Миллат маънавиятининг порлоқ қуёши


Алишер Навоий таваллудига

Миллат маънавиятининг порлоқ қуёши 


  Ўзбек халқининг буюк сиймоларидан бири – мутафаккир, олим, ғазал мулкининг султони, ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоийни барча даврларда ҳам бутун турк дунёси томонидан “шамс ул-миллат” яъни “миллат қуёши” деб эъзозлаб келинган.
  Бутун умрини туркий тил мавқейини юксалтириш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор тортиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла-тўкис муносиб ва ҳақлидир.
  Тарихчиларнинг маълум қилишича, Алишер Навоийнинг янги ёзиб тугатган  «Хамса» асарини ўқиган Ҳусайн Бойқаро у улуғ зотни эъзозлаб, ўзининг яхши кўрган оқ отига миндиради. Подшоҳ отнинг жиловидан тутиб, сарой аҳлининг кўзи олдида Алишер Навоийга жиловдорлик қилади ва ҳаммага эшиттириб айтадики: «Туркий тилда шундай «Хамса» ёзганлигингиз учун мендай подшоҳ сизга жиловдор мурид бўлса арзигай».
  Ушбу воқеа кўнгилларга ёруғлик солади, боиси подшоҳнинг ўзи Навоийнинг нечоғлик улуғ мутафаккир эканлиги, шоиру, олимлиги, сўз мулкининг султони-ю, буюк тилшунос эканлигига эътироф сифатида шундай жиловдорлик вазифасини шараф билан ўз зиммасига олади. 
  Мазкур воқеани бугунги кунга менгзайдиган бўлсак, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев юртимизда «Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари» тамойилига асосан, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда буюк бобокалономиз Алишер Навоий ва уларнинг тимсолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришдек улуғвор ишларга камарбаста бўлаётгани катта эҳтиромга муносибдир.   
  Бунинг натижаси ўлароқ, юртимизда “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарорнинг ўзи оламшумул воқеа бўлган бўлса, 2020 йил ниҳоясида давлатимиз раҳбарининг Ёшлар билан учрашувида ҳам Алишер Навоий хотирасини абадийлаштириш, китобларини нашр эттириш, электрон китобларини яратиш каби қимматли фикрларни айтиб ўтдилар.  
  Биз учун янада аҳамиятлиси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш мудири Абдуғаффор Қирғизбоев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ хукумат топшириғига асосан 2020 йил 14-16-декабрь кунлари Афғонистонда бўлиб, Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш бўйича Афғонистон хукумати вакиллари билан музокаралар олиб боргани бўлди. Эндиликда бобокалонимизнинг мақаддас қадамжолари обод бўлиб, улуғ зиёратгоҳга айланади. 
  Болалик хотираларимизни бойитган пойтахт қалби бўлган, бугунги кунда “Миллий боғ” деб аталувчи масканда ҳазрат Алишер Навоий хайкали биз учун гўёки адабиётга қўйилган тимсол эди. Ўқувчилик, талабалик йилларимиз ушбу масканда адабий мушоираларнинг фаол ишитрокчиси бўлганимиз бугун қалбларимизда чексиз фахр туйғусини уйғотади. 
  Мазкур муаззам меъморий ёдгорликка мутаносиб равишда яна бевосита давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Адиблар хиёбони барпо этилгани адабиёт, маънавият ва маърифатнинг чин маънодаги ғалабаси бўлди.
  Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаганлигини бугун дунё тан олиб турибди.
  Алишер Навоий билан ҳар қанча фахрлансак, шунча камлик қилади ва бу фахрланишнинг ўзи кифоя қилибгина қолмасдан, буюк бобокалонимизга муносиб ворис бўлиш, уларнинг бой адабий меросини ўрганиш, келгуси авлодларга  етказиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини англатади.
  Буюк мутафаккирнинг "Хамса", "Тарихи мулуки Ажам", "Мажолис ун-нафоис", "Муншаот", "Мезон ул-авзон", "Насоим ул-муҳаббат", "Девони Фоний” каби бебаҳо мероси адабиётимизнинг маънавий бойлиги бўлса, шеъриятнинг 16 хил жанрида ижод қилиб ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммаслар ёзганлиги Навоийни минг йилда бир дунёга келувчи буюк зот эканлигини англатади. Шу боис ҳам бугун чиндан шоир асарлари дунё бўйлаб юксак парвоз этмоқда. Аҳли жаҳон уларнинг бебаҳо маънавият чашмасидан баҳраманд бўлмоқда.
  Алишер Навоий бутун ижоди давомида улуғ бир мақсад - туркий тилни жаҳоннинг энг мукаммал ва мумтоз тиллар даражасига етказишга интилди. «Мезон ул-авзон», «Муншаот», «Маҳбуб ул-қулуб» асарлари ҳам мана шу эзгу мақсад йўлида яратилгандир. Масалан, аруз илмига бағишланган «Мезон ул-авзон»нинг ёзилиш сабабини Навоий қуйидагича изоҳлайди: «Чун турк алфози билаким назм воқеъ бўлибдур, анга зобитае (қоида) ва қонуния йўқ эркандур ва ул фан ривожи учун киши аруз фаннида китобе ё рисолае битмайдур». 
  Алишер Навоий биринчи бўлиб туркий тилда аруз илмига тамал тоши қўяди. Биз тушунишда қийналадиган теран маъноли мумтоз сўз санъатини Навоийнинг замондошлари бемалол тушунганлари учун юксак даражада қадрлаганлар. Абдураҳмон Жомийдек форсийзабон шоир Навоий асарларини, жумладан, «Хамса» достонини туркий тилда ўқиб, чексиз завқ олганлиги учун уларга юксак баҳо берган. 
  Шунингдек, Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асари қадимги ўзбек тилидан классик ўзбек тилига ўтишда кўприк бўлиб хизмат қилган бўлса - ундан олдин ёзилган Аҳмад Яссавий ҳикматлари ва ундан кейинги асрларда дунёга келган Рабғузийнинг «Қисасул анбиё»си, Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си, Юсуф Амирийнинг «Даҳнома»си, Ҳайдар Хоразмийнинг «Гулшани роз» асари, Атоий, Лутфий, Гадоий каби шоирларимизнинг туркий тилда яратган лирик асарлари қадимги ўзбек тили анъаналарини давом эттирган ва Алишер Навоий даврида шаклланган классик ўзбек адабий тилига ўтишда илк мумтозлик босқичлари ҳисобланган десак муболаға бўлмайди. 
  Алишер Навоийнинг тилига назар ташлар эканмиз, унда қорлуқ-чигил лаҳжасини, қипчоқ ва ўғуз шеваларини ҳам учратамиз. Ҳақиқатан ҳам Алишер Навоий эски ўзбек адабий тилини яратар экан, бир томондан, ўзидан олдин мавжуд бўлган адабий тилларнинг анъаналарини ўзлаштириш билан бирга, иккинчи томондан, ўша даврда «турк улуси» деб аталган ҳамма халқлар ва қавмларнинг турли-туман лаҳжа ва шевалари асосида ягона бир адабий тилни яратишга муваффақ бўлади. 
  Ана шунинг учун ҳам у: 
Турк назмида чу тортиб мен алам, 
Айладим ул мамлакатни якқалам, - деб ёзганида тамоман ҳақли эди. 
  Алишер Навоийни «Ўзбек адабий тилининг асосчиси» деб тан олганимизнинг ўзи унинг даҳоси шакллантирган адабий тил эскирмайдиган қадриятлар қаторида туришини билдиради. Демакки, адабий тилимизда асрлар давомида тўпланган тил бойликлари ва қоидалари Алишер Навоий ижодида умумлашиб, синтез ҳолига келди. Аста-секин юз берган миқдорий ўзгаришлар буюк даҳонинг қаҳрамонона меҳнатлари билан сифат ўзгаришига айланди. Навоий даврида тилимиз  мумтоз адабий тил талабларига тўлиқ жавоб берадиган юксак тараққиёт босқичига кўтарилди.
  Шарқ оламида форс-тожик адабий тилини Фирдавсий, Низомий, Жомий каби достоннавислар, Саъдий Шерозий, Хўжа Ҳофиз каби ғазалнавислар, Фаридиддин Аттор каби тасаввуф устозлари ўз буюк ижодлари билан мумтозлик даражасига кўтарган эдилар. Туркийзабон адабиётда «Хамса» жанри тилини ҳам, ғазалнавислар ва тасаввуфий шеърият тилини ҳам, «Насойим ул-муҳаббат», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муҳокамат ул-луғатайн» каби илмий-фалсафий асарлар тилини ҳам Алишер Навоий мумтозлик чўққисига олиб чиқди. 
  Тарихдан маълумки, Алишер Навоийнинг бир ўзи шундай улуғ ишларни амалга ошириши учун қулай тарихий шароит ва ижодий муҳит зарур эди. Амир Темур ва унинг маърифатли ворислари туркийзабон адабиётнинг ривожланиши учун яхши шароит яратиб берганликлари, айниқса, Ҳусайн Бойқаронинг Алишер Навоийга қандай яхшиликлар қилганлиги ҳақида кўплаб мисолларни биламиз.
  «Мажолис ун-нафоис» асарида номлари қаламга олинган ўнлаб истеъдодли фозил кишилар Алишер Навоийни қўллаб-қувватлаб турган тараққийпарвар ижодий муҳит вазифасини бажарди. Шу омилларнинг ҳаммаси бирлашиб, Навоий даврида мумтоз ўзбек адабий тилининг шаклланишига имкон яратди. Ўрни келганда айтиш жоизки, бутун дунёда мумтоз адабий тил яратган халқлар кўп эмас. Чунки мумтоз адабий тилнинг яратилиши ва ривожланиши Ренессанс деб аталадиган ва ҳар минг йилда бир неча мартагина юз берадиган маданий юксалиш ҳодисалари билан боғлиқдир.
  Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда учинчи ренесансга қадам қўяётган бугунги кунда Алишер Навоийга бўлган эҳтиром миллат тараққиётига бўлган муносабатнинг асосий пойдевори сифатида асрлар оша миллат маънавиятининг қуёши бўлиб порласин.

Феруза ОРИПОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот