ДОСТОНЛАРДАН КУЧ ОЛГАН ЁШЛИК
Ўзбекистон халқ шоири Омон МАТЖОНнинг болалик хотиралари
ДОСТОНЛАРДАН КУЧ ОЛГАН ЁШЛИК
Ўзбекистон халқ шоири Омон МАТЖОН элимизнинг чинакам ижодкори, миллий адабиётимизнинг забардаст вакили. Бугун ўзининг 75 ёшини нишонлаётган устоз мудом ижод қучоғида. Одамларга, дунёга айтар сўзи, нияти кўп.
Ўйлаймизки, ижодкорнинг ушбу саҳифамиздан жой олган болалик хотиралари биз учун қизиқарли, ҳам ибратли.
“ГАЗЕТХЎР” БУЗОҒИМ
Мен 1943 йилнинг 14 февралида Хоразм вилояти Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида туғилганман. Отам Матжон Жуманиёзов туман почта бўлимининг бошлиғи лавозимида ишлар эди. Мутолаа қилиш отамнинг жон-у дили эди ва бу меҳрни бизга ҳам сингдирганди. Шунинг учун ҳам биз жуда кўплаб газета-журналларга обуна бўлгандик...
Бир куни отам ишдан келса, ҳовли жим-жит эмиш. Ҳайрон бўлганча тўғри молхона томонга ўтибди. Қараса, жониворлар оч-наҳор, бир аҳвол бўлиб ётган эмиш... Ичкари уйнинг эшиги очилиб томоқ қириб қўйилган овоздан отамнинг келганини билганмиз. Отам табиатан оғир, босиқ бўлгани учун бизга бир муддат тикилиб турди-да, “Молларга ҳам газета олиб бориб беринглар. Зора ўқиб қорни тўйса”, деди. Буни қарангки, янги газеталарни ўқишга шунчалик берилиб кетганимиздан молларга сув ва ем бериш бутунлай ёдимиздан кўтарилибди...
Кўпинча уй юмушларини бажараётган пайтимда қўлимда газета бўларди. Айниқса, қизиқарли ҳикоя ўқиётган бўлсам, давоми нима бўларкин, дея сабрим етмас, ишларни бажаргунча йўл-йўлакай ўқиб юрардим. Бу ишим учун дадамдан кўп танбеҳ эшитар эдим. Шундай кунларнинг бирида молларга емиш бериш мақсадида қўлимда газета билан молхонага бордим. Бузоғимнинг олдига сув қўйдим. Газета ўқиб серрайиб турсам, бузоқ қўлимдаги газетани тумшуғи билан шартта тортиб олди-да, чайнаб ташлади. “Вой-вой”лаганча жаҳл билан қарасам, у ҳам менга кўзини лўқ қилиб “Аввал емишимни бермайсанми”, дегандек кавш қайтаряпти. Шу-шу бузоғимнинг ёнига газета билан бормайдиган бўлдим...
Кўпинча отам уйга бозорлиқ қилишни менга ишониб топширарди. Қўлимга рўйхат бериб бозорга жўнатарди. Мен обдан савдолашиб, айтилган егуликларни арзонроқ олишга ҳаракат қилардим ва бунинг уддасидан чиқардим. Қайтишда орттирган пулларга дўкондан китоб харид қилардим. Бу мен учун шунчалик завқли, севинчли онлар бўлар эдики, уйга етгунча сабрим чидамай, китобни бир-бир варақлаб қўярдим...
“ПАТ- ПАТ”
Ёшлик – шўхлик деганларидек жуда ўйинқароқ бола бўлганман. Бир куни кўчага чиқсам, маҳалламизнинг машҳур “Пат-пат” трактори турибди. Биз болалар уни шундай номлагандик. Ёнига бориб кўрсам, ҳайдовчи амаки тракторни ташлаб қаергадир кетибди. Суюниб кетдим. Сакраб тракторга чиқиб олдим. Шошилганча ўзимча нимани босиб, бурадим, билмайман, трактор тариллаб юриб кетса денг. Қўрқувдан дағ-дағ титрардим... Кейин қўшниларимиздан бири югуриб келиб тракторга чиқди-да, уни тўхтатди. “Пат-пат” тўхтагунча йўлда болалар унутиб қолдирган коптоги-ю, ўйинчоқларини мажақлаб кетибди. Рангимнинг докадек оқарганини кўрган қўшним уйига олиб кириб сув ичирган. Шундан кейин “Пат-пат”га яқин йўламайдиган бўлдим.
Энг севимли ўйинларимдан бири – бекинмачоқ эди. Айниқса, бу ўйин бизнинг кўчада жуда қизғин ўтарди. Кимдир қамишзор орасида, кимдир дарахт тепасига чиқар, яна кимдир гужум дарахтининг орасига беркиниб оларди. Шунинг учун ҳам беркинган одамни топиш учун анча овора бўлардик. Уйга қайтгунимизча силламиз қуриган, чарчаб, ҳориган, ҳаттоки овқат ейишгаям ҳолим келмай, ёстиқни қучоқлаганча ухлаб қолардим. Мен ҳозир ўша дамларни ўзгача энтикиш ва соғинч билан эслайман.
ИЛК ШЕЪР ЗАВҚИ
Ёз кунлари дўстларим билан Амударёдан оқиб келадиган ёпдан (каналдан кичик сув йўли Хоразмда ёп дейилади) балиқ тутардик. Бир куни негадир тўримга фақат ўлик балиқлар илинибди. Уларнинг аҳволига қараб жуда хафа бўлганман. Таъсирланганимдан “Балиқ ва чириган тўр” деб шеър ёздим. Бу шеърим илк бора туман газетасида чоп этилди. Кейинчалик хоразмлик шоир Дўстжон Матжон бу шеърга фалсафий таъриф бериб, чириган тўр ва ўлган балиқларни эски тузумга қиёслаб, ажойиб фикрлар билдирди. Шундай қилиб шеърият оламига меҳрим ошиб, ижод қилавердим. Ҳозир ёзганларимни кузатсам, ижодимнинг асосини болалик пайтларимдаги хотираларим, ўйларим ташкил этар экан.
Қишлоғимизда деярли чироқ бўлмасди. Қариндош аёллар, қўни-қўшни кампирлар мойчироқ ёруғида ўтириб, кўрак чувишарди. Биз ёшлар уларга кўмаклашар эдик. Бирор-бир олий ўқув юртида ўқимаган қишлоқ аёллари мумтоз адабиётимиз вакиллари Навоий, Огаҳий, Фузулий, Машраб, Мулла Нафас, Махтумқули ғазалларини шу даражада ифодали айтишардики, биз болалар қилт этмай тинглардик. Халқ эртаклари, достонлар, афсона ва маталларни қизиқарли қилиб сўзлашар, халқона қўшиқлар куйлашарди. Мен бу сеҳрли куй, қўшиқ, эртакларни ухламасдан, ҳайрат билан тинглардим. Балки болаликдаги мана шу қизиқиш ва ҳайрат менинг қалбимда шеъриятга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатни уйғотгандир. Йиллар ўтиб эшитганларим таъсирида 40 афсонадан иборат “Ҳаққуш қичқириғи” номли достон ёзганман.
Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларимизда, тарих ўқитувчимиз Дўсиммат ака бизни тез-тез тарихий жойларга экскурсияга олиб чиқар, Нажмиддин Кубро билан Тўрабекахоним ҳақидаги ҳикояларни, аждодларимиз тўғрисидаги кўплаб қизиқарли маълумотларни айтиб берардилар. Шу устозим сўзлаб берган ҳикоялар асосида тарихий шахсларга бағишланган драматик достон дунёга келди.
ОНАМ...
Вақт, йиллар ўтиб, ақлимни англай бошлаганимда, онам мен бир ярим ёшлигимда эгиз укаларимни дунёга келтираётган пайт ўттиз ёшида вафот этганини, минг афсуски, икки укам ҳам омон қолмаганини билиб қолдим. Кейинги онамнинг айтишларича, ҳақиқий онамнинг исмлари Хотираойим бўлиб, у кишининг чиройига бутун маҳалла лол қолган экан. Онам қўли гул чевар бўлган экан. У ўзига хос, ҳеч кимникига ўхшамаган бичимда кўйлак тикиб кияр, маҳалланинг бўлажак келинлари ҳавас қилиб кўйлакларини худди шундай бичимда тиктиришар экан. Онам тозакор, ўта фаросатли, чеҳрасидан нур ёғилган аёл бўлганликларини Ўрозбека онам кўп марта гапириб бергандилар...
Мени вояга етишимда опаларим – Гулсара ва Ойимжонларнинг хизматлари катта бўлган. Гулсара опам жуда хушрўй, келишган қиз бўлиб, ғоят билимдон ва одобли эди. Опам мактаб топшириқларини, она тили ва адабиётдан берилган иншо ва машқларни зўр иштиёқ билан бажарарди. Айниқса, ҳуснихатининг гўзаллиги, саводли ва тоза ёзуви ҳали-ҳали кўз олдимда турибди. Ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд давлат университетига имтиҳон топшириб ўқишга кирдим. Бир йилдан сўнг ҳарбий хизматга чақирилдим. Уч йил Германиянинг Дрезден шаҳрида хизмат қилдим. Ҳарбий хизматдан қайтганимдан кейин ўзимни анча улғайган, ҳаётга мустақил қадам ташлай оладиган инсондек ҳис эта бошладим...
Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА
Манба: "Гулхан" журнали. 2018 йил 2 сон.