Луқмон Бўрихон (1965 - 2023)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Шуҳрат" медали соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи - Луқмон Бўрихон (Луқмон Каримович Бўриев) 1965 йилнинг 15 февралида Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Янгиобод қишлоғида туғилган. Шу ердаги 23-ўрта мактабни битиргач, 1982-1985 йиллар давомида ҳарбий хизматни ўтаган. 1986 йили Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетига ўқишга кириб, 1991 йили муваффақиятли битирган. Шундан сўнг турли таҳририятларда адабий ходим, бўлим мудири вазифаларида меҳнат фаолиятини юритди. 1998-2015 йилларда “Ёшлик” журналида муҳаррир ўринбосари, 2015-2020 йилларда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда етакчи муҳаррир вазифаларида хизмат қилди. 2020 йилдан бери Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ижодий кенгашлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси вазифасида ишлаб келаётган эди. У ўқувчилик йиллариданоқ бадиий ижод билан шуғулланган. 1987 йили “Бегимқул катта” номли илк ҳикояси “Ёшлик” журналида чоп этилиб, устозлар назарига тушган. 1991 йили “Чўлпон” нашриёти томонидан “Ялангоёқ” деб номланган илк ҳикоялар тўплами нашр этилади. 2005 йили “Жазирамадаги одамлар” номли романи Ғафур Ғулом номидаги нашриёт томонидан чоп қилинган. Ушбу асар китобхонларда катта қизиқиш уйғотгани боис қайта-қайта нашр этиб келинмоқда. 2006 йили адиб “Сирли муаллим” номли қиссасини ёзди. Ушбу қисса ўқитувчилар ҳаётидан олиб битилган асар сифатида, Халқ таълими вазирлиги эълон қилган танловда ғолиб бўлган. 2007 йили Луқмон Бўрихоннинг “Хизр кўрган йигит” қиссалар ва ҳикоялар тўплами “Шарқ” нашриёти томонидан чоп этилди.
“Темирйўл” номли романи 2009 йили ўқувчилар қўлига бориб етди. Ушбу роман “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” темирйўл тармоғини барпо этган фидокор темирйўлчилар ҳаётидан олиб ёзилган бўлиб, замондошларимиз қиёфаси ёритилган энг яхши асарлардан бири сифатида баҳоланди. Шу йили муаллиф матбуотда эълон қилинган бадиий публицистик мақолалари учун “Олтин қалам” халқаро танлов совриндори бўлди.
2012 йилда Луқмон Бўрихон “Тун қаъридаги шуъла” номли қисса ва ҳикоялар тўпламини, “Буюк ўзбек йўли” бадиий публицистик мақолалар жамланмасини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди.
Луқмон Бўрихон кейинчалик “Олов тутган одам”, “Бегоналар юрмас бу ерда” каби романлари билан адабий жамоатчилик эътиборини қозонди. Ёзувчининг, айниқса, буюк аллома Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Имом Мотуридий” деб номланган романи адабиёт ихлосмандларида, кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Қатор таниқли ижодкорлар, мутахассислар, диний соҳа олимлари томонидан юксак эътироф этилди. Ушбу асарида ёзувчи олис Х аср бошларидаги кўҳна Самарқанднинг сиёсий-ижтимоий, маърифий ҳаётидан айрим лавҳаларни қаламга олади. Улуғ аждодларимиздан бири, машҳур аллома Абу Мансур Мотуридийнинг бадиий сиймосини акс эттиришга уринади. Асар драматик воқеаларга, қизиқарли, сермазмун баҳс-мунозараларга бой.
“Имом Мотуридий” романи “2022 йилнинг энг яхши асари” сифатида баҳоланди ва танловнинг бош мукофотига лойиқ кўрилди.
Адибнинг 2022 йилда чоп этилган “Сокин дарё” романи ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмади. Муаллиф ушбу асарида давримизнинг атоқли олимларидан бирининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Бугунги ёшларимизга ибрат бўладиган қаҳрамон сиймосини бадиий бўёқларда ёрқин тасвирлаб берди.
У 2007 йилда “Шуҳрат” медали, 2012 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан мукофотланган.
Луқмон Бўрихон 2023 йил вафот этган.