Микеланжело Буонарроти


   Микеланжело Буонарроти  (6 март, 1475 – 18 феврал, 1564) — италиялик ҳайкалтарош, рассом, меъмор, шоир. Ренессанс даврининг буюк намоёндаларидан бири.
  Микеланжело Буонарроти  (тўлиқ номи - Michelangelo di Ludovico di Lionardo di Buonarroti Simoni). Уйғониш даврининг буюк арбобларидан. Рассом М. Гирландаё (1488—96) ва ҳайкалтарош Бертолдо ди Жованни (1489— 90)дан таълим олган. Жотто, Донателло, Мазаччо кабиларнинг асарлари ва қадимий ҳайкалтарошликни ўрганиши М. нинг ижодий камолотига муҳим таъсир кўрсатган. М.нинг дастлабки асарларидаёқ унинг ижодига хос асосий хусусиятлар — маҳобатлилик, образлар шаклининг қудрати ва драматизми, инсон гўзаллигига эҳтиром кўзга ташланади: "Зинапоя олдида турган Мадонна" ва "Кентаврлар" релъефлари (иккаласи ҳам мармар, тахминан 1490—92). "Вакх" ҳайкали (1496—97, Рим), "Исога мотам" ҳайкаллар гуруҳи (1498— 1501, Римдаги Авлиё Пётр ибодатхонаси)да анъанавий готика тасвирига янги инсонпарварлик мазмунини сингдирган. 1501 йилда Флоренцияга қайтган М. республика фуқароларининг жасоратини ифодаловчи "Давид" ҳайкали (1501—04), "Мадонна" (1503), "Муқаддас оила" ("Мадонна Дони", 1503—05) картиналарини яратди. М. 1505 йилдан Рим Папасининг илтимосига кўра, қабр ёдгорлиги яратиш устида ишлади, шулар жумласидан: буюк жўшқинлик ва иродага эга бўлган титан "Моисей" (1515—16, Римдаги черковда) ёдгорликнинг марказий бўлагига айланган; "Исёнкор қул" ва "Ўлаётган қул" (1513—16, Лувр) асарларида куч-қудратга тўлиқ кишанларни узаётган ва занжирдаги ўлимига рози бўлган икки навқирон қарама-қарши қўйилади. М. яратган асарларидаги образлар ёрқинлиги билан қимматлидир.
1520 йилдан М.нинг қарашлари фожиали тус ола бошлади. 1534 йилда Римга бутунлай кўчиб ўтади. Ижодидаги бу оҳанглар Флоренциядаги Сан-Лоренсе черковида Лоренсо ва Жулиано Медичи қабрларига ишлаган ёдгорликларида ўз ифодасини топди (1520—34). 
   Римдаги Сикст капелласида "Даҳшатли суд" фрескасини яратди. Умрининг охиригача ўзининг қабрига ўрнатиладиган ёдгорлик — "Исога мотам" ҳайкаллар гуруҳи устида ишлади (1555—64), унинг лойиҳасини шогирдлари ниҳоясига етказган.
   М. умри нинг охирги йилларида шеърият ва меъморлик билан шуғулланди. 1546 йилдан Римдаги Авлиё Пётр Собори, Капитолий майдони ансамбли меъморлиги устида ишлади, ўлимидан сўнг унинг лойиҳаси асосида қуриб битказилган. "Шеърлар" китоби вафотидан сўнг дастлаб 1623 йилда нашр қилинган. М. ғоялари инсонпарварлик, халқчиллик, реализмнинг кейинги ривожига хизмат қилди. М. асарларида инсонга муҳаббат ва унинг улуғворлиги ҳамда гўзаллигига ишончни сақлаб қола олди ва ифода эта олди.
Манба: Википедия.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот