Театр ҳеч қачон эскирмайди


   Театр ҳамиша ибрат даргоҳи бўлган. Саҳнада ўйналаётган кечинмалар аслида ҳаётдан бир лавҳа. Фарқи шуки, уни кўриш, тинглаш, ҳис қилиш, хулоса чиқариш мумкин. Мана, яна бир саҳна асари ниҳоясига етди. Актёрлар саҳна ортига, томошабинлар фойега чиқа бошлаши билан спектаклнинг иккинчи умри – ибрат ва хулосалар бошланади. Томошабиннинг кўраётган асардан кўнгли тўлмаса, юраги «жиз» этмаса, қарсак чалмайди. Актёр ҳам ўз ролига борлиғини бермаса, ундаги кечинмалар билан бир лаҳза яшаб кўрмаса, ҳеч кимни ишонтира олмайди. Айниқса, бугуннинг томошабини фақат маҳорат ва истеъдодни кўра олсагина, саҳнадаги ижрога қойил қолади. Шунинг учун ҳам спектакл­ларнинг сифати ва салмоғини яхшилаш масаласи театрлар олдидаги доимий вазифа ҳисоб­ланади. Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов билан суҳбатимиз театрлар фаолияти хусусида бўлди. 
– Ўтган асрда телевидение оммалашгани театр­лар фаолиятига рахна соладигандек, томошабинни телевидение тортиб оладигандек туюлиб, «Театр­ларнинг эртанги куни нима бўлади?» деган савол пайдо бўлган экан. Бугунги глобаллашув замонида театрларнинг бошқа рақобатчилари ҳам кўпайгандек...
– Театр пайдо бўлибдики, инсонларга эзгулик улашувчи муқаддас даргоҳ сифатида тушунилади. Театр санъати ҳеч қачон эскирмайди. Бу шундай денгизки, қанча чуқур шўнғисангиз, жавоҳирлари шунча кўпаяди. Интернет, телевидение, янги технологиялар инсониятнинг манфаатларига хизмат қилиши керак. Инсон ўз қўлидаги жиҳозларнинг қулига айланиб қолмаслиги учун ҳам биз маънавият даргоҳи сифатида ўрнак бўладиган томошалар қўйишимиз, бунга халқимизни, айниқса, ёшларни кенг жалб қилишимиз керак. Қачон, қаерда бўлманг, одамда маънавий ҳордиқ учун эҳтиёж бўлади. Шунда ҳеч қандай технология сизга ёрдамга келмайди. Мана, театр қаерда керак. Бундан минг йил кейин ҳам ўйлайманки, театр ўз томошабинига эга бўлади. Театр санъати яшайди. 
– Театрда таъмирлаш ишларини кўриб кўнглимиз кўтарилди. Бу барча театр мухлисларини хурсанд қилган бўлса керак. 
– Албатта, Вазирлар Маҳкамасининг ташаббуси ҳамда Маданият вазирлигининг қўллаб-қувватлаши билан театримизда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ҳаммамизни қувонтирди. Сабаби, 1943 йилда қурилган театр биринчи марта қайта капитал таъмирдан чиқмоқда. Театримиз ўтган асрда Тошкент шаҳрининг кўрки бўлган. Энди ўз архитектурасини сақлаб қолган ҳолда ҳам тарихий, ҳам миллий, ҳам замонавий кўркам бир бинога айланади. Мухлисларимиз спектакл­га келиб, чин маънода маънавий ҳордиқ чиқариши, актёрларга ҳам ўз иш жойидан қониқиб, илҳом билан ишлашлари учун барча шароитлар қилинди. Актёрлар дам олишлари учун ҳовлида лойиҳа асосида соя-­салқин жойлар, ўриндиқлар, гулзор, спорт майдончалари қуриб битказилмоқда. 
Саҳналар ва бошқа ашёлар замонавий технология­лар билан бойитилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз ижодкорларга катта ишонч билдириб, «Ижод аҳли инсон қалбининг муҳандисларидир», деб таъкид­лади. Биз ижод аҳли – шоир-ёзувчилар, рассомлар, актёрлар, хонанда, раққосалар бўладими, бизга бу катта шараф бўлиши билан биргаликда улкан масъулият ҳамдир. Биз ўз ишимизга борлиғимизни бағиш­лаб ижод қилсак, инсонлар кўнглига йўл топамиз. Бунинг учун, албатта, шароит керак. Мана, биз бугун театримиз мисолида бу улкан эътибордан миннатдор бўлиб турибмиз. Энди бу юксак эътиборга ўзимизнинг мукаммал, пишиқ асарларимиз билан жавоб берамиз. 
– Истеъдодли ёш актёрларни театрга қабул қилишда нималарга эътибор қаратасиз?
– Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтишни лозим топ­дим. Мамлакатимиз мустақиллигининг илк йилларидан бошлаб, ёшларга катта эътибор қаратилди. Малакали кадрларни тайёрлаш масаласи кун тартибида бўлди. Бу сиёсат ўз самарасини бериб, бугунги кунда қайси соҳани олманг, ёш, ўз ишининг ипидан игнасигача биладиган, икки-учта чет тилини ўзлаштирган мутахассисларни кўрамиз. Мана, ҳақиқий мустақиллик ёшлари! Бугунги кунда уларга келажагимиз деб, ворис­ларимиз деб қараймиз. 
Шуни қувонч билан айтишни истардимки, кейинги йилларда театримизга интеллектуал салоҳияти баланд, истеъдодли, одобли йигит-қизлар кириб келишди. Биз мусиқали театр бўлганимиз учун овоз ҳам катта аҳамиятга эга. Улардаги овоз имкониятлари, кўча-кўйда ўзини тутиши, томошабин билан муносабати ҳавас қилса арзигулик. Мана шундай ёшларимиз жуда ҳам кўп. Мен улар билан ҳақли равишда фахрланаман. Биз бу ёшларга бемалол залворли ролларни ишониб топшираяпмиз. Ўзбек театри­нинг эртанги куни бўлган ёш актёрлар устозлар кўмагида ўз ишига масъулият билан ёндашиб, ҳам мухлисларнинг, ҳам театр жамоасининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бугунги кунда мана шу ёшлар билан жамиятнинг олдимизга қўйган талабларига жавоб берамиз. Ўйлайманки, улар келажакда Раззоқ Ҳамроев, Аббос Бакиров, Лутфихоним Саримсоқова, Маҳмуджон Ғофуров, Сойиб Хўжаев, Ҳамза Умаров, Фароғат Раҳматова, Суръат Пўлатов, Файзулла Аҳмедов сингари устозлар каби театримизнинг фахрларига айланишади.
– Шу ўринда устоз-шогирд анъаналари хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Халқимизнинг энг қимматли қадриятларидан бири устоз-шогирд анъаналаридир. Устоз нафақат ўз соҳасида, ҳаёт йўлида ҳам шогирдларига ўрнак бўлиши керак. «Устоз-устоз» деган навбатчи гаплар бошқа, ҳақиқий устоз-шогирдлик йўли бошқа. Бу улуғ анъана устоздан ҳам, шогирддан ҳам катта масъулият талаб қилади. Масалан, халқ артисти Раззоқ Ҳамроевни устоз деб чақиришса, унчалик хушламас экан. «Мени домла дея қолинглар. Устозлик – улуғ мартаба. Мен ҳали устоз бўлиб, ҳеч нима қилганим йўқ-ку. Устоз дегани уй-жойли қилиб, фарзандлари тарбиясида ҳам шогирдига керакли насиҳатларни қилиб, ишда соҳанинг сир-асрорларини ўргатадиган одам», дер экан. Шунинг учун бу инсонларнинг бир ёки икки нафардан шогирди бўлган. Чунки устоз шогирдининг ҳаёт йўлида отаси билан баробар жавобгар инсон. Шогирд устознинг этагини ушладими, унинг ҳар бир айтган гапи, ҳар бир ҳаракатидан ўрнак олиши керак. Устоз ҳам, ўз навбатида, ўз хатти-ҳаракатларини таҳрир қила боради. Шогирдимга ёмон намуна бўлмайин деб чекишни, баъзи одатларини ташлаган устозлар бор. 
Бевосита театримизга келадиган бўлсак, Ўзбекистон халқ артистлари Бахтиёр Ихтиёров, Наима Пўлатова, Марям Ихтиёрова, Одинахон Нарзуллаева, Меҳри Бекжонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Боир Холмирзаев, Меҳмонали Салимов, Турғун Бекназаров, Александр Бекжонов, Ҳамид Тўхтаевни ғамхўр устозлардан деса бўлади. Улар ўз шогирдларининг юриш-туриши, одоби, саҳнада, саҳна ортида, гримда, овоз имкониятларидан фойдаланишда, шунингдек, оилавий шароити, дўстлари билан ҳам қизиқишади. Керакли маслаҳатларини беришади. Бетоб бўлиб қолса, хабар олади. Шогирдлар ҳам ўз ўрнида, бир фарзанд қатори устозининг атрофида бўлади. Бу анъана, шунингдек, ёшлар билан катта авлод ўртасида меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат сингари улуғ одатлар барқарорлигини таъминлайди. 
– Ёшлигимизда теле-радио орқали спектаклларда айтилган қўшиқлар бериладиган концертларни тинглардик. «Тошболта ошиқ» спектаклидаги «Айланай» арияси сингари қўшиқлар спектаклларни ҳам машҳур қилган эди. Сиз раҳбарлик қилаётган театр бевосита мусиқали театр. Спектаклларда бугунги кунда ижро этиладиган қўшиқларни ҳам эфирларга олиб чиқиш масаласи ёки спектаклларни тўлиқ ҳажмда кўрсатиш имкониятлари хусусида тўхталсангиз. 
– Бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўп. Масалан, арияларни айни пайтда эстрада хонандалари ижро этишмоқда. Ўрни келганда сайқал бериб ижро этишяпти. Лекин бу фалон спектаклдаги фалон қўшиқ деб айтиб ҳам қўйишмайди. Титрда ҳам ёзишмайди. Худди ночорликдан, изланишга эрингандан бу дурдоналарга мурожаат қилаётгандек туюлади. Ҳозирча, халқимиз учрашувларда, байрамларда, гастролларда актёрларимиз ижросидан баҳраманд бўлиб туришибди. Эндиликда айни пайтда қўйилаётган спектаклларда айтилган ариялар, дуэтлардан ҳам гулдаста қилиб, концертлар тайёрлаймиз. Биз мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришларга ҳамоҳанг олдимизга улкан режалар, мақсадларни қўйиб, ҳаракат қиляпмиз. 
Радио орқали спектаклларнинг трансляцияларини, телевидениега сифатли ёзиб олиб, намойиш этишни йўлга қўйишимиз керак. Республиканинг чекка бир қиш­лоғида яшовчи отахон ёшлигида театримизга келган бўлса, бугунги кунда бирор спектаклни телевизор орқали кўрса, ундасолиштириш имкони бўлади. Фикр уйғонади. Невараларига театр хусусида сўзлаб беради. Ёки бир кунда саккиз-ўн соат йўлда юрадиган ҳайдовчилар бор. Улар бирор спектаклни радио орқали тинглаб кетса, ҳамиша театр­га келишга вақти йўқ одам мана шу йўл билан асл санъат намуналаридан баҳраманд бўлади. Хуллас, олдинда қилинадиган ишларимиз кўп. 
– Ролга муносиб актёр танлаш – спектаклнинг ярим муваффақияти дейишади. Маса­лан, «Олтин девор» Ғани Аъзамов учун, «Келинлар қўзғолони» Зайнаб Садриева учун, «Тошболта ошиқ» Сойиб Хўжаев учун, «Парвона» Обид Юнусов учун ёзилгандек... Халқимиз бу актёрларни саҳнадаги образлари номлари билан Мўминтой, Фармонбиби, Ўткурий деб билишади. Айни пайтда бу масалада театр қандай ишларни олиб бормоқда. 
– Театримизда устоз санъаткорлар билан бир қаторда бир гуруҳ ёш истеъдодлар ҳам фаолият олиб боришади. Бизнинг улардан умидимиз катта. Айни пайтда бир қатор спектаклларни ҳавола этдик. Мана, «Лайли ва Мажнун» спектаклини олайлик. Ўттиз йилдан сўнг бу асарни қайта саҳнага олиб чиқдик. Иккиланмасдан ёшларга бош ролларни топширдик. Лайлини ижро этган қизимиз Дилором Абдуолимовани халқимиз яхши қарши олди. У «Эътироф – 2016» танловида «Йилнинг энг яхши актрисаси» деб топилди. Бу йўлдаги эзгу анъаналарни давом эттириб, спектакл­ларни ҳар жиҳатдан савиясини оширамиз. Томошабин маънавий ҳордиқ, завқ, ибрат оладиган спектаклларни тақдим этамиз. Бунинг учун драматургларимиздан фалсафий, тарихий, замонамиз қаҳрамонларининг фаолиятлари ёритилган замонавий асарларни кутиб қоламиз.
– Спектаклни саҳнага олиб чиқишда декорациянинг ҳам катта аҳамияти бор...
– Театр рассоми спектаклнинг бадиий савиясига режиссёр билан бир хил масъул. Чизиш, ясаш ҳамманинг ҳам қўлидан келади. Лекин тафаккур қобилияти билан саҳна яратиш бошқа масала. Бадиий саҳна иши мураккаб. Шунинг учун актёр ролга тайёрланиш жараёнида образга киришиш учун қанча тайёргарлик кўрса, рассом саҳна учун шунчалик жавобгар. Тасаввур қилинг, «Лайли ва Мажнун»ни ўқимаган рассом спектакл­га қандай декорация ишлайди? Рассомнинг савияси унинг маҳорати билан бир хил бўлиши керак. Изланмайдиган, ўз устида ишламайдиган, китоб ўқимайдиган рассомни ҳеч қайси театр ишга олмайди. Бу масалада театрларимизда муаммо йўқ. Чунки саҳна декорацияси ўхшамай қолган, номига ишланган саҳна йўқ бугунги кунда.
– Шу ўринда яна бир савол туғилди. Айрим театрларда кассабоп томошалар қўйилишига муносабатингиз қандай?
– Мамлакатимизда илк театр иш бош­лаганига юз йилдан ошди. Бизнинг театри­миз 78 йиллик фаолиятга эга. Театр­нинг асосий вазифаси томошабиннинг ёши, диди, талабидан келиб чиқиб, спектакллар яратиш. Шу маънода ҳар бир театрнинг ўз олдига қўйиладиган талаблари мавжуд. Томошабинни кўпайтираман, деб савияни тушириш ҳам театрнинг обрўсига путур етказади. Ҳар қандай спектаклда «ярқ» этган, томошабиннинг юрагини «жиз» этказадиган маъно бўлмас экан, бундай томошадан мухлис ҳам зерикади. Шунинг учун ҳам улуғ театр дарғалари енгил-елпи ролларни ижро этишмаган. Майли, эпизод бўлсин, майли салбий роль бўлсин, унда юк бўлса, ижро этиш керак. Ҳавойи образ актёрни чучмаллаштиради. «Комедия» билан асл комедиянинг фарқи бор. Биз театрни томошахонага айлантирмаймиз. У чин маънода мактаб, ибрат, маънавият ўчоғи бўлиб қолади. 
– Республиканинг бошқа театрлари билан тажриба алмашиш, бошқа саҳнада роль ижро этиб кўриш, гастроллар режаси ҳақида гапириб берсангиз? 
– Бугун республикамизда қирққа яқин театр ва тетр студиялари фаолият юритиб келади. Биз республика театрлари бутун бир жамоамиз. Бир-биримиз билан таж­риба алмашамиз, спектаклларни бориб кўрамиз, ўрни келганда таҳлил, танқид қиламиз. Учрашувлар, гастролларда бўламиз. Мана, ўтган йили Эркин Комилов Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд драма театрида Мирзо Улуғбекни ўйнади. Бердақ номидаги Қорақалпоқ театри Тошкентда спектакллар қўйди. Бу тажрибаларни кейинги йилларда ҳам оммалаштириб, чекка туманларда ҳам спектакллар қўйиб, халқимизни хушнуд этиш ниятимиз бор. 
 – Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!


Манзура ШАМСИЕВА суҳбатлашди
 Манба: "Гулистон" журнали (2017 йил. 2-сон)










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот