АКМАЛ ИБРОҲИМОВ: “АРЗОННИНГ ШЎРВАСИ ТАТИМАС!”
АКМАЛ ИБРОҲИМОВ: “АРЗОННИНГ ШЎРВАСИ ТАТИМАС!”
Режиссёр Акмалжон Иброҳимов томошабинларга детектив жанри устаси сифатида танилди. Унинг “Тугун”, “Жиноят жазосиз қолмайди”, “Изқувар” номли детектив сериаллари телеэкранлар орқали қайта-қайта намойиш қилинади.
“Қисмат битиги”, “Йиллар армони” каби мелодрама жанрида ишланган сериалларини ҳам томошабинлар яхши кўришади.
Акмалжон Иброҳимов бир фурсат танаффусдан кейин ижодга қайтди. Шу кунларда у киберхавфсизлик ходимлари билан ҳамкорликда “Эҳтиёт бўлинг, фирибгар!” деб номланган детектив сериални суратга оляпти. Бу орада “Ўзбектелефильм”да катта молиявий ўзгаришлар бўлди.
Акмалжон Иброҳимов бу молиявий ислоҳотлар Ўзбекистондаги киносанъати, хусусан, сериал ва теленовеллалардаги ижодий жараёнга қандай таъсир қилиши ҳақида куюниб гапирди.
– Мана бир икки йилча танаффус қилдингиз. Бу орада “Ўзбектелефиьлм”да анчагина ўзгаришлар бўлди, деб эшитдик. Қандай ўзгаришлар бўлди? Бу ўзгаришларнинг яхши-ёмон томонлари ҳақида тўхталиб берсангиз.
“ПУЛНИ ТЕЖАШ БИЛАН ҲЕЧ НАРСАГА ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИ!”
– Тўғри, “Ўзтелефильм”да катта ўзгаришлар бўлди. Балки бугун бозор иқтисодиёти шуни тақозо этаётгандир, яъни, даромадга яраша буромад дейдилар. Лекин мен санъат соҳасига бироз бошқачароқ ёндашиш тарафдориман.
Бизнинг раҳбарият иқтисодий нуқтаи назардан, балки ҳақдир ҳам, лекин мен бу каби ўзгаришлар билан санъатни ривожлантиришга шубҳа билан қарайман. Чунки сериал учун ажратиладиган пул маблағлари анчайин камайтирилди. Бир ярим йилдан бери раҳбариятга “бу йўл билан фойдага чиқиб бўлмайди”, деган фикрни уқтираман, лекин тушунтира олмадим.
Аслида киносанъати қиммат, катта маблағ талаб қиладиган санъат турига киради. Пулни тежаш йўли билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Масаланинг энг оғриқли томони, тепадаги мутасадди ходимларнинг санъатга иқтисодий нуқтаи назардан ёндашганлари бўлди.
“Ўзбектелефильм” давлат муассасасига миллий сериаллар ишлаш учун бир йилга 29 миллиард сўм ажратилди. Тўғри, бир қарашда бу катта миқдордаги пулга ўхшайди. Лекин бу пул ўнлаб ижодий гуруҳлар ўртасида тақсимланади.
Янги раҳбарият иқтисодчилар билан маслаҳатлашиб, биз қилаётган иш билан хусусий студиялар, хусусий гуруҳлар қилаётган ишни солиштириб кўрибдилар. Иқтисодчиларнинг айтишича, хусусий секторда ишлаётган киноижодкорлар (умуман, интернет учун киномаҳсулоти тайёрловчилар) сериалнинг бир қисмини суратга олиш учун 15-25 миллион атрофида пул сарфлаётган эканлар. “Бозор иқтисодиёти шуни тақозо этяпти!” деб тушунтирди, бизга иқтисодчилар.
Масалан, бундан бир ярим йил аввал миллий сериалимизнинг битта қисмини суратга олиш учун 150-160 миллион сўм ажратиларди. Бу пул маблағининг асосий қисми техникага сарфланарди. Чунки кино яхши чиқиши учун техник асбобларнинг энг сифатлиларини ишлатиш жуда муҳим. Шу билан бирга иш сафаридаги харажатлар ҳам шу суммадан тўланар эди. Яна Ўзбекистон халқ артистларини, номдор, истеъдодли актёрларни ролларга таклиф қилиш имконига эга бўлардик. Ижодий гуруҳ, техник ходимлар, монтажчилар, либос усталаридан тортиб, актёрларнинг гонорарлари, бирон жойга съёмкага борсак, шу ерга тўланадиган пул, реквизитлар, съёмка бўладиган бинолар ижара пули ҳам шу пулдан тўланар эди. Шу билан бирга детектив жанрида мураккаб саҳналар кўп бўлади. Машина ёқишга, уйга ўт қўйишга тўғри келиши мумкин. Ана шу ёниши керак бўлган машиналар, ўт кетиши керак бўлган уйлар учун ҳам тўлов қилинади. Демак, бу пул юзга яқин кишиларнинг меҳнат ҳақи ҳисобланади.
Лекин бизга бериладиган пул бошқа давлатларда сериалларга бериладиган пулнинг ўндан бирини ҳам ташкил этмайди. Дунёда сериалнинг ҳар бир қисмига айтайлик йигирма-йигирма беш минг доллар ажратилади.
Ҳозир эса янги раҳбарият бу суммани яна беш бараварга қисқартирди. Сабабки, бозор иқтисодиёти, давлат медиа ва кино маҳсулотлари рейтингини белгиловчи “Камтар медиа” номли гуруҳ эфирда кўрилган киномаҳсулоти соатларини ўрганиб, тегишли хулосани берган.
Биз ижодкорлар, режиссёрлар бунга жуда қаттиқ қаршилик қилдик, лекин бизни ҳеч ким эшитмади. Сабаби, ҳозирги кунда кино санъати соҳасида кўндаланг бўладиган кўп масалалар иқтисодиётга бориб тақаляпти. Санъатга ҳам саноат нуқтаи назаридан қараляпти.
Бугун сериалнинг бир қисми учун 25-35 миллион сўм атрофида пул ажратилди. Смета шу суммадан ошмасин, деган буйруқ берилди. Яъни, 150-160 миллион ўрнига 35 миллион пул ажратилди. Фарқни кўряпсизми?
Энди шу соҳада ишлаб келаётган режиссёр сифатида бунинг оқибати нима бўлишига тўхталмоқчиман. Телеканаллар учун тайёрланадиган теленовеллалар бўладими, сериал бўладими, ҳамма сифат ўрнига соннинг кетидан қувишни бошлайди. Киномаҳсулоти сифати даражаси бешинчи ўринга тушиб қолади.
Масаланинг дардли томони ҳам шунда. Энди чет эл тажрибасини ҳам муҳокама қилиб кўрайлик. Мен Туркия, Кореянинг сериал ишлаш тажрибалари билан танишдим. Энг кўпмиллионли аудитория йиққан сериалларга сарфланган пул ва улар олган даромадни ўргандим. Айтмоқчиманки, бизнинг хатолигимиз шунда бўляптики, раҳбарият сериалларга ажратилган пул миқдорини камайтириш ҳисобига фойдага кирмоқчи. Бу тўғри эмас. Аксинча, сериалларимизнинг сифат даражасини ошириб, чет давлатларга сотиш, Ютуб каналларига, Интернет платформаларига қўйиш керак.
Афсуски, “Ўзбектелефильм”да ишланаётган ҳамма сериалларга бир хил нарх белгиланди. Ваҳоланки, детектив жанри энг кўп маблағ талаб қиладиган жанр. Бу Санъатни саноат даражасига тушириш эмасми?! Менинг оғриқли нуқтам шу. Шунга менинг ичим ачияпти!
Биз янги график бўйича 14-16 соатлаб ишлаяпмиз. Илгариги нормативимиз бўйича сериалнинг бир қисмини 4 кунда оладиган бўлсак, ҳозир 2 кунда битта қисмни суратга оляпмиз.
“БИЗ РЕЖИССЁР ЭМАС, ИҚТИСОДЧИ БЎЛИБ ҚОЛДИК!”
– Илгариги пайтларда актрисалар “давлат сериалларида ҳақиқий ижод бор” деб севинар эдилар...
– Ҳозир бу жараён умуман издан чиқиб кетди. Мана бир ҳафтадан бери съёмкадамиз. Ижодкор сифатида мен нимани яхши кўраман? Суратга олинаётган лавҳа менга ёқиши керак! Ижодкорнинг қилаётган ишидан кўнгли тўлса, маза қилса, одам чарчамайди. Лекин шу кунларда чарчаяпман. Қилаётган ишимдан кўнглим тўлмаяпти. Мен “шуниси ҳам бўлаверади” деганни ёмон кўраман. Иш шунга бориб тақалдими, бу санъатнинг ўлгани ҳисобланади!
Актёрлар менга “Не верю”, “Станиславский” деб лақаб қўйиб олишган. Бекорга эмас. Мен лавҳа ишонарли чиқмагунича “Не верю” (ишонмайман) дейман ва қайта-қайта дубль оламан.
Раҳбариятга ҳам шуни тушунтиришга ҳаракат қилдим. “Аксинча, сериалларимизга кўпроқ пул ажратиб, сифатини оширайлик ва чет давлатларга сотайлик!” деган таклиф билан чиқдим. “Интернет платформаларига қўяйлик, шу йўл билан сарфланган пул маблағларимизни ўрнига қўяйлик!” дедим. Аслида дунё бўйича, сериаллар энг катта даромад келтирадиган соҳа.
Кореяга малака ошириш учун борганимизда бизга дарс ўтган домла доскага қуйидаги катта суммани ёзди: 127 млрд 382 млн доллар! Бир сериалдан тушган соф даромад шу суммани ташкил қилар экан. Албатта, кўпчилик бунга ишонмади. Мен домлага “Кечирасизу, Ҳолливуд ҳам бир йилда бунча даромад ололмайди!” десам, домла дарс мобайнида шу даромаднинг ҳар битта долларини исботлаб кўрсатиб берди. Бу сериалга кетган маблағ эмас, қолган соф даромад. Аслида сериаллар жуда катта даромад манбаи ҳисобланади. Мен раҳбариятга шуларнинг ҳаммасини айтиб тушунтирдим. Чет элда ўрганиб келган тажрибаларимни айтдим. Пулни аяш керакмас, “арзоннинг шўрваси татимас”дедим. Энди бизга бугун ажратилган 35 миллион пулнинг 25 фоизи ижтимоий солиққа кетади. Яна бундан 12 фоиз даромад солиғи олинади. Бундан яна техникадан фойдаланганимиз учун ўн фоиз пул тўлайдиган жойимиз бор. Бу солиқларнинг ўзига кетаётган маблағ! Очиғи, биз ҳозир режиссёр эмас, иқтисодчи бўлиб қолдик! Шу қолган суммадан актёрларга гонорар берамиз. Хонадонларда съёмка қилсак, хонадон ижараси учун пул тўлаймиз. Яъни, ижодкорларга тўланадиган пул 20 миллиондан ҳам кам қоляпти.
“БУ ВИДЕОДА СЕНМАСМИ?”
– Шу кунларда янги сериал суратга олишни бошладингиз. Бу мавзу нимаси билан сизни жалб этди?
– Сериалимиз кибержиноятлар ҳақида бўлиб, “Эҳтиёт бўлинг, фирибгарлар!” деб номланади. Сериални Киберхавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Кибержиноятнинг қарийб, 87 хил тури бўлиб, биз бу ҳолатларнинг аксариятини қамраб олишга ҳаракат қиляпмиз.
Сценарийнинг дастлабки беш қисмини Назар Эшонқул бошчилигидаги ижодий гуруҳ ёзган. Кейинчалик курсдошим Моҳигул Ҳамроева сценарий муаллифлари гуруҳини тузди. Ҳозир сценарийнинг 15 қисми тайёр, қолган 15 қисми ёзиляпти.
Киберхавфсизлик - бугунги кундаги энг долзарб муаммо. Бугун Ўзбекистонда юз бераётган жиноятларнинг 60-70 фоизини кибержиноятлар ташкил қилади. Ўзбекистонда бўлаётган кибержиноят турлари ҳақида бир соатдан ортиқ гапиришим мумкин. Улар орасида энг оддийси картадан пул ечиш ҳисобланади.
Тошкентнинг ўзида 17 кишидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинган. Улар “Бу видеода сенмасми?” деган хакерлик дастурини тузишган. Телефонингизга “Бу видеода сенмасми?” деган СМС хабар келади. Сиз уни очасиз, шу заҳоти улар Телеграмингизга киришади ва банк карталарингиздаги, ҳисобингизда қанча пул бўлса, ҳаммасини ечиб олишади. Сиз билан боғлиқ маълумотларнинг ҳаммасини ўзлаштириб олишади. Кибержиноятнинг жуда бир оғир тури бор. Қизларимиз жуда ишонувчан, бунинг устига ҳиссиётларга берилишади ва баъзан ўйламай иш қилишади. Йигит севган қизига “илтимос ҳижобингни еч, сени кийимсиз кўрмоқчиман!” дейди. Қизнинг ножоиз суратини олгандан кейин йигит уни шантаж қилишга ўтади. “Агар фалон миқдорда пул олиб келмасанг, яланғоч суратингни интернетга чиқариб юбораман!” деб қўрқитади.
Яқинда Хоразмда бир опа-сингиллар ўзини юқори қават томидан ташлаб, нобуд бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Уларнинг ўлимига ҳам шу каби жиноят сабаб бўлган. Уларга “севги” изҳор қилган йигитлар аслида жиноятчи бўлган. Қизлар билан танишишдан мақсад, уларни ножоиз ҳолатда суратга олиб, шантаж қилиш бўлган. Энди, тўғри, қизларни ҳам оқламоқчи эмасман. Бу ёшлар ўртасида бўлаётган ахлоқсизлик, аҳмоқлик, деб ўйлайман.
Ҳозир суратга олаётган сериалимиздан олий мақсадимиз томошабинни огоҳликка чақириш! Киберхавфсизлик борасида қанчалик кўп маълумот берсак, шунчалик яхши. Одамлар бу каби жиноят турларини билишлари ва ўзларини ҳимоя қилишлари керак. Бизнинг қаҳрамонларимизга ўхшаб алданиб қолишмасин, соддалик қилишмасин!
“ЕМАГАН СОМСАСИГА ПУЛ ТЎЛАДИ!”
– Кибержиноятчиликнинг энг ёмон томони нимада?
– Бундай жиноятлар одамлар ўртасидаги меҳр-оқибатга, ишончга рахна соляпти. Масалан, қишлоқдан Тошкентга келган бир отахон бекатда турибди, дейлик. Унинг олдига бир ёш йигит келади-да, “Отахон узр, ёнингизда пластик картангиз борми?” деб сўрайди. Ҳеч нимадан бехабар отахон йигитга ишониб пластик картасини беради. “Дадам, ўқишимга шартнома пулини тўлаш учун менга пул юборишлари керак эди. Аксига олиб картамни уйда қолдирибман. Сиздан битта илтимос, карта рақамингизни берсангиз, отам пул юборадилар. Картангиздан ўша пулни ечиб олиб, қайтариб бераман” дейди. Бундай олиб қаралганда бунинг ҳеч қандай хавфли жойи йўқ. Оддий ҳолат. Отанинг ҳам талаба йигитга яхшилик қилгиси келиб, картасини беради. Фирибгар эса кимлардандир товламачилик йўли билан олган ҳамма пулларини яхши одамнинг картасига ўтказиб, нақд пул қилиб ечиб олади. Аммо карта тарихи текширилганида товламачилик йўли билан ундирилган пулларнинг ҳаммаси отахоннинг картаси орқали ечилгани аниқланяпти. Аслида чолнинг бу фирибгарликка умуман алоқаси йўқ. Бу ўринда отахон емаган сомсасига пул тўлаяпти. Бу каби жиноятларнинг энг ёмон томони нимада, биласизми? Бегуноҳ одамнинг жабр чекишидан ҳам даҳшатлироқ ҳолат – одамлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишида! Кибержиноятлар туфайли одамлар бир-бирига ишонмай қўйяпти. Аслида Осиё халқларида Қозоғистон, Қирғизистон, атрофимиздаги қўшни давлатларга нисбатан ҳам халқимиз жуда ишонувчан, бағри кенг. Бизда оқибат бошқа давлатлар ва халқларга нисбатан кучли. Юқоридаги каби жиноятлар ана шу оқибатнинг йўқолишига олиб келяпти. Қарангки, отахонни киберхавфсизлик хизмати ходимлари қўлга оляпти. Тергов жараёнида у истаса-истамаса, жиноятга шерик бўлиб чиқяпти. Ваҳоланки, у одамгарчилик юзасидан бир талабага ёрдам бермоқчи эди! Бу мавзуни чуқур ўрганадиган бўлсак, гап йўқотилган пулдан ҳам оғири - ишончнинг йўқолишига бориб тақаляпти. Сериални ишлашдан олий мақсадимиз, ана шу ишончни сақлаб қолишга қаратилади. Эй, инсон огоҳ бўл! Майли, ишонинг, бир-бирингизга ёрдам беринг, лекин пул ўтказмаларини банк орқали бажариш, телефон қилиб суриштириш керак.
“УЛАР БАРИБИР ПУЛИМНИ ТОПИБ БЕРОЛМАЙДИ...”
Масаланинг яна бир томони - кўпчилик киберхавфсизлик хизмати ходимларига ишонмайди. Улар ишламайди, барибир тополмайди, фойдаси йўқ, деб ўйлашади. Биз шу сериалимизда тезкор тасвирлар орқали уларнинг қилган ишларини бериб борамиз. Киберхавфсизлик хизмати ходимлари кейинги йилларда 20-30дан ортиқ юқоридаги каби кибержиноятчиларнинг катта гуруҳларини қўлга олган.
Сериал охирида ҳужжатли кадрлардан фойдаланамиз. Уларнинг қилган ишларини кўрсатиб туриб, кадр ортидан Чилонзор районида бундай бўлди ёки Сурхондарёнинг Узун туманида юз берган кибержиноятчилик қуйидагича фош этилди, деб киберхавфсизлик хизмати қилаётган ишларни кўрсатамиз. Изқуварларни исмма-исм берамиз.
“САНЪАТ ФИДОИЙЛАР ЕЛКАСИДА ТУРИБДИ!”
– Асосий ролларни қайси актёрлар ижро этишяпти? Пул масаласида муаммо бўлмадими?
– Мени режиссёр сифатида ҳурмат қилган актёрлар ансамбли асосий ролларни ижро этишяпти. Учқун Тиллаев, Шоҳруз Исмоилов, Малика Раҳимова (Авазова) каби актёрларни изқуварлар ролида кўрасиз. Бундан ташқари Асадилло Набиев, Акмал Мирзо, хуллас, асосан Миллий Академик драма театрида ҳизмат қилиб келаётган ва мени ҳурмат қиладиган актёрлар қатнашадилар. Агар уларни шу миқдордаги пулга хусусий сериалга таклиф қилишганида, балки бормас ҳам эдилар. Ҳозир бизни санъатга бўлган фидоийлигимиз ушлаб турибди. Улар ҳам санъат фидойиси бўлганлари учун бу сериалда роль ўйнашга рози бўлишяпти. Мени шахсим учун эмас, санъатга фидоийлик бизни бирлаштиряпти. Бу ерда нафақат актёрлар гуруҳи, балки монтажчилар, операторлар ҳам санъат шайдоси. Уларнинг ҳам хизмат ҳақи анча камайтирилган. Бахтиёр Шаметов – монтаж режиссёри. Жамшид Изомов – композитор, у Хайри Изомовнинг невараси, дубляж устаси Мукамбар Раҳимованинг фарзанди. У Жаҳонгир Қосимов, Зулфиқор Мусоқов каби машҳур режиссёрлар билан бирга ишлаган. Фахриддин Шамсиматов – яна бир санъат фидоийси. У ҳам овозлаштириш режиссёри. Санъат аслида юқоридаги каби фидойиларнинг елкасида турибди!
Операторимиз Анвархон Қосимов – ойига ўн миллиондан кўп пул топади. Мен билан ишласа, ойига бор-йўғи беш миллион олиши мумкин. Аммо у ҳам санъат шайдоси бўлгани учун бугун менинг ёнимда.
“ИККИ ХИЛ ОТА, ИККИ ХИЛ ИЖРО!”
– Лекин мен бир нарсага эътибор қилдим. Театр актёрлари ролни саҳна ижросига мослаб, ортиқча ҳис-ҳаяжон билан ўйнаяптилар. Бу эса сериалларга ёпишмай қоляпти. Сиз ҳам шу каби муаммога дуч келяпсизми?
– Бир нарсага қатъий амал қиламан: Ёмон актёр йўқ, ёмон оператор йўқ, ёмон режиссёр бор! Ҳар бир актёр мен учун пластилин. Мен улардан нимадир ясайман. Съёмкадан олдин мен уларга “сиз ҳозир саҳнада роль ўйнамаяпсиз. Кино билан саҳнанинг фарқи бор”. Театрда ролингизни саҳндан 50-60 метр узоқда ўтирган томошабин учун ҳам ижро қиласиз. Ҳолатингиз, сўзларингиз уларгача етиб бориши керак. Шунинг учун улар ижрода ҳис-ҳаяжонни, овозни кучайтириб беришади. Кинода эса бунга ҳожат йўқ. Актёрларга “сизларда ҳам саҳна ижросини “ўчириб қўйиб”, кино ижросига ўтадиган “пульт”ингиз бўлиши керак, дейман. Худди шундай “пульти” бўлган актёрни профессионал актёр деб биламан.
Кеча бир блогер бизда ишланган теленовелла билан Ҳолливуд маҳсулоти “Чўқинтирган ота” фильмидаги бир лавҳани солиштирибди. Режиссёр Скорсези, бош ролда Ал Пачино. Отасининг гуноҳи учун унинг қизини отиб кетишади. Қиз ўлади. Шунда Ал Пачино ҳозиргина фарзандидан жудо бўлган отанинг ҳолатини беряпти. “У зинада бир дақиқа оғзи очилган ҳолатда туриб қолади. У алам, дарднинг кучлилигини кўзлари орқали ижро қилиб беряпти. Мусибати шу қадар оғирки, ҳатто бақираман деса, овози чиқмаяпти. Орадан бир дақиқа ўтиб, “ааа” деб бақиради. Овоз қўшилади.
Блогер ўзбек теленовелласидаги худди шунга ўхшаш лавҳани солиштиряпти. Теленовеллада ота бўлмишга касалхонанинг Жонлантириш бўлимидан телефон қилишяпти. Шифокор “фарзандингиз оғир автоҳалокатга учраб, нобуд бўлди” деяпти. Икки киномаҳсулотида ҳам фарзандидан айрилган оталар ҳолати бериляпти. Теленовелладаги ота “Вой, болам, вой болам, вой болам...” деяпти, бўлди! Кўз ўлик, руҳият, ҳолат нолга тенг! Мана сизга фарқ.
“ҚЎЛ УЧИДА ИШ ҚИЛИШГА ЎРГАНМАГАНМАН!”
– Келгуси режалар қандай? Киберхавфсизлик ҳақидаги сериалнинг суратга олиш ишлари қачон тугайди?
– Мен қўл учида иш қилишга ўрганмаганман. Титрда саҳналаштирувчи режиссёр деган жойида Акмалжон Иброҳимов деган ёзув туради. Шуни оқлашга уриняпман. Мухлислар биздаги катта ўзгаришлардан бехабар, уларнинг бунда айби йўқ. Нима бўлган тақдирда ҳам биз томошабин ихлосини қайтармаслигимиз керак.
Биз ҳам жаҳон бозорига қачондир бўлса ҳам чиқишимиз керак. Аммо бунинг учун аввало жўнликдан, дидактикадан қочишимиз зарур. Бизнинг вазифамиз экрандаги воқеалар орқали томошабинни ўйлашга мажбур қилиш. Тарбияни болаларнинг ота-оналарига, ўқитувчиларга қўйиб берайлик. Киномаҳсулоти панд-насиҳатга ўхшаб қолмаслиги керак. Ҳозир бизнинг телемаҳсулотларимизда дидактика жуда кучайтириб юбориляпти.
Киноижодкорларнинг олий мақсади кинони кўрган томошабин ўз-ўзига баҳо берсин, керак бўлса ўзини ўзгартирсин! Бизнинг маҳсулотимиз одамнинг шахс сифатида шаклланишига ёрдам бериши, фикр-мулоҳазасини бойитиши керак!
Яна бир қизиқарли янгилик. Ўзбекистон Шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоровнинг “Кечиккан қасос” номли сценарийси асосида Ўзбеккино ҳамда “Ўзтелефильм” ҳамкорликда янги фильм ишланиши кутиляпти.
Синдоровлар оиласини юртдошларимиз яхши танийди. Комил Синдоров шахмат бўйича чемпионликни қўлга киритган болаларнинг бобоси.
УЛОҚ - “ЖИННИЛИК ҚИЛГАНЛАР” ҚЎЛИДА КЕТДИ!
– Ўрни келганда шуни ҳам гапириб ўтишим керак, афсуски, бугун замон масхарабозларники бўлиб қолди. Маза-бемаза, “жиннилик қилиб” вайн олаётганлар, белдан пастига урғу берадиган ҳажвий гуруҳлар бизга нисбатан минг марта кўп томошабин йиғяпти. Демак, биз ёшлар тарбиясида янглишганмиз. Уларнинг фикрлаш доираси шу қадар тор! Айрим ҳажвчи гуруҳларимиз вилоятларга бориб, концерт беришяпти. Афсуски, улар ижтимоий муаммоларни олиб чиқишмаяпти. Белдан пастига урғу бериб, одамларни кулдиришяпти. Бу томошабинни, халқни ботқоққа ботириш билан баробар, деб ўйлайман. Улар томошабин онгини юксалтиришни эмас, чўнтагини ўйлаяпти.
Масалан, немис тили грамматикаси бўйича ўтказилган Халқаро олимпиадада биринчи ўринни ўзбек фарзанди олди! Лекин буни ҳеч ким билмайди. Чунки у бақириб-чақирмади, бемаъни қилиқлар қилмади. Шунинг учун уни ҳеч ким танимайди. Кимлардир копток тепгани учун уй-машина каби совғаларни оляпти. Қайси бир шифокор кимнингдир ҳаётини асраб қоляпти-ю, аммо унга беморнинг яқинларидан бошқа ҳеч ким миннатдорчилик билдирмаяпти. Ўша шифокор маошга кун кўради. Маоши, боринг ана кўпи билан ўн миллиондир? Агар ўн миллион бўлса...
Майли, спортчи коптокини тепсин, яллачи ялласини айтсин, лекин нега дунёни елкасида тутиб турган инсонлар ҳаёти яллачиларникидан кўра паст даражада бўлиши керак. Қаёқдаги яллачилар дунёга устун бўляпти. Бу ҳали ҳолваси – эртага нима бўлади, деган савол қийнайди мени...
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси. 





