АЛМАЗ УЛВИ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИГА НАЗАР


АЛМАЗ УЛВИ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИГА НАЗАР. 
“АЛИШEР НАВОИЙНИНГ АСРИ ВА НАСРИ”  АСАРИ ҲАҚИДА. 


   Гулбаҳор Ашурова - Фузулий номидаги ўзбек- озарбайжон илмий - тадқиқот маркази раҳбари, доцент, филология фанлари номзоди. 

      Озарбайжон адабиётшунослигида ўзбек адабиёти кўпгина тадқиқотларга мавзу бўлиб, ўрганилиб келинмоқда. Классик намояндалар ижоди қаторида ХХ аср ўзбек адабиёти озарбайжон китобхонларига буткул бўлмаса-да, деярли таниш. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг эртак, достон, топишмоқ, мақол каби жанрлардаги бетакрор намуналари озарбайжончага мослашиб улгурган. Абдурауф Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Комил Яшин, Жамол Камол каби адибларнинг асарлари  озар тилига ўгирилиб, алоҳида китоб ҳолида чоп этилган. Мукаммал проза ва шеър антологиялари тузилган. Шунингдек, адабиётшунослик илмида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Ўзбек адабиёти барча даврлар бўйича ўрганилмоқда. Алоҳида илмий мақолалардан ташқари, Ғуломҳусайн Алиев, Озод Набиевлар номзодлик, Халил Ризо Улуғтурк, Жаннат Нагиева, Озод Алиев, Алмос Улви Биннатовалар докторлик диссертациялари ўзбек адабиёти тадқиқига бағишлаган.
     Ўтган аср ўзбек адабиётшуносларининг озарбайжон адабиётига доир олиб борган ишларидан хабардормиз. Воҳид Абдуллаев, Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Натан Маллаев, Лазиз Қаюмов, Ҳамид Сулаймонов, Порсо Шамсиев, Суйима Ғаниева, Шерали Турдиев, Ҳасанхўжа Муҳаммадхўжаев, Саид Алиев, Холиқ Кўрўғли, Акиф Багиров, Яшар Қосимов каби олимларнинг бу борада амалга оширган хизматлари таҳсинга лойиқ. Шоир ва таржимон Жамол Камол, Усмон Қўчқор, Шаҳло Қосимова, Гулбаҳор Ашурова каби ижодкор-тадқиқотчиларнинг  ҳамкорлик ишларини айтиб ўтиш мумкин. 2018 йилда Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Низомий Ганжавийнинг “Хамса” асарини ўзбек тилига таржима қилди. 2019 йилда атоқли адабиётшунос олим, профессор Рамиз Аскар Навоийнинг  “Хамса” асарини озарбайжон тилига ўгирди! Бу воқеълик аслида муштарак халқлар адабиётида оламшумул аҳамиятга молик воқеликдир. Ушбу йилда Низомий Ганжавийнинг 880 йиллиги, ҳамда Алишер Навоийнинг 580 йиллик юбилейи  халқаро миқёсда кенг нишонланмоқда. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев томонидан 2021 йил – Озарбайжонда Низомий Ганжавий йили деб эълон қилиниши   –  буюк ижодкорга ҳурмат ва эҳтиром рамзидир. Қиёсий адабиётшунослик йўналишида  ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари ҳақида гап кетганда, биринчи бўлиб туркий тилда “Хамса” ни яратган буюк сўз санъаткорини эслаймиз.  Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига эътибор бериш –  Ўзбекистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам тадқиқотчилар учун бой илмий манба, юксак қадрият сифатида улуғланади.  Алишер Навоий ижодий меросини ўрганиш Ўзбекистон-Озарбайжон адабий ва маданий алоқаларининг ривожининг юксак чўққиси ҳисобланади.
     Бугун озарбайжонлик таниқли олима, ўзбек адабиётининг озарбайжондаги тадқиқотчиси ва  тарғиботчиси,  навоийшунос  Алмаз Улвининг “Алишер Навоийнинг асри ва насри” китоби ҳақида гапиришдан олдин олима ҳақида фикр мулоҳазаларимни айтиб ўтмоқчиман.
Алмаз Улви Косим қизи Биннатова 1960 йил 8 августда зиёли оиласи туғилган. Баку Давлат Университетида олий маълумотни олиб, 1993 йилдан Озарбайжон Миллий Илмлар Академиясида  Миллий  Муносабатлар Институтида, сўнг эса Озарбайжон ФА Низомий номидаги Адабиёт институтида фаолиятда бўлди. Ҳозирга қадар ушбу институтнинг “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари” бўлимининг бошлиғи лавозимида ишлайди. Озарбайжон-Ўзбек адабий муносабатлари масаласида илмий-тадқиқот ишини олиб борган. Туркий халқлар  адабиёти билан боғлиқ йўналишларда ҳам салмоқли тадқиқотлар олиб борган.
Алмаз Улви турли газета ва журналларда, китоб ва алманахларда, турли тўпламларда 700дан ортиқ мақола ва публицистик ёзишмаларини кузатиш мумкин.  Озарбайжон Миллий Илмлар Академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтида  “Алишер Навоийнинг асри ва насри” (Илмий –филологик, диний тасаввуфий асарлари) “Санъаткорнинг илмий паспорти” сериясида чоп этилган китоб 2020 йил Бакида чоп қилинган. Озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари қадимий тарихга ва буюк анъаларга эга бўлса-да, бу алоқаларнинг юқори чўққиси буюк ижодкор  Алишер Навоий шеърияти ва унинг ижоди билан боғлиқ.  Навоийнинг номи ва асарлари Ўзбекистон - Озарбайжон адабий ва маданий алоқаларининг асосини ташкил этади. Шунингдек, Алишер Навоий ижодий мероси таъсирини Ўзбекистон -  Озарбайжон адабий алоқаларининг рамзи, байроғи деб айтиш мумкин. Алишер Навоий шайх Низомий Ганжавийни ўзининг буюк устози деб билган.
     Алмас Улви  Озарбайжон-Ўзбекистон адабий алоқалари борасидаги тадқиқотларининг катта қисми алишер Навоий ижодий мероси билан боғлиқ. Ўзбек адабиётига улкан муҳаббати, дўстлик ва анъаналарга буюк эҳтироми Алмас Улвининг адабий алоқаларга бағишланган илмий тадқиқотларида ўз аксини топган. Профессорнинг ўзбек адабиёти, айниқса Алишер Навоий ижодига бағишлан “Алишер Навоийнинг асри ва насри” китобининг Озарбайжонда нашр этилиши бизни қувонтирди. Шуни таъкидлаш лозимки, Алмас Улвининг “Алишер Навоийнинг насри ва асри” китобида бутун эътибор навоийнинг эпиc ва лирик асарларига қаратилган бўлиб, адибнинг  ҳар бир асарлари бадиий талқинида  унинг янги бир жиҳатларни топиб  ёритиди.
     Китобда қайд этилган: “Алишер Навоийнинг Низомий Ганжавийга муносабати ва Муҳаммад Фузулийнинг Алишер Навоий ҳақидаги юксак қарашлари халқларимиз ўртасидаги адабий алоқаларнинг тамал тоши ҳисобланади” – деб таъкидлайди муаллиф ўз мулоҳазасида.
     Алмаз Улвининг “Алишер Навоийнинг асри ва насри” монографияси (илмий-филологик ва диний-тасаввуфий асарлари) мустақиллик даври озарбайжон навоийшунослиги  намунасидир. Ушбу монографик тадқиқот ишида Алишер Навоий даври ва ҳаёти билан бир қаторда бадиий насри ҳам чуқур ва ҳар томонлама ўрганилиб ўқувчиларга тақдим этилади. Китоб Навоийнинг йигирма бир  асарини ўқиб-ўрганиш ва англашда аниқ  манба сифатида қимматлидир.
     Ушбу асарда Навоий яшаган  давр манзарасини тасвирлаш билан ўша давр тарихий воқеъликдан хабардор бўлиш баробарида, адибнинг йигирма бир асари, ижод дурдоҳалари ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилиши қардош китобхонларга Алишер  Навоий ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиради.  
     Ушбу монография академик Иса Ҳабибейлининг “Озарбайжон навоийшунослигининг янги саҳифаси” номли сўзбошиси билан бошланган. Дастлабки боб “Алишер Навоий: даври, ҳаёти ва ижоди саҳифалари” деб номланади.  Навоий яшаган даврга қадар ўзбек тили – чиғатой туркчасининг босиб ўтган йўли ҳақида қимматли маълумотлар бериб ўтилади.
     Иккинчи боб Амир “Алишер Навоий адабий хазинасининг инжулари” деб номланиб шоирнинг ҳаёти ва ижодига батафсил тўхталади. Тадқиқотнинг кейинги қисми Навоийнинг илмий-филологик, диний тасаввуфий асарлари хронологияси ёритилади. Кейинги қисм адибнинг тил ва адабиётга доир асарлари: “Муҳокамат-ул луғатайн”, “Мезонул -авзон”, “Сабъат абҳур” асарлари ҳақида маълумот берилади. Баъзи асарлари ҳақида изоҳ ва таҳлиллар, “Муншаот”, “Вақфия” ҳақида батафсил маълумот берилади.
Кейинги қисм автобиографик характердаги асарлар талқини  бўлиб, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Хамсатул мутахаййирин”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” сингари асарлари таҳлили ва талқини ёритилган.
     Кейинги қисм асосан адибнинг тазкиралари ҳақида маълумот беради: “Мажолис ун - нафоис”, “Насойимул муҳаббат” тазкиралари киритилган, муаллиф бу асарлар ҳақида ҳам салафлари ўзбек ва озар навоийшуносларнинг тадқиқотларига суяниб фикр-мулоҳаза юритади.
     Навбатдаги фасл Навоийнинг тарихий асарлари, “Зубдатут - таворих”, “Тарихи анбиёйи ҳукамо”, “Тарихи мулуки ажам” асарлари ҳақидадир. Кейинги қисм Навоийнинг диний – тасаввуфий асарлари шарҳига бағишланади. “Ҳадиси Арбаъин”, “Назмул жавоҳир”, “Лисонут тайр”, “Қиссайи шайхи Санъон”, “Сирожул-муслимин”, “Маҳбуб – ул қулуб”, “Рисолайи тийр андохтан”, “Муножот” каби асарлари шарҳларига ҳам батафсил тўхталиб, муаллифнинг шахсий мулоҳазалари ҳам кенг ёритилган.
     Кейинги қисм Алишер Навоийнинг  бирор асарига киритилмаган айрим   қўлёзмалари ва  Алишер Навоийнинг адабий тахаллуслари ҳақида маълумот берилади. Шунигдек, машҳур Ҳирот шаҳридаги Навоий қурдирҳан ва обод этган бинолар ва мажмуалар ҳақида маълумотлар келтирилади.
     Кейинги  1-илова “Мажолисун-нафоис” асарида номлари зикр этилган  ижодкорларнинг номлари, 2-иловада эса “Насойимул-муҳаббат”да келтирилган шайхлар, авлиё-анбиёлар ҳақида маълумот берилади.
     Кейинги мавзу “Алишер Навоий ва Озарбайжон” ҳақида бўлиб, озарбайжон навоийшунослиги  ва адабиётшунослигида Навоий асарларининг ўрганилиши масаласи кенг ва атрофлича ёритилади.
     Китоб сўнггида, муаллиф Алмаз Улвининг ўзбек адабиёти ва Навоий ижоди билан боғлиқ ёзган асарлари  ҳақида маълумот беради.  
Биз ишонамизки, Алмаз Улви Буннатованинг “Алишер Навоийнинг асри ва насри” (илмий-филологик ва диний-тасаввуфий асарлари) монографияси Ўзбекистонда ва  қардош Озарбайжонда илмий жамоатчилик учун катта қизиқиш уйғотади.
     Шу маънода  Алмаз хонимнинг бу китоби  халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва тараққий этишига хизмат қилади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Бу ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари, Навоий ижоди билан боғлиқ  олиманинг кўп йиллик изланишлари, тинимсиз меҳнати самараси, қолаверса, Навоий шахсияти, ижодий мероси ва ўзбек адабиётига бўлган улкан эҳтироми, десак адашмаган бўламиз. Шу ўринда, Алмас Улвига чексиз миннатдорчилигимизни билдириб, ўзбек-озарбайжон адабий алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги ишларига улкан ривож тилаймиз!

2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот