БАЪЗИЛАРНИНГ ЮЗИГА ТУТИЛГАН ОЙНА
МИРОЛИМ ҚИЛИЧЕВ: “ФИТНА” СЕРИАЛИ БАЪЗИЛАРНИНГ ЮЗИГА ТУТИЛГАН ОЙНА БЎЛДИ”
Шу кунларда намойиш этилаётган “Фитна” телесериали кўпчилик телетомошабинларнинг нигоҳини телеэкранларга қаратди, десак хато бўлмайди. Сабаби ундаги воқеалар ҳаққоний ва айни кунлардаги муаммоларни ўзида акс эттираяпти. Шу боис бўлса керак, ушбу сериалда рол ижро этган актёр ва актирисалар қисқа фурсатлар ичида мухлислар эътиборини қозонди. Биз “Фитна” сериали ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш учун унда бош роллардан бирини ижро этган истеъдодли актёр Миролим Қиличевни суҳбатга тортдик.
- Айни кунларда телетомошабинлар томонидан севиб томоша қилинаётган “Фитна” сериалида бош роллардан бирини ижро этгансиз. Суҳбатимиз аввалини ушбу сериал ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак...
- Бу ҳақида батафсил тўхталадиган бўлсак режиссёр Дилшод Аҳмедовнинг айтиши бўйича сериал саксон сериядан иборат. Ҳозир биринчи фасли тугади. Чунки ҳали қолган сериаларини суратга олишга улгургани йўқ. Мана шу бир ой ичида қолган серияларини олишга улгурса кейин яна давом этади. Саксон серия бу саксон кун дегани, тахминан яна уч ойча эфирга кетиши мумкин. Сериал ҳақиқатдан ҳам халққа ёқди, одамларнинг юрагига кириб борди. Чунки мавзу халққа яқин ва айнан ҳозирги ҳаётдан олинган.
- Ушбу сериалга сизни ким таклиф этган?
- Мени сериалга режиссёр Дилшод Аҳмедов таклиф қилди. У билан аввалдан яқин дўстмиз ва доим ҳамкорликда ишлаб келамиз. Мен қўлимдан келганча, сериалларда дўстимга ёрдам бериб келаман. Бундан олдин ҳам у режиссёрлик қилган “Виждон азоби” сериалида терговчи ролини ижро этганман. Ушбу сериал ҳам телетомошабинлар томонидан яхши кутиб олинди. “Фитна” да эса Дилшод менга “Ўртоқ, бош қаҳрамонимиз Лоланинг эрини роли бор, шуни ўйнаб бер” , деди ва мен унинг таклифини қабул қилдим.
- “Фитна” сериалининг айнан қайси томонлари сизга маъқул келди ва нима сабабдан унда роль ижро этишга рози бўлдингиз?
- Сценарийнинг ҳаққонийлиги яъни ҳаётий воқеаларга асосланганлиги менга маъқул келди. Аввалига бош қаҳрамон ролини Вазира Юнусова ва яна бошқа кўпгина актирисалар ижро этиб кўришди. Аммо Лола ролига Лола Пиримқулова деган ёш ва иқтидорли актириса маъқул кўрилди. Сериалда рол ижро этишга розилик билдирганлигимнинг сабабларидан яна бири суҳбатимиз аввалида айтганимдек, режиссёр Дилшод Аҳмедов яқин ўртоғим ва унинг фильмлари жуда омадли чиқяпти. Тўғрисини айтсам, сценарийни батафсил ўқиб чиқмаганман. Дилшод баъзи жойларини гапириб бергандаёқ рол ижро этишга рози бўлганман.
- Сериал ҳаётда содир бўлган воқеалар асосида суратга олинган, дейишади. Ростдан ҳам шундайми?
- Ҳар қандай сериал ёки бадиий фильм воқеалари айнан ҳаётдан олинса у одамларнинг юрагига жуда тез етиб боради. Албатта, “Фитна” сериали ҳам бундан мустасно эмас ва у айнан ҳаётий воқеалар асосида суратга олинган. Аслида ёзувчининг кўрган-кечирганлари, ҳаётий кузатишлари ва кимдандир эшитган воқеалари тугал бир асар сифатида дунёга келади. Режиссёрлар эса уни сал-пал ўзгартириб, яъни кинобоп қилиб, сценарий ёзишади. Ҳақиқатдан ҳам “Фитна” сериалида яқиндагина интернетда шов-шув бўлган воқеалар ўз аксини топиб борди. Дилшод ушбу сериални турк киноижодкорлари усулида олди, десам муболаға бўлмайди. Яъни бу ёқдан суратга олади, тайёрлайди ва бир ҳафта ичида эфирга узатади. Бу аслида жуда мураккаб жараён ва бунда режиссёрнинг маҳорати муҳим ўрин тутади.
- Баъзи телетомошабинлар томонидан сериал ҳақида танқидий фикрлар ҳам билдириляпти. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?
- Албатта, ҳар бир ижод маҳсули юз фоиз ҳаммага ёқмайди.Бунинг иложи ҳам йўқ. Лекин сериални жуда кўпчилик севиб томоша қиляпти. Масалан, кўча-кўйда юрганимизда ёки тадбирларда бўлганимизда юртдошларимиз охири нима бўлади, дея қизиқиш билан сўрашади. Кўпчилик телетомошабинлар ҳар куни сериал бўладиган соатни пойлаб туришини, шунга вақт ажратаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Энди бу сераил балки маиший мавзуда бўлганлиги учун кимларгадир ёқмаган ва уларнинг дунёқарашига тўғри келмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин бу менимча, жуда катта аҳамиятга эга эмас, деб ўйлайман. Шахсан ўзим сериалда рол ўйнаш жараёнида бундан кейинги воқеалар қандай бўларкан, дея қизиқиб кетганман. Ўртоғим Ҳамдам билан қайнакамнинг хотини ўртасидаги воқеалар шундай ҳолатга олиб келинганки, бу томошабинлардан ташқари ўзимизга ҳам жуда қизиқ туюлган. Сериал ҳақидаги танқидга оддий қарайман. Чунки танқид бўлиши муқаррар. “Гамлет” спектаклида Гамлетнинг шундай бир гапи бор: “Томоша жараёнида театрга тушган томошабин шундай ларзага келадики, бўлаётган воқеалардан ўз қилмишларини, ўз кирдикорларини кўради ва ўзига гўёки ойна тутилаётгандек бўлади”. Албатта, кимдир шунга ўхшаш воқеаларни бошидан ўтказган бўлса бу унга ёқмаслиги “Энди шуниям олиб чиқадими”, дея эътироз билдириши мумкин. Лекин ҳақиқатга тик боқилса, бу каби воқеалар ҳаётда кўп учрайди ва улар асосида суратга олинган фильмлар кўпчилик учун ойна вазифасини ўтайди.
- Мухлислар сералнинг дастлабки қисмлари қизиқроқ эди, кейингилари унчалик эмас, деган фикрларни билдиришяпти. Бунга сизнинг муносабатингиз...
- Сериалдаги воқеалар ҳақиқий ҳаётни экранга олиб чиқиш бўйича янгилик бўлди, десам янглишмаган бўламан. Кейинчалик воқеалар жуда майдалашиб кетди, шекилли. Шунинг учун охирги сериялари балки одамларга манзур бўлмагандир. Аслида бундай ҳолат кўпчилик сериалларда кузатилади. Дастлабки сериялар билан томошабинларни жалб қилиб олишадида, кейин у ёғи майдалашиб кетади. Масалан, турк сераилларининг ҳам бошланиши жуда зўр бўладию кейингилари зерикарли тус олади. Аммо охири қизиқарли якун топади. “Фитна” ҳақидаги мухлисларнинг фикрига эътирозим йўқ. Чунки улар ҳамиша ҳақ. Албатта, бу танқид ва эътирозлардан режиссёр тўғри хулоса чиқариб, кейинги серияларни кучайтириши керак. Бу ҳақда Дилшодга ўзим ҳам айтиб қўяман.
- Ушбу сериалда роль ижро этган актёр ва актирисалардан кимларнинг маҳоратига тан берасиз?
- Бу сериалда жуда кўп ёш актёр ва актирисалар рол ижро этишган. Уларнинг ҳаммаси ўз ролини маҳорат билан ўйнашган,албатта. Шулар орасидан Феруза Норматованинг ижроси менга ёқди. Лола Пиримқулова ҳам ўз ролини яхши ижро этган. Ўртоғим Акмал Назаров ва Ҳамдам ролини ўйнаган йигитнинг ҳам маҳорати яхши. Дониёрни ҳам шулар қаторига қўшишимиз мумкин. Санжар деган ёш актёр йигитимиз ҳам ёмон эмас. Ёшларга фақат омад тилайман!
- Ҳамдам ролини ижро этган актёр ушбу ролни ўйнаганлигидан жуда афсусда экан. Шахсан сизда ҳам шундай ҳолатлар бўлдими?
- Ҳамдам ролини ўйнаган йигит афсусдаман дейди, лекин аслида ундай эмас. Чунки у ролни ўйнашдан олдин ҳаммасини билган ва шунга рози бўлган. Энди бу актёрларнинг ўзини реклама қилиш учун гапирадиган гапи, деб ўйлайман. Аслини олганда у афсусда эмас. Чунки битта шу роли билан халққа танилди. Бу ролни очиб беришда режиссёр Дилшод Аҳмедов унга катта ёрдам берди. Албатта, кўчада одамлардан сўкиш эшитади, кампирлар бировнинг оиласини буздинг, дея қарғаб кетишади. Лекин буларнинг ҳаммаси актёр учун яхши ҳолат. Шу роли одамларга таъсир қилибдики, улар яхшими-ёмонми муносабат билдиришяпти.
Ўзим эса сериалдаги ролимдан афсусдаман, деёлмайман. Рол менга маъқул.
- Сизнингча, сериалнинг бўшроқ томонлари нимада? Четдан танқидий нигоҳ ҳам ташлаб турасизми?
- Тўғрисини айтсам, ўзим сериални тўлиқ кўролмадим. Чунки унинг экрандаги намойиши театрдаги спектаклимизнинг вақтига тўғри келади. Шунинг учун сериалнинг бўшроқ томонлари нимада эканлиги ҳақида аниқ айтолмайман. Менимча, саёз томонлар ҳамма сериалларда учрайди. Тўғри, бундай томонлари йўқ сериаллар ҳам бор. Масалан, олдин “Занжир” деган сериал бўларди бизнинг ёшлик пайтларимизда. Мана шу сеариални айтиш мумкин сайёз томонлари йўқ, деб. Ёки “Жийда гули” ва “Шайтанат” сериалларида камчиликлар кузатилмайди. Булар профессионал тарзда суратга олинган. Аммо ҳозирги сериалларда камчиликлар кўп. Менга энг ёқмайдиган жиҳати, кўпчилик сериалларнинг кераксиз чўзиладиган томонлари кўп. Воқеалар ривожи кам бўлганлиги учун атай чўзишади баъзи режиссёрлар. Бу томошабинларга ҳам сезилади, албаттат ва уларнинг танқидига сабаб бўлади.
- “Фитна” ни соф ўзбекона сериал деб айтиш мумкинми?
- Йўқ, соф ўзбекона сериал эмас бу. Агар шундай сериал ишлайдиган бўлсак ҳаётимиздаги баъзи бир камчиликларимизни яширишимиз керак бўлади. Чунки соф ўзбекона сериал бу халқимизнинг юзи бўлади. Шундай бўлгач унинг ёмони яширилиб, яхшиси оширилиши шарт. Шу боис “Фитна”ни ҳақиқий миллий сериал дейишга ожизман. Бу айни кунларда ҳаётимизда рўй бераётган воқеаларни ўзида акс эттирган замонавий сериал.
- Барчани қизиқтирган сўнгги савол: Сериал қандай якун топади?
- Яхшилик билан тугайди, албатта. Менинг хотиним ролини ўйнаётган Лоланинг қаҳрамони вафот этди. Феруза Норматова ижро этаётган Нозима ҳам ўлади. Сериалдаги қайнакам жинни бўлиб қолади. Тўғрисини айтсам, охири нима билан тугашини ўзим ҳам батафсил билмайман. Лекин албатта, яхшилик билан тугаши керак. Агар шундай тугамаса халқ шунча севиб томоша қилганлигини унутиб юборади. Шунинг учун ҳар бир яхши асар яхшилик билан тугаса у одамларнинг юрагида мангу сақланиб қолади.
- Суҳбатингиз учун ташаккур.
- Сизларга ҳам катта раҳмат эътибор учун.
Суҳбатдош Гулруҳ Ёрматова
Манба: "Бекажон" газетаси.
2019 йил.