Жаббор Тошевга табрик


   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, режиссёр, актёр, устоз санъаткор — Жаббор Сатторович Тошевни таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз!
   У кишининг ўғли ҳам таниқли актёр, дубляж устаси — Санжар Сатторов.
   Жаббор Сатторовичга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодига улкан зафарлар тилаймиз! Фарзандлари ва невараларининг орзу-ҳаваси ҳамда роҳатини кўриб юришларига тилакдошмиз!

Камоли эҳтиром ила — Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
   Маълумот: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими — Тошев Жаббор Сатторович 1959 йилнинг 1 Февраль куни Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Қамаши қишлоғида ишчи оиласида дунёга келган. Отаси Тошев Саттор 2-жаҳон уруши қатнашчиси, онаси Файзиева Бибиниёз эса оддий ишчи бўлишган. 
   Оилада 3 та фарзанд бўлишиб, Тошев Жаббор Сатторович оилада кенжа фарзанд бўлиб, у 1965 йил Алишер Навоий номли 15- ўрта мактабда таҳсил олган. Ёшлигидан санъатни севган Ж. Тошев 1982 йил А.Н. Островский номли Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик бўлимини, 1994 йилда эса М.Уйғур номли Тошкент Давлат санъати институтининг режиссёрлик бўлимларини тамомлаган. Меҳнат фаолиятига келсак, 1983-1996 йилларда Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номли Қашқадарё вилоят мусиқали театр актёри, бош режиссёри, 1996-2009 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Қашқадарё вилоят телерадиокомпанияси режиссёри, 2009-2010 йй. — Маданият оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш дирекцияси бош менежери, 2010-2011 йй. — Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номли вилоят мусиқали драма театри актёри, 2011-2020 йилларда эса Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Қашқадарё вилоят телерадиокомпанияси ижодий ишлаб-чиқариш гуруҳининг биринчи тоифали режиссёри лавозимларида ишлаган. Иш фаолияти давомида мазкур театрда 50 дан ошиқ образлар яратиб, минглаб мухлисларнинг ҳурмат ва эъзозига сазовор бўлган. Унинг А.Ориповнинг “Жаннатга йўл” асаридаги Дўст, “Соҳибқирон” асаридаги Буқаламун, Т.Мирзонинг “Амир Темур” асаридаги Шоҳрух, “Тоҳир ва Зуҳра” драмасида Тоҳир, Комил Яшиннинг “Нурхон” драмасидаги Ҳайдар образлари томошабинлар эътиборини қозонган. 
   Ҳаётга янги кўз билан қаровчи режиссёр сифатида ҳам ўз спектакллари билан томошабинлар ҳурматини қозонган.
   Муҳаббат, садоқат, инсонийлик каби умуммиллий қадриятларни тарѓиб қилувчи “Виждон дориси”, “Тўтиқуш”, “Онаизор”, “Шум бола” каби ўнлаб асарларни саҳналаштирган. 
   Вилоятга биринчилардан бўлиб телережиссёрлик мактабини олиб кирган. Бевосита унинг ташаббуси, саъй ҳаракатлари билан 100 дан ошиқ бадиий, ҳужжатли кўрсатувлар, телеочерк, тележурналлар экран юзини кўрди. “Президент асарларини ўрганамиз”, “Кўнгил калити”, “Ширинтой”, “Олтин калитча”, “Соҳибқирон қадамжоларида”, “Замонамиз қаҳрамонлари” туркум рукнларига, “Қора олтин баҳодирлари”, “Мунаввар йўлдан зафарли манзилга” каби кўрсатувларга режиссёрлик қилган.
   2011 йилда Қашқадарё вилоят телевидениесида 30 га яқин кўрсатувларнинг ташкилотчиси сифатида, яъни “Ҳаёт сабоқлари” рукни остида Қурбон Эгамбердиев асарининг “Чакки босилган қадам” телесериали замонамиз қаҳрамонлари образини яратиш соҳасида қуйилган қадам, “Яшамоқлик саодати” кўрсатувида замондошларимизнинг ҳозирги кундаги обод турмуш даражаси , “Очиқ микрофон”, “Илм ва ҳаёт”, “Оналар мактаби”, “Ёшлар олами”, “Гавҳар”, “Гирдоб”, “Тафаккур”, “Билимдонлар баҳси”, инглиз тилини ўрганишга доир “Таълимга эътибор, келажакка эътибор”, хамда “Офарин йигитлар”, “Санамлар сарвари”, “Дурдона” каби шоу кўрсатувлари халқимизнинг юрагидан муносиб ўрин эгаллади. 
   Шунингдек, Қашқадарё вилоят телевидениесининг режиссёрлик соҳасида Ж.Тошев бир ўзи фаолият юритаётганлиги сабабли ижтимоий-иқтисодий соҳада кунлик тайёрланадиган 10га яқин ахборот ва 10лаб кўрсатувлар унинг масъуллигида экран юзини кўради.
   Шу билан бирга у Республикамизнинг байрам тадбирларини ташкиллаштиришда, жумладан Қарши шаҳрининг 2700 йиллик юбилей байрами, Қарши шаҳрида ўтказилган “Умид ниҳоллари”, Аёллар спартакиадаси, вилоятда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, Наврўз тантаналарини саҳналаштиришда бевосита иштирок этиб келган. 
   У санъат, маданият ва маънавиятда, айниқса матбуот ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган қонун ва қарорларни ҳаётга татбиқ этишда ва унинг ижросини таъминлашда, ёшларни маънавий-ахлоқий руҳда тарбиялашда, бугунги куннинг глобал муаммосига айланган одам савдоси, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш халқимизга ёд бўлган зарарли оқимларга қарши курашда ўзининг самарали ижоди билан ибрат ва намуна кўрсатиб, “Қузғунлар галаси”, “Залолат”, “Жаҳолат тузоғи “, “Инсон ниқобидаги шайтон”, “Баднафслик жабри”, “Заҳарли ҳаёт”, “Ажал дами”, “Жахолат қурбонлари”, “Қалам ортидаги қабоҳат” каби туркум кўрсатувларни тайёрлаб келмоқда. 
 Президентимизнинг “Юксак маънавият енгилмас куч” асари асосида жамоат ташкилотлари ва бошқармалар билан ҳамкорликда “Маънавият соати”, “Маънавият миллатнинг таянч қўрғони”, “Менинг ватаним”, “Ифтихор”, “Даҳо дунёси”, Олтин мерос туркумидан “Қадрият” ва “Халқона” каби турли жанрлардаги кўрсатувлар тайёрланмоқда.
   Ж. Тошев 10 дан ортиқ шогирдларни тарбиялаган ва уларнинг аксарияти турли ютуқларни қўлга киритган. Ўзбекистон халқ артисти З. Бойхонова, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланган Э. Шодиев, С. Қарабоевлар ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Н. Аббосхоновалар шулар жумласидандир.
   Ж. Тошев серқирра ижодкор, бугунги кунда Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этиб келинаётган бир неча телесериалларда ижро этган роллари орқали мухлислар қалбидан жой олган
    Шукур Холмирзаевнинг “Қадимда бўлган экан” видеофильмида бош образ Ўсар, Рустам Бойтўранинг “Яраланган қуш ҳамон учмоқда” видеофильмида раис, Назар Эшонқулнинг асари асосида яратилган “Пойдевор” телесериалида Шўртангаз раҳбари Салоҳиддин Сирожиддиновнинг “Меҳр боғи” телесериалида бош қаҳрамон Маъмуржон, замонамиз қаҳрамонлари рукнида “Ёшлар” телеканали томонидан суратга олинган “Оққуш” сериалида Раҳматилла, “Севги фасли” сериалида боғбон “Оила шаъни” телесериалида Муҳаммаджон образларини яратиб, ўз истеъдодини яна бир карра намоён этди ва бу образлар билан ёшларни меҳр-оқибатли қилиб тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшади. 
   2006 йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2021 йилда эса “ Мустақилликнинг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан мукофотланган.
   Ҳозирги кунда ижодий ишлар билан банд бўлиб, юртимиз телеканалларида эфирга узатилаётган бир нечта сериаллар, бадиий фильмларда роль ижро этиб келмоқда. “Муҳожирлар”, “ Чегарадаги қишлоқ”, “Назира”, “ Зиддият”, “Малак” каби сериаллари шулар жумласидандир. 
   У изланишдан чарчамайдиган ижодкор. Ўз билим ва тажрибасини ёш мутахассисларга ўргатиб, 30 дан ортиқ шогирдлар тайёрлаб чиқарган. У ҳар ишда ташаббускор, журъатли, тўғри сўз, маънавий етук, ўз ўртоқларига ва бошқаларга нисбатан доимо меҳрибон, ғамхўр ва талабчандир. У ўз касби ва соҳасининг моҳир устаси, тажрибали, масъулиятли, камтар инсон.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот