Она тилим десам онамни эслайман
Россияда яшаб рус тилини билмай кўринг – чи! Ёки у ерда иш юритилишини инглиз тилида олиб борилишини, ёинки Туркияда иш юритиш рус тилида бўлишини тасаввур қила оласизми? Мамлакатимизда эса бу ҳолат ҳақида энди фикр юритила бошлашди. Гарчи тилимизга Давлат тили мақоми берилганига 30 йилдан ошган бўлса ҳам. Хайриятки, бу масала кун тартибига қўйилди. Юртимиздаги мутасаддиларга, она тилимизнинг, фидойиларига раҳмат! Мен она тили ҳақида фикр юритганимда ёки бу мавзу билан боғлиқ мақола ўқиганимда кўз олдимга раҳматли онам сиймоси гавдаланади. Улар фидойи олима, ўз она тилининг ҳақиқий куюнчаги эдилар. Уларнинг номзодлик диссертациялари: “Ҳозирги замон ўзбек тили лексикасининг тараққиёти” мавзусида бўлиб, илмий ишларини 70 йилларнинг биринчи ярмида ҳимоя қилган эдилар. Онам 1940,50,60,70 йилларда нашр қилган асарлардан кичик матнларни олиб, ҳар бир сўз тилнинг қайси қатламга тегишли эканлигини ёзиб чиқардилар. Хулоса эса онам учун ўта аянчли бўлар эди. Ҳа, ўз даврида Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг “Тўти” шеърининг ёзилиши бежиз эмас эди. Рус-интериационал сўзлар керак ва керак бўлмаганда ҳам туркий сўзларнинг ўрнини катта тезлик билан эгаллаётган, эди.
Тилимиз ва онажоним хотираси билан боғлиқ 80 йиллар бошида бўлиб ўтган яна бир воқеани ўртоқлашмоқчиман. Онам А.С.Пушкин номидаги Тил ва адабиёт илмий – тадқиқот институтида (номига эътибор беринг: А.С.Пушкин номидаги) кўп йиллар фаолият кўрсатиб, сўнг Маданият институтига ишга ўтадилар. Тасодифни қарангки, 2 йил ишлаганларидан кейин олийгоҳнинг ўзбек тили кафедраси тўсатдан қисқартирилади. Ва бунга битта сабаб кўрсатилади: Москва Маданият институти таркибида рус тили кафедраси йўқлиги. Бутун кафедра ўқитувчилари ишсиз қолгани бир томон бўлса, уларнинг дардини ҳам ҳеч ким эшитмас эди. Шунда онам юқорига чиқиб, ҳамма ўқитувчилар номидан ўз фикрини билдирган эдилар. “Москва билан бизлардаги шароит бир хил эмас. Москва ўқувчилари дарс пайтида ягана, чопиққа, пахта теримига ва яна бошқа ишларга жалб қилинмайди. Афсуски, бизга келадиган мактаб битирувчиларининг кўпчилиги ўз исми – шарифини ҳам тўғри ёза олмайди. Ахир бу ҳаётда ҳеч бир жараён қотиб қолган нарса эмас – ку. Ҳар ерда шароитга кўра билимлар мазмунли берилиши керак. Яна она тилини билмасдан қандай қилиб маданият ходими бўлиш мумкин?
Ҳайриятки, Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган пайтида кўп сўзлар жонланди, тирилди. Сандиққа солиб, “тарихий сўз” тамғасини босиб қўйилган сўзларимиз ҳозирги кунда ўзлашиб барча услубларда фаол қўлланиб келмоқда. Ўша йиллари русийзабон аҳоли ўзбек тилини жон-жаҳди билан ўрганишга бел боғлаганидан ва бу борада она тилимизни анча пухта ўзлаштираётганлар сафи кенгайганидан ҳаммамиз хурсанд эдик. ОТМ ларда ўзбек тили соатлари кўпайган, тил, имло билан боғлиқ саводхонлик курслари ҳар бир ташкилотда фаоллик билан олиб борилар эди. Инсонларда она тилининг обрўсини ва нуфузини оширишга қаратилган янги-янги ташаббуслар пайдо бўларди. Нафақат Маданият институти, балки барча ОТМ ларда ўзбек тили кафедралари ташкил этилди. Аммо аянчлиси, бошида кўтаринкилик, фидойилик, куюнчаклик ва ҳақиқий ватанпарварлик билан бошланган иш аста – секин сусайиб кетди. Лотин ёзувига ўтишимизда қатъий талаб бўлмаганлиги учун у ҳам икки йўл орасида қолди. Давлат тили – она тилимизнинг янада гўзаллашишига, ёш авлоднинг сўзлашув тили биров эшитса ҳавас қилгудек бўлиши ва саводхонлик бўйича яна нима ишлар қилишимиз керак? Бу саволлар бугун ўта аҳамиятлидир. Мазкур соҳалардаги ишларимиз ниҳоятда кўп.
Давлат идораларида иш юритиш ўзбек тилида олиб борилиши ва зарур бўлгандагина бошқа тилларга таржима қилиниши ҳуқуқи ижро этилмаслиги учун жазо қўлланиши ҳақидаги қонун муҳокамаси эса бу йўлдаги ҳаракатларнинг йўлбошчиси бўлиши керак. Она тили ўз давлатида энг олий нуфузга эга бўлмаса қаерда обрўсини топади? Эсимда, Жанубий Кореяга “Эртак семинари” га борганимда қайсидир ҳужжатни ҳам рус, ҳам инглиз тилида юборишган эди. Аммо ўша ҳужжат корейс тилида келмагунча менинг ҳужжатларимга муҳр босишмади.
Юртимизга ҳам ҳозирги кунда турли хорижий давлатлардан кўплаб талабалар таълим олиш мақсадида келишмоқда. Узоқ хориждан келган талабаларга турли соҳаларда ўз она тилимизда таълим беришимиз зарурати бугунги кун учун энг долзарб вазифалардан биридир. Чунки айнан бу жараён она тилимиз тарғиботининг биз учун аҳамиятли занжиридир. Нафақат жаҳон тиллари, Ўзбек тили ва адабиёти, Шарқшунослик ОТМларида, балки барча бошқа олийгоҳларда уларга она тилимизни бир ё ярим йилда тезкор ўргатишимиз, сўнг эса мутахасисликни ўргатиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун керакли таълим дастурлари, дарсликлар, атама луғатлари яратилиши керак.
Ҳозирги кунда нафақат хорижий, балки русийзабон гуруҳларда таҳсил олувчи талабаларимиз ҳам ўзбек тилини билишга эҳтиёж ҳис қилмайдилар. Ана шундай эҳтиёжни ҳис қилдиришнинг биринчи қадами бугунги кунда қабул қилиниши арафасидаги ва муҳокамаси қўйилган давлат тилида иш юритилмаганлик учун жавобгарлик белгиланиши назарда тутувчи қонуннинг кучга кириши бўлади.
Мен Тошкент Педиатрия тиббиёт институтига 1992 йил ишга келганимда кафедрада бутун республикада бўлгани каби бу ерда ҳам Давлат тилига эътибор кучли эди. Эсимда ректорат ходимию бошқа миллатдаги ўқитувчилар ва ходимлар “энди Давлат тилини ўрганишимиз керак” деб ташкил этилган курсларда тилни ўзлаштиришар эди. Аммо Давлат тилини билиш мансабдор шахсларнинг ўсишигаю, саводхонлиги уларнинг рейтинги учун аҳамиятсиз эди. Бир оз тартибга ва обрўга эга бўла бошлаган тилимизга эътибор сусайди. Атамалар қўмитаси ҳам ишини тўхтатди. Ўша даврда инсонлардаги ўз она тилига бўлган меҳрию, ҳозирги лоқайдликни таққослаб ҳайрон қоламан. Дарсда талабаларимга биринчи кундан шу сўзларни дафтарларига ёзиб қўйишларини талаб қиламан “кўп тилларни билиш шараф, она тилини билмаслик эса – уят”. Кейин эса суҳбат давомида шундай дейман “Биласизми, биз 90 йиллар бошида кўчиб келган кўп қаватли уйимиз олдида ариқ оқиб ўтар эди. У ҳозир ҳам бор, лекин ўша йиллари унинг сувлари шунчалик тиниқ эдики, қараб турганда кўзлар дам олар, болажонлар эса чўмилиб маза қилишар эди. Ҳозир эса бу ариқнинг сувини ҳовли атрофига сепиш учун ҳам ишлатишмайди. Чунки челакларини ботириб, бирор инфекция манбаини уйга олиб киришларидан чўчишади. Агар она тилимизга эътибор бермасак, у ҳам ўз гўзаллиги ва шаффофлигини йўқотади. Шунинг учун тилимиз нуфузини оширишда ҳар биримизнинг ҳаракатимиз зарур”.
Нега биз ўзбекча сўзлашганда ҳар гапимизда бир нечта рус сўзларини ишлатамиз, ўзимиз ва бошқаларнинг гапларига эътибор бермаймиз? Шундай пайт ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг “ Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция хуштак чаладию, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким хуштак чалмайди”, деган гаплари эсга тушади.
Қачондир ўқиган бир воқеа эсимга тушади. Бу ҳолат шоиримиз Абдулла Ориповнинг рус шоири Андрей Вознесенский билан Жанубий Кореяда борганларида содир бўлган. Икки шоир бозорга тушишганда Абдулла Орипов туфли ҳарид қилмоқчи бўлиб, сотувчига ўзбекча мурожаат қилади. Шунда халиги сотувчи тўсатдан жахли чиқиб, Абдулла Ориповнинг ёқасидан олади. Ҳайриятки, орага таржимонлар қўшилиб, масала ҳал бўлади. Ҳалиги сотувчи Абдулла Ориповни корейс миллатига мансуб деб ўйлаб, “ Нега ўз она тилингда гапирмайсан? ” деб ёқалашишгача борган экан. Қаранг, оддий сотувчи она тилини нечоғлик ҳимоя қилмоқда. Бизлар эса...
Ҳар йили тил байрами арафасида мен талабаларимга шундай вазифа бераман: Ўз яшаб турган худудларингиздаги ёзувларни кўриб хато бўлганларини расмга туширинг ва эгаларига қаерда хато қилганлигини айтинг. Афсуски, бу хатоларнинг кўпи ўз ҳолича қолади.
Миллатимизни миллат сифатида сақлаб турган она тилимиз олдидаги қарзларимиз ҳали кўп. Бу, авваламбор, унга ҳурмат, эътибор. Ўз она тилисини ҳурмат қилмайдиган халқни эса халқ сифатида ҳеч ким ҳурмат қилмайди. Демак ўзимиз ҳурматга лойиқ бўлишимиз ҳам, аввало, она тилимизга бўлган эътиборга боғлиқ. Ўз тилини қадрлайдиганларни бошқалар ҳам эъзозлайдилар.
Шунингдек, Ўзбекистонда яшагандан сўнг бу юртнинг тилини билиш зарур эканлигини ҳис қилишади. Иш юритишнинг она тилида юритилиши эса бу заруратни тасдиқловчи амалиётлардан бири. Она тилимизнинг равнақи йўлидаги ҳар бир ҳаракатимиз унинг ўз юртида янада эъзоз топишига кўмак берсин.
Кавсар Турдиева.