Нодира Мўминова (1970 - 2022)


     Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Нодира Пардаевна Мўминова - 1970 йилнинг 10 Сентябрь куни Бухоро вилоятининг Когон туманида туғилган.      
   У 1994 йилда М. Уйғур номли Тошкент Давлат Санъат институтининг “Драма ва кино актёри” мутахассислиги бўйича сиртдан ва 2009 йилда Ўзбекистон Давлат Санъат институтининг “драма режиссёрлиги” факультетининг кундузги бўлимида таҳсил олган.    
     2006  йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланган.     
    Нодира Мўминова иш фаолиятини 1989 йилда Бухоро вилояти мусиқали драма  театрида драма артисти сифатида бошлаб, 2009 йилгача шу вазифада ишлаган. 2009 йилдан 2022 йилгача Бухоро вилояти мусиқали драма театрида саҳналаштирувчи режиссёр лавозимида ишлаб келган.    
   Актрисалик фаолияти давомида Ш. Бошбековнинг “Темир хотин” жиддий комедиясида Аломат, Уйғуннинг “Қотил”  драмасида Гулюз, С. Костовнинг “Аёллар подшоҳлиги” комедиясида Райна, С. Сирожиддиновнинг “Соҳибқирон Темур” драмасида Сакинабону, Ў. Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак” комедиясида Мадина, Т. Аҳмаднинг “Фидойилар” драмасида аспирант-тарихчи, С. Ғанининг “Тўй” мусиқали комедиясида Латофат каби салмоқли роллар яратган.   
    Нодира ўтган йиллар давомида қатор спектаклларни саҳналаштирган. Булардан “Ойбек ва Зарифа” мусиқали композицияси, ”Офтоб” фожеий-драмаси, ”Минг бир кеча” мюзикли, А. Сарварованинг ”Хаёл ва ҳақиқат”драмаси, Ў. Ҳошимовнинг “Умид дарахти” руҳий драмаси, Нуруллоҳ Аббосхоннинг “Жайдари келин” мусиқали комедияси, ”Навоийни эслаб” композицияси, ”Аҳмаднинг саргузаштлари” ва бошқа бир қатор болалар спектакллари шулар жумласидандир.
     Нодира Мўминова томонидан “Хотира ва қадрлаш куни” олдидан Бухоро театрида ижод қилган ва вилоятда театр санъати ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган устоз санъаткорлар хотирасига бағишлаб “Хотирдасиз, санъатимиз дарғалари” номли хотира кечаси  саҳналаштирилган.     
    Нодира Мўминова Когон шаҳар кенгаши депутати сифатида кам таъминланган оилаларни таъминотини яхшилаш, коллежни битирган ёшларни ўз соҳасида ишга жойлаштириш бўйича амалий ишлар қилиб келган, Ўзбекистон “Адолат” СДП  томонидан 2018 йилда республика миқёсида ўтказилган “Оқила аёл” кўрик-танловида учинчи ўринни эгаллаган, партиянинг Когон шаҳар кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари сифатида аёллар муаммоларини ечиш бўйича ибратли ишларни амалга оширган.      
   2019 – 2020 йилларда Нодира Мўминова театрда У. Қўчқорнинг “Имом Бухорий” ҳамда Уйғун ва И. Султоннинг “Алишер Навоий”, Ш. Бўтаевнинг “Хотира боғи” каби спектаклларини саҳналаштирган.    
   Ўзининг театрдаги кўп йиллик фаолияти давомида Нодира Мўминова вилоятдаги кўплаб давлат тадбирларида режиссёрлик қилиб, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, кўпгина корхона ва ташкилотларнинг фахрий ёрлиқларига сазовор бўлиб келган.   
    2020 йилда Бухоро вилоят прокуратураси ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги 32- Меҳрибонлик уйи болажонлари билан Бухоро вилоят мусиқали драма театри саҳнасида қўйган спектакли кўпчиликка маъқул келиб, вилоят прокуратурасининг “Мақтов ёрлиғи”ни қўлга киритди. Бундан ташқари, у ўзи яшайдиган Когон туманидаги мактабларда театр санъатини тарғиб қилиш мақсадида тўгараклар ташкил этиб, санъатга қизиқадиган ёшлар билан қизғин ишлар олиб борган.      
    2021 йилда Ўзбекистон Халқ ёзувчиси А. Мухтор таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ”Бўронларда бордек ҳаловат” романи асосидаги драмани саҳналаштирди ва кўпчилик санъат мухлисларининг эътирофларига сазовор бўлган.
     Нодира Мўминова 2022 йил касаллик сабабли вафот этган.   
   Нодира Мўминова – самимий, ўз касбини севадиган, масъулиятли режиссёр эди. Нодира театрни ҳаётининг мазмуни деб билар эди... 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот