Xайрулла Саъдиев таваллуд топган кун


    Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси", Ўзбекистон давлат Сатира театри бадиий раҳбари, "Зумраша" болалар киножурнали бадиий раҳбари ва кино актёри – Хайрулла Саъдиевни таваллуд топган куни муносабати билан самимий муборакбод этамиз!
    Устоз санъаткорга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаб қоламиз!

    Маълумот: Ўзбекистон xалқ артисти – Хайрулла Саъдиев 1940 йилнинг 6 Декабрь куни Тошкентда туғилган. 1963 йилда Ўзбекистон давлат Театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. Хайрулла Саъдиев аввал Ҳамза театрида Зуҳур Қобулов қўйган “Булутлар тарқаганда” спектаклида қатнашган. Тошхўжа Хўжаев: “Йигит, сиз асли ёш томошабинлар театрига моссиз. Адашманг”, – деб маслаҳат берган. Шундан кейин у йўлланма билан Ўзбекистон давлат Ёш томошабинлар театрига ишга келган. Институтда устозлари: Назира Алиева, Тошхўжа Хўжаевдан таҳсил олгани, Ёш томошабинлар театрида Иброҳим Аҳмедов, Афандихон Исмоилов, Воҳид Қодиров, Обид Толипов каби саҳна усталаридан актёрлик санъати сирларини ўргангани унинг театрда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамиятга эга бўлган. 
    Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари Хайрулла Саъдиевни кенг жамоатчиликка танитган. Кейинчалик бу қисса телевидениеда ҳам саҳналаштирилган. Бунда, албатта Шум бола образини моҳирона ижро этган Хайрулла Саъдиевни ҳиссаси катта эди.  
    Актёр Ёш томошабинлар театрида ишлаган даврларида-ёқ ўз ижодий қиёфасига ва услубига эга бўлган. Шунингдек, телевизион миниатюралар театри ва кинодаги бир қанча роллари билан халқимизга янада танилди. 
    Хайрулла Саъдиев Республика Ёш томошабинлар театрида ижодий фаолиятини бошлаган. Театр саҳнасида “Ревизор”, “Этик кийган мушук”, “Шум бола” каби ўнлаб спектаклларда ёдда қоларли ролларни ижро этган.      
    Устоз ижодкор кино оламида ҳам самарали меҳнат қилган. "Тўйлар муборак", "Чинор", "Алпомиш", "Чашма", “Ўтов”, “Шайтанат”, "Шиддат", "Марғиёна", "Йўқолган одам", "Иблис девори", "Учар отлар", "Дилор, Дилор, Дил ва Ор", "Новда", "Қўрғошин", "Ойқиз эртаги", "Назира" каби кўплаб сериал ва бадиий фильмларда яратган образлари орқали кўплаб мухлислар орттирган.      
    Хайрулла Саъдиев 1980 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1990 йил “Ўзбекистон халқ артисти” унвонлари билан тақдирланган. 2005 йил эса "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби бўлди.   
     Айни вақтда Ўзбекистон давлат Сатира театрида фаолият юритиб келмоқда.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот