Замонавий театр бу фақат замонавий асарлар дегани эмас...
Шоҳсанам Облоқулова: "Замонавий театр бу фақат замонавий асарлар дегани эмас..."
Бизнинг бугунги суҳбатдошимиз театр актрисаси Шоҳсанам Облоқуловадир. У ўзининг юксак иқтидори, билим ва ҳулқи билан бошқалардан ажралиб туради. Ёш бўлишига қарамасдан ўз соҳасида кўплаб ютуқ ва эътирофларга сазовор бўлиб келаётган Шоҳсанам Облоқуловани томошабинлар “Турна пати”, “Самарқанд сайқали”, “Разолат қурбонлари”, “Оромижонимсан мани”, “Эдип”, “Ўрик гуллаганда”, “Мирзо Улуғбек”, “Дуэль”, “Кўчки”, “Бибихоним”, “Ишқ бўстони”, “Баходир Ялангтўш”, “Лайли ва Мажнун” каби турли спектакллардаги роллари орқали яхши танишади. Шоҳсанам Облоқулова 2021 йил Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтини актёрлик санъати (мусиқали театр актёрлиги) ни тамомлаган. 2017 йил декабр ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис “Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 25 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган. У 2023 йил «Янги Ўзбекистон юлдузлари» республика кўрик танловида ғолиб бўлиб, йилнинг энг яхши театр актрисаси дея тан олинган.
– Аввало, ноябр ойида Марказий Осиё давлатлари халқаро театр фестивалида гран-при қўлга киритганингиз билан табриклайман.Бир қанча давлатдан йиғилган театр жамоалари орасида эътироф этилиш осон иш эмас, тўғрими?
– Ассалому алайкум. Азизларим, аввало жамоамиз фаолиятига бефарқ бўлмаганингиз учун ташаккур.Дарҳақиқат, шу йилнинг 6-11ноябр кунлари Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида IX-Марказий Осиё давлатлари халқаро театр фестивали бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган "Лайли ва Мажнун" спектакли "энг яхши спектакл" дея эътироф этилди ва "гран-при" га лойиқ топилди. Ушбу спектакл Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирилган бўлиб, ўтган йили Озарбайжонда бўлиб ўтган халқаро "Турксой" фестивалида ҳам муваффақиятли иштирок этган.Шунча давлатдан ташриф буюрган театр ижодкорлари орасидан бизнинг ижодимизни алоҳида эътироф этишилари нафақат жамоамизнинг балки бутун республикамизнинг ютуғи деб ҳисоблайман. Бу ҳар бир ижодкорга фаҳр туйғусини беради. Гарчи тилларимиз бошқа бўлса ҳам томошабинлар биз етказмоқчи бўлган ҳис-туйғуни тушундилар, қалбдан ҳис қила олдилар. Бу жамоамизнинг профессионаллиги ва катта ютуғи аслида.Ўйлайманки, "Лайли ва Мажнун" асари билан ҳали кўп марраларни забт этамиз.Келаётган янги йилда Европа саҳналарига бобомиз Алишер Навоий асарлари асосида саҳналаштирилган спектаклни олиб чиқмоқчимиз.Бу ўзига хос ёндашувдаги замонавий спектакл кўпчиликка манзур келади.
– Ўтиб бораётган 2024 йил Самарқанд вилояти мусиқали драма театри учун ҳақиқатан сермаҳсул йил бўлди. Ижтимоий тармоқлар орқали ижодингизни кузатиб, айниқса, йил давомида кетма-кет халқаро фестивалларда иштирок этишингиз ва уларда қўлга киритган ютуқларингиз бизни ҳам қувонтирди. Озарбайжонда бўлиб ўтган IV Шеки халқаро театр фестивали ҳақида ҳам айтиб беринг.
– Чиндан ҳам бу йил мен ва бутун жамоам учун қизғин ижод ва мувафаққиятлар йили бўлди. Озарбайжоннинг Шеки шаҳрида бўлиб ўтган IV Шеки халқаро театр фестивали бизда ўзгача таассурот қолдирди. Фестивалда бош режиссёр Шуҳрат Санақулов саҳналаштирган Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” достонидан олинган “Ишқ бўстони” спектакли билан иштирок этдик. Ҳис-туйғуга бой, чуқур фалсафий маъно акс этган бу саҳна асари барча томошабинларга манзур бўлди. Жамоамизга фестивалнинг рамзи туширилган эсдалик совғалари топширилди.Бу фестивалдан аввал Маданият вазирлиги томонидан режиссёримиз Шуҳрат Санақулов, мен ва Беҳруз Қурбоналиев Туркманистонда бўлиб ўтган "Ўзбекистон маданият кунлари" тадбирида қатнашдик.Унда Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли, "Наврўз" рақс ансамбли ҳамда таниқли санъаткорлар ҳам қатнашишди.Мана шу тадбир юқори тайёргарлик билан, ўзгача шукуҳда ўтди. У ерда биз "Лайли ва Мажнун" спектаклидан қисқа парча намойиш этдик. Аммо мени лол қолдирган жиҳати шуки, ўзбек санъатини бошқа давлатлар жуда қадрлаб, юқори баҳолашар экан. Мен "Ўзбекистон маданият кунлари" доирасидаги тадбирларда биринчи марта иштирок этишим бўлгани учун кўп таассуротлар олдим. Айниқса раққос ва раққосаларимиз чиқишлари барчани лол қолдирди. Томошабинлар ва бошқа миллат санъаткорларининг олқишларини кўриб, тўғриси ўзбеклигимдан жуда фахрландим.
– Пандемиядан кейин деярли барча театрлар, ҳатто дунёга машҳур театрлар ҳам томошабин камайиб кетганидан шикоят қилишяпти. Сиз халқаро фестивалларда қатнашасиз, у ерда бошқа давлатлар томошабинни яна театрга жалб қилишнинг қандай усулларини қўллашаётганини кўрдингиз?
– Озарбайжоннинг Шеки шаҳридаги аҳоли тубдан фарқ қилар экан. Улар ўз қадриятларига содиқлиги билан диққатимни тортди. 5 кун шу фестивал доирасида қўйилган спектаклларга келган томошабиннинг сони,уларнинг ўзларини тутиши мени жуда қувонатирди. Театрда томошабин камлигига пандемия сабаб деб ўйламайман.Биз уйда ўтириб, телефон орқали дунёнинг нариги чеккасидаги томоша ёки фильмни кўришимиз мумкин. Лекин жонли ижрони кўришга вақтимиз йўқ ёки хоҳишимиз.Бунда кимдир театр ижодкорларини айблар, лекин энг ёмон асардан ҳам ўзимиз учун қандайдир хулоса чиқарамизку. Шеки фестивалида биз таниқли актёрлар эмас эдик, лекин бизни кўриш учун шунчалар кўп томошабин келган эдики, ҳаттоки залга қўшимча ўриндиқлар киритиб, томошабинни жойлаштиришди. У ерда кўчада юрганимда бир нарса эътиборимни тортди. Катта авлод вакиллари майли, ҳатто ёшларнинг ҳам қўлида телефон кўрмадим.Балки шундан у ерда театр санъатига талаб сақланиб қолгандир?!
– Ўзи бугунги замонавий театр актёрларимизга қандай талабларни қўймоқда?
– Бошқа соҳаларда бўлгани каби театр ҳам ривожланиб, ўзгариб бормоқда.Бу халқ ҳаёти, жамият юксалиши, одамлар маънавияти ва маданияти билан боғлиқ ҳолда рўй берадиган табиий жараён.Бевосита актёрлар ҳам ўзгаришларга тайёр бўлиши, ҳар қандай образга мослага билиши керак. Илгари актёрлар фақатгина пьесадаги сузларини ёдлаб, ҳолатдан ҳолатга ўтиш орқали томошабин қалбига кириб борган бўлса, ҳозир бу талабларга қўшимча тарзда актёр пластикаси, куйлай олиши ёки бирор мусиқа асбобини чала билиши орқали томошабинни ҳайратлантира олади.Замонавий театр бу фақат замонавий асарлар дегани эмас, балки мумтоз асарларнинг замонавий йўналишда томошабинга етказиш ҳамдир. Биз бу йўналишни "Лайли ва Мажнун" спектаклида синаб кўрганмиз.
– Устоз актёрлар билан солиштирганда ҳозирги актёрлар анча маҳоратли, серқирра деган фикрга қандай қарайсиз?
– Бу фикрдан анча йироқман, чунки бизни соҳа ривожланиб боргани билан барибир устоз -шогирд анъаналарига таянади.Биз актёрлар доимо устоз санъаткорлардан ёрдам сўраймиз. Ролимиз маромига етяптими, йўқми, бу хусусида доимо маслаҳатлашамиз.
– Саҳна нутқи масаласида кўп муаммоларингиз борлиги ҳақида айтасиз. Ёш актёрлар нутқий равонликка эришиши учун уларга ўз тажрибангиздан келиб чиқиб нима маслаҳат берасиз? Қолаверса, бугун актёрга хорижий тилларни билиш қанчалик зарур?
– Саҳнада актёрнинг асосий воситаси бу нутқ. Саҳна нутқида бироз қийналаман, сабаби баъзида ҳолатга кириб кетганимда нутқ эсимдан чиқиб қолади. Шундай вақтларда устозларимиз "сўз ,сўз" деб кўп бора таъкидлашади. Нутқий равонликка эришиш учун махсус машқлар бор, бизга ҳам шуни ўргатишган. Нутқ машқларини доимий бажариш яхши натижа беради.Хорижий тилни билишра келсак,бу ҳозир замонда актёр учун кўп имкониятлар эшигини очади. Дейлик, бирор хорижий театр ёки фильмда сизга рол беришди, тил билсангиз, марра сизники!
– Юқорида ўтиб бораётган 2024 йил мувафаққиятлари ҳақида гапирдик. Бу йил Яратган сизга энг катта бахтни насиб қилди, сиз иккинчи бор она бўлдингиз. Аввало, янги меҳмон муборак бўлсин. Шунча гастроллар, репитиция жараёнлари,ижод билан бир вақтда ҳомиладорлик ва фарзанд дунёга келтиришни ҳам уддаладингиз. Бундай куч ва ғайратингизга қойил қолмасликнинг иложи йўқ.
– Ҳа, 2024 йил мен учун барокатли йил бўлди. Биринчи фарзандим қиз, иккинчиси ўғил бўлди. Фарзандим 14 август куни дунёга келди. Турмуш ўртоғим билан икки фарзанднинг ота-онасига айландик.Аслида касб ва оила бир-бирини тўлдирадиган, ғайрат берадиган, эртанги кунга умид ёқадиган тушунчалар деб ўйлайман.Хориж сафарларига кетган вақтим, фарзандларим тарбияси ва уй ишларида яқинларим, оила аъзоларим менга ёрдам беришади.Уларнинг қўллаб- қувватлаши билан мен бугун касбимда бирор натижага эришяпман.Лекин вақтимни кўпроқ фарзандларим билан бирга ўтказишга ҳаракат қиламан. Барибир болаларим олдида ўзимни айбдордек ҳис қиламан баъзида.
– Шоҳсанам, сизга суҳбат учун ташаккур деймиз. Бир ўзбек аёли ҳам оиласини, ҳам ижодини шундай уддалаб, яхши натижаларга эришаётганидан хурсандмиз, ҳавас қиламиз. Келаётган йил сизга бунданда мувафаққиятли ва баракали бўлишини тилаймиз.
Феруза Эргашева суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси. 2024 йил.