МЕНГА ФАҚАТ КИТОБ БЕРИНГ


   “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара опанинг болалик хотиралари асосида тайёрланган ушбу мақолани яна бир бор ўқир эканман, жажжигина қизалоқнинг осмондек беғубор орзу ниятларининг ушалишида, халқимизнинг севимли ижодкори бўлиб шаклланишида ота-она ва устозларнинг тўғри таълим-тарбияси билан биргаликда китобга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатнинг ўрни беқиёс эканлигига амин бўлдим!


МЕНГА ФАҚАТ КИТОБ БЕРИНГ

    Мунаввара Усмонова 1965 йилда Андижон вилояти Марҳамат тумани Марҳамат қишлоғида туғилган. “Дийдор”, “Сизга ўхшасин”, “Соғинч манзили”, “Юрагимдасан, Ватан” "Керагимсиз", "Бундай элни қайдан топасан?", "Она, мен келдим", "Қалбимдаги из" номли китоблар муаллифи. Халқ таълими аълочиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб фаолият юритаётган Мунаввара опа ёш ижодкорларга ўз маслаҳатлари билан кўмакдош бўлаётган устоз шоирадир.

“КАТТА КИТОБ”

    Мен оилада 7 ўғилдан кейин дунёга келганман. Отамнинг исми Абдуҳоким эди. Отам туғилишим биланоқ “Менинг қизим шоира бўлади”, деган экан. Сабаби, бизнинг маҳалламизда Жаҳон отин Увайсийнинг авлодлари яшаб ўтган. Шунинг учун бўлса керак маҳалламизнинг номи ҳам Увайсий деб номланган.
 Мен мактабга беш ёшимда борганман. Эрка қиз эдим. Қарасам, кўчада бирга ўйнайдиган дугоналарим мактабга боришяпти. Мен ҳам бораман, дея хархаша қилганман. Ерга оёғимни қаттиқ ураверганимдан товонларимнинг орқаси қонаб кетганди. Отам ноилож мени мактабга олиб борди ва вазиятни тушунтирди. Мактаб директори, афсуски, беш ёшдан қабул қила олмаймиз, бола толиқиб қолади, юпангунча келиб-кетиб юраверсин, деб рухсат берди. Синфдошларимнинг ҳаммасида китоб бор, биргина менда йўқ эди. Ҳар куни акаларим дарс жадвалини ўзгартиришганидан кейин улардан қолган китобларни сумкамга тўлдириб солиб олардим.
    Бир куни мактабимизга текширувчи келди ва болаларга “Алифбе” китобини ўқиттириб кўрди. Мен китобни тез ўқиш бўйича иккинчи ўринни олдим. Мақтаб чиқиб кетаётган текширувчининг ортидан югуриб чиқдим.
— Менга ёрдам беринг. Менинг номим “Катта китоб” (синф журнали)га киритилмаган. Ўқитувчим кичкинагина дафтардан ўқиб чақиради. Мен ҳар куни акаларимнинг китобларини кўтариб келаман, — дедим.
– Сенга китоб берилмаганми? — сўради текширувчи аёл.
– Йўқ, дарс пайтида Саломатнинг китобидан ўқийман. Уйимда ўқишим учун китобим йўқ, — дедим. Синфга қайтиб кирган аёл матодан тикилган сумкамни кўрди-да, ким тикиб берганлигини сўради. Мен онам, дея жавоб қилдим.
– Жудаям чиройли чиқибди. Китобларинг бунча оғир. Вой, ҳаммаси юқори синф дарсликлари экан-ку. Хоҳласанг, мен сенга чарм сумка олиб бераман, — деди.
– Йўқ, менга чарм сумканинг кераги йўқ. Йиртилса, ойим янгисини тикиб беради. Менга ҳам дугоналаримникидек китоб олиб беринг. Мен катта бўлсам, чевар бўламан-да, сизга атласдан чиройли кўйлак тикиб бераман, – дедим. Текширувчи аёл мени маҳкам қучоқлаб олдида, “Кўйлак тикиб берадиган қўлчаларингдан айланай”, дея бармоқларимдан ўпди. Ана шу воқеадан кейин менинг фамилиям “Катта китоб”га ёзиладиган бўлди. Ўқитувчиларим ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилдим. Республика олимпиадаларида иштирок этдим. Мактабни олтин медаль билан тамомладим...

МЕНИНГ "ГУЛХАН" ЖУРНАЛИМ

   Ота-онам ҳар йили биз болалар учун “Гулхан”, ўзлари учун эса “Саодат”, “Шарқ юлдузи”, “Фан ва турмуш” журналларига обуна бўларди. Ойнинг белгиланган кунидан адаштирмай почтачи “Гулхан” журналини олиб келиб берарди. Почтачи келадиган вақт яқинлашавергач, сабримиз етмай кўча эшиги олдида кутиб турардик. Қиш пайтлари оёғимизда этик, қўлимизда қўлқоп билан ҳовлида кутардик. Талашиб-тортишиб галма-гал ўқирдик. “Гулхан” журналига бир куни “Дарахт ва инсон” деган ҳикоямни ва тўрт қаторли шеъримни юбордим. Орадан йигирма кун ўтганидан кейин менга жавоб мактуби келди. Мактуб махсус қоғозда ёзилган бўлиб, тепасида “Гулхан” деган ёзув акс этганди. Унда шундай жумлалар бор эди: “Мунавварабону, юборган мактубингизни олдик. Ҳикоянгиз бизга маъқул бўлди. Кейинги сонларда чоп этишни режалаштириб қўйдик. Шеърингиздан фойдаланмадик, сабаби бор-йўғи тўрт қатор экан. Бошқа шеърларингизни ҳам бизга ёзиб юборинг...”
   Ўша дамда мана шу бир варақ қоғоз мен учун ҳаётимдаги энг бебаҳо туҳфадек бўлиб туюлган.
   Мактабимиз кутубхонасида Патилахон ая деган аёл ишларди. Болаларга шунчалик меҳрибон эди-ки, барчага сизлаб мурожаат қилар, мактабдаги ўқувчилар у кишини ая деб чақиришарди. Ҳар куни кутубхонага борардим, йиртилган китобларни ажратиб, елимлашга ёрдамлашар эдим. “Гулхан” журналидан жавоб мактуби келганда югуриб кутубхонага борганман. Патилахон ая хатни қўлига олар экан, кўзига суртиб-суртиб йиғлади: “Қизим, сиз шундай катта одам бўлдингизми? Республика болаларининг нуфузли журналидан сизга мактуб келибди-я”, дея хатни такрор ва такрор ўқидилар. Аянинг адабиётга бўлган меҳрини, ихлосини кўриб ҳайратда қолганман.
   Онамнинг исми Зулфияхон бўлиб, ҳозир 78 ёшда. Андижонга борсам онам билан болалигимни хотирлаб, узоқ суҳбатлашамиз...
   Бир куни онамнинг қўлларига куйдирги чиқди. Тандирда нон ёпа олмай, иш қилолмай қолди. Оғриқ жонини қийнар, кечаси билан ухлолмай юриб чиқарди. Онамдан бу касаллик қандай пайдо бўлади, деб сўрасам, “Агар одам тирноғи оловга тушса шундай бўлади, деб жавоб берди. Эртаси куни мен бармоқларимдаги тирноқларимни олиб, қоғозга ўрадим-да оловга ташладим. Менинг ҳам қўлимга куйдирги чиқса, иш қилмай, фақат китоб ўқиб ўтирардим, деб ўйлагандим-да. Аммо қўлларимга куйдирги чиқмади. Акаларимдан бири кўричак бўлди. Оператциядан кейин девор томонга қараб китоб ўқиб ётарди. Шунда унга ҳавас қилиб кеча-ю кундуз, илоҳим касал бўлиб қолай, ана ўшанда мен ҳам тўйиб-тўйиб китоб ўқирдим, дея илтижо қилганман. Ҳозир шуларни эсласам, хато қилганимни тушуниб, кулгим келади. Оиламиз катта бўлгани учун уй юмушлари ҳам бисёр эди. Шу боис тундан то тонггача ухламай китоб ўқирдим. Уйқусиз ўтган кунлар ўз таъсирини кўрсата бошлади. Жиззаки, сержаҳл, одамови бўлиб қолдим. Қўрқиб кетган онам китоб ўқишимни тақиқлаб қўйди. Мактабимиз кутубхонасида жуда кўп бадиий китоблар бор эди. 9-синфлигимда шу китобларнинг деярли ҳаммасини ўқиб тугатибман. Патилахон ая нима қилишини билмай, қўлимга бир хат тутқазди-да, мени туман кутубхонасига юборди. Хатда “Моҳидил, шу хатни олиб борган қизга танлаган китобини бериб юбор ва менинг номимга ёзиб қўйгин”, деган сўзлар бор эди. Мактаб билан туман маркази орасидаги йўлнинг узоқлиги билинмас, тез-тез қўлимдаги хатга тушириб қўймадимми, деган хавотир билан қараб қўярдим... Туман кутубхонасидаги барча китобларни кўздан кечириб чиқдим. Афсуски янги китоб топа олмадим. Иложсиз мактаб кутубхонасидаги китобларни такроран ўқий бошладим. Биргина “Калила ва Димна” асарини ўн марта ўқиб чиқибман. Ҳозир бирон-бир янги асар чоп этилса, икки донадан сотиб оламан. Бири ўзим учун бўлса, иккинчиси Марҳамат қишлоғидаги мўъжазгина мактабим кутубхонаси учун. Зора менга ўхшаб янги китоб излаб юрган китобхон болажонларимиз ўқиб, хурсанд бўлишса...

Суҳбатдош - Нилуфар ЖАББОРОВА.










Изоҳлар 1
  1. Ассалому Алейкум Музаффаржон, бугунги кунда, айнан ҳаммамиз учун маьнавий қудратга айлангаг китоб ва унинг таьсири, яьни таьсир кучи қанчалик долзарб эканини ҳаммамиз жуда яхши англаймиз! Бунинг исботи исми жисмига мос ва хар бир езган шеьрлари, ҳаетий, фалсафий, кенг хаетий маьнони англатувчи, маьнавий қудрат эканлигини жуда яхши англаймиз! Мен ҳамиша Мунаввархонни , ўзида Оллоҳимдан яратилгпн бир куч бор, мехр бор ва инсоний буюк ўзига ҳослик бор! Хар бир шеьрлари ўзига хос мактаб, академиядир! ! Мен учун мехрибномнинг қисқа маьноли хикояларини ўвиб мазза қиламан, озуқа оламан, барчага тавсия қиламан! Мунаввархонни, оддий, камторона , шарқона маьюсгина қалб бойликларини, барча китобхонларга тавсия қиламан! Музафарюжон сизга эса , шундай ноеб ва хаетий маьнога эга , Ўзбекистонимизнинг шоираларига эьтбор бериб, бизгп ҳам илинаетганликларингиз учун алоҳида миннатдорчилигимни ва ташакккрлпримни билдираман, бахтимизга соғ ва омон бўлинг! 

Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот