Шохсанам Облоқулова
14 сентябрь – Cамарқанд вилоят мусиқали драма театрининг истеъдоlли актрисаси – Шоҳсанамхон Облоқуловани таваллуд топган куни муносабати билан самимий табриклаб, узоқ умр, мустаҳкам соғлик, хонадонига омад, бахт, қувонч, тотувлик, дастурхонига файзу барака, ижодий фаолиятига эса баркамоллик тилаймиз!
Cамарқанд вилоят мусиқали драма театрининг Матбуот хизмати.
Маълумот: Шоҳсанам Облоқулова 1995 йил 14 сентябрь куни Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган.
2015 йил Ҳ. Абдурасулов номидаги Санъат коллежининг эстрада артисти бўлимини битирган ва шу йилдан эътиборан театрда ўз ижодий фаолиятини давом эттириб келмоқда. Шоҳсанам Облоқулова Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институтининг "Мусиқали драма театри актёри" йўналишида (сиртқи таълим) таҳсил олган.
Шоҳсанам театрнинг истеъдодли ва умидли ёш актёрларидан саналади.
2015 йилда Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан таъсис этилган “Самарқанд ифтихорлари” танловида ғолиб чиқиб, қимматбаҳо совғаларни қўлга киритган.
2016 йили “Халқаро театр куни” муносабати билан вилоят Маданият бошқармасининг фахрий ёрлиғига лойиқ кўрилган.
Ўзига берилган ролларни маромига етказиб ижро этиб келмоқда.
Айниқса, Цу (“Турна пати”), Қиз (“Самарқанд сайқали”), Меҳри (“Разолат қурбонлари”), Рўзвон (“Оромижонимсан мани”), Хор (“Эдип”), Кампир (“Ўрик гуллаганда”), Феруза (“Мирзо Улуғбек”), Нози (“Дуэль”), Келин (“Кўчки”) каби спектаклларда асосий ролларни ижро этиб, томошабинлар эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
2016 йил жаҳон адабиёти дурдоналаридан Софокл ва Сенека асарлари асосида саҳналаштирилган “Эдип” спектаклида ҳам ролини муваффақиятли ижро этган.
2017 йил январ ойида Д. Киноситанинг “Турна пати” асари асосида саҳналаштирилган спектаклида Цу образини маҳорат ила талқин этган.
2017 йил машҳур турк драматурги Тунжер Жужан ўғлининг “Кўчки” спектаклидаги Келин роли актрисага муваффақият олиб келган.
Шоҳсанам Облоқулова 2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис этилган эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланган.
2018 йил “Халқаро театр куни” муносабати билан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши аёл роли ижрочиси” номинациясига сазовор бўлган.
У 2018 йил “Кўчки” спектаклдаги роли билан Туркия давлатининг Конья шаҳрида бўлиб ўтган “Минг нафас бир овоз” XI – Халқаро театрлар фестивалида ва Остона шаҳри бўлиб ўтган “Самғау” VI – Халқаро театрлар фестивалида иштирок этиб келган. Фестиваль доирасида ташкил этилган маҳорат дарсларида фаол иштирок этган.