Лазиз Раҳматов
Лазиз Хасанович Раҳматов 1981 йилнинг 21 апрель куни Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз туманидаги Наматон қишлоғида туғилган. 1997 йилда тумандаги Қори-Ниёзий номли ўрта умумтаълим мактабини тамомлаган. 1997 – 1998 йилларда Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз тумани маданият бўлими кутубхонаси мудири бўлиб ишлаган.
1998 – 2002 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг "Журналистика" факультетини (бакалавр), 2011 йилда Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг "Халқаро журналистика" факультетини (магистр) тамомлаган. Сиёсатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
У турли йилларда “Фидокор” ижтимоий-сиёсий газетаси (2002 – 2003), “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” (2003 – 2004), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (2004 – 2006), “Жаҳон” ахборот агентлигида (2006 – 2008) фаолият кўрсатган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ахборот хизмати бошлиғи (2017 – 2018) лавозимида меҳнат қилган.
Мақолалари ЎзА, “Жаҳон” ахборот агентлиги, “Халқ сўзи – Нородное слово”, “Ўзбекистон овози”, “Правда Востока”, “Миллий тикланиш”, “Туркистон”, “Жамият”, “Соғлом авлод”, “Оила даврасида”, “XXI аср”, “Нуроний”, “Ўзбекистон бунёдкори”, “Садо”, “Даракчи”, “Ташхис”, “Парвона”, “Қашқадарё”, “Кеш” ва “Мўъжизавий дунё” газеталарида ва турли веб сайтларда чоп этилган. 50дан ортиқ илмий мақолалари турли республика ва хорижий журнал ҳамда илмий тўпламларда чоп этилган.
2009 йил унинг сценарийси асосида “Интернет” ва 2011 йилда “Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти” ҳужжатли фильмлари суратга олинган.
Унинг таржимаси асосида Ўзбек Миллий академик драма театрида поляк драматурги Славомир Мрожекнинг “Чегара устидаги уй” асари (2007), “Илҳом” театрида Марказий Осиё ёш режиссёрлари фестивали учун бир гуруҳ ёш ижодкорлар томонидан тайёрланган “Доктор Фауст ҳақида афсона” спектакли (2008 йил) саҳнага қўйилди.
Ўзбек Миллий академик драма театрида “Севги жилолари” либреттоси (2011), Тошкент давлат Мусиқали рус комедия театрида 2013 йилдан “Простите, дорогой” (“Дадажониси, кечиринг”) пьесаси қўйилган.
“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётида “2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан “Дунё кексалари: Kексалар дунёси” (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида), “2016 йил – Соғлом она ва бола йили” муносабати билан “Соғлом она ва бола: халқаро амалиёт (хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида)”, шунингдек, 2017 йили “Тамаддун” нашриётида “Оналик ва болалик: Ўзгараётган дунё” илмий-оммабоп китоблари босмадан чиққан.
2019 йили “Янги китоб” нашриётида босмадан чиққан “Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача” энциклопедик қўлланмаси ўқувчилар орасида айниқса машҳур бўлди.