ОАВ ходимлари фаолиятидаги тақиқлар ва талқинлар
Нилуфар Толибжоновна Умирзакова - Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси, ЎзМТРК “Ўзбекистон” телерадиоканали катта муҳаррири.
СЎЗБОШИ
Мазкур мақолада сўз, матбуот ва фикрлаш эркинлиги Конституциямизда қонунан мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, амалда ҳамиша ҳам шундай эмаслиги ёритилган. Журналистлар Хуршид Дўстмуҳаммад, Эшқобил Шукуров, Хуршид Даврон, Нозима Воҳидова фаолиятлари давомидаги тақиқлар қисман ёритилган. Журналист Муҳаммаджон Обидовнинг фаолияти давомидаги қарашлари акс этган. Нотўғри талқиннинг журналист ҳаётига таъсири мулоҳазага ташланади.
«ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ ФАОЛИЯТИ ДАВОМИДАГИ ТАҚИҚЛАР ВА ТАЛҚИНЛАР»
“Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги – демократиянинг қон айланиш тизимидир, усиз бу тушунчалар фаолият кўрсата олмайди” {1} Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 2020 – йил 3 декабрдаги Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган давра суҳбатида яна шундай деган эди: .., агар ўз вақтида президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шундай ислоҳотлар бошланмаганида, агар бизнинг жамиятимизда сўз, матбуот эркинлиги жорий этилмаганида, пандемия шароитида бизнинг аҳволимиз анча мураккаб бўлар эди. Пандемия бошланмасдан 5 йил, 10 йил, 20 йил аввалги ОАВ ҳодимлари фаолиятига назар ташлаймиз. Замондошларимиз бўлиб, бир даврда фаолият юритган айрим журналистларимиз, устозларимизнинг сўз, матбуот эркинлигига амал қилиб, ўз касби – журналистикада эркин фаолият олиб боришга интилиши қандай натижаларга олиб келганини талқин ва таҳлил қиламиз. Мулоҳазаларимизда атрофимиздаги ҳозир ҳам ижод билан машғул бўлаётган ҳамкасбларимизнинг ўз тилларидан ёзиб олган фикрларини муҳокамага ташлаяпмиз. Зеро, эртанги тарих – бугунги бизнинг ҳаётимиз. Эртанги авлод – бугун бизнинг тўғри сўзимиз, соғлом талқинимиз ва таҳлилимиздан ўтмиш ҳақидаги таассуротга эга бўлади. “Оғзаки тарих – бу инсонлар атрофида қурилган тарих. У тарихни ҳаёт билан тўлдиради ва унинг кўламини кенгайтиради. Бу усул замон қаҳрамонларини нафақат раҳбарлар, балки оддий одамлар орасидан топиш имконини беради. У педагоглар ва талабаларни биргаликда ишлашга ундайди. Бундай услуб тарихни жамиятга табиий сингдириб, умумий мулкка айлантиради.”{2}Пол Томпсоннинг илмий методологик -услубий китоби яқин ўтмишдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни атрофимиздаги соҳа вакилларидан ҳозир билиб олиб олишга, айни дамда ёзиб улгуриб қолишга ва таҳлил-талқинлар асосида фикрлашга, айрим хулосаларга келишга ундайди.
“Ўзбекистон” телевидениесида 1990 йилда урф-одатларимизни тарғиб қилувчи журналист Эшқобил Шукуров муаллифлигидаги “Олтин бешик” номли туркум кўрсатув эфирга узатилар эди. Кўрсатувнинг баҳор ойидаги сони Қашқадарё вилоятидан тасвирга олиниши режалаштирилади. Муаллиф ва бошловчи Э.Шукуров шу юртнинг энг диққатга сазовор жойлари ва эътибордан четда қолаётган асори-атиқаларга урғу беришга ҳаракат қилади. “Мен Қашқадарёга сафарга кетаётганимда Амир Темур бобомизни танқид қилиш ҳақида топшириқ беришган. Термизга келгач, хароб бўлиб ётган обидаларнинг гувоҳи бўлдим. Уларни тиклашга урғу бердим. Шомурод бахши исмли қашқадарёлик юртдошимизни суҳбатга тортдим. Улар отасининг заводи бўлгани учун репрессияга учрашган. Яхши кунлар келяпти деб умид бердим. Кейин суҳбатга бир отахонни олиб келишди. Отахонни босмачиликда айблашгани учун неча ўн йиллар тоққа чиқиб кетиб, қувғинда юрган эканлар. Қишлоғингга ўзга юртдагилар милтиқ кўтариб келса, ҳамқишлоқларингни, ерингни ҳимоя қилсанг, босмачи бўласанми, деган эдилар ўшанда куюниб. Кўрсатув сўнггида топшириққа зид равишда Амир Темур буюклигини мисоллар билан эътироф этганман. Кўрсатув эфирга кетди. Ўша вақтдаги кўрсатувни кўрикдан ўтказган муҳаррир ишдан олинди. Табиийки, мен ҳам.” Ҳозирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукуровнинг ўзидан ёзиб олинган мисол.1990 йилларда биз ҳали собиқ Иттифоқ таркибида эдик. Собиқ Иттифоқ учун Амир Темур босқинчи эди. Ўзгача фикрлаш сиёсатга қарши чиқиш бўлган. Журналистнинг ўз қарашларида содиқ қолиши “Аввал иқтисод, кейин сиёсат”, деган иборани қисман йўққа чиқаради. Ўша вақт 28 ёшдаги оилали, бир нафар фарзанди бор, ижарада яшайдиган журналист Э. Шукуров учун аввал таом бўлганида журналист ватанида содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеаларга объектив эмас, “юқорининг назари” билан қараб, касбига бевафолик қилиб, музлатгичини тўлдириб юраверарди. Бўлажак шифокорларга касбига садоқат билан ёндошиши, қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар ўз бурчини бажариши ҳақида Гиппократ қасамёди айттиришади. Журналист халқнинг бевосита ва билвосита вакили бўлгач, давлат бошқаруви ва аҳоли ўртасидаги қўприк бўлган бу соҳа вакиллари ҳам шу касбни танлаганларида ҳар дақиқа, ҳар куни халқ манфаатлари учун қасамёд қилишлари керак ва аксарият ҳолларда қасамёд қиладилар ҳам. Э. Шукуров эътиқодига содиқ қолди ва ишдан четлатилди. “Қора рўйхат”га тушди. “Қарашлар эътиқодга айланиши учун қалб қийноқларида тобланиб, турмуш сўқмоқларида чархланмоғи керак.”{3}
“Сўз жисм бўстонидаги дарахтдир, сўз руҳ дарахтларидаги мевадир” {4} Қуроли сўз бўлган журналист мавжуд ҳаёт ҳақида сўзловчи ўз асарининг муаллифи экан, касбий этикасидан келиб чиқиб халқ манфаатлари ва давлат ривожи учун объектив фикр фанати бўлмас экан, бу соҳа вакиллари ўз миссияларини тўлиғича адо этмаган бўладилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Э. Шукуровнинг касбий фаолиятига яна мавзу юзасидан назар соламиз, таҳлил қиламиз. Бир маротаба “қора рўйхат”га тушган журналист “тавбасига таянмаган шекилли, ”яна бир бор тақиққа учради. 1998 йил “Ёшлар” телерадиоканалида ижтимоий – сиёсий йўналишдаги, муаллиф ва бошловчи Э. Шукуров бўлган “Бир пиёла чой устида” туркум кўрсатуви 10-сонидан сўнг эфирдан олиб ташланади. Бу соннинг иштирокчиси журналист Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбатда муаллиф томонидан ҳозирги кунда замонамиз қаҳрамонимиз кимлар деган савол ўртага ташланади. Хуршид Дўстмуҳаммад: “Замонамиз қаҳрамони учун замоннинг ўзи тайёр эмас”, деган фикрни айтади. Кўрсатув эфирга кетишидан бир ой аввал Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И. Каримов ўз нутқида замонамиз қаҳрамонларини кўрсатайлик, деган эди. Кўрсатувнинг такрори эфирга узатилгач, Президент кўрди, жаҳли чиқди деган асос билан лойиҳа тўхтатилади. Э. Шукуров ва Х. Дўстмуҳаммад ишдан олинадилар. Бу айрим давлат маслаҳатчиларининг норасмий буйруқлари деган мулоҳазамиз бор. Чунки, “Ёшлар” телерадиоканалининг биринчи директори (1998-2005 йиллар), “Ўзбекистон” телерадиоканалининг собиқ директори (2005-2010 йиллар), Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон: “20 йилга яқин вақт мобайнида телевидениеда раҳбар бўлиб ишлаганимда, Ўзбекистон телевидениесида чиқармаслик ҳақида, Рауф Парфи, Шароф Бошбековдек талантли драматургларимизни... буни ҳамма билмайди, директорлар билар эди. Қоғоздаги рўйхат бор. Биламан. Доим талаб қилганман, рўйхат беришларини. Буюк устозларимиз Эркин Воҳидов, Бегали Қосимовлар ҳам бир вақтлар тақиққа тушишган. Сўрасангиз жавоб ололмайсиз. Буларнинг кўпини биринчи Президент номи билан боғлашади. Ҳаммаси шундай эмас. Жуда кўпи пастда турадиган давлат маслаҳатчиларининг ўзининг истакларидан келиб чиққан. Анекдот бўладиган гаплар бўлади. Масалан, Замира Суюнова чиқарилмасин. Дарров сўрамаганман. Ўша заҳоти ҳеч ким жавоб бермайди. Шундай бўладики, биринчи Президент дуторчи қизлар ансамблини кўради. “Буларни яхшилаб кийинтиринглар, зўр нарсалар олиб беринглар, янада кучайтиринглар, зўр қилинглар”, дейди. “Пастдагилар”, шу нарсаларни биздан сўрамасин деб... шунга ўхшаш бўлади. Узоқ йиллик тажрибамдан айтаман, қарийб 80 фоиз ўша ерда ишлайдиган одамлар ўз тинчлигини кўзлаб... ёки бир-бирига душманлик бор” {5}. Суҳбат давомида Хуршид Даврон ўзи ҳам бир муддат тақиққа учрагани, бунинг сабабини эса МТРК даги қайсидир раҳбарни танқидга олгани сабаб бўлса керак, дея тахмин қилади. Тақиққа учраган актёр, олим, журналист баъзан йиллар давомида ўзи сабабини билолмайди. Айнан Хуршид Даврон раҳбарлик вақтида “Ўзбекистон” телерадиоканалида катта муҳаррир лавозимида ишлайдиган журналист Нозима Воҳидова 5 йил мобайнида кадрга чиқиши тақиқланади. Хуршид Даврон сабаби бор, сўраманг, дейди. Раҳбар ҳам, ҳамкасблар ҳам қатордаги журналистнинг ҳолатига бефарқ бўладилар. Журналистнинг саломатлиги руҳий зўриқишлар оқибатида издан чиқади. Ишчанлик коэффиценти пасаяди. Атрофидаги ҳар бир вазиятга чўчиб қарай бошлайди. Журналист учун энг муҳим жиҳатлардан бири - далиллик уни бир муддат тарк этади. Н. Воҳидова йиллар давомида бунинг сабабини топишга интилади, суриштиради. Айтишларига қараганда, қайсидир раҳбарнинг аёлига кадрдаги кўринишлари ёки овози ёки саволлари ёқмай қолибди. Биргина мисол орқасида гоҳи 10 нафар, 100 нафар журналист туриши мумкин. Айрим “юқоридагилар”, қайсидир амалдорнинг турмуш ўртоғи ОАВ ходимлари, катта бир армияни ташкил қилувчи тўртинчи ҳокимият вакиллари бирлашиб, масаланинг тубига етмаслигини билади. Агар билса, субъектив сабаблар туфайли истаганини эфирдан, рўйхатлардан олдириб ташламайди. Айрим давлат маслаҳатчилари Биринчи Шахснинг фикрларини ўйлаб талқин қиладилар.
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм. “Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” – деди. У (Ҳизр) айтди: “Аниқки, сен мен билан бирга (илм муаммоларига) сабр қила олмайсан. (Зотан) ўзинг эгаллаб хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?! ” (Мусо) деди: “Иншоаллоҳ, сен менинг сабрли эканимни кўрўрсан. Мен бирор ишда сенга итоатсизлик қилмасман”. У (Ҳизр) айтди: “Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча, бирон нарса ҳақтда мендан сўрамагин!” Бас, иккиси йўлга тушдилар. Бориб бир кемага минишлари билан (Ҳизр кемани) тешиб қўйди. (Мусо) айтди: “Одамларни ғарқ қилиш учун уни тешдингми?! Жуда ножўя иш қилдингку!”У (Ҳизр) айтди: “Мен билан бирга сабр қилишга сира тоқатинг етмайди, демаганмидим?!” (Мусо) айтди: “Унутганим учун мени азобламагин ва бу ишим сабабли мени машаққатга дучор ҳам қилмагин!”{6} Сўнгра Мусо ва Ҳизр алайҳиссаломларнинг саёҳатлари давом этади. Йўлда Ҳизр бир болакайни қатл этади, йиқилай деган деворни тиклаб қўйди. Мусо пайғамбар яна сабрсизлик ила Ҳизр алайҳиссаломни танқид қилади. Уч мисолдан сўнг Ҳизр алайҳиссаом Мусо пайғамбарнинг сабрсизлиги учун саёҳатни бирга давом эттира олмаймиз деб, уч воқеадаги ҳолатларни барчасини ҳикмат учун содир этганларини асослайди. Агар Ҳизр алайҳиссалом тушунтириб бермаганида, Мусо пайғамбар талқинида ёвузлик ва нохақлик содир бўлаётган эди.
Мамлакатда рўй бераётган воқеалар халқимиз учун баъзан аслича етиб бормаётган бўлса, бу - биз журналистларнинг камчилиги, хатоси. Биз талқинни очиб беришимиз, етарли далиллар билан дадил ёритишимиз шарт.
“Ўзбекистонда цензура бекор қилинган бўлса-да, 2005 -йиллардан юқори мартабали маъмурлар ҳамда бош муҳаррирларга ички цензура кучайди. Матбуотда танқидий, таҳлилий мақолалар, журналист суриштируви жанри аста-секин камайиб бораверди. Шу йилларда журналистлар ўткир мавзудаги мақолаларни чоп этишдаги раҳбарларнинг эҳтиёткорлигига учрайвергач, ўзлари ҳам муаммоларни четлаб ўтадиган бўлдилар. Фақат 2017 йилдан матбуотимиз яна жонланди.”{7} Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов ижтимоий тармоқдаги суҳбатлардан бирида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И. Каримов ҳақида шундай фикрлар билдирган: “Ислом Каримов хориж радиолари, айрим “ҳуқуқ ҳимоячилари” тасвирлагандек асло худбин раҳбар эмас эди. Тўғри, қабул қилган қарорини муҳокама этишларини ёқтирмас эди. Лекин унгача сизни тинглаш, фикр айтсангиз уни муҳокама қилишга хайрихоҳлиги бўлган.” Раҳбарнинг сўзи объектив талқин қилинмас экан, раҳбарга фикр объектив талқинда етказилмас экан, эл дардида ёниб холис фикрлайдиган журналистлар тақиққа учраши табиий. Дўппини ол деса, бошни олиш керак экан деган хулоса яшашда давом этади.
“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чекловлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.”{8} Шукрки, мустақилмиз. Эркимиз қўлимизда. Сўз ва фикр эркинлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Журналист Конституциядаги барча боблар, моддалар амалда ишлаши учун сўз орқали, қалам орқали курашмоқда, фикрламоқда. Муҳокамага ташлаган мулоҳазалари Конституцияга эмас, айрим амалдорларнинг шахсий қарашларига тўғри келмаётгани ёки ёқмаётгани учун тақиққа учрамоқда. Жойи келса, ўзи бехабар нохақ талқин қурбони бўлмоқда.
Журналист – халқ вакили, ҳокимият билан аҳоли ўртасидаги кўприк экан, бу касбни билвосита танлайди. У ҳамиша жамиятдан бир қадам олдинда юрмоғи, вазиятни кўра билмоғи зарур. Консерваторни ҳам либерални ҳам тинглаб, демократияга таяниб таҳлил қилиши, талқин қилиши лозим. Талқин ноўрин бўлгани учун оқим билан сузиб ҳам баъзан тақиққа учрар экан, қарашларида содиқ қолиб, эътиқодига таяниб қалам тебратса, журналистик руҳ озод бўлади. Фаолияти давомидаги ўтиб бораётган йиллар олида бошини эгмайди. Тадқиқотларимиз давом этади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати:
1. Сафоев С. газета.uz, 2020 12 03 (15.53 Халқаро пресс-клубнинг давра суҳбатидан)
2. Томпсон П. ГОЛОС ПРОШЛОГО. Устная история. – М.:Весь Мир.2003. 34-с.
3. Алимасов В. Фалсафа ёҳуд фикрлаш чанқоғи. – Т.: Фалсафа ва ҳуқуқ. 2007. 155-б.
4. Навоий А. САБЪАЙИ САЙЁР. Насрий баёни билан. – Т.: Ғафур Ғулом. 1991. 363-б.
5. Даврон Х. Кун.уз сайтига берган интервьюсидан. 2019. 9 февраль.
6. Қуръони Карим. “Каҳф” сураси. (66-73 оятлар) – Т.: Сано-стандарт,
2019. 301-б.
7. Обидов М. Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил. Амалий
қўлланма.- Ф.: Фарғона. 2018. 3-б.
8. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. 7 - боб. 29-модда.