ДЕТЕКТИВ ФИЛЬМЛАР ҚАНДАЙ СУРАТГА ОЛИНАДИ?


ДЕТЕКТИВ ФИЛЬМЛАР ҚАНДАЙ СУРАТГА ОЛИНАДИ?

АКМАЛЖОН ИБРОҲИМОВ: “ҚАЛБАКИ САҲНАЛАР МЕНГА ЁҚМАЙДИ!”

   Кўпчилик детектив фильм кўришни яхши кўради. Унда шундай лавҳалар бўладики, ҳатто нафас олмай кўрамиз. Шахсан менда кўпинча “қувиш, уйни ёндириш, қуролдан отиш, осиш саҳналари қандай суратга олинар экан?” деган савол туғилади. 
   Телевизор тагида ёнбошлаб ётиб, “э ўхшамапти!” дейиш осон. Лекин шу кадрни суратга олиш учун киноижодкорлар қанча меҳнат қилишларини, ҳатто ҳаётларини хавф остига қўйишларини биласизми? 
Биз детектив жанри устаси, режиссёр Акмалжон Иброҳимов билан детектив фильмлар қандай суратга олиниши ҳақида суҳбатлашдик. 
   Режиссёр Акмалжон Иброҳимов томошабинга “Тугун”, “Жиноят жазосиз қолмайди”, “Изқувар” номли детектив сериаллари орқали яхши таниш.

“ШАМОЛДА ХИЛПИРАГАН ҚИЛИЧЛАР ВА КОНВОЙ КЕЛТИРГАН ТЎППОНЧА!”

 -Суратга олиш энг қийин жанрлардан бири бу детектив фильмлар бўлса керак. Биз тайёр кадрларни кўрамиз. Лекин бу жанг саҳналари, қувишлар, портлаш ва отишмалар қандай суратга олинади?
- Мен ижодимни мелодрама жанридан бошлаганман. Ҳар доим детектив жанрини ақлли, моҳир режиссёрлар ишлайди, деган фикрда юрардим. Биринчидан, у томошабин учун энг қизиқарли жанрлардан бири, томошабинни фильм охиригача ушлаб туради, иккинчидан, унинг аудиторияси жуда ҳам катта, томошабоп жанрлардан бири деб айтилади.
   Аммо шу жанрда ишлашни бошлаганимдан кейин “Йўқ, Акмалжон, аксинча, ақлли режиссёрлар детектив жанрида фильм ишламайди!” деган фикрга келдим. Чунки бу жанрда мураккаб, ҳаёт учун хавфли саҳналар кўп бўлади. Агар сиз томошабинни ишонтираман десангиз, бугунги томошабин жуда ҳам зукко, билимдон. Лавҳа қандай олинганини, чизилганми ёки компьютер графикаси ёрдамида ишланганми, бемалол ажрата олади. Ҳақиқий ёки ясама қуролдан отилганини ёки ёлғондан пиротехника воситалари ёрдамида қилинган саҳналарни ҳам билади. Танганинг иккинчи томонига келадиган бўлсак, бу қайси ҳуқуқ-тартибот органлари билан ишлашингизга ҳам боғлиқ. Бу прокуратурами, ИИБ ёки ДХХ ходимларими, ФВВ биланми, ҳар бир ҳуқуқ тартибот органларининг ҳаммасининг ўз устави бор. Истасак-истамасак, экранда гап шу органлар ҳақида кетяптими, демак, кўрсатаётганларимиз уларнинг уставига тўғри келиши керак. Кадрдаги орган ходимларининг формасидан тортиб, ҳаракатлари, ҳатто қандай честь бериши, гувоҳномани қандай очиб кўрсатишигача устав бўйича қилиниши керак. Шу боис ИИБ ходими, маслаҳатчи сериал бошидан охиригача ёнимизда юради. Ҳар бир қисмида фильмни тасвирга олишдан бошлаб, то уни эфирга  топширгунимизгача бўлган жараёнларда биз билан бирга ишлайди. 
   У ёрдам ҳам беради, баъзида ҳалақит ҳам қилади. “Бизда масалан, устав бўйича ундай қилинмайди, сиз нотўғри қиляпсиз” деган танбеҳлардан чарчаб, охири “Ҳой, барака топкур, мен фильмни томошабин учун қиляпман, бу фақат ИИБ ходимларига мўлжалланган ўқув фильми эмас-ку!” дейман. “ИИБ ходими честь бераётганда бармоғини қай даражада букиши томошабинни қизиқтирмайди. Уларга жиноятнинг қандай содир бўлгани-ю, уни очиш жараёни қизиқ!” дейман. Детектив жанрининг қийинчиликлари аввало ана шундай майда-чуйда нарсалардан бошланади. 
   Яна бир томони, биз детектив фильмимизга бундан 25-30 йил илгари содир  бўлган жиноятни асос қилиб оламиз. Масалан,  у пайтда жиноят ТТ русумли тўппончада амалга оширилган бўлса ёки ПМ Макаров тўппончасидан фойдаланилган бўлса, мен 25-30 йил илгари ишлатилган ана шу қуролларни топиб келишим керак. Аммо ҳозир бу қуроллардан фойдаланилмайди. Уларни топиш ҳам амри маҳол. Агар ёлғон ишлатиб, ТТ тўппончасининг ўрнига ПМ тўппончасидан фойдалансам, мутаҳассис буни кўрса, кулади. “Ёлғон ҳам эви билан-да!”, дейди. Оддий томошабинга бунинг фарқи йўқ, чунки у қуролларнинг фарқига бормайди. 
 -Детектив жанрида шундай жойлари борки, фалон-фалон калибрли, фалон русумли тўппончадан отилган, деб айтилади-ку?
- Айтилганидан кейин мен айнан ўша қуролни кўрсатишим керак. Биз билан икки-учталаб маслаҳатчилар ишлашади. Мен уларга мурожаат қиламан, қандай русумли қурол кераклиги ҳам айтилади. Қуролни ҳам ҳарбий қоровул, конвой олиб келади. Чунки ўқ отар қурол оддий одамларнинг қўлига берилмайди. Съёмка жараёнида ўша конвой – масъул ҳарбий туради. Қуролли саҳна тасвирга олиб бўлинганидан кейин яна конвойнинг ўзи қуролни олиб кетади. Тўғри, буни рассомларимиз ҳам ўйинчоқ шаклдагисини ўхшатиб ясаб беришлари мумкин, компьютер графикасидан фойдаланса бўлади. Лекин...шу ўринда сизга Амир Темур ҳақида ишланган фильмни мисол қилмоқчиман. Фильм учун Совпластиталь қилич ва шамширларни платмассадан ясаб берган. Бундоқ ўйлаб қаралганда, биринчидан арзон, иккинчидан, актёрларнинг ҳаракати учун ҳам осон ва хавфсиз. Лекин кадрда Амир Темур қиличини ялонғочлаб, “олға” деб қичқирадиган жойида қиличларини кўрсангиз, шамолнинг ўзида ҳилпираб кетяпти-да! 
   Майдондаги қиличбозликни кўринг энди?! Ахир темирга темир текканда бошқача, елимга елим текканда бошқача ҳолат бўлади. Аслаҳанинг товушидан тортиб, кадрдаги ҳаракатигача билиниб қоляпи-да. Афсуски, айрим чет эллик мутаҳассислар ана шундай камчиликларимизни айтиб ўтишди. Шу боис мен кўпроқ ҳақиқий қуроллардан фойдаланишни афзал билдим. Бу масалан, осон эмас,  лекин бунинг таъсири бошқача бўлади! 

“ҲИНДЧА ЎЛИШ” ВА ЧОПИБ ТАШЛАНГАН ЭРКАК ҲАҚИДА

   Актёрларимиз ИИБ ходими ролини ўйнаётганлари учун отишни ҳам яхши билишлари керак. Шу боис отиш жойи (стрелбиша)га бориб, машқ қилишади. Бу ерда ҳақиқий жанговар ўқ берилади. Фильм қаҳрамони сценарий бўйича, нишонга урганда фақат ўнни пойлаши керак. Ҳарбийлар отишма пайти нега қулоқчин тақишларини шунда тушундим. Бу қулоқ пардаларини товушдан ҳимоя қилиш учун керак экан. Отаётганда оғизни очиб туриш кераклигини иш жараёнида билдим. Шунда қулоқ пардасига товуш зарби унчалик таъсир қилмас экан. 
   Отиш жойида девдай паҳлавон йигитлар билан бирга юрибмиз. Улардан бири “Акмал ака, маза қилиб отмайсизми?” деб қолди. Отдим. Аммо қуролни отганингизда унинг зарби қўлингизни елка аралаш шундай орқага силтаб ташлар эканки...Актёрлар ҳам ижро табиий чиқиши учун уни отиб кўришлари ва билишлари керак. Айрим киноларда кўрган бўлсангиз, “тўхтамасанг, отаман!” дея “пақ” этиб отиб қўяди-ку, жабрдийда ҳам шундоқ “ўлиб” қўя қолади. Биз буни “ҳиндчасига ўлиш” деб куламиз. Ваҳолангки, ҳаётда ўқ отилганидан кейин, олд томонда тангадай из қолдирса, ўша ўқ жабрдийданинг орқасини ўпириб кетар экан. Теккан ўқ зарбаси одамнинг ўзини ҳам орқага учириб юборади. 
   “Тугун” сериалида жиноятчи қўшотар милтиқдан жабрдийдани жуда яқин, бир-бир ярим метр масофадан отадиган лавҳаси бор. Бу лавҳада истеъдодли актёрлар Асадилло Набиев билан Малика Иброҳимовалар чиқишган. Ўқнинг кириб-чиқишини компьютер графикасида қилганмиз. Жабрдийдага ўқ теккандаги зарбасини кўрсатиш учун, гуруҳдаги иккита ёрдамчи йигит Асадиллони қўлтиғидан ушлаб, деворга отишган. Кейин у деворда қонли из қолдириб сирғалиб тушади. Қон изини компьютер графикаси устаси Улуғбек Абдусаматов чиройли қилиб ишлаб берган. Энди буни рассомлар ҳам деворга қизил бўёқ суртиб қилиб беришлари мумкин эди. Лекин унинг ранггини ўхшатиш қийин. Детектив фильмларда литрлаб қон ишлатилишини биласизми?
   Детектив сериалимизга бир аёл эрини болта билан чопиб ташлаб, жиноят содир этгани ҳақидаги ишни асос қилиб олгандик. Аммо томошабинда ёмон таассурот қолмаслиги учун бу жиноятни аёли эмас, қўшниси содир этгандай қилиб кўрсатганмиз. 
   Жабрдийдани болта билан чопилиши лавҳаси энг қийин кадр бўлган. Бўйин томирига болта урилганидан кейин одам бир дақиқада камида беш литр қон йўқотади. Бу тиббиёт ходимлари томонидан ҳисоблаб чиқилган. Мен албатта, бу жараённинг ҳаммасини кўрсатмаганман. Аммо ҳеч бўлмаганда жиноят содир этилганидан кейинги жабрдийданинг ҳолатини кўрсатишим керак-ку! Атрофда қондан кўлмак ҳосил бўлади. Бунинг учун кам деганда уч литр қон керак. Уни бўёқда қилинадиган бўлса, билиниб қолади. Қоннинг рангги аслида қизил эмас, қорамтир тусда бўлади. Бу саҳна учун биз қушхонадан янги сўйилган молнинг қонини келтирганмиз. Аммо қоннинг шундай ҳусусияти борки, у жуда тез ивиб, қуюлиб қолади. Шилимшиқ, қуюшқоқ бир нарсага айланади. Шунинг учун операторлар яшин тезлигида ҳаракат қилишлари керак. Шу билан бирга детектив жанрида гримчилар билан ҳам қаттиқ ишлаймиз. Масалан, улар мендан, жабрдийда қандай ва қачон ўлдирилганини сўрашади. Чунки бўғиб ўлдирилган билан осиб ўлдирилганнинг, аввал бўғиб ўлдириб, кейин осиб қўйилган ҳолатлар - ҳаммаси бир-биридан фарқ қилар экан. Масалан, инфарктдан вафот этган одам билан бўғиб ўлдирилган майитнинг ташқи кўринишида фарқ бўлади. Газдан заҳарланиб ўлган бошқа, заҳар ичиб ўлган бошқа. Ҳаммасининг танадаги аломатлари турлича бўлар экан. Бунинг ҳаммасини гримчиларимиз ипидан игнасигача ўрганиб чиқишади. Улар ҳам судтибэкспертиза мутаҳассислари билан бирга ишлашади Керак бўлса, улар бизнинг фильмимиздаги каби ўлим топган марҳум суратини архивларидан топиб келишади. Гримчиларимиз шу суратга қараб, актёрни грим қилишади. Жабрдийда қандай ўлим топганидан қатъий назар, бир соатли мурданинг кўриниши бошқа, уч соатли, беш соатли, бир кунлик мурданинг кўриниши бошқача бўлар экан. Судтибэкспертиза мутаҳассислари тананинг ранггига қараб, ўлим қачон содир бўлганини айта олар эканлар. Демак, уларда бунинг фарқини кўрсатувчи таҳлил қайдномалари бор. Мутаҳассис келиб, гримчилар ишини кўради ва камчиликларини айтади. Агар биздаги киноларни кўрадиган бўлсангиз, ҳаммасини бир хил қилиб кўрсатишади. Ёки шунчаки актёр кўзини юмиб ётади. Лекин...детектив жанрида мурданинг ҳолатига алоҳида эътибор бериб, грим қилмаса бўлмайди. Чунки калаванинг учи айни шу жойида бўлади-да!

МАШИНА ПОРТЛАШИ-Ю, ОДАМНИ ОСИШ САҲНАЛАРИ ҚАНДАЙ СУРАТГА ОЛИНАДИ? 

   “Жиноят жазосиз қолмайди 2” сериалида бир эпизодда жиноятчилар жабрдийдани отиб ўлдириб, дала-даштда машина билан бирга ёқиб юборишади. Жуда мураккаб саҳна. Ҳаммасини гаплашиб келишиб қўйдик. Масалан, жабрдийда бошқа машинани ҳайдаб келади, аммо биз бошқа машинани ёқамиз. Аммо машиналар бир-бирига ўхшайди. Қарангки, шу ёқиб юбориладиган машиналар ҳам фильм учун сотиб олинади. 
   Бу мураккаб саҳнани суратга олиш учун ўт ўчирувчиларни ҳам олиб келганмиз. Бундай саҳналарда аслида каскадёрлар қатнашишади. Аммо бизнинг актёрларимиз “ўзимиз бажарамиз”, дейишди. Хаёлимда “машина темир-ку, жуда унақа ёнмаса керак. Елим-пелим, резиналари ёнса керак-да”, деб ўйлагандим. Ўт ўчирувчилар аксинча, айнан машина жуда тез ўт олишини айтиб, хайрон қолдиришди. Ҳатто ёниш бўйича биринчи ўринда турар экан. 
   Бу кадрни тўғрима-тўғри ололмаймиз, ўртада масофа қолиши керак. Шу билан бирга мен ёнаётган машинани ҳар томондан суратга олиб улгуришим керак. Буни дубль қилиб, қайта-қайта олиб бўлмайди. Ҳар томонга беш-олтита камера қўйиб, биттада олинади. Ёрдамчим машина ичлари ва устига бензин сепиб бўлгач, ундан ўн беш метр наригача бензинни из қилиб қуйиб келди-да, гугурт чақиб ёқиб юборди. Кинода кўрганмисиз, гулханча илон изи бўлиб ёниб боради. Аммо шу гулханча ёниб борди-да, айнан бензобак олдига келганида ёнмай қолди. Ассистентларим бор, жуда қизиқувчан, сал-пал ёнаётган машина устига яна бензин сепа бошлашди. Чунки алангаси кам бўлгани учун менга ёқмаган эди. Аммо бензинни ҳам меъёрида ишлатиш керак экан. Энди шунақанги ёна бошладиии! Бир пайт ёрдамчи йигитимиз қўлидаги канистри билан бирга лоп этиб ўт олса бўладими?! Яхшики, ўт ўчирувчилар шай туришибди. Улар дарров маҳсус матоларини йигитнинг устига ёпиб, ўтни ўчиришди. Биз бу ёқда съёмка қиляпмиз. Кадрда бегона одам бўлиши мумкинмас. “Уни тезроқ кадр ичидан олиб кетинглар!”, деяпман. Яхшики, йигитимиз унчалик куймади, фақат сочларининг учи жизғанак бўлди, холос. Қаранг, биргина шу машинани ёқиш саҳнасини бир сутка олаяпмиз. Эфирда эса кўпи билан уч дақиқа кўрсатилади. 
   Шу куни съёмкани эрта тонгдан бошлаганмиз. Тунги икки бўляпти, ҳеч ким кетмаган, актёрлар ҳам, операторлар ҳам роса чарчашган. Воқеа ҳаққоний чиқиши учун шу куни тонггача съёмка қилганмиз. Негаки, сценарий бўйича ИИБ ходимлари воқеа жойига тонгда етиб келишади. Бу пайтда машина тутаётган бўлиши керак. Шу боис эртаси тонгги бешгача суратга олдик.  
   Учқун Тиллаев бошчилигидаги актёрлар гуруҳига минг раҳмат, опер гуруҳлар - ҳаммаси шу ерда.   Энди тун, бунинг устига воқеа дала жойда юз беряпти. Тим-тирс қоронғи. Агар бу жой ёритилмаса, кадрда ҳам ҳеч нарса кўринмайди. Яна буни худди Ой шуъласи тушаётгандай қилиб ёритишимиз керак. Бу ерга ёритгичларни ўрнатишни айтинг. Гуруҳдагилар ҳаммаси чарчаган. Дам олишни хоҳлашяпти. Агар дамга рухсат берсам, ухлаб қолишади, керакли вақтда тура олишмайди. Эрта азонда актёрлар гуруҳи ҳам етиб келди. Машинанинг тутаб ётгани жуда табиий чиқди. Ёниб бўлганидан кейин машинанинг баллонлари портлар экан. Одамнинг ёнганини кўрсатиш учун маҳсус қўғирчоқ ясаганмиз. Жабрдийдани ўлдириш саҳналарининг ҳам ўзига яраша қийин томонлари бор. Детектив жанри бўлганидан кейин қотилликни кўрсатиш керак-да!  
   Масалан, биз одамни ростдан осамиз. 
- Йўғ-э!?
- Белида алоҳида арқон бўлади. Страховка учун иккита ёрдамчим туради. Одамни ростдан осганда йигитлар ушлаб қолишади. Актёр бироз чидашига тўғри келади. Шунда кадр ҳаққоний чиқади. Қарангки, ўзини ўзи осган билан бўғиб ўлдириб, кейин осилган майитларнинг ҳам фарқи бўлар экан. Марҳумнинг танасидаги бари ўзгаришларни гримчилар шу тариқа ўлдирилган одамнинг расмига қараб, грим қилиб беришади.  

“МЕН РОЗИМАН, УЙИМНИ ЁҚАВЕРИНГЛАР!”

   “Жиноят жазосиз қолмайди” сериалининг 1-фаслида Асадилло Набиев бош ролни ижро этган. Сценарий бўйича, унинг туғишган синглиси, кеннойиси билан акасини битта уйда ухлаётган жойида устидан қулфлаб, ёқиб юборади. Акаси, янгаси, иккита жияни ёнғин ичида қолади.
   Жуда ҳам мураккаб саҳна. Рассомимиз “уйнинг макетини ясайман, шуни ёқамиз”, деди. Мен бунга кўнмадим. Ёлғон нарсаларни ёқтирмайман. Томошабин буни билади. Масалан, макет ясаб зил-зила саҳналарини олишади, эътибор қилинг, картон қандай қимирлайди-ю, бетон қандай қимирлайди...
   Ўзбек халқига, айниқса, санъатсеварлиги учун мен тан бераман. Арзимаган пулга бир хонадон эгаси, “мен розиман, уйимни ёқаверинглар” деди. 
- Эски, хароба уйларми ёки яхши уйларми?
- Жуда янги бўлмаса ҳам, ўртача, бемалол яшаса бўладиган уй. Оқтош, Хондайлиқ қишлоғида санъат фидойилари – фанатлари бор экан-да, шулар уйларини ёқишга рухсат беришди. “Акмал ака, мен розиман, УЙИМНИ ЁҚАВЕРИНГЛАР, кино чиройли чиқсин!” деди. 
   Аслида мураккаб лавҳаларни оладиган ўзининг усталари бор. Аммо маблағимиз кам бўлгани учун буни ўзимиз қилишимизга тўғри келди.
   Қаранг, кадрни дераза ортидан олган бошқа, бевосита ёнғин ичида туриб олган бошқача бўлади.
   Уй ичига олд пландаги устунларни бойлаб чиқдик, қандил қулайдиган жойини белгилаб олдик. Ичкарига иккита камера ўрнатганмиз. Камераларни ёнғиндан асраш учун олдига ойна қўйиб ҳимояладик. Операторлар ўт ўчирувчилар формасини кийиб олишган. Бошларида каска... Хонага бензин сепилди...Аслида бу ўринда компьютер графикасидан ҳам фойдалансак бўларди. Мен бундай ишларни ҳам кўрганман. Компьютерда чизилган олов билан ҳақиқий ёнаётган оловнинг фарқи катта бўлади.  
   Ёнғин ичида операторларим ишлаяпти. Агар вақтида қочиб чиқишмаса, устига том босиб қолиши мумкин. Жуда ҳам ҳавфли саҳна. Ташқарида ўт ўчирувчилар, газ таъминоти мутаҳассислари, ФВВ ходимлари туришибди. Ичкарида актёрлар роль ўйнашяпти. Актёрларда ҳимоя йўқ, шу боис уларни ичкарида беш дақиқадан ортиқ ушлаб туролмайман, ҳаво етишмай, бир фалокат бўлиши мумкин. Ҳуллас, бензин сепиб чиқиб, команда берилди. Аммо, афсуски, олов яна яккам-дуккам, у ер-бу ерда ёна бошлади. Унақа гувраган ёнғин йўқ-да. “Бензинни кўпроқ сепиб, қайтадан ёқинглар!”, дедим. Оловни ўчириб, қайтадан ёқдик. Ёқишниям бир сири бор экан-да. Хонадон димланиб қолиши керак эмас экан. Биз бўлсак, эшик-деразаларни ёпиб, керосин билан бензин бироз шимилсин, дебмиз. Ёрдамчим шу ёққан эди, уй ичи гумбурлаб портласа бўладими?! Қулоғим ҳам банғиллаб кетди. Ичкарида актёрлар, операторлар бор. Энди шу кадрдаги актёрлар ижросини кўрсангиз, ўзингиз тан бериб юборасиз. Ана энди бақир-чақирни кўринг. Актёрлар қўрқувни ўзида ҳис қилиб турибди. Ёнғинни ичкаридан ҳам, ташқаридан ҳам олдик. Шу лавҳа съёмкаларидан кейин операторимиз даволанишига тўғри келди. Ичкарида ис газидан заҳарланиб қолди-да. Актёрлар-ку, бир кириб чиқишади. Операторлар кадрни бошидан охиригача, устунларнинг қулаши-ю, қандилнинг шарақлаб узилиб тушишигача суратга олишади-да. Операторимиз Анвархон Қосимовга раҳмат. Ўзи ҳам қизиқувчан, жуда тиришқоқ йигит. Бу ёқда томошабин, ёстиққа ёнбошлаб олиб, “э, ўхшата олмабди!” дейди-ку, лекин сизга кино ишлаш машаққатининг бир учини айтдим, холос. 
   Декабрь ойида “Сариқ тўпнинг саргузаштлари” номли болалар учун фильмни суратга олаётгандик. Тўпнинг кўзи билан сувда оқиб кетаётганини суратга олишимиз керак. Аввал қайиқда оламиз, дедик. Декабрь, кун совуқ. Аммо қайиқда олганимиз ўхшамади-да. 
   Операторга “сувга туш энди, коптокка айлан!” дедим. Яна ўша оператор Анвархон Қосимов қирчиллама совуқда сувга тушиб, сувнинг сатҳидан суратга олди. Камера объективига сув тўлқинлари чўлп-чўлп қилиб уриляпти. У ҳаракатда, у яшаяпти. Менга “ўлик кадр керакмас” дейман. Яхшики, шамоллаб қолмади. Оператор сувдан чиқиши билан иссиқ сувга ювинди, баданига спирт суртиб ташладик. Шу кадр эфирда масалан, бор-йўғи 20 сония кетади. Аммо бунинг учун киноижодкорлар қанча машаққат чекишади. 
   Мен шунақаман, ўзим маза қилмагунимча, шу кадрни қайта-қайта олавераман. Сабабики, ўзимни томошабиннинг ўрнига қўйиб кўраман. Қалбаки саҳналарни, сохтакорликни ёқтирмайман. 
- Дунё бўйича оладиган бўлсак, улар ҳам мураккаб саҳналарни шу тарзда олишадими ёки улар компьютер графикасига ўтиб кетишганми? 
- Россиялик киноижодкорлар урушдаги учувчи қизлар ҳақида фильм ишлашди. Шунда улар бир майдонда учувчилар кабинасини ясашди ва 3Д форматдаги картинада ташқаридаги самолётнинг ёниши, ташқаридан келаётган ҳужумлар лавҳасини кўрсатишган. Актёрлар жанг-жадал, отишмалар ичида қолган учувчи ҳолатини ҳис қилишди ва ижро ҳам шунга яраша табиий чиққан. Яъни, актёрларнинг ҳаммаси ҳам ўша ҳолатни қўрмай, ҳис қилмай туриб, табиий ижро қилиб беролмайди-да.
   Актёрни сценарийда ёзилган шарт-шароитга ташласангиз, истаса-истамаса, ижро табиий чиқади. Шу боис дунё кинематографчилари ҳам сценарийда берилган шароитга яқин қилиб суратга олишади. Графикадан ҳам фойдаланилади. “Пининг ҳаёти” номли ҳинд фильмида Пи исмли бола кема ҳалокати туфайли бенгал йўлбарси билан бир қайиққа тушиб қолади. Масалан, шу лавҳаларда йўлбарс йўқ, у компьютер графикаси ёрдамида чизилган. Барибир, актёрнинг кўзидаги қўрқувга, йўлбарснинг ҳаракатларига аҳамият берсангиз, ишонарли чиқмаган. Балки буни томошабин сезмас, лекин мен мутаҳассис сифатида бу нарсаларни сездим. Иложи борича томошабинга ҳақиқатга яқин саҳналарни кўрсатиш керак. Шунда уларнинг топган даромади ҳам ҳалол бўлади, деб ўйлайман. 
- Эркин ижодкор сифатида қандай фильм яратишни истардингиз?
- Ижодкор сифатида “Суюнчи” ёки “Москва кўз ёшларга ишонмайди” каби мелодрама суратга олишни истардим. Яхшилик, меҳр-оқибат, чин дўстилик ва чин муҳаббат ҳақида. Одамлар фильмимни кўриб, йиғлайдиган жойида юрагини тўкиб йиғлаб олсин, куладиган жойларида мириқиб кулсин, шунақа завқли, томошабинни ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайдиган ва йиллар ўтса-да, эскирмайдиган фильм яратгим келади. Драма ҳам керак эмас, одамларнинг ҳаётидаги драма ўзи етарли. Томошабин фильмимни кўраётган пайтда бир-бир ярим соат яйрасин! Шукронасини айтсин, маза қилсин, дейман!
- Акмалжон, мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Биз кинони суратга олиш жараёнида бўладиган кўп ҳолатларни, хавфли вазиятларни билмас эканмиз. Сизга омад тилаймиз ва сиздан янада ажойиб киноасарлар кутиб қоламиз.

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот