Она тилини асраш – миллий маданиятни асраш ҳам демакдир!
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Ушбу сана муносабати билан охирги ўтган икки-уч ҳафта ичида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўплаб материаллар, пост ва уларга билдирилган изоҳларни кузатиб бормоқдамиз.
Аҳамиятлиси, уларда асосан ҳалигача лотин алифбоси тўлиқ ўтилмагани, кўчалардаги пешлавҳалар бошқа тилларда ёзилаётгани ва бошқа масалалар ҳақида мулоҳазалар билдирилмоқда.
«Vatandosh» интеллектуал клубининг «Ўзбек тили: кеча, бугун ва эртага» мавзусида ўтган йиғинида ҳам даврий босма нашрларнинг, хусусан, Парламент ва Ҳукумат муассислигидаги газеталарнинг ҳанузгача тўлиқ лотин ёзувига ўтмаганига танқидий муносабат билдирилибди.
Савол пайдо бўлди-да: тилга ҳурматни фақатгина лотин ёзувига ўтишда деб тушуниб қолмаяпмизми?
Ахир давлат тилига ҳурмат, энг аввало, шу тилда сўзлашиш, оила ва жамиятда унга бўлган юсак муҳаббат шаклланишида, фаолиятимизда шу тилда иш юритиш, исталган идора ва манзилга борганимизда шу тилда муаммо ва қийинчиликсиз мурожаат этишимиз ва шу тилда жавоб олишимиз, барча давлат хизматлари кўрсатилишида ҳам шунга тўлиқ амал қилинишида эмасми?
Даврий нашрларни тўлиқ лотинга ўтказиб олиб, кирилл ёзувига ўрганган катта авлодни қийнашдан нима наф? Тўғриси, агар бир сўров ўтказилса, газеталарни ёш авлодга нисбатан катталар кўпроқ ўқиётган бўлиб чиқса ҳам ажаб эмас. Шу маънода, нашрларни лотинга тўлиқ ўтказишга қарор қилаётганда шу жиҳатини ҳам эътиборга олиш зарур.
Давлат тилига, Она тилимизга ҳурмат ва эътиборнинг юсалишини ўйлар, шунга хизмат қилишни истар эканмиз, авваламбор, ўзбек тилида маданиятли суҳбатлашиш одобини оммалаштирайлик.
Латиф тилимизнинг гўзаллиги ва сўзларимиз жилвасига барчанинг, айниқса, ёш авлоднинг қалбида хавас уйғотиб, ўзбек тилида гаплашишни юксак маданият, ватанпарварлик, ор ва номус масаласига айлантирайлик.
Она тилимиз мудом яшашини истар эканмиз, фарзандларимизда унга бўлган ҳурмат ва эҳтиёжни пайдо қилишимиз зарур.
Ўзбек тилини ўргатишга қаратилган мафкуравий, маънавий давлат фаолиятини яхшилаб таҳлил қилиш, такомиллаштириш зарур. Ўзбек тилини сингдириб юборишга хизмат қилувчи мультфильмлар, кино маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш керак.
Ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш орқали ўзбек тилидаги дастурлар, ўзбекча номдаги дастурий иловаларни, атамаларни халқаро майдонда оммалаштиришга эътибор қаратиш зарур.
Биргина ёзувни алмаштириш ва кўчадаги пешлавҳаларни ўзгартириш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Лотинда ёзмаган, ўзбек тилида иш юритмаганларни жазолаш ва мажбурлаш билан тилга бўлган муҳаббат ошиб қолмайди. Аксинча, ушбу ҳаракатларга нисбатан ҳайрат ва нафратнинг ортишига олиб келади.
Маърифатли жамиятда биз барчасига меҳр ва ҳурматни шакллантириш, давлат тили масаласини давлат сиёсатига муносабат, юртга ва аждодларга ҳурмат, ор-номус масаласига айлантириш орқали эришишимиз зарур!
Она тилини асраш – миллий ўзликни, миллий маданиятни асраш ҳам демакдир!
Абдумуталлиб ЎКТАМОВ, журналист.