АДОЛАТСИЗ КУЧ - БУ ЗЎРАВОНЛИКДИР. КУЧСИЗ АДОЛАТ ЭСА – ҚУРБОНЛИКДИР
Карим БАҲРИЕВ: “АДОЛАТСИЗ КУЧ - БУ ЗЎРАВОНЛИКДИР. КУЧСИЗ АДОЛАТ ЭСА – ҚУРБОНЛИКДИР. ”
Карим Баҳриев 1962 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Ғўс қишлоғида туғилган. Самарқанд ва Москва Давлат университетларида олий таҳсил олган. «Ўзбекистон адабиёти ва саньати», «Ҳуррият», «Маьрифат», «Хўжалик ва ҳуқуқ», “Migratiom, labor and security”, “Жаҳон адабиёти” газета ва журналларида ишлаган. 1990-1995 йилларда Ўзбекистон халқ депутати сифатида мамлакат парламентида фаолият юритган.
«Сабр косасининг синиқлари», “Томчидил” шеьрий китобларининг, «Демократия ва инсон ҳуқуқлари», «Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масьулияти», «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари» номли ўзбек тилидаги илмий-оммабоп китобларининг, “ОАВ ва сайловлар” ҳамда “СМИ и выборы” номли ўзбек ва рус тилидаги қўлланманинг, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги сиёсий-ижтимоий китобнинг, қатор танқидий-таҳлилий мақолаларнинг муаллифидир.
Сенека, Платон, Волтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйернинг фалсафий асарларини, жаҳон халқлари ҳикматларини, Жорж Оруэл ва Малколм Гладуэл романларини, Чингиз Айтматов, Дино Буццати, Жованни Папини, Коррадо Алваро, Марчелло Вентури ҳикояларини, уйғур шоири Темур Давоматнинг шеърий китобини, озар шоири Ромиз Равшаннинг шеьрлари ва достонини, А.Авторхоновнинг «Кремл салтанати» китобини таржима қилган. Унинг таржимасида немис, малай, африкаликлар, австралияликлар, озарбойжон, турк, олмон, юнон, фаранг, араб, инглиз, испан, америка, эрон, япон, вьетнамликлар, корейс, ҳинд, годлланд, даниялик, исландиялик ва бошқа кўплаб мамлакатлар шоирлари ва носирларининг насри, шеърлари ва балладалари чоп этилган. Охирги йилларда унинг таржимасида Жорж Оруэллнинг ғайрихаёлий «1984» романи ва «Молхона» ривоят-қиссаси, Малколм Гладуэлнинг “Зукколар ва ландовурлар” китоби, Генри Форднинг “Ҳаётим ва мувафаққиятим” асари чоп этилди.
“Зулм технолоргияси” сиёсий китоби, икки томлик публицистик асарлари, бир жилдда адабий мақолалар ва суҳбатлар, уч томлик таржималар, “Ахборот ҳуқуқи”, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари ўзбек йўли”, “Дорулбақога – қизимга мактублар” китоблариз, янги шеърлар китоби чоп этилишини кутмоқда.
***
Ҳар бир болада бўлгани каби мен ҳам кўп орзуларга берилганман. Бизнинг болалик давримизда энг ноёб овунчоқ – телевизор эди. Интернет, компьютер, мобил Ана шу ойнаи жаҳонда бирор кино берса, дарҳол шуни таъсирига тушардик. “Қилич ва қалқон” киносини кўриб, разведкачиликни орзу қилардим. Кейин “Тўрт танкчи ва бир ит” фильми машҳур бўлганда танкчиликни орзу қилганман. Сўнг учувчилар ҳақида кино кўриб, учувчиликка ҳавас пайдо бўлган...
***
1972 йил эди, шекилли. Телевизорда Абдулло Орипов билан бир ярим соат учрашув берилди. Шоир кўзи чақнаб шеър ўқиган эди: “Мени ўлдирдилар... Ўзимнинг тилимда сўзлаб юрганлар. Улар кимлар эди? Тўрвадан бўлак Илинжи бўлмаган гадой хурофот”. “Балким бирор бобом шаҳаншоҳ ўтган, балким томиримда дарвиш қони бор...”
Ўша кунидан, ўша лаҳзалардан шоир бўлишни орзу қилдим ва шу бугунгача ҳам шу орзунинг ортидан юрибман, унинг изидан саргардонман.
***
“Биз - олмамиз шохлардаги... Тўкмасинлар, айтингиз”. Ҳалима опанинг сатрлари норасидагилигича ҳаётнинг бешафқат оламига отиладиган қизларнинг ноласи, фарёди эди бу, ота-онасининг меҳрига тўйиб қолиш истаги, исёни эди бу.
***
Албатта, бир кўрсатув билан, бир юмалаб шоир бўлиб қолмас инсон. Ўша телевизордаги шеърият кечаси аслида бир турткидир, азалдан томирда оққан, кўп йиллардан бери етилган булоқнинг кўзини очгандир... Менинг момом – Ибодулло қўрбошининг қизи Зулфия онамиз доя ҳам эдилар, эртаклар ҳам айтардилар. Отам – Абдулҳаким “босмачи” (бобомиздан мерос нисбат) ҳақиқий достон айтувчи эдилар. Улар биз Ургутда кечалари аччиқ тамакини ипга тизганда, қўшниларни ҳашарага айтиб, уч кеча-беш кечалаб “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Кунтуғмиш”, “Шаҳзода Баҳром ва Гуландом” каби қирққа яқин достонларни айтардилар. Икки юз – уч юз ривоятларни сўзлардилар. Мени сўзга, шеъриятга тайёрлаган омиллар ичида шу ҳодисалар ҳам бор.
***
Мен адабиётда ҳам, фанда ҳам, ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам бир нарсани қабул қилолмадим. Бизда бағрикенглик етишмайди, буюк маслаклар йўлида бирлашиш ноёбдир, аммо майда манфаатлар, маҳаллийчилик, тарафкашлик асносида бирлашиш, тўдалашиш, оломонлашиш анъанаси кучлидир.
***
Бирор кимсани устоз дея этагидан тутсанг, унинг рақиблари сени ҳам талайди, фалон домланинг шогирди, деб кун бермайди. Бу бир сабаб бўлса, ўзимнинг узлатга мойиллигим яна бир сабаб бўлиб, мен бирор-бир муайян тўдага қўшилмадим, бирор бир устознинг теварагида парвона бўлганим йўқ.
***
Туғилганда-ёқ туғруқхонада шифокорларга пора берилганидан бошлаб, боғча, мактаб, олий ўқув юрти, ишхона, маҳалла, ташкилотлар – ҳаммасида қўлга қарашга ўрганишганди ва ҳатто ўлганда қабристон бошлиғига пора бермаса, жой йўқ, бўлса ҳам яхши ердан тегмасди.
***
Коррупцияга қарши курашимиз шунга боғлиқ бўлиб қолди. Аниқ бўлдики, агар пастдагилар беришни тўхтатмаса, тепадагилар олишни тўхтатолмайди. Тепадагиларнинг олишни тўхтатишга иродаси етмаяпти. Умид халқимиздан, муттаҳамларга беришни тўхтатайлик. Ҳуқуқимизни билайлик, ҳаққимизни танийлик.
***
“Жамаоатчилик назорати” иборасидаги “назорат” сўзининг ўзаги “назар” сўзидандир. Назорат - кўз солмоқ, назар ташламоқ, кўз-қулоқ бўлмоқ деганидир. Жамоатчилик назорати – халқнинг давлат ва жамият ишларида кўз-қулоқ бўлмоғидир. Бу барокот келтирувчи буюк ҳаракат демакдир.
***
Балким, сенинг ошиғинг олчин,
Қилвир ишинг юриб турибди.
Қилмишларинг элдан яширин,
Лекин Аллоҳ кўриб турибди.
***
Коррупция давлат мансабдори иштироки бор жиноятдир. Коррупцияга қарши кураш учун давлат мансабдорига пул ажратиш – ароқхўрликни тугатиш учун ароқхўрга ароқ ажратишдир.
***
Ўзлари буюк бўлган ижодкорларнинг – айниқса улар бир лавозимда бўлса - атрофида ҳеч нарсани қойиллатмаган, аммо тўдага қўшилиб, манфаатдор бўладиган оломон лоп этиб пайдо бўлади. Ношир бўлса, фақат ўз тўдасининг китобини чоп этади. Танқидчи бўлса, фақат ўзиникини мақтайди, “буюк адиб ва шоирлар” рўйхатини мақолада келтирса, фақат ўз ҳамводий ёки ҳамвоҳаларидан тузади... Афсуски, бошқа соҳалар каби адабиётда ҳам маҳаллийчилик, тўдачилик бор ва бу афсусланарлди ишдир. Албатта, булар “устози” амалдан тушса, дарҳол қочади ва янги “устоз”ни топади. Шуларни кўриб, мен бирор тўдага кирмадим ва бир дўстимиз мен ҳақда мақоласини “ёлғиз бўри” деб номлаганда ҳақдир.
***
Аммо улар шогирд демаса ҳам, мен ўзим адабиётда устоз деб билганим учта зотни айтиб ўтаман – Одил Ёқубов, Иброҳим Ғофуров ва Шукрулло. Уларнинг ҳар бири менга биттадан сабоқ берганлар. Одил акадан – жасорат, Иброҳим акадан – маҳорат ва Шукрулло акадан маърифатни имкон қадар олдим. Маҳорат, маърифат, жасорат – батамом ижодкор бўлишнинг шартидир.
***
Мияга улуғ фикр келса-ю, маҳорат етишмаса, тил қашшоқ бўлса, уни етарлича ифода қилолмайсан, маҳорат керак бўлади.
***
Маҳоратинг бўлса-ю, ёзган гўзал матнингда тафаккур бўлмаса, ҳикмат бўлмаса бефойда, шунинг учун маърифат керак бўлади.
***
Инсон жуда буюк нарсаларни маҳорат ила ёзиши мумкин, аммо қўрқиб чиқармаслиги, чиқаролмаслиги мумкин, эҳтиёткорлигидан қалтираб туриши мумкин. Шунда жасорат керак бўлади.
****
Қуръони Каримда оятлар қофияланган ва ички оҳанги мавжуддир. Қуръон нозил этилган араб тилида шеърдай ўқилади, Аллоҳ яратувчидир. Ижод қилиш шу маънода илоҳийдир. Банданинг ижоди номукаммалдир, аммо дунё ва ундаги ҳар бир мавжудоти Аллоҳнинг ижодидир ва буларнинг барида Ижодкорининг иродаси вожибдир. Шеърнинг, сўзнинг яралиши ҳам гулнинг очилиши, бир ҳовуч дондан бир буғдойзор дала мавж уриши, бир томчи сувдан инсон яралиши каби илоҳий ходисалардир. Ижоднинг илоҳийлигини шу маънода англаш керак.
***
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Инна минаш шеъри лаҳикматан», ҳадисилари бор. Яъни, албатта, шеърда ҳикмат бордир.
***
Навоийнинг ижодини тўла-тўкис ва бутун маҳобати билан англаш осон эмас ва бугун аён бўлмоқдаки, Навоий ижодини чуқур билиш унинг эътиқоди, иймони, тариқати ва мусулмонлигини эътироф этишсиз мумкин эмас. Навоийнинг юксак эътиқодли мусулмон эканлигини билсак, шундан келиб чиқсаккина шоир ижоди ўзининг янгича, асл моҳиятини очади.
***
Навоийнинг иймон-эътиқодини назарда тутмасдан туриб, унинг зоҳидона фонийликда кечган ҳаётини ва ўз шахсиятини йўқ этар даражада ёлғизликда кечирган муҳаббатини яхлит тушуниш чорасиздир... Бир неча бор тараддудланиб, ҳажга боролмай қолган ниятлари учун каффорат сифатида Алишер Навоий Ҳиротдаги Ансорий қабристонида элу юртга эҳсон бердилар ва Аллоҳ ризоси учун бош вазир бўлсаларда, ана шу қабристонда ўзи ёзгани каби «жарубкашлик» (супурувчилик, фаррошлик) қилдилар ва тоат-ибодат билан машғул бўлдилар. Бугун супурги тутган бош вазирни бир кўз олдингизга келтиринг!
***
Ижододкор учун илҳом керак, айниқса бадиий ижод илҳом билан ёзилиши керак. Бу тушунча ўз ичига кўп нарсани қамраб олади, менингча: илҳом онида жидду жаҳд, ҳис-ҳаяжон, дард, изтироб, ижобий бир ғазаб ва илму ишқ бўлмоғи керак.
***
Адабиётнинг илоҳийлиги – унинг эзгулиги, ҳаққа, ҳақиқатга ва ҳаёга ирода этилганлигидир.
***
Ижод – индивидуал, хос жараёндир. Шеър ёзаётган ёки бошқа бир асар яратаётган инсон қўлидаги қоғозу қалами билан Аллоҳнинг қошида ёлғиз турган кишидир. Адабий ташкилотлар унга асар яратиб беролмайди. Ижодкорга ҳаёт ва турмуш ташвишларини енгишда мадад берилса, бўлди.
***
Адабиётни ривожлантириш учун ижод қилиш керак. Бунга турмушдан ортиб, вақт топиш керак. Умр – ўткинчи, қоладигани – ҳақиқий асарлар. Ўткинчи, дунёвий нарсаларга эмас, боқий нарсаларга - ижодга вақт топиш керак. Вақтни авайлаш керак, чунки омонат бу ҳаёт аслида дувиллаб тўкилаётган қумдай сирғалиб ўтаётган вақтдангина иборатдир.
***
Отам айтиб берган қадимий достон ва ривоятларда ҳар гал подшоҳ атрофдагилардан бир нарса сўраса, аҳли аёнлар, итоатдагилар: “Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, бир гап айтаман...” – дердилар. Бугун ўйлаб қарасам, бу ҳақиқатни айтишим мумкин, фақат қонимни тўкмасангиз, ростини гапирганим ўз бошимга бало бўлмасайди, дегани экан.
***
Мамлакатда сўз эркинлиги ҳақида минглаб гаплар айтилиши, том-том қонунлар қабул қилиниши мумкин, лекин ростини ёзган бир одам ноҳақ жабрланса, одамларнинг кўз ўнгида ҳам, журналистларнинг кўз ўнгида ҳам шу тақдир туради ва улар жимликка чўкадилар.
***
Матбуотнинг бугун учта йўналиши бор – хабардор қилиш, муҳокама ва мушоҳада қилиш орқали фикрловчи, маънавиятли, маърифатли, масъулиятли инсонни тарбиялаш ҳамда одамларнинг кўнглини чоғлаш – биринчисини энди бошлаяпти, иккинчисини ўртача ҳолда ва учинчиси ривожланиб кетди.
***
Бир куни халқаро бир анжуманда ўзбек журналистлари: “Бизга грант беринглар, биз коррупцияга, мафияга қарши курашамиз”, - деганида, италилик журналист дўстимиз: “Сал пастга тушинглар, мафияни фош этишга оғизларингни гапга жуфтлаганларинг заҳоти ўзларингни бўғизланган ҳолда бирор хандақдан топасиз, коррупцияга қарши гап бошлашингиз билан, омадингиз бўлса, бирор сохта айб билан ўзингизни қамоқхонада кўрасиз, омадингиз бўлмаса, ҳаётингизга нуқта қўядилар... Яхшиси, коммунал хўжалик камчиликлари, иссиқ-совуқ сув ва газ муаммосидан бошлаб кўринглар”, - деди. Танқид осон эмас.
***
Афсуски, давлат муассислигидаги нашрлар ҳали кибру ҳаво билан: “Биз жиддий ҳукумат газетасимиз ёки давлат телекомпаниясимиз, биз олди-қочди гапларни чиқармаймиз, деб, ҳали ҳам мақтовни авжига чиқармоқдалар. Чунки уларнинг обунасини таъминлаб берган идоралар мақтаб беришларини истайди. Мажбурий обуна камайгач, бу газеталар сал дадиллашади.
***
Биласизки, глобаллашув асри дунё халқларини бир-бирига яқинлаштиргани баробарида жиноятчи ва коррупционерларни ҳам глобаллаштирди. Дейлик, бир давлатдаги, масалан, Ўзбекистондаги порахўр, коррупционер топган ҳаром пулларига Швейцария ва Англиядан уй сотиб олади, Малтада ва Дубайда офшор зоналарига пул жойлаштиради. Англияда фирма очади, пулни аввал у ерга ҳайдайди ва кейин “тендер”да ютган “хорижлик сармоядор” сифатида ўз юртидаги завод-фабрикаларни сотиб ола бошлайди. Буни фош қилмоқчи бўлган ўзбек журналисти мамлакатма-мамлакат юриб, бу жиноятларни очишга вақти, имкони ва маблағи бўлмайди. Шунинг учун журналистларнинг коррупцияга қарши давлатлараро уюшмалари, текширувчи гуруҳлари ташкил топди.
***
Шарқ матбуоти (“шарқона” ва “ғарбона” ажратишларимиз шартлидир, албатта) кўпинча эзгу ишларни ахтаради, ижобий томонларни топиб, мақтаб туради, яъни: “Яхшилик кўпроқ бўлсин!” ғарб матбуоти асосан негатив излайди, иллатларни топиб, фош қилади, яъни: “Ёмонлик камроқ бўлсин!” Иккиси ҳам тамойил сифатида тўғридир. Сир-синоат шундаки, ғарб матбуоти самаралироқ, чунки эзгулик мақтовга муҳтож эмас, ёвузлик эса доимий назорат остида бўлиши керак.
***
Иссиқ-совуқ сув муаммосини ёки қайнона-келин муаммосини ёзиш даражасида турган, ҳали катта муаммоларни кўндаланг қўйишга юраги дов бермаётган журналистикамизни кўтаришнинг қатор йўллари бор – булар ОАВ ҳуқуқий асосларини чинакам такомиллаштириш, қонунларни амал қилишига эришиш, мустақил ва ҳалол суд тизимини барпо этиш, ОАВ бизнесидаги чекловларни либераллаштириш, халқаро ташкилотларни Ўзбекистонга қайтариш, сўз эркинлиги билан бирга сўз айтганларнинг эркинлигини ҳимоя қилиш лозимдир. Энг муҳими сиёсий ирода керак.
***
Шундай бир ҳикмат бор: “Машинани ичига ўтириб, бошқариш учун тажрибали ҳайдовчи керак, лекин машинанинг ичига ўтириб, бошқармасдан туриб, тажриба орттириш мумкин эмас”. Демократия ҳам шундай. Уни жорий этмасдан туриб, унинг қулай эмаслигидан нолишади.
***
Сиз орзу қилаётган демократик матбуот жамиятдаги камчиликларни аёвсиз тагқид қилади, лекин бу шунчаки фидойилик эмас. У халқ ғамини ҳам бекорга емайди, албатта. Зеро, у ҳақиқатни ёзмаса, машҳур газета чиқаролмайди, ўқувчисини кўпайтиролмайди. Ўқувчиси кўпаймаса, кўп тиражда чоп этилмаса, ҳеч ким реклама бермайди. Реклама беришмаса, молиявий аҳволи оғирлашади, инқирозга учрайди, тўхтаб қолади. Ғарб матбуотидаги иқтисодий рақобат мухбирлар ва ноширларни керак бўлса ҳар бир газетхон учун курашишга мажбур қилади. Курашнинг бирдан-бир йўли эса ҳақиқатни ёзишдир.
***
Демократик жамият шароитида газета ўқувчисига жуда қаттиқ боғланган, уни йўқотишдан қўрқади, унинг эътибори ва меҳр-муҳаббатини қадрлайди. Биз эса ўқувчининг эмас, муассиснинг, давлатнинг, ҳомийнинг қош-қовоғига қараймиз.
***
Менинг назаримда, матбуотни демократиклаштириш жамиятни демократиклаштириш билан чамбарчас боғлиқ жараёндир, яъни тоталитар жамиятда демократик матбуот бўлолмайди, худди шунингдек, демократик жамиятда матбуот ибтидоий қолишининг иложи йўқ.
***
Албатта, бизни кўп замонлар оёққа қалқитган нарса ижтимоий дард эди, миллий дард эди. Эзилган халқнинг дарди эди. Қалбдан чиққан сўз қалбларга боради. Тилнинг учидан чиққан ҳиссиз сўз қулоқдан нарига ўтмайди. Бугун технократлар замони ва юксак технологиялар асри. Қалбга, дардга ўрин йўқдай. Алберт Эйнштейн келажакни кўргандай башорат қилганди: “Ҳали юксак технологиялар даври келади ва тентаклар авлоди пайдо бўлади”.
***
Бугун ҳам “дардли журналистика” бор, лекин бу юрт дарди, дин дарди, халқ дарди эмас. Бу маиший дардлар журналистикасидир. Лотин Америкаси ё ҳинд сериалларига монанд журналистикадир. Мен дадил, ўктам, юрт ва миллат эгаси бўлган журналистика тарафдориман.
***
А. Лихтенберг: «Камчиликларимизни билиб олсак, улар бизга бошқа зиён келтиролмайди», - деганди. Демократик тузумда давлат бошқарувидан жамоатчилик бошқаруви муҳимроқдир. Кучли давлатдан кучли жамият сари ҳаракатланаётган мамлакатимиз учун бу жуда аҳамиятлидир.
***
Шуни айтиш керакки, ҳеч қайси ҳокимият оммавий ахборот воситаларини яхши кўрмайди – буни орзу ҳам қилмаслик керак. Тоталитар ҳукумат матбуотни жиловлашга, бўғишга уринади. Демократик ҳукумат ҳам масс-медиани севмайди, аммо у оммавий ахборот воситаларига «чидайди», сабр-тоқатли муносабатда бўлади.
***
Иқтисодий бақувват нашр «ҳомий»ларга муҳтож бўлмайди, ҳеч бўлмаганда аҳолининг ўртача синфлари даражасида маош оладиган журналист ҳам турли-туман «совға-салом», «миннатдорчилик», «ҳомийлик» ниқобидаги – поралардан, текин «меҳмонгарчилик»лардан, буюртма мақолалардан ўзини тортади, холис ахборот тарқатувчига айланади, жамиятга ҳалол ва холис хизмат қилади ҳамда бу ҳақда баралла айтишдан қўрқмайди.
***
Халқда: “Қўлга тушган — ўғри”, — деган кинояомиз гап ҳам юради. Мен бунга қарши ўлароқ, бир шеъримда “Ҳеч ким билмаса ҳам уятдир ёлғон” – деб ёзган ерим бор. Жиноят, ўғирлик “силлиқ кечаётганда” ҳам, ҳеч ким билмаганда ҳам жиноятдир. Эл кўрмайди, аммо сезади, деган нақл бор. Босар-тусарини билмай қолади айбдор. Азалнинг жазоси муқаррардир.
***
Инсоннинг тақдири азалдан белгиланган бўлса, унинг жиноятчи бўлиши ҳам азалдан экан, нега у жавобгар бўлиши керак, дегувчилар ҳам бор. Бунинг ҳикмати бошқачадир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини азалдан билади. Ўша ҳодисалар ва нарсалар Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келади. Аллоҳнинг илми чегарасиз, Аллоҳ иродаси шомил ва қудрати комилдир. Тақдир, яъни қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳнинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.
***
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолидан тортиб, ўз фалакида ҳаракат қилаётган сайёраларгача билади. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса ғойиб бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир заррани ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради. Шунингдек, Аллоҳ таоло қиёматгача нима бўлишини ҳам билади. Агар бу нарсаларни билмаса, У Зотнинг сифати камолиясига нуқсон етган бўлади. Бунда жоҳил кишилар ўйлаганидек, Аллоҳ томонидан бандани мажбур қилиш йўқ. Балки Аллоҳ таоло томонидан банда нима қилишини олдиндан билиш бор. Чунки Аллоҳнинг илми чегара билмасдир.
***
“Ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан, Унинг халқ қилиши билан бўлади-ку. У ҳолда бандага нима қолади?» деган саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади: Биринчи қисм — дунёдаги инсоннинг дахли йўқ нарсалари. Дунёда бир хил ишлар борки, бу ишларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмас, гавдасининг турлича, мижозининг ҳар хил бўлиши, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, ота-онанинг ким бўлиши, ўзининг эркак ёки аёллиги, наслдан-наслга ўтадиган баъзи сифатлари ҳамда шунга ўхшаш бир қанча хусусиятлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга, жиноятларга инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўз майли, ақли, хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Инсон ишни амалга ошириш учун йўналиши туфайли ирода ва ихтиёр эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу иродаси ва ихтиёри учун жавобгар бўлади.
***
Озгина борига қаноат қилиб, шукр айтган киши энг катта бойдир, олам-олам бойлиги бўла туриб, яна етмаяпти, деб тамшанган кимса энг қашшоқ одамдир. Озодлик, эркинлик қадрига етиш керак. Инсон кексаликда ёшликнинг қадрини, касал бўлганда соғлиқнинг қадрини билгани каби, озодликдан маҳрум бўлганда озодликнинг қадрини билади.
***
Яқинда қамоқдан чиққан бир ёзувчи идорамизга келиб қолди, меҳнат дафтарчасини тиклаш иши билан юрган экан. У бизнинг суҳбатдошларимизга қараб: “Мана шу ўтиришларингизда қанчалар бахтлисизлар, билмайсизлар-да, укалар”, — деб юборди.
***
Баъзан била туриб, баъзан эҳтиросда, ғазабда қилинади жиноятлар. Баъзи ҳаракатларнинг сабаблари ўн-йигирма йиллаб етилиб келади. Баъзан шундай вазият тўсатдан юзага келади. Аммо инсонликнинг шарафи ҳам, масъулияти ҳам онгли бўлишда, ўзини бошқара олишда, ҳамиша инсонийлик маснадидан туриб ҳаракат қилишда.
***
“Ҳозирги кун журналистлари” ибораси ўз ичига давлат нашрларининг ҳали ҳам ҳадиксираб турган ходимларини, нодавлат нашрларининг шов-шувли сариқ матбуоти ходимларини, чинакамига ҳақ сўзни ёзаётган ва бу учун жаво чекаётганларни, бошқа ОАВлардан бир қадар олдинга кетган интернет сайтлари журналистларини, ҳақиқатни ёза бошлаган, лекин анча тўпори ва жайдари блогерларни ҳам ўз ичига олади. “Ҳақиқат” истилоҳига келсак, ҳар кимнинг ўз ҳақиқатлари бор. Айрим мавзуларда ҳақиқат айтилмоқда, айрим мавзуларда чала ҳақиқат айтилмоқда, айрим мавзулар эса четлаб ўтилмоқда.
***
Матбуотнинг вазифаси камчиликларни топиш, танқид қилиш, мунозара очиш ва ечимларини излашдир. Ҳукуматга ҳам, жамиятга ҳам, халққа ҳам журналистиканинг ёрдами ва вазифаси танқиддир.
***
Фақат ҳақиқатни ёзиш ва айтиш билан ўқувчи ва тингловчини қайтариш мумкин. Бунинг учун рост сўзлашга жасорат, ўқувчи учун қизиқарди ва саводли етказиш учун маҳорат ҳамда золимга нафрат ва мазлумга мурувват берадиган умуминсоний бир маснаддан ёзишга, одамзодга шафқату заифларга меҳр позициясида бўлишга етарли маърифат лозим.
***
Оммавий ахборот воситаларининг ҳукмронлиги – уларнинг жамоатчилик фикрини қанчалар ифодалашига ва унга ўтказа оладиган таъсирига, жамаотчилик назоратини амалга ошира олганига боғлиқдир. Зеро, депутатлар ана шу фикрга кўра сайланади, ижро ҳокимияти жамоатчилик фикри орқали назорат қилинади, суд ҳокимияти холислиги, эркинлиги судловнинг ошкоралиги орқали намоён бўлади. Матбуот – ҳокимиятларга кўз-қулоқдир, халқнинг назаридир ва давлат ҳамда халқ орасида бир кўприкдир.
***
“Хирадманд чин сўздин ўзгани демас” деган Навоий мисраси матбуотнинг шиори бўлса арзийди (Журналист чин сўздин ўзгани демас) – ОАВ чин сўзни айтиши керак, ёлғон ёзмаслиги керак. Зеро, Ҳазрат Навоийнинг “Чин сўз деёлмасанг, ёлғон дема дағи” – деган ўгитлари ҳам бордир.
***
Пушкин: “Шоир халққа ҳам, ҳукуматга ёқишга ҳаракат қилмаслиги керак. Иккисининг зулми ҳам бир хил”, - дегандир. Шоир ва журналист шоҳга ҳам, халққа ҳам эмас, ҳақиқатга хизмат қилиши керак.
***
Сиёсат ва виждон. Бу икки тушунчани қарама-қарши қўймаслик керак. Виждонни сиёсатга мослаш эмас, сиёсатни виждонли қилиш керак. Буюкларимиз айтгани каби, ё адолатни кучли қилиш, ё кучни адолатли қилиш керак. Адолатни кучли қилолмаган одамлар, кучни адолатли деб қабул қилишга ўрганадилар. Адолатсиз куч - бу зўравонликдир. Кучсиз адолат эса – қурбонликдир.
***
Румий: “Шундай инсонлар кўрдим, усти йиртиқ-ямоқ, тўни йўқ. Шундай тўнлар кўрдим – ҳашаматли, аммо ичида одами йўқ”, - деганлар. Авваллари “бир ёқадан бош чиқарайлик”, деган жумлалар ҳам бўларди. Ижтимоий фикрда фикр эркинлиги учун майдон керак. Инсон хато қилиб қўйишдан, жазоланишдан қўрқмай, фикрлай олиши шарт.
***
Матбуотнинг халққа энг зарур ва улуғ хизмати ростини ёзишидир. Матбуотнинг энг зарарли ва халққа офат келтирадиган иши – маддоҳликдир.
***
Мақтов самарасиз нарсадир, лаганбардорлик шахсга сиғинишга, аста-секин жамиятни эзаётган муаммоларнинг хаспўшланишига, “ютуқларни кўролмаётганлар”ни излашга ва қатағонларга олиб борадиган йўлдир. Ҳаққоний танқид эса жамият ва иқтисоддаги камчиликларни кўрсатадиган, муҳокама қиладиган, ечимларини топадиган ва фаровонликка олиб борадиган йўлдир. Демократик давлатларнинг фаровонлиги асосида сўз эркинлиги ётади.
***
Бизда “ҳоким” сўзи ноўрин қўлланган деб ўйлайман. Чунки унинг негизи “ҳукм” сўзидан келади ва “ҳукмдор” деганидир, ҳукм эгаси эса подшоҳдир. Биздаги ҳокимларни вилоят ёки туман “маъмурияти бошлиғи” дейилса, етарлидир.
***
Қонунни парламент чиқаради, унга риоя қилинмаса суд ҳокимияти ҳукм чиқаради. Бизнинг ҳокимлар бор-йўғи ижро этувчи ҳокимиятнинг ўрта ва қуйи бўғини, холос. Аммо улар ўзларини ҳукмдор каби тутмоқдалар. Ўзларига мақбул келмаган одамни “олиб бор, қамоққа тиқиб қўй” деб юбормоқдалар ва гоҳида ҳуқуқ-тартибот идоралари қонунга эмас, уларнинг буйруғига бўйсуняпти ҳам. Энди прокурор ёки суд қўрққан ҳокимдан журналист ҳам қўрқади-да... Бунга чек қўйиш керак.
***
Умуминсоний қадриятлар – инсон ҳуқуқлари устуворлиги, инсон ҳаёти, соғлиғи азизлигидир, ҳеч кимни ўлдирма, ўғирлик қилма, адолатли бўл, деган талаблардир. Эътиқодимизнинг ҳам талаблари шудир. Инсон – дунёнинг гултожидир, дейди халқаро ҳуқуқ. Динимизда ҳам инсонни мукаррам қилиб яратдик, дейилади. Шунинг учун журналист ё блогер ҳам ҳақиқатни ёзиши, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини эъзозлаши керак. Бу қийин эмас.
***
Ёлғон ёзиш қийин, чунки оқни қора эканига ўқувчини ишонтириш катта санъатни талаб қилади. Рост гапириш учун санъат эмас, жасорат керак.
***
“Маддоҳлик” сўзини эшитсам, аввало ёдимга “мадҳия” сўзи, Давлат мадҳияси келади, кейин уларнинг ўзаги бўлган – “ҳамд”, сўнг Аллоҳга ҳамд айтувчи маъносидаги “Муҳаммад” (боқий дунёда – “Аҳмад”) каломлари тушади. Асли мадҳ Аллоҳга айтилади. Ердагиларга эмас, ердагилар мақтовни кўтариши осон эмас.
***
Мақтовни ҳаёт тарзига айлантириш – уят, уни яна касбга айлантириш ва маошу мол-дунё топиш умуман шармандаликдир.
***
Журналистка ва адабиёт – ҳақ сўзнинг маконидир, журналистика буни – бевосита, адабиёт эса билвосита, образ ва тимсоллар, метафоралар ва истиоралар орқали амалга оширади.
***
Ёшларга тилагимиз – сергак бўлсинлар, кўпроқ ўқисинлар ва фикрласинлар, шунда рост ва ёлғонни ажратиб оладилар. Кимга эргашишларидан кўра, кўпроқ эътиқодлари, виждон ва иймонлари муҳимроқдир.
***
Ҳеч кимда: “Ҳали ҳаммаси орқага кетади, рост сўзласанг – балога қоласан, жим юрган – ўсади”, - деган фикр бўлмаслиги керак.