БМТда янграр Навоий тили


  Буюк тарихий ҳодиса – Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқини тинглаб…

Дунё янгиланди дунё олдида,
Эзгулик олдида, зиё олдида,
Шукурга қарзим кўп Оллоҳ олдида,
БМТда янграр Навоий тили.

Асрий музликларни эритар бу тил,
Юракдан ғафлатни аритар бу тил,
Дунёни ҳикматга ёр этар бу тил,
БМТда янграр Навоий тили.

Онажон тилим – бу, осмон тилим – бу,
Ҳар сўзи сурати Раҳмон тилим – бу
Навоий шеър ичра султон тилим – бу,
БМТда янграр Навоий тили.

Тилим кесмоқ бўлган қиличлар синди,
Қасд ила қайралган тўфонлар тинди,
Қашқирдек увлаган бўронлар тинди,
БМТда янграр Навоий тили.

Уни деб, Қошғарий кўз ёшга чўккан,
Боғим – у, Боқирғон дуолар эккан,
Онам – у, кўксига шамоллар теккан,
БМТда янграр Навоий тили.

Ор ила номус-у тан жон ичинда,
Ёқдилар, ёнмади хазон ичинда,
Энг азиз гавҳар-у уммон ичинда,
БМТда янграр Навоий тили.

Муҳаббат, садоқат кошонасида,
Хумо қуш парвози пешонасида,
Учинчи Ренессанс остонасида,
БМТда янграр Навоий тили.

Тошларни синдириб ёриб чиққан нур,
Сенга раво бўлсин ҳазрати Хизр,
Дунё тургунча тур! Дунё тургунча тур!
БМТда янграр Навоий тили.

Зулфия МЎМИНОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот