Аслида қондош озарбайжон наслидан бўлиб, кейинчалик ўзбек халқининг чинакам севимли шоири, ёзувчиси, драматурги, забардаст олими сифатида донг таратган Мақсуд Шайхзода 1908 йили Озарбайжоннинг Ганжа вилоятига қарашли Оқтош шаҳрида туғилди. Отаси Маъсумбек элу-юртда катта обрўга эга шифокор эди. У санъат ва адабиётни севар, тарих ва фалсафага қизиқарди, Оқтош зиёлилари билан турли масалаларда суҳбатлашарди. Ёш Мақсуд Низомий ва Фирдавсий, Навоий ва Фузулий, Пушкин ва Шекспир каби буюклар номини илк дафъа ана шу гурунгларда эшитади ва бу муҳит унга адабиётга бўлган қизиқишини уйғотади. Мақсуд Шайхзода Оқтошда ибтидоий мактабни битиргач, 1921 йили Боку дорилмуаллиминига ўқишга киради ва уни тугатгач Доғистоннинг Дарбанд, Бўйноқ шаҳарларида муаллимлик қилган. У 1926 йили Адҳем Файзий ташкилотига аъзо этилган «Миллий фирқа» ташкилотига аъзо бўлиб, мусовотчилар ҳаракатида фаол қатнашгани учун 1928 йили ҳибсга олиниб, Тошкентга сургун қилинган. Умрининг охирига қадар шу ерда яшаб, ижод қилган. Албатта, шўро ҳукумати Шайхзодани Ўзбекистонда ҳам таъқиблар ва таҳқирлардан бенасиб қолдиргани йўқ. Муҳими шундаки, Шайхзода «толеъ доим эркаламаганига» қарамай, умрининг охирига қадар ўзбек халқининг садоқатли фарзанди сифатида фаолият кўрсатди ва Ўзбекистон унинг иккинчи ватани бўлиб қолди. Шайхзода Тошкентга келгач, аввал Наримонов номидаги техникумда дарс беради, кейин “Шарқ ҳақиқати”, “Қизил Ўзбекистон”, “Ёш ленинчи” (ҳозирги "Тонг юлдузи") газеталарида ишлайди. 1929 йили ёш шоирнинг ўзбек тилидаги дастлабки шеъри “Шарқ ҳақиқати” газетаси саҳифаларида босилиб чиқади. Орадан кўп ўтмай, Шайхзоданинг биринчи тўплами “Ўн шеър”, кейинроқ “Ундошларим” (1933), “Учинчи китоб” (1934), “Жумҳурият” (1935) каби тўпламлари нашр этилади. Мақсуд Шайхзода “халқимизнинг меҳнат қаҳрамонлиги, кураш ва жанг, озодлик ва дўстлик, бахт ва алам, юртнинг гўзал манзаралари ва инсоннинг маънавий жамоли менинг қаламимга ошно, дилимга мазмун бўлиб келди” деб таъкидлаган эди. Шоирнинг бу фазилатлари, энг аввало, ҳаётдаги, воқеликдаги ва одамларимизнинг руҳий оламидаги ўзгаришлар, ҳолатларни ифодалашга қодир янги, бетакрор образларида намоён бўлди. Бу Тарих –Йўл – Сафар – Кема –Карвон, Харита (ер курраси ва Ватани), Манзил, Рақам, Суръат ва Вақт образларидир. Булар бир-бири билан узвий боғланган бўлиб, инсоният тарихи яхлитдир ва доим олға қараб ҳаракат қилади, бу инсоният карвонини – кемани тўхтатиб бўлмайди, у инсоният орзуси – бахт-саодат манзили сари ҳаракат қилади. Буни Шайхзоданинг ўз китобларига “Ўн беш йиллик дафтари” ёки “Чорак аср девони” деб сарлавҳа қўйишидан ҳам билиш мумкин. Шоирнинг ўзи “Инсон умри чекланган муҳлатли дафтар”, демак бу дафтарни фойдали, эзгу ишлар – “ёзувлар” билан тўлдириш лозим дейди. “Рақамлар” шеърида эса шундай сатрлар бор: “Мен на мунажжимман ва на ҳисобдон ва лекин кўраман сонлар мағзида осмонча маънолар, юртни ободон”... “Қўллар» шеърида қўлларда инсоннинг борлиғини, унинг ички оламининг муҳрини кўради. Унингча, “ғоят шафқатли, ҳаётбахш қўллар” ҳам “аёвсиз, ёвуз, гўр каби совуқ, танбал” қўллар ҳам бор, қисқаси, ҳар бир қўл “юракнинг навкарларидир”, юрак нени буюрса, қўл шуни ижро этади. Мақсуд Шайхзода ижодий балоғатидан далолат берувчи асарлардан бири “Тошкентнома” достонидир. Адабий жамоатчилик ўз вақтида бу достонни шоирнинг адабиётимизнинг йирик ижодий муваффақияти сифатида баҳолади. Чиндан ҳам, “Тошкентнома” Шайхзода достонлари ичида энг баркамоли бўлиб, унда шоир шахсиятининг ўзига хос қирралари анча ёрқин намоён бўлган. Достондаги ўзига хослик шундаки, асар яхлит воқеа асосига қурилган эмас. Шайхзода кўпқиррали истеъдод соҳиби эди. У шеърлар ва достонлар билан бирга, жуда юксак бадиий қувватга эга бўлган драмалар ҳам яратди. Шайхзода умрининг сўнгида ёзишга киришган, лекин тугатиб улгурмаган “Беруний” драмасини ҳисобга олмаганда ҳам, унинг “Жалолиддин Мангуберди” ва “Мирзо Улуғбек” драмалари аллақачон халқимизнинг бадиий мулкига айланиб қолди. Шайхзода иккинчи жаҳон уруши йилларида ёзган “Жалолиддин Мангуберди” (1944) трагедиясида ўз юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун мўғул истилочиларига қарши курашган сўнгги Хоразм шоҳининг жанговар жасоратини тарихан аниқ ва ҳаққоний тасвирлаган. Ойбек билан Ғафур Ғулом ўша вақтда асарга юқори баҳо беришиб: “Тарихий жараённинг ҳақиқий мазмунини, унинг ички маъносини” очиб берган, “Композицияси пишиқ, драматик тўқнашувларга бой бир асар. 1946 йилгача “Жалолиддин Мангуберди” драмасидан айрим парчалар “Армуғон” тўпламида босилган эди. Шундан кейин 43 йил давомида асар тилга олинмади ва дунё юзини кўрмади. Асар саҳнадан олингандан кейин кўп утмай Шайхзода қамалди. Бу асарга ўтмиш идеаллаштирилган деган сиёсий айб қўйилди. Мусодара этилган буюмлар ичида драманинг қўлёзмаси ҳам бор эди. Муаллиф оқланиб, қайтиб келганидан кейин муайян ташкилотлар “йўқолди” деган баҳоналар билан қўлёзмани қайтариб бермадилар. Шайхзода уни бир неча йил қидиришга мажбур бўлди ва ниҳоят, театрнинг собиқ суфлёрларидан унинг бир нусхасини топишга муваффақ бўлди. Лекин шунда ҳам асарнинг матни эълон қилинмай қолаверди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, муаллиф бу асарининг чоп этилганини кўрмай оламдан кўз юмди. “Жалолиддин Мангуберди”нинг тўла матни биринчи марта Бокуда озарбайжон тилида Шайхзоданинг икки жилдлик сайланмасида босилиб чиқарилди. Фақатгина 1988 йилдагина Жалолиддин Мангуберди” биринчи марта ўзбек тилида ёзувчининг “Боқий дунё” деган китобида тўла босилиб чиқарилди. Мақсуд Шайхзоданинг халқимиз тарихига, жумладан, Жалолиддин Мангуберди тақдири ва курашига одилона ёндошганлиги, ҳақиқатни ҳимоя қилганлиги Президентимиз Ислом Каримов имзоси билан эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 24 сентябрдаги “Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини нишонлаш тўғрисида” қарори ҳам яна бир бор тасдиқлайди. Шайхзоданинг ёзувчилик шуури ва ижодкорлик зеҳнининг ўткирлиги яна бир бор исботланди. Мақсуд Шайхзоданинг ўзбек адабиётига қўшган яна бир улкан ҳиссаси “Мирзо Улуғбек” трагедиясидир. Трагедия 1964 йили ёзилди, ўша йили бу асар Ҳамза театри саҳнасида қўйилди, кейинчалик унинг асосида кинофильм яратилди. Мақсуд Шайхзода юксак илм эгаси эди. Айниқса, у ўзбек мумтоз адабиётини чуқур билар эди. 1941 йилда Тошкентда нашр этилган “Гениал шоир” тўплами адабиётшунос олим Шайхзоданинг Навоий ижодига оид илмий мақолаларидан ташкил топган. Навоий шеъриятининг бу чуқур илмий тадқиқи навоийшуносликда ҳамиша алоҳида ўрин эгаллаб қолади. Шайхзода Навоий маҳоратини, унинг санъаткорлигини теран ўрганишни бошлаб берган ўткир тадқиқотчи эди. Филология фанлари номзоди, доцент Мақсуд Шайхзода Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да, Тошкент Давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент Давлат педагогика университети)да узоқ йиллар давомида ўзбек адабиёти тарихидан ўқиган маърузалари, махсус курслари ўзбек адабиёти тарихи бўйича энг қимматли дарслар эди. Мақсуд Шайхзоданинг бутун ижоди чуқур сиёсий публицистик руҳ билан тўла. Унинг шеърий, драматик асарлари қайси мавзуга бағишланган бўлмасин, замона билан ҳамоҳангдир. Шунинг учун ҳам шу типдаги ижодкорнинг бевосита публицистика жанрида хизмат қилиши тасодифий ҳол эмас. Унинг зўр бадиий жанрга эга бўлган публицистик мақолалари ва нутқлари бу истеъдодли адиб ижодининг мазмундорлиги ва ранг-баранглигидан ёрқин нишонадир. Истеъдодли шоир моҳир таржимон ҳам эди. У жаҳон адабиёти мумтоз шоирларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилишда катта хизмат қилди. Жумладан, Шекспирнинг “Ҳамлет” ва “Ромео ва Жульетта” асарлари ўзбек драма театрлари саҳнасида Шайхзода таржимасида саҳналаштирилди. Пушкин, Лермонтов, Байрон шеърларини ўзбек ўқувчисига илк бор тақдим этган шоирлар авлоди ичида Шайхзода ҳам бор. Шоир маҳоратининг ўсишига, унинг жаҳон адабиёти классикларининг асарларини ғоят севиб ўргангани, уларнинг бой бадиий тажрибасини усталик билан ўзлаштиргани ҳам сабаб бўлди. У Ғарбий Европа ва рус адабиётини мукаммал билгани ҳолда ўзининг Ватан адабиётини – Шарқ шеърияти меросини ҳам тўла ўрганган эди. Мақсуд Шайхзодани 50-йиллар бошида мутлақо асоссиз равишда қамоққа оладилар ва 25 йилга сургун қиладилар. Сталин вафот этгач, туҳмат билан ноҳақ қамалганларнинг иши қайта кўрилди. Шу тариқа 1955 йили кўпгина фидойи зиёлиларимиз қатори Шайхзода ҳам оқланиб чиқди. Лекин 5 йиллик қамоқхона азоблари натижасида шоирнинг соғлиги жуда ёмонлашиб қолган эди. Шунга қарамай, умрининг охиригача 10 йил давомида баланд уйнинг энг юқори қаватида яшашга мажбур бўлди. Ана шундай оғир шароит ва хасталикда ҳам ҳаётидан сира нолимай умрининг охиригача ижод қилишдан тўхтамади. Яхши биласиз, зиё дегани нур, ёруғлик, ойдинлик демакдир. Ҳақиқатан ҳам зиёлиларимиз элга билим, маърифат, маданият улашиш, таълим-тарбия беришдек савоб ишларга даъват этилган...” Бу сўз билан гўё сеҳрланган мажлис залида ўтирганлар гулдурос қарсаклар чалиб юборишган эди. У қисқа ҳаёт кечирди – 60 ёшга ҳам тўлмай, 1967 йил 19 феврал куни узоқ вақт давом этган хасталикдан сўнг оламдан кўз юмди. Шайхзода ижоди энг гуллаган пайтда, ширага тўлган вақтда оламдан кетди. Бошидан қанчадан-қанча мусибатли кунлар ўтган бўлмасин, у ҳеч зорланмаган. Унинг иймон-эътиқоди, дунёқараши, юқоридаги мисраларда теран баён қилинган. У ҳеч қачон аламзадалик билан яшамади. Аксинча, унга хиёнат қилган, уни азоб уқубатларга, жиддий хасталикларга дучор қилганлар ҳақида ҳеч қаерда, ҳеч нарса демаган. Шайхзода ўзининг инсоний фазилатларига содиқ қолиб, доимо хайрихоҳлик ва баландлик хислатлари билан юксалиб яшади. Чунки унинг чинакам, содиқ дўстлари ҳам оз эмас эди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Комил Яшин, Миртемир, Шукур Бурхон...