Навоийнинг тўйи
Хитобларга кўмилиб, ҳотам,
Буюк шоир, дейиш-ку осон.
Ҳеч кими йўқ Навоийни ҳам,
У ҳам мендек бир ғариб инсон.
Минорадек мармар ҳайкали
Кўринса ҳам ҳатто Ҳиротга,
Қавмин уйи турса чайқалиб,
Тўйи татирмикан у зотга?.
Кечиргайми ҳазрат ўз қавмин,
Бир-бирига бўлмаса паноҳ:
Подшосининг билмаса қадрин,
Гадосини сийламаса гоҳ?..
Юрагини чаққандек ари
Пир енгидан кириб яширин,
Азобмасми, набиралари
Кўзин ўйиб юрса бир-бирин?..
Юм-юм йиғлаб ётмасми устоз,
Қабрида ҳам юрак-бағри қон
Шоирлари сўйламаса рост,
Олимлари талашса унвон?..
Мангу назм гулшани сўлмас,
Навоий-ку яшар то абад.
Оқибатсиз элда эрк бўлмас,
Мурувватсиз юртда саодат...
Буюк шоир дейиш-ку осон,
Хитобларга қўшилиб. Лекин
Навоийнинг тўйи,
Биз қачон —
Арвоҳини шод этолган кун!
Муҳаммад ЮСУФ