Актриса ташвишлардан холи бўлса


Нодира МАҲМУДОВА:  “АКТЁР МОДДИЯТ ТАШВИШИДАН ХОЛИ БЎЛИШИ КЕРАК”


  Кўпчилик телетомошабинларнинг севимли сериалига айланган, ўзбекона характерларни моҳирлик билан очиб бера олган “Меҳмонжонлардан айланай” телесериалининг суратга олинганига бир неча йил бўлган бўлсада, у ҳамон телеэкранлардан тушмай келяпти. Унда роль ижро этган актёрлар эса аллақачон томошабинларнинг қалбидан жой олиб улгурган. Бугун ушбу сериалда меҳрибон ва сабрли бека ролини ижро этган актириса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Нодира МАҲМУДОВА билан бўлган суҳбатимиз ижод, ҳаёт, театр ва кино хусусида бўлди 

- Нодира опа, ижодингизда қандай янгиликлар бор? Айни пайтда нималар билан бандсиз?
- Айни пайтда меҳнат таътилидаман. Ижодимда жимжитлик. Бу худди кучли бўрон олдидаги сокинликка ўхшайди. Бундай жимжитликдан кейин ижодимда улкан бир портлаш бўлса ажаб эмас. Охирги ишим “Ўгай она” телесериали бўлди. Ҳозир овозлаштириш жараёнларини ҳам охирига етказдик. Театрда эса кейинги 3-4 йил ичида бир нечта мумтоз асарлар саҳналаштирилди. “Тартюф”, “Ревизор”, “Оқ кема” шулар жумласидандир. Менга ушбу спектаклларда роль ўйнаш насиб этди.
- “Ревизор” спектаклини саҳналаштириш жараёни қандай кечди? 
- Спектаклни саҳналаштиришда ўз ишининг устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сергей Каприелов билан ҳамкорликда ишладик. У киши билан мен бундан олдин ҳам бир нечта спектаклларни саҳналаштиришда бирга ишлаганман.  “Қирол Лир” спектаклида  Сергей Каприелов саҳналаштирувчи режиссёр, мен эса иккинчи режиссёр  бўлганман. У киши  устозларимдан бири. Олий режиссёрлик курсини  битираётганимда ҳам диплом ишимга раҳбарлик қилган. Актириса сифатида ҳам Сергей Каприелов  саҳналаштирган спектаклларда роль ўйнаганман.  Шунинг учун “Ревизор” спектаклига иккинчи режиссёрликка  таклиф қилганда жон деб рози бўлдим. Шундай қилиб, “Ревизор”да  ҳам актириса, ҳам иккинчи режиссёр бўлиб иштирок этдим.
- Классик асарларни саҳналаштираётганда ҳар бир режиссёр унга янгича талқин олиб киришга ҳаракат қилади. Шу ўринда “Ревизор” нинг ўзгача талқини қандай бўлди?
- Спектакль гротеск жанрида талқин этилди.  Мен шаҳар ҳокимининг хотини Анна Андреевна  ролини ижро этдим. Анна  Андреевна спектаклда ўз қизига рақиба сифатида гавдалантирилди. Яъни дабдабага ўч бу аёлнинг худбинона характери бадиий бўёқларда янада бўрттириб кўрсатилди. Мен Анна Андреевнанинг характерини янада очадиган қўшимча жиҳатларни  топишга ҳаракат қилдим ва янгича талқиндаги ушбу ролимдан кўнглим тўлди.
- Ўзингизни режиссёрликда эркин ҳис этасизми ёки актёрликда? Сизга қайси бири кўпроқ ёқади?
- Албатта, актёр билан режиссёрнинг саҳнада тутган ўрни ҳар хил. Режиссёр ўз фаолияти давомида эркинроқ ишласа, актёр унинг талабидан келиб чиққан ҳолда хатти-ҳаракат қилади. Актёрни доим кимдир четдан кузатиб туриши ва у режиссёрнинг талабини ич-ичидан ҳис қилиши керак. Режиссёрнинг нима дейиши, нима қилиши актёрга мавҳум, аммо режиссёрга маълум. Бу жиҳатдан режиссёрлар анча эркин, дейиш мумкин. Режиссёрда педагоглик хусусияти кучли бўлади, яъни у актёрга ўргатади, бирга олиб юради, тушунтиради. Шу жиҳатдан олиб қараганда режиссёрликда эркин фаолият юритиш устунроқ.
- Режиссурада фаолият бошлашингиз қандай кечган?
- Олий режиссёрлик курсида таҳсил олганимдан сўнг бир нечта спектакллар саҳналаштирдим. Бу борада устозларим Турғун АЗИЗОВ, Мунаввара Абдуллаевалардан кўп нарсалар ўргандим. Иш жараёнида шунга амин бўлдимки, инсон бир дақиқа бўлсин изланишдан, ўқиб-ўрганишдан чарчамаслиги керак экан. Шундагина у танлаган касбида камол топиши, обрў-эътибор қозониши мумкин.
- Инсоннинг келажакда қайси касб эгаси  бўлиши оиладаги муҳитга боғлиқ, дейишади...
- Болалигимнинг қувноқ дамлари Қўқон шаҳрида ўтган. Оиламиздагиларнинг   санъатга бўлган қизиқиши баланд эди. Чунки опоқдадам - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Набижон Ғафуров Қўқон театрининг етакчи актиёрларидан бўлганлар. Санъат, адабиёт ва мусиқага бўлган қизиқиш бизга опоқдадамдан ўтган, десам адашмаган бўламан. У киши биз невараларига ҳар хил эртак ва достонларни қизиқарли тарзда ўқиб беришни яхши кўрар, уйда тез-тез оилавий концертлар уюштириб турардик. Опоқдадам бундай кезларда дутор чалиб қўшиқ айтар, ўғил-қизлари ҳам ҳар хил мусиқа асбоблари чалишни билишарди. Аямнинг ҳам яхшигина овозлари бор.  Бундан ташқари оиламизда  китобхонлик одатий ҳол эди. Санъат ва ижодга бўлган қизиқишимга эҳтимол шу жиҳат туртки бўлгандир. Биз оилада олтита фарзанд бўлсакда сира ур-тўполон ўйинлар ўйнамасдик. Бунинг ўрнига расм чизардик, бўярдик ва ижод намуналаримизни қоғоздан рамкалар ясаб, деворга осиб қўярдик. Мактабдаги деворий газеталарни чиқаришда ҳам опаларим, акам ва мен фаол эдик. Аям бизни ҳеч қачон уришиб, уриб ёки қарғаб катта қилмаганлар. Бирор хато иш қилиб қўйсак юмшоқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилардилар, бизни ҳар доим сизлаб гапирардилар. Мактабда ҳамма фандан аъло баҳоларга ўқиганим учун бўлса керак ота-онам, ўқитувчиларим ва синфдошларим мени жиддий соҳани танлайди, деб ўйлашган. Ўнинчи синфда ўқиётганимизда “Ким бўлсам экан?” мавзусида иншо ёзганмиз. Шунда синфдошларимнинг ярми ўқитувчи, ярми врач бўламан, деб ёзишди. Мен санъаткор бўламан, дедим. Ҳамма ҳайратда қолди. Синфдошларим буни жиддий қабул қилишган эканми, мактабни тугатаётган пайтимиз газетада чиққан бир эълонни олиб келиб, “Сен кирадиган институтга ҳужжатлар қабул қиланётган экан”, дейишди. Шунда ичимда “Санъаткор бўламан” деган ниятим янада қатийлашди. Бу ниятимни айтганимда аям мени қўллаб-қувватлайдилар, деб ўйлагандим. Аммо акси бўлди.  Шунда дадам “Қўяверинг, онаси. Шу соҳага қизиққан экан қаршилик қилмайлик, дедилар.  Хуллас, институтга ҳужжат топширдим. Бу ердаги муҳит менга жуда ёқди. Қандайдир кўтаринкилик, завқ-шавқ бордек эди бу институтда. Ҳаял ўтмай дўст-дугоналар орттирдим ва шу институтда ўқишни астойдил истай бошладим. Сўнг имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафига кирдим. Дастлабки ойларда бу ерда ўқиш менга жуда жўн туюла бошлади. Ҳатто бошқа институтга ўтиб кетаман, деган фикр ҳам пайдо бўлди.  Аммо мени бу даргоҳда қатъий ушлаб қолган нарса ҳафтада икки марта бўладиган рақс дарси эди. Сабаби болалигимдан рақсга жуда қизиқардим. Институтдаги дарсда жаҳон рақслари ўргатиларди. Рақсга шунчаки тушмасдим, учиб юрардим гўё. Иван Матвеевич  деган устозимиз рақсни бизга жон-дили билан ўргатарди. Шукрки, мен мактабда, институтда ва театрда ҳам яхши устозлар қўлидан сабоқ олдим ва шундан билдимки, санъат соҳасида кўп нарса устозларга боғлиқ экан. Чунки устоз шогирдини қизиқтира олса, ёниб турган ёшларнинг юрагидаги оловни ўчириб қўймасдан, пуфлаб театргача олиб келса бу катта саҳналарда алангага айланади.
- Қандай қилиб Ўзбек миллий академик драма театрига келиб қолгансиз?
- Институтда ўқиб юрганимда Турғун Азизов ва Мунаввара Абдуллаеваларга шогирд бўлиш бахти насиб этди. Ўқишни тугатган йилим Турғун ака мени иқтидорли шогирд сифатида миллий театрга тавсия этдилар. Институтда ўқиб юрганимизда театр ҳақида ҳар хил гаплар эшитардик. Гўёки катта ёшли актёрлар ёшларга  кун бермас экан. Аммо буларнинг бари ёлғон бўлиб чиқди. Театрдагилар мени жуда яхши  кутиб олишди. Биринчи куни актириса Муқаддас Холиқова қўлимдан етаклаб, “бу гримхона, бу кадрлар бўлими,  бу ҳисобхона” дея мени театр билан бирма-бир таништириб чиққан. Катта актёрлар менга ҳар томонлама йўл-йўриқ кўрсатишди, маслаҳатлар беришди. Теартда энг ёши ўзим эдим. Таниқли актёрлар билан битта саҳнада роль ижро этганимда қаттиқ ҳаяжонланардим. Чунки улар мен учун жуда улуғ инсонлар эди.  Ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва меҳр-оқибат бор ҳамкасблар орасида. Биз ҳамкасблар бир-биримизга ипсиз боғланганмиз, десам хато бўлмайди. Агар ҳамкасбларимиздан бирининг кайфияти ёмон бўлса, қандайдир ташвиш уни эзиб турган бўлса ёки саҳнада ҳар доимгидан сустроқ роль бажарса бу бошқа актёрларнинг ҳам кайфиятига ёмон таъсир этади. Шу боис биз ролимизни қойилмақом, юракдан ижро этишимиз учун ҳамкасбларимиз ҳам шундай кайфиятда бўлиши керак. Бировнинг ташвишидан қайғурмайдиган актёрни саҳна қабул қилолмайди. Агар актёрнинг кўнгли очиқ бўлмаса у қандай қилиб бировнинг дардини саҳнада талқин эта олади. Кўнгил очилмаса томошабиннинг кўнглига ҳам йўл топиб бўлмайди.  
- Ҳозир театр яна томошабинлар билан тўлди. Ваҳоланки, театрга жуда кам одам тушган пайтлар ҳам бўлган...
- Тўғри, ўтиш даврида яъни 90-йилларда театрга томошабинлар тушмай қўйди. Баъзан спектаклда иштирок этаётган актёрлар сони томошабинлардан кўп бўларди. Ҳамма пул топиш, мўмай даромад ортидан қувиш пайига тушиб қолганди. Зиёли ва олий маълумотли инсонларга нисбатан беписанд муолада бўлишлар ҳам учраб турарди. Баъзилар ўйладики, энди бундан кейин фақат пули борларнинг обрўси, мартабаси баланд бўлади деб. Худога шукрки, илдизларимиз, маънавиятимиз бақувват экан бу даврлардан ҳам эсон-омон ўтдик. Ҳозир институтларга бир ўринга 2-3 баравар кўп болалар ҳужжат топширяпти. Одамларимиз яна китобхонликка қайтди. Бу айниқса мени жуда қувонтиради. Чунки ўзим китоб ўқишни яхши кўраман. Китоб бу туби йўқ қудуққа ўхшайди, қанча кўп баҳраманд бўлсанг ҳам тугамайди. Бугун китоб дўконларида  хилма-хил китоблар кўп. Аммо болаларимизга уларни саралаб ўқитишимиз керак. Фақат тижорат учун ёзилган китоблар дўкон пештахталарини тўлдириб юборди. Кинолар ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Айниқса, ур-йиқит, шовқин-суронли чет эл фильмлари болалар руҳиятига салбий таъсир этади. Таомни бир-бирига отаётган ёки жавонларни тепиб чил-чил қиладиган фильмларни кўрганимда жаҳлим чиқади. Ахир бу томошабинга нима беради?! Бизнинг халқимизда увол, деган тушунча бор. Нонни оёқ ости қилиш, таомни, сувни исроф қилиш азал-азалдан гуноҳ саналган. Энг кераксиз буюмни ҳам уриб синдириш яхшилик аломати эмас бизда. Бу бизнинг ота-боболаримизнинг донолиги, ахлоқ-одобидир. Улар бир бурда ноннинг ёки бир қултум сувнинг қадрини яхши билишади. Аммо қийинчилик кўрмай ўсаётган ёшлар буни ҳар доим ҳам англаб етавермайди. Шу боис биз катталар уларга увол-савоб нима эканлигини тушунтириб боришимиз, маънавиятимизга ёт бўлган унсурлардан уларни асрашимиз керак. Шундагина ўзлигимизни, ўзбеклигимизни сақлаб қоламиз.

- Яна ўша  машҳур “Меҳмонжонлар” фильмидаги ролингизга тўхталсак. Шу ролингиз билан машҳур бўламан, деб ҳеч ўйлаганмидингиз?

- Шаддодлигим, чўрткесарлигим туфайли аксарият режиссёрлар мени салбий ролларга таклиф этишарди. Заҳар келин, қаҳри қаттиқ ўгай оналар образида гавдаланаверганим учун кўп томошабинлар мени ҳаётда ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлашар экан. Менга ушбу сериалдаги бағрикенг, оғир-босиқ, сипо ва меҳрибон аёл- Моҳира ролини таклиф этишганда режиссёр Моҳигул Ҳамроевага “Шу ролда мени тасаввур қилоласизми? Томошабин бу ролда мени қабул қилолмайди. ” деганман. У киши “Сизни аслида қандай аёл эканлигингизни яхши биламан”,  деб шу ролни менга ишониб топширди.  Хуллас, телесериалда Моҳира қиёфасини гавдалантирдим ва бу образ халққа манзур бўлди. Ҳатто телесериални кўрган томошабинлар ўз аёлларига Моҳирани мисол қилиб кўрсатадиган бўлишганини  эшитиб, хурсанд бўламан.  Хуллас, “Меҳмонжонлардан айланай” телесериалидаги ролим мени актириса сифатида  қайтадан кашф этди, десам хато бўлмайди..

- Инсон улғайгани сари куч-ғайрати билан бирга қалбидаги шижоати ҳам сўниб боради, дейишади. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?
- Бу айни ҳақиқат. Чунки бу оламда ҳамма нарсанинг аввали ва охири бор. Инсон ҳаёти гўё баланд чўққига ўхшайди. Бу чўққига кимдир 25 ёшида, кимдир 40 ёшида чиқиши ёки кимдир умуман чиқмаслиги ҳам мумкин. Чўққи забт этилгач эса пастга тушиш жараёни бошланади. Актёр  ҳам маълум ёшга етгач унинг ижодида сустлашиш кузатилади. Мен бу нарсага тайёрман. 
- Ўзбек фильмларининг саёзлиги, енгил-елпилиги жуда кўп танқид остига олиняпти. Айниқса, сохталиги ғашни келтиради, десам хато бўлмайди. Масалан, ушбу фильмлардаги уйида бирор юмуш билан шуғулланаётган  ёки касалхонада даволанаётган аёлларнинг бўяниб, сочларини жингалак қилиб ёки киприк улаб олган ҳолатини кўриб кулгинг келади. Ахир бу ёш болага ҳам сезиладиган сохталик эмасми? Наҳотки, режиссёрлар шу жиҳатларга аҳамият қаратмайди?- Тўғри, бадиий ижоднинг биринчи шарти бу ҳаётий ҳақиқатдир. Бу актёрларга институтда ўқиб юрган пайтлариданоқ ўргатилади. Ижоддаги сохталик таназзул демак. Афсуски, кейинги пайтда фильмларимизда ана шундай сохталиклар кўпайиб кетяпти. Бунинг сабаби фақат пул топиш илинжида олинаётган фильмлар пайдо бўлганидадир. Баъзи фильмларда актёрлик кўчасидан ўтмаган одамлар роль ижро этаётганлигини кузатиш мумкин. Чунки у ўша фильмга “ҳомийлик” қилади . Умуман олганда нафақат кинода, балки газета ва бадиий асарларда ҳам бундай сохталикларни кўп кузатиш мумкин.
- Биламизки, сиз касб маҳорати бўйича талабаларга ҳам сабоқ берасиз. Бу йил олий ўқув юртларига талабаларни қабул қилиш жараёни ўзгача...
- Албатта, бу йил санъат йўналишидаги олий ўқув даргоҳларига абитурентларни қабул қилиш жараёни ўзгарди. Бир неча йил олдин тест жараёнига ўтилганида, санъат ва ижодга дахлдор институтларда шу қўлланилмаса яхши эди, деган фикрни айтганмиз. Мана шукрки, бу йил тест синовлари олиб ташланди. Бу жуда қувонарли ҳол. Лекин баъзи бир камчиликлар ҳали ҳам бартараф этилгани йўқ. Илгарилари бизнинг институтда  маҳорат  ўқитувчилари ўзининг талабидан келиб чиққан ҳолда курс қабул қиларди. Аммо кейинги пайтда бу анъана йўқолди. Талабаларни бошқа ўқитувчи қабул қилади, бошқаси эса ўқитади. Бу касб маҳорати ўқтиувчиларини  бироз  мураккаб вазиятга солиб қўйяпти. Баъзан бу соҳага умуман  иқтидори йўқ болалар кириб қолишяпти.Ҳатто талаффузида нуқсони бор талабаларни кўриб, бу ерда  ўқишдан мақсадлари нима экан, дея ўйланиб қоламиз.
- От ўрнини той босар, деганларидек, ўғлингиз ҳам сизнинг соҳангизни танлаганлигидан ва ўтган йили  вилоятлардан бирида диплом иши спектаклини намойиш этганидан хабаримиз бор. Ҳозир у қаерда ишлаяпти ва нималар билан банд?
- Ўғлим Сардор ҳозир шу соҳа бўйича магистратуранинг 2-босқичига ўтди. Институтда Навоий номли давлат степендияси билан ўқиганлиги учун магистратурага имтиёзли равишда бюджет асосида қабул қилинди. Ҳозир у ерда телевидение режиссёрлиги бўйича машҳур режиссёр Жаҳонгир Қосимовдан таҳсил оляпти. Яқинда иқтидорли ёш кинорежиссёримиз Жаҳонгир Аҳмедов билан “Исломхўжа” тарихий фильмида иккинчи режиссёр сифатида бирга ишлади. Илмий иши ҳужжатли фильмлар бўйича. Чунки ўзи шунга қизиқади. Магистратуранинг 2-босқичини чет элда ўқишни ният қилиб турибди. Келажакда кино соҳаси бўйича фаолият юритмоқчи. Мен унинг ишларига аралашмайман, аммо маслаҳатлар бериб тураман. Ўғлим ҳақида четдан фақат яхши гаплар эшитганимдан қувонаман. Дунёқараши кенг, масъулиятли ва ўзининг ишини жуда пухта бажаради.  Шу хислатларини  яхши кўраман.
- Бугун актёрларни қийнаётган муаммолар нималардан иборат, деб ўйлайсиз?- Кўпгина актёрлар тирикчилик ташвишлари билан ўралашиб қолиб,  баъзан ўз устида ишлашга вақт тополмай қоляпти. Театрдан олаётган  маоши  билан оила эҳтиёжларини қондириш қийин. Қўшимча даромад топиш учун  дубляжга югуришга, тўйга чиқишга, реклама ва клипларда  суратга тушишга тўғри келади. Агар инсоннинг топаётган даромади оила боқишга етса у маънавият ҳақида ўйлайди, китоб ўқийди ва театрга боради.  Баъзан актёрнинг  гонарари ўша роль учун олган костюмига ҳам етмайди. Кўпинча бош роль ижрочилари учун амал-тақал қилиб, либос тиктиришади, иккинчи даражали ролларни ўйнайдиган актёрлар эса бу муаммони ўзлари ҳал қилишлари керак. Ақлий меҳнат учун етарли даражада ҳақ тўланмаслиги ачинарли ҳол. Тирикчилик ташвишларидан чарчаган, югур-югурлардан  силласи қуриган инсон ўз касби бўйича қандай излансин?!

     Албатта, кейинги пайтда ҳамма соҳаларда бўлаётган ижобий ўзгаришларни кўриб, жудаям қувоняпмиз. Айниқса, ижод аҳлига катта эътибор қаратилаяпти. Улар учун имтиёзли уйларнинг қурилаётганлиги, ойлик маошларининг қайтадан кўриб чиқилаётганлиги кўпчиликнинг дилидаги гап бўлди. Насиб этса, талантли одамлар қадр топган кунларни кўришимизга оз қолди, деб ўйлайман.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.


Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА.

Манба: "Бекажон" газетаси. 2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот