Банкка қайтарилган пуллар


     Яхшиликнинг формуласи, қонун-қоидаси йўқ, яхшиликнинг катта-кичиги, қолипи, шакли-шамойили, ранги ёки таъми бўлмайди. Аммо яхшиликнинг таърифига сўз топиш қийин. Яхшилик – барча молу давлатдан устун, ҳеч нарсага алмашиб, ҳеч қайси тарозида ўлчаб бўлмайдиган инсонийлик фазилати, кўнгил мулки. Оддий ­­­–  қилиб айтганда, кексайиб ёлғиз яшаётган қўшнингизга чиқарган бир коса овқатингиз, адашиб қолиб йиғлаётган жажжи қизалоқнинг ота-онасини топиш учун барча ишингизни йиғиштириб қўйиб, хавотир билан югуришингиз, қишлоқдаги қўшни холанинг келинини вақт алламаҳаллигига қарамасдан машинангизда туғуруқхонага олиб боришингиз… Кимгадир нон, кимгадир қон, кимгадир жон беришингиз, ҳеч бир миннатсиз муҳтожларга меҳр улашишингиз, мискинларга қилган хайру саховатингиз. Буларнинг бари яхшилик.

Виждон – мингта гувоҳ

     Кимлардир иймон, инсоф ва виждон ҳақида соатлаб гапириши, узундан узоқ маърузалар қилиши, аммо ўз сўзига ўзи амал қилмаслиги, ўзи бу борада бирор кишига ўрнак бўла олмаслиги мумкин. Кимдир виждону инсоф ҳақида жар солишни билмайди, лекин айнан ана шу иймон билан нафас олади, инсоф билан қадам босади.
     Ана шундай фазилатлар жуда ноёб бўлиб қолган бугунги даврда бундай инсофли одамларни юрагингга яқин оласан, улар билан фахрланасан. Бугунги қаҳрамонимиз ана шундай инсонлардан бири. Бу ҳақида ёзмаслик инсофдан эмас…
    Жасур таҳририятимизнинг энг ёш, аммо истеъдодли ходими. У талабалигидаёқ таҳририятда ўз ўрнини топган, медиа оламининг ютуқлари, сир-асрорлари ҳақида китоб ёзган, журналистиканинг нонини ҳалол меҳнати билан топаётган қизил дипломли йигит.
     Бу воқеа шу йилнинг ёзида содир бўлганди. Ҳаёт ҳаммамизни ҳар хил йўл билан имтиҳон қилади. Жасурнинг “имтиҳони”, албатта, инсофга дахлдор. Аллоҳ нимага заруратинг, муҳтожлигинг бўлса ўша билан сени имтиҳон қилади, дейишади. Бу бир тасодифий сўз ёки оддий синов эмас. Бу ҳақ гап! Негаки, уй олиш, тўй қилиш ташвишлари ўзбекнинг энг оғир ташвиши ҳисобланади. Шундай ташвишлар билан тиним билмай ишлаётган йигитимизни Аллоҳ пул билан синашига нима дейсиз?
    Тўй харажатлари учун машинасини сотиб, банкдан миллий валютамизни чет эл валютасига айлантириб, хонасига келган ҳамкасбимиз пулларни қайта санаб кўриб, ғалати ҳолатга тушди.
– 1 минг 300 АҚШ доллари ортиқча чиқаяпти опа, – деб ёнимга келганида ҳазиллашаяпти деб ўйладим. Кейин қайта саналгач, ҳақиқатан ҳам банк ходими санашда адашганлиги аён бўлди.
    Эътиборсизликми ёки бошқа бирор сабабми, хуллас, банкир адашганини ҳатто билмайди ҳам. Билса, таҳликага тушиб, унга аллақачон қўнғироқ қилган бўларди.
     Виждон – мингта гувоҳ дейишади. Унинг ҳам виждондан бошқа гувоҳи йўқ эди. Бировнинг ҳаққи бировга ҳеч қачон буюрмаслигини Жасур жуда яхши биларди. Пулни қайтариш учун банкка югурди. Қўлига тутқазилган бир даста долларни кўрган банк ходими эса боягина банкдан чет эл валютасини олиб кетган йигитни таниб, унга: “Нима бўлди, орасида эски купюралар бормикан, айтинг, алмаштириб бераман”, деб унга савол бера бошлади. Унинг “Опа-а-а, ортиқча ҳисобланган валютани қайтариб келдим, бундан кейин эътиборлироқ бўлинг, бунақада…”, деган гапларини эшитиб, тили гапга айланмай, йиғлаб юборди.
    Одамлар бир-бирининг оғзидаги ошни тортиб олишдан ҳам тап тортмайдиган бугунги замонда бу каби ҳолатлар ноёблигини яхши биласиз.
    Ўша куни ишдан қайтгач, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровнинг ёшлар иштирок этаётган бир танлов тафсилотлари атрофидаги аччиқ мулоҳазали видеомурожаатини кўриб, ўйланиб қолдим.
    Чунки қайсидир танловда ғолиб бўлиш илинжида ўзини зўр юлдузман, халқаро мукофотлар эгасиман, (мақтанмагани фақат Нобель мукофоти қолган холос) дунёнинг ўнлаб давлатларида маърузаларим билан иштирок этганман, деб сохта ҳужжатлар тўлдирган ёки аллақандай арзимас танловда ўрин оламан, деб пулга лайк сотиб олиб, ғолиблик шоҳсупасини “эгаллаган” юзи қизармайдиган, виждонсиз, бетамиз ёшлар кўз ўнгимда гавдаланди. Ўзбекистонга мингта бундай юзи ялтироқ, ичи қалтироқ шуҳратпараст, ёлғончи ёшлардан кўра, битта Жасурга ўхшаган ҳалол йўлни танлаган асл ёшлар афзаллигига амин бўлдим.

Ўқувчини имтиҳонга эмас, ҳаётга тайёрлаш керак!

    Ўлмас тарих гувоҳ. Салтанат ҳукмдорининг вазири бўлган улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий катта амалдор бўлишига қарамасдан халқ дарди билан яшаган, ўз маблағи ҳисобидан кўплаб мадраса ва мактаблар, шифохоналар, кутубхоналар, турли иншоотлар қурдирган буюк зот. Илм ва маърифат чироғи билан халқнинг қалбини, йўлини ёритган бобокалонимизнинг тафаккури мангуликка дахлдор.
     Негадир хаёлимизга беихтиёр “Бизнинг вазирлар-чи?”, деган савол келади. Улар ўз маблағлари ҳисобидан халқ учун нимадир қурдиргани ҳақида мисоллар излай бошлаймиз… Албатта, энг қиммат мактаблар, нарху навоси осмонга кўтарилган тижорат боғчалари айрим вазиру ҳокимларнинг мулки эканлигига асло шубҳамиз йўқ. Булар эса “халққа яхшилик қилиш” деб айтишга арзимайди. Чунки оддий халқнинг фарзанди минг марта орзу қилса ҳам, на бу болалар боғчасига ва на бу ҳашаматли мактабларга яқинлаша олмайди. Биз эса таълимга Финляндия тажрибасини қўллаймиз, деб ўзимизни алдаганимиз – алдаган. Финларда шаҳар ва қишлоқ мактабларининг барчаси бир хилда эканлигидан, улар ўқувчиларни ёдлашга эмас, фикрлашга ўргатадиган ўқитиш методикасини қўллаётганидан, ўқувчиларни имтиҳонга эмас, ҳаётга тайёрлашни асосий мақсадга айлантирганлигидан хабари бормикан, таълимдаги мутасаддиларнинг?
    Бош қомусимизнинг 41-моддасида белгилаб қўйилган “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” деган кафолатлар қаерда қолди? Таълим ва тарбиянинг қуроли пул эмас, билим ва тафаккур бўлмоғи лозим эмасмиди?!

“Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур…”

    …Ҳозир бизда яхшиликлар тоифаси, индекси анча ўзгарди. Қўштирноқ ичидаги яхшиликлар кўпайиб кетганига барчамиз гувоҳмиз. Бахтсиз ҳодисалардан, ҳалокатлардан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган тоифалар ҳам гўёки ўзини бировга яхшилик қилаётгандек кўрсатаётгани ортиқча.
    Масалан, банкдан кредит олиб бериш учун “яхшилик” қилиш, касалхонага ётқизиш учун бош шифокор билан ўртангизда қалқон бўлиб турган “яхшилик”, исмини хатосиз ёза олмайдиган эркатойингизни олий ўқув юртига киритиб қўйиш учун қилинаётган “яхшилик”лар, болангизни болалар боғчасига, ўғлингиз ёки қизингизни айтган мактабингизга жойлаб қўядиган “яхшилик”, “Темир йўллар”га, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га, оддий йўлларга боғланган, чўнтакларга қўл чўзган “яхшилик”лар борки, бирортасида виждон тарозуси йўқ. Хуллас, қайси бирини айтайлик?
     Шифокорларнинг мана бу “яхшилиги” эса эшитган одамни ҳануз даҳшатга солади. Бундан бир неча йил аввал Навоий вилоят перинатал марказида тирик туғилган чақалоқни ваҳшийларча ўлдирган шифокорларнинг саёқ юриб никоҳсиз она бўлаётган шармисор қизга қилган “яхшилиги”ни эшитиб кўпчилик ларзага келганди. Ожизгина, ҳимояга муҳтож, мурғак чақалоқни матрас остига босиб ўлдириш ва бир қизнинг “шаънини” (аслида орсиз, шаънсиз у) ҳимоя қилаяпмиз, деб баҳона қилиш учун одам ҳайвондан ҳам баттар бўлиши керак. Туғруқ залидан тасвирга туширилган ўша мудҳиш лавҳалар асосида жиноий иш очилиб, айбдорлар тегишли жазосини олган эди, аммо бу дунёни разил ва бешафқат, оқ халатли, қилмиши қора жаллодлар айби билан тарк этган норасида гўдакнинг ноласи Арши Аълони титратиб тургандек… Шифокорларнинг бу “яхшилиги” нафақат ўзларига, балки жамиятга, миллат шаънига ҳам ўчмас доғ бўлиб қолди.
     Алишер Навоий юз карра ҳақ: “Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур…”

Қадриятларни қурбон қилманг!

     Ҳар бир миллатнинг қадриятлари миллий бойлиги ҳисобланади. Қадриятларимиз замирида миллий ғуруримиз, шаънимиз, шарафимиз, керак бўлса, ору номусимиз мужассам. Ҳаётнинг барча тўфонларидан, синовларидан, барча тўсиқларидан ўтган асрий қадриятларимизни юзимизга доғ туширадиган “яхшилик” ниқоби остидаги иллатларга қурбон қилмайлик!

Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот