланг. Бир айтдим, гапимга кирмадими, энди иложи йўқ.  
   Ота-бола Қалдирғочни етаклаганча уйларига қайтишди. Рустам эса қизи билан хотинининг ёнига жўнади. 
   Ўша кундан эътиборан Наим ака Қалдирғочни бир ёқли қилиш тадоригига тушди. Худди мажбурлаб узатилган келинчакдек ем емаса, сув ичмаса. Кўпкарига обориб-ку, шармандаси чиқди. Оломонни ичида йиқитиб қочди. «Агар шунақанги бемаза қилиқларинг такрорланса, ё сотаман ё сўяман» деди отга ўшқириб. Уйга қайтгач мол-ҳолига қараб юрадиган ишчисига уни митти туйнукли, темир эшикли қўрага маҳкамлаб ташлашни буюрди. 
— Олдига бир тоғора ем билан, бир челакда сув бер. Еса ер, емаса ўзидан кўрсин, — кейин ўғлига юзланди. — Отбоқар, қассоб танишларингга Қалдирғочнинг хабарини бер. Бизга ўрганмаса нимаям қилардик. Бу аҳволда ориқлаб, нархи пастлайди. Ҳеч қурса, гўштга топширамиз. Қази қилиб сотишади.     
   Ота-бола гапни бир жойга қўйишганида Рустам билан қизи операция хонаси ёнида минг бир ўйлар гирдобида ўтиришарди. Ҳозиргина бош врачнинг қабулига кириб чиққан Рустам икки дунё оралиғида қолди, гўё. 
— Бу жарроҳлик амалиётига кафолат беролмаймиз. Шунинг учун тилхат ёзиб қўл қўйинг. Аввало Худо. Биз бир сабабчимиз, холос. Шунинг учун... 
— Агар операция қилинмаса нима бўлади?
— Рустамжон, эртага нима бўлишини фақат Тангри билади. Мен сизга ҳеч нарса деёлмайман. Операциясиз балки бир ой яшар, балки бир йил, балки... Хотинингиз «операция қилинглар» деб роса ялинди. Агар фикрини ўзгартираман десангиз...
— Худойим бизниям дуога очиқ қўлимизни қуруқ қўймас. Насиб, ҳаммаси аввалгидек изига тушиб кетар... 
Рустам врачдан хонасида озроқ ўтириб туриш учун рухсат олди.
— Жуда ҳам йиғлагим келяпти. Ташқарида қизим бор. Мени кўриб, эзилмасин, қўрқиб кетмасин...
   Орадан уч соат ўтди ҳамки, операция тугамади. Унгача Гулора дадасининг тер ҳиди анқиб турган қучоғида бир ухлаб турди. Кўзи очилиши билан аввал онасини, кейин «Мен қочиб келган бўлса керак, деб ўйлагандим» дея Қалдирғочни сўради. Аммо Рустам унга жавоб бермади. Кўзлари бир нуқтага қадалганча карахт бўлиб тураверди. 
— Дада, — Рустамнинг юзини силади қизи, — Ойимнинг олдига кирайлик. Бугун Қалдирғоч яна қочиб келганлигини айтайлик. 
— Майли, қизим. 
   Рустам хавотир ичида бош шифокорнинг хонасига жўнади. Залга кириши билан йўлакнинг нариги бурчида икки шифокорнинг бош чайқаган аянчли ҳолатига кўзи тушди ва гап нимадалигини англаб бор овозда «Зулфиза-а-аа-а-р» дея додлаб юборди... 
   Гулора онасидан айрилди. Аёлнинг сўнгги васиятига кўра уни ота-онаси ёнига, қўшни қишлоқдаги қабристонга қўйиш керак эди. Шу сабаб, Рустам қизини бағрига босганча хотинининг жасадини олиб кетди. 
   У барча маъракаларни ўтказиб уйига қайтди.  Йўлда келатуриб Наим акани учратди. 
— Қалдирғоч тузукми? — деди кўзида ёш айланиб.
 Судхўр бўлса-да, Наим ака ҳам одамийлигини йўқотмаган экан. Хўрсиниб Рустамга юзланди.
— Қалдирғочинг бекасига аза тутдими, хотининг ўлган куни тонггача кишнаб  чиқди. Ташқарига чиқиш учун ўзини темир дарвозага урган чоғи, боши қонга беланиб ўлиб қолган экан. Сизларсиз яшолмади, бечора…

Дилбар АРАЛОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот