БАХТГА ЭЛТГАН ЭЪТИҚОД


    Инсоннинг қайси фазилатлари уни улуғлик сари етаклайди?! Менимча камтарлик ва одамийлик... 
   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов билан суҳбатлашганимда инсонни улуғлайдиган ўша камтарлик, одамийлик – маданиятнинг овозини эшитиб, қиёфасини кўргандек бўлдим. 

БАХТГА ЭЛТГАН ЭЪТИҚОД

    Қадрли журналхонлар! Бугунги кунда кино оламида катта шов-шувга сабаб бўлган “Ибрат” бадиий фильмини кўриб хаёлингиз ва тасаввурингиздаги маърифатпарвар шоир, олим, матбаачи, муаллим Исҳоқхон Тўра Ибратни топа олдингизми?! Шубҳасиз, топгансиз. Зеро, фильмда тарихий манбалар асосида Ибратнинг ҳаёти ва фаолияти тўлақонли ёритилган.
    Шуни ёдда тутишимиз лозимки, ҳар бир яхши фильм ортида, албатта, тажрибали режиссёрнинг заҳматли меҳнати туради.  
    Биз “Ибрат” фильмидан ташқари “Сув ёқалаб”, “Чангак”, “Яраланган қуш ҳамон учмоқда”, “18-квадрат” ,“Дев ва пакана”, “Шайтанат”(биринчи мавсум), “Назира”, “Шўрпешоналар” номли кинофильмларни ҳам қайта-қайта кўрганмиз. Уларда ёритилган воқеалар, қаҳрамонларнинг матонати ва изтироблари, ибрат бўлишга арзигулик жиҳатларини мароқ билан томоша қилганмиз. Биз завқ билан томоша қилаётган  ушбу кинофильмлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,  “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли кинорежиссёр, бир қатор сценарийлар муаллифи  Жаҳонгир Қосимовнинг  заҳматли меҳнатлари самарасидир. 
    Ушбу саҳифамиз орқали сизни ўша – халқимизга бирдай манзур бўлган фильмлар муаллифи, севимли ижодкор, камтар ва вазмин инсон – Жаҳонгир ҚОСИМОВнинг болалик хотиралари билан таништиришни ният қилдик.

БУВИМНИНГ МЕҲРИ

    Мен 1958 йил 2-декабрда Тошкент шаҳрида туғилганман. Оилада 4 нафар фарзандмиз – 2 қиз, 2 ўғил. Тўнғич фарзанд, биринчи набира бўлганим учун анча эрка бола эдим. 
   Раҳматли отам – Мирсобит Қосимов  умри давомида  заводда пайвандчи – ишчи бўлиб ишлаган. Онам – Қосимова Шаҳризода “Малика” фабрикасида тўқувчи эди. Онам оилада ягона фарзанд бўлганлиги учун бувим (онамнинг онаси) билан бирга яшардик. 
    Бувим мени ер-у кўкка ишонмас, доимо эркалатиб, кўнглимга қарардилар. Уйимизда дутор бўларди. Бувим дуторни шунчалар чиройли чалар эдики, мен ҳар сафар ҳайрат билан тинглардим. Кейин бувимга ҳавас қилиб мен ҳам дуторни қўлимга олиб, ўзимча бир нималарни тинғирлатиб ўтирардим.  Қизиқишимни кўрган бувим мени мусиқа тўгарагига олиб борди. У ерда рубоб чалиш сирларини ўргана бошладим...  
    Шундай қилиб санъатга меҳр қўйишимга бувим – Азизова Умрихон ая сабабчи бўлган. Бувим жуда кўп китоб мутолаа қиларди. Ҳар куни менга янги эртак, ҳикоялар айтиб  берарди. Араб, лотин, кирилл ёзувларини қийналмай ўқир эди. Ҳайратланган томоним шундаки, бувим 96 ёшда вафот этган бўлса, шу ёшдаям тинмай китоб, газета, журнал ўқирди. 
    1965 йилда Тошкентдаги 10-сонли рус тилига ихтисослаштирилган мактабнинг 1-синфида ўқий бошладим...

ЗИЛЗИЛА

    Бир куни эрта тонгда ғала-ғовур овоздан уйғониб кетдим. Ўрнимдан турмасдан кўзимни очиб қарасам, шифтдаги чироқ у ёқдан бу ёққа тебранарди. Ер силкинаётган экан. Дадам синглимни, онам эса укамни  кўтариб олишганича ҳовли томон шошишди. Қўрқув ичида мени унутиб қўйишди шекилли, деган хавотирда овозим борича: “Мен-чи, мени ким кўтаради?!” деб бақирдим. Шунда хонанинг чап томонидан бувимнинг “Мен, мен кўтараман сени” деган хавотирли овози эшитилди. Бувим мени маҳкам қучоқлаб кўчага югурди.
    Қўшниларимиз аллақачон  кўчага чиқиб олишибди. Одамлар қўрқувдан қўлига нима илинса, шуни кийиб олган, айримлар кўрпа ва адёллар ёпиб олибди. Ёш болаларни қалин кўрпанинг ичига ўраб қўйишган эди...
    Кучли зилзила оқибатида уйларга киришнинг имкони йўқ, деворлари ҳам қулаб тушган эди. Ўшанда зилзиладан талафот кўрганлар ишкомларда катта-кичик капалар қуриб яшашган. Биз ҳам уч ой капада яшадик. Маҳалламиздаги уйлар жиддий зарар кўргани сабаб одамлар камроқ талафот кўрган туманларга кўчиб ўта бошлашди. Биз ҳам бошқа туманга кўчиб ўтишга мажбур бўлдик...
     Бу – 1966 йил 26 апрелда юз берган Тошкент зилзиласи эди.

АСЛ САБАБ

    Мен янги уйимизга яқинроқ бўлган 185-сонли рус мактабига қатнай бошладим. Аммо бу мактабда баҳоларим пасайиб, дарсларни ўзлаштиришим анча қийин бўлиб қолди. 2-синфни тугатишим билан ота-онам: “Ўғлимиз рус мактабида ўқишга қийналяпти. Балки ўқитувчиларнинг гапларини тушунмаётгандир”, деб мени 133 ўзбек мактабига олиб боришди. Шундай қилиб мен  уч йил ичида учта мактабга кўчдим.
    Бир куни ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишди. Текширувлар пайтида мен кўз шифокорининг қабулида анча қолиб кетдим. Шифокор менга кўришим яхши эмаслигини, дарҳол кўзойнак тақишим кераклигини айтди. Уйдагилар шифокор кўрсатмаси асосида кўзойнак олиб келишди. Уни тақишим билан атроф-теварак кўзимга шундай аниқ ва тиниқ кўринди-ки, қувончдан юрагим хаприқиб кетди. Ана шундан кейин дарсларни ўзлаштиришим осон бўлди. Кейин билсам, доскадаги сўзларни ҳам, китобдаги мавзуларни ҳам ўқишга қийналиб, тушунмаган эканман...

ЭНГ  БАХТЛИ ИНСОН

    Бир куни устозимиз Любов Алексеевна бизни Ҳамза театрига олиб борди. У ерда “Олтин девор” спектаклини томоша қилиб, катта таассурот билан қайтдик. Шундан кейин кўзимиздаги ҳайрат ва завқни кўрган устозимиз  бизни кўпроқ театрларга олиб боришга ҳаракат қиладиган бўлди. Кетма-кет театр томошасига боришларим  драма тўгаракларига бўлган қизиқишимни орттирди.   
    Буни сезган бувим мени Маданият уйида ташкил этилган “Кино” тўгарагига олиб бордилар. Бу тўгаракка шу қадар қизиқиб кетдимки,  ҳажми катта шеърларни ифодали ўқиб, мазмунли ҳикояларни дўстларим билан ўзимиз саҳналаштира бошладик.  Бундан ташқари мактабда  ўтказиладиган жамоат ишларида ҳам фаол қатнашардим.
    Мактабни тугатгунимга қадар  кино тўгарагига қатнаб юрдим. Шу вақт оралиғида кўнглимда актёр бўлиш истаги пайдо бўлди. 
    Ота-онам санъат йўлини танлаш ниятида эканлигимни билиб, бу фикримдан  норози бўлиб, Фозилжон амакимни маслаҳатга чақиришди. Амаким: “Бизнинг авлоддан ҳам бирор ким санъат соҳасига қизиқармикан, деб кўп ўйлардим. Бу менинг етолмаган орзуим  эди. Сабаби, ўзим санъаткор бўлишни истардим. Мен Жаҳонгирнинг танловини қўллаб қувватлайман”, деди. Шундан сўнг Театр ва рассомлик институтига ҳужжат топшириб, талабаликка қабул қилиндим.  
  Фаолиятимни телевидениеда кўрсатувлар тайёрлашдан бошладим. Биринчи бўлиб “Иншо” номли кичик фильмни, сўнг Хайриддин Султоновнинг “Ё, Жамшид” номли ҳикояси асосида “Чангак” фильмини суратга олдим. 
    Ҳозирги кун болаларини, набираларимни кўп кузатаман. Тўғрисини айтсам, уларнинг келажаги – тақдири мени кўпроқ хавотирга солади. Йиллар ўтиб улар қандай мутахассис бўлиб етишади?! Эгаллаган касбининг ортидан қадр топа оладими?! Иқтидорли ёшларимиз чет эл томон ошиқиб, ўзга юртларда ишлаб, ўша ерларда оиласи билан қолиб кетишяпти. Биз фарзандларимизни ҳам, уларнинг келажагини ҳам асраб-авайлашимиз керак. Сабаби, ҳар бир бола ўз ота-онасининг ёнида ўзини бахтли ва хотиржам ҳис этади. 
    Худога шукр, онам ҳозир 86 ёшдалар. Волидамнинг ёнида мен ўзимни дунёдаги энг бахтли инсондек ҳис этаман. Онам доимо менга бир гапни: “Юрагингга чексиз эътиқодни жойлаб яшагин. Ўша эътиқод сенга тўғри йўл кўрсатиб, бахтга элтади”, деб такрорлайди. Шунинг учун ҳам мен юрагимда Ватаним, оилам ва касбимга чексиз эътиқод билан яшаяпман...

ҲАЁТИЙ  ОБРАЗЛАР

   Мен учун режиссёрлик ҳафтасига кино олиш дегани эмас, балки онда-сонда  биттагина фильм суратга олинса ҳам, кўнгилларни ҳар куни ўйга толдирадиган, яхши-ёмон амалларимизга ойна тутадиган, ибрат бўла оладиган  киноасар бўлишини истайман. Шунинг учун ҳар бир олинаётган фильмнинг мазмун-моҳиятига, айнан ҳаётий воқеаларга асосланган образлар қиёфасини кўрсатиб, руҳиятини теранроқ ёритишга ҳаракат қиламан. Мисол учун “Яраланган қуш ҳамон учмоқда” деган фильмимда ҳам шундай образни кўриш мумкин. 
  Маҳалламизда оилавий шароити оғир, руҳиятида бироз ўзгариши бўлган Солижон деган бола яшарди. Уни маҳалладаги болалар “Соли жинни”, деб масхара қилишарди. Шу болага жудаям раҳмим келарди. Раҳматли дадам Солижонни кўриб қолса пул берарди. Аммо у олишни истамасди. Шундай пайтларда бувим уни уйга олиб кириб овқат сузиб берар, у хурсанд бўлганича иштаҳа билан еб оларди. Унинг қиёфаси мени шунчалик таъсирлантирган эдики, йиллар ўтиб унинг сиймоси фильмда намоён бўлди.  
     Мен ўзбек кинофильмларининг ҳар бирида ўзбек халқининг ҳақиқий сиймоси намоён бўлишини истайман... 

Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА
Манба: “Гулхан” журнали 2021 йил 1-сон. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот