СУВДА ЧЎКИБ КЕТИШИМГА САЛ ҚОЛГАН


   Кейинги пайтда кўпгина кино ва телесериалларда бош ролларни ижро этаётган таниқли актриса Феруза Собитова билан қилган суҳбатимиз ҳаёт, ижод ва кино соҳасидаги муаммолар ҳақида бўлди.

-    Феруза, 1 Июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини нишонлаш арафасида турибмиз. Шу муносабат билан сиз ҳам бироз болаликка қайтсангиз. Сизнинг болалигингиз қандай кечган?
-    Менинг болалигим асосан Навоий шаҳрида ўтган. Раҳматли холам билан яшардим. Холам мени ва болаларини ҳар куни  пешинда ухлашга мажбур қиларди. Аммо бизнинг уйқумиз келмасди. Холам  уйқуга кетиши билан секин кўчага қочардик. Уй яқинида катта ариқ  бор эди. Ўша ариқда мазза қилиб чўмилардик. Холам бизни қидирса дарахтга чиқиб,  бекиниб олардик.  Қиз бола бўлсам ҳам дархатнинг энг тепасига чиқишга уста эдим. Холам  “туш пастга” дея пўписа қилса “тушмайман, урасиз” дердик. Бир сафар то кечгача дарахтдан тушмаганман. Дарахтнинг тепасидан ариққа сакрашни яхши кўрардим. Ўғил болалардек шўх ва шаддод эдим. Бир марта сувга чўкиб кетишимга сал қолган. Шундан бери чўмилишдан қўрқаман.
-    Ҳалигача сузишни билмайсизми?
-    Йўқ билмайман. Болаликдаги ўша воқеа сабаб дарё ва бошқа сув ҳавзаларидан  қўрқаман. Уйимиз олдидаги ариқ унча чуқур эмасди. Аммо мен чўккан бассейн жуда чуқур эди. Шунинг учун чиқолмай қолганман. Ўшанда болалар ҳазиллашиб, мени сувга отиб юборишганди. Қўрққанимдан қаттиқ бақирганман. Шундан сўнг қутқариб олишган. Мана шу воқеа хотирамда қаттиқ муҳрланиб қолган. 
- Сиз ёлғиз фарзандингизга ҳам ота, ҳам онасиз. Айтингчи, ака-укаси ёки опа-сингиллари бўлмаган ёлғиз фарзандни тарбиялашнинг ўзига хос машаққатли томонлари нимада? Психологларнинг айтишича, ёлғиз фарзанд ўстираётган ота-оналар уларнинг тарбиясига алоҳида ёндашиши керак экан.
-    Албатта, ёлғиз фарзанд ўстиришнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Шу боис мен ҳам бу масалага алоҳида ёндашаман. Биринчидан, ўзим психологман, десам ҳам бўлади. Чунки психологияга ва болалар тарбиясига оид китобларни кўп ўқийман. Интернетдаги шунга тегишли видео сабоқларни кузатиб бораман. Боламнинг руҳиятига доир мавзулар бўйича ҳамиша изланаман. Кўпинча ўғлим “нега менга ука ёки сингил олиб келмайсиз?”, -  дея ўкинади. Менга иккита ўғил ва иккита қизча олиб келишимни  “буюртма” қилиб қўйган. Албатта, ўғлим ҳали ёш бола. Унга ука ёки сингил олиб келишнинг сабаблари нималарга боғлиқ  эканлигини тушунмайди. Шунинг учун мен унга болалар тилида содда қилиб тушунтиришга, аввало бу тақдир эканлигини англатишга ҳаракат қиламан. Унинг ўзини Худодан тилаб-тилаб олганимни айтганимда, ўйга чўмиб қолади. Ўғлим ёш бўлишига қарамай, фикрлаш доираси кенглигидан қувонаман. Ҳар бир воқеа-ҳодисада чуқур мулоҳаза юритади. Кези келганда мен у билан гоҳ катталардек, гоҳ болаларча  гаплашаман. Масалан, ҳозир у менинг вазиятимни тўғри тушунади ва тўғри баҳолайди. Оилада ҳам ота, ҳам она эканлигимни юракдан ҳис қилади. Исрофгарчиликка йўл қўймасликни, ҳар бир нарсада қаноатли бўлиш кераклигини  англайди. Пулим бор ёки йўқ пайтлардаги ҳолатни тўғри қабул қилади. Мен кўпинча бу ҳаётда ундан умидларим катта эканлигини ва яхши инсон бўлиши учун нималар қилиши кераклигини тушунтираман. Энг муҳими, мен ўғлимга ҳар доим  уни яхши кўришимни айтишдан чарчамайман. Кўпинча, мен унга “сени яхши кўраман, ўғлим”,  десам у “йўқ, ойижон. Сиз энг аввало, Аллоҳни яхши кўришингиз керак, кейин мени яхши кўринг. Мен ҳам биринчи Аллоҳни, кейин сизни яхши кўраман”, - дейди. Унинг бу каби фикрларидан завқланаман ва дилим қувончга тўлиб кетади.
-    Тан олиш керак, айрим ўзбек киноларида кичкинтойлар образини яратаётган  болаларда актёрлик маҳорати етишмайди. Аммо чет эл фильмларида аксинча. Ҳатто боғча ёшидаги болалар ҳам ўз ролини маҳорат билан қойилмақом ижро этишади. Сизнинча, бунинг сабаблари нимада? Бизнинг болаларда актёрлик қобилияти йўқми ёки...
-    Аввало, чет эл фильмлари билан бизнинг фильмларни таққослашнинг ўзи ноўрин, деб ўйлайман. Чунки, улар кино соҳасида биздан анча олдинда. Бундан ташқари, ривожланган давлатларда жуда катта компаниялар киносаноати билан шуғулланишади ва фильмлар учун ўтказилаётган  кастинглар ҳам жуда ҳаққоний тарзда ўтакизилади. Уларда аҳоли кўп ва танлаш имконияти ҳам катта. Битта фильм кастингига керак бўлса бир-икки йил вақт сарфлашади. Бизда эса қисқа вақтда танланади. Негаки, фильм яратиш учун берилган муҳлат жуда оз. Кастинглар ҳам кўп ҳолларда номигагина ва таниш-билишчилик асосида ўтказилади. Масалан, кимнингдир жияни олинади ёки бирор машҳур актёр бу ролга “менинг боламни олинг”, дея режиссёрдан илтимос қилади. Камига ҳомийлар ҳам ўзларининг таниш-билишларини тиқиштиришади. Голливудда эса мутлақо таниш-билишчиликка йўл қўйилмайди. Ҳаттоки Анжелина Жоли илтимос қилса ҳам, агар унинг фарзандида иқтидор бўлмаса фильмга олишмайди. Қолаверса, уларда кичик ёшдагилар учун ҳам актёрлик маҳорати мактаблари бор. Фильмга эллик ёки юзга яқин бола ичидан энг талантлисини танлаб олишади. Бу борада адолатли ёндашувга амал қилишганлиги боис дунё миқёсидаги фильмлар яратилади.
-    Кино ва сериалларда болалар билан роль ижро этганмисиз? Шундай пайтларда қандай қийинчиликларга дуч келгансиз?
-    Албатта, болалар билан бирга роль ижро этиш жуда қийин. Аниқроғи,  жуда катта сабр керак. Агар актёр бола билан бирга ўйнайдиган саҳнаси яхши чиқишини хоҳласа,  ҳали съёмка бошланмай туриб, унинг кўнглини олишга ҳаракат қилгани маъқул. Фильмда унинг онасини ўйнайдими ёки отасиними, суратга олиш ишлари бошлангунга қадар бола билан яқиндан танишиб, дўстлашиб олиши зарур. Бола ўша актёрга ўрганиши лозим. Болаларга бошқача меҳр ва ширинсуханлик билан мурожаат қилиш керак. Болалар билан гоҳида беш дақиқалик кадр ярим соатгача чўзлиши мумкин.  Шунинг учун фильмларга истеъдодли болалар танлаб олинса яхши бўларди. Масалан, ҳозир “Гулсум” номли сериалда бош ролни ижро этяпман. Унда Гулсумнинг бир ўғли ва бир қизи бўлади. Ўғли ролини ўйнаётган бола бошқа оиланинг фарзанди, қиз эса бошқа. Икки хил муҳитда ўсган болалар билан муносабатга киришиш керак. Мен  аввало, ана шу иккита оиланинг фарзанди билан тил топишишга ҳаракат қилдим. Кези келганда уларни совға-салом ва ширинликлар билан сийладим. Болалар билан олдиндан дўстлашиб олинса, съёмка жараёни осон кечади. 
-    “Гулсум” сериали ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.
-    Бу сериалда бош  ролни ўзим ижро этяпман.  Бугунги кундаги матонатли, ақлли, ўзида куч ва қудратни мужассамлаштирган метин иродали аёл тимсолидир бу образ. У кези келганда фарзанди учун жонини ҳам аямайди.  Қийналса ҳам фақат тўғри  йўлни танлайди, ҳеч қачон қинғир йўллардан юрмайди. Қисқаси, болаларини ҳимоя қила оладиган намунали аёл образидир бу. Кўпинча, ёлғиз аёллар ҳаёт қийинчиликларига чидолмай ожизлик қилиб, ёмон йўлларга кириб кетишади. Гулсум образи эса ана шундайларга ўрнак бўладиган  ҳақиқий ўзбек аёли тимсолидир. 
- Сиз мактабдаги таҳсилни рус тилида олган экансиз. Ўзбек тилини мукаммал ўзлаштиришингиз қандай кечди? Бунда сизга одамлар билан мулоқот жараёни қўл келдими ёки турли тилларни ўргатадиган курсларга бориб, маҳоратингизни оширдингизми?  
- Ўзбек тилини мукаммал  ва тўлақонли ўзлаштиришимнинг биринчи сабабчиси бу – театр. “Турон” (олдин Сайфиддин Мелиев раҳбарлигидаги театр студияси, деб номланган) Давлат ҳарбий театрида ишлай бошлаганимдан кейин ўзбек тилини мукаммал даражада эгалаш учун астойдил ҳаракат қилдим. Тан олишим керак, бунга қадар бадиий асарларни рус тилида мутолаа қилар эдим. Театрда фаолият юритганимдан сўнг ўзбек тилидаги китобларни ўқий бошладим ва монологларни ўзбек тилида ёд олдим. 
-  Айни кунларда Россия ташқи ишлар вазирлиги ходими Мария Захарованинг ўзбек тили ҳақидаги ноўрин фикрлари кўпчиликнинг танқидига, таъбир жоиз бўлса ғазабига  учради. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай? 
- Салбий, албатта. Агар ёш бўлганимда буни мен ҳам тушунмаслигим мумкинмиди, балки. Лекин ҳозир оқ-қорани ажратадиган ёшдаман ва биламанки, ҳар бир давлатнинг ўз тили ҳамма нарсадан азиз. Қолаверса, ўзбек тилининг нечоғли бой ва гўзал эканлигини ҳис қилганим сайин менинг ҳам давлат тилига бўлган меҳрим кун сайин ошиб боряпти. Биз Ўзбекистонда яшаймиз ва ҳеч кимга тобе бўлмаган мустақил давлатмиз. Табиийки, бизнинг ўз давлат тилимиз мавжуд ва унга амал қилиш бу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчидир. Албатта, Ўзбекистон кўп миллатли давлат. Бу ерда яшаётган бошқа миллат вакилларига  ўзбек тилида гаплашиш мажбурланмаяпти. Аммо улар ҳам ўзбек тилини билса ёмон бўлмасди. Мен Адлия вазирлигининг бу қарорини қўллаб-қувватлайман. 
-    Баъзан шундай бўладики, инсон ўз танлаган касбида ўзини топмаётгандек туюлади. Бошқа касб танлаганимда бундан-да яхшироқ натижаларга эришармидим, деган фикр бир марта бўлса ҳам кўпчиликнинг хаёлидан ўтади. Сизда ҳам шундай ҳолат бўлганми?
- Йўқ, мен биринчидан ўз касбимни жудаям яхши кўраман. Ҳечам бошқа соҳани орзу қилмаганман. Инсон танлаган касбида ўзини топиши учун аввало, тинимсиз меҳнат қилиши, изланиши ва ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак. Бўлди, мен тўла-тўкис бу касбни эгаллаб бўлдим, энди етарлича малакага эгаман, деса инсон ютқазади. Ҳар қандай касб вакили хоҳ у сартарош бўлсин, хоҳ ҳисобчи ўз касбининг турли қирраларини излаши, бу борадаги янгиликлардан хабардор бўлиши ва ҳар қандай ўзгаришларга тайёр туриши керак. Масалан, мен фильм бўладими, сериалми ёки спектаклми, энг аввало, лойиҳа билан танишиб чиқаман ва ижодий жамоага эътибор қаратаман. Агар ҳар иккиси ҳам кўнглимдагидек бўлса, ўша ишга жон-жаҳдим билан киришаман. Нафақат ўзимнинг ролим, балки ўша лойиҳанинг бошқа томонларида ҳам жонимни жабборга бериб ишлайман. Шу кунларда суратга олинаётган “Гулсум” ва  “Карантиндаги тўй” каби сериалларда ҳам юрагимни бериб ўйнаяпман. Ахир, мен ҳам шу катта оиланинг бир бўлагиман. Ҳар бир актёр ҳар қандай ролини  жонини куйдириб ишлаши керак, деб ўйлайман. Ана шундагина томошабинларга ёқадиган фильмлар кўпаяди.  Агар пул ёки шон-шуҳрат учун ҳаракат қилинса бу ўз самарасини бермайди. Биз энг аввало, халқимизга манзур бўладиган фильмлар яратишимиз ва томошабинларнинг юрагидан жой олишимиз шарт. Халқ ўз қаҳрамонларини тан олса мана шу актёр учун энг катта ютуқ. 
-  Олдинлари ўзингиз ўйнаган ролларга ўзингиз овоз бермас эдингиз. Ҳозирги пайтда дубляжда ҳам фаол иштирок этяпсиз. Бу қачондан бошланди? Овозлаштириш жараёнлари қийин кечмаяптими? 
-  Йўқ, асло. Бу мен учун ҳам завқли, ҳам масъулиятли. Ўзим учун қатъий аҳд қилдим. Менга рол берган продюссер ва режиссёрлар билан фақат оғзаки келишув қилмасдан, бундан кейин ҳуқуқий шартнома тузмоқчиман. Бу шартномада томонларнинг ўзаро келишуви билан бирга фильм ва сериаллардаги ўзим ўйнаган ролларга ўзим овоз беришим ҳақидаги талабим ҳам киритилади. Бундан кўзланган мақсад овозлаштиришга ажратилган маблағдан манфаатдор бўлиш эмас, аксинча ўзим ўйнаган ролларга ўзим овоз беришимни кафолатлаш бўлади. Актёр ё актриса ўзи яратган образни унга овоз беришда иштирок этаётган бошқа дубляж вакилидан кўра яхшироқ талқин қила олади. Шунинг учун мен бунга астойдил киришмоқчиман. 
-    “Карантиндаги тўй” сериали ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Номи нега айнан карантиндаги тўй?
-    Бу ғоя карантин пайтида туғилди. Шундай ҳолатда ҳамма уйда ўтирганлиги боис кўпчилик зерикиб қолди. Айниқса, баъзи эр-хотинлар бирга уйда ўтиравериб, бир-биридан қочадиган ҳолатга ҳам келиб қолишди. Бу сериал ана шундай ғоя асосида, енгил ҳажв асосида қурилган.  Бир куни продюссерим Равшан Норбоевга қўнғироқ қилиб, шу ғоя ҳақида маслаҳатлашдик ва маъқул келгач, “Миллий” телеканал билан шартнома туздик. Шундан сўнг икки қаватли уйни ижарага олиб, у ердан  чиқмаган ҳолда ўша ернинг ўзида съёмкани бошладик.
-    Молиялаштириш масалалари қандай бўлди?
-  Молиялаштиришни буюртмачи бўлган “Миллий” телеканал ўз зиммасига олди. Ушбу лойиҳага элимиз таниган актёр ва актрисаларни жалб қилдик. Кимга қанақа, лекин бу сериал менга жуда ёқяпти. Бундан ташқари, ҳозир “Қора атиргул” сериалида ҳам иштирок этяпман. Бу қамоқхонадаги аёллар ҳақидаги бўлиб, унда мен журналист аёл ролини ижро этяпман ва қаҳрамонимга ўзим овоз беряпман. 
-    Кўпчилик ёш актёрлар тезроқ машҳурликка эришиш учун  ўзларини ўтга-чўққа уришади. Баъзан бу йўлда қинғирликдан ҳам тап тортмайдилар. Айтингчи, актёр учун машҳурлик нечоғли муҳим? 
- Афсуски, кўпчилик ёш актёр ва актрисаларимиз машҳурликка муккасидан кетишди. Ўйнаётган ролларини пишитиш, ўз устида тинимсиз ишлаш ўрнига тезроқ машҳурликка эришиш пайида бўлишяпти. Айниқса, кино соҳасига мутлақо алоқаси йўқ одамларнинг ҳам фильмларда рол ижро этиши жуда ачинарли ҳолат.  Пули бор, аммо истеъдоди йўқ кимсалар  ҳам бу соҳага аралашиб, машҳурликка интилишаяпти. Бу ҳам камдек бойвачча жаноблар ва бойвачча хонимлар ҳам ўзларини кинога уришяпти. Мақсадлари битта - тезроқ машҳурликка эришиш.  Майли, бу борада  болаларни тушунса бўлади, чунки  уларда беғуборлик ва самимийлик бор. Лекин бошқа соҳа вакилларининг  пул бериб бўлса-да,  киноларда иштирок этишларини ҳазм қилиш қийин. Бу ҳолат бизнинг энг оғриқли нуқталаримиздир. Мен кўпинча ана шундай истеъдодсиз кимсаларни кинога олиб келишганда режиссёрларга  "ҳой, буни “конфет” қилманглар", дейман. Ахир қанчадан-қанча истеъдодли ёшлар шу соҳа бўйича таълим олишяпти, уларнинг ҳам бош ролларда ўйнашга ҳаққи бор-ку! Қачондир бу соҳада  ҳам биз кутган ўзгаришлар бўлишидан умидворман.
- Толиққан пайтларда ҳар бир инсоннинг ўзини жамлайдиган, хотиржамлигини таъминлайдиган, чарчоқларини чиқарадиган бирор бир машғулоти бўлади. Психологияда буни медитация дейишади. Сизнинг ҳам ўз медиациянгиз борми?
-  Албатта. Аммо мени медитацияга ажратадиган вақтим жуда кам. Толиққанимда китоб мутолааси билан шуғулланаман. Фарзанд тарбиясига оид видеосабоқларни кўриб, тинглайман. Жисмоний машғулотлардан аэробика ва йога билан шуғулланаман. Айниқса, ўзим севган психология билан шуғулланганимда релаксация ҳолатига кириб, медитация билан машғул бўламан.
-    Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!


Суҳбатдош Гулруҳ ЁРМАТОВА

Манба: "Бекажон" газетаси.
Muzaffar.uz сайти билан ҳамкорликда тайёрланди.

2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот