Мирзо Бобурдан сўранг


Кун тиғидан бўлса ҳам жонлар ҳалак,
Ҳиндистонда пишмас болдек ҳандалак,
Юрт бошқа-ю, бир экан еру фалак,
Ялпиз қадрин Мирзо Бобурдан сўранг!
Саройига ин солмади қалдирғоч,
Ерга экса, тол бўлмади минг ёғоч,
Юрагига мадор бўлган ун-ўмоч,
Нон-туз қадрин Мирзо Бобурдан сўранг!
Мусофирнинг кимхоб тўни ридодир,
Юрт кўйида бағри-дили адодир,
Бир кафт тупроқ учун борин беродир,
Нуфуз қадрин Мирзо Бобурдан сўранг!
Юрт қўрида тоғ учига уй қуриб,
Қайтгум дебон, Ҳиндга сари от суриб,
Умри ўтди она юртга интилиб,
Ёлғиз дардин Мирзо Бобурдан сўранг!
Тушларида бедор айлаган макон –
Ҳулкар юлдуз бўлиб кўкда Андижон
Бир кўринди, чиқмоғига кўнди жон,
Юлдуз қадрин Мирзо Бобурдан сўранг!
Шу юрт қадрин Мирзо Бобурдан сўранг...

   Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот