Давлатимиз тили — виждонимиз тили бўлсин!
Нега она тилимизни қадрлаш учун бировлардан изн сўрашимиз керак?!
Бундан икки йил аввал ўзбек тилининг давлат тили сифатида мақоми ва нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Муҳокаманинг дастлабки дақиқалариданоқ майдонга ватанпарварлар эмас, шовинистлар чиқа бошлади. Нима эмиш “Ўзбекистонда рус тилида гаплашганлар жарима тўлармиш”, “ Нима эмиш Ўзбекистонда рус тилида сўзлашиш ман этилармиш…” ва ҳоказо… ва ҳоказо асоссиз ва ҳақсиз таъналар.
Ватанимизда яшаб, Ватанимиз фуқароси бўла туриб, ўзимизнинг ўзбекларимиздан айримлари бу лойиҳани нотўғри талқин қилгани жуда ачинарли. Хуллас, лойиҳа лойиҳалигича қоғозларда қолиб кетгани ундан ҳам ачинарли ва аламли бўлди...
Мустақил Ўзбекистон! Нега ўз тилини ҳимоя қила олмаяпти? Нега ҳар гал давлат тили тўғрисида қонун ёки қарор чиққанда, ўртадан қайсидир манфаатдорларнинг ноғораси чалиниб, ўзгаришлар, бошқача имтиёзлар киритишга йўл қўямиз? Биз нима учун ўз тилимизни ардоқлаш, қадрлаш учун бошқалардан изн сўрашимиз керак? Ахир ўтмишимиздаги давлат тилимиз ҳақидаги жуда кўп аччиқ–аччиқ сабоқлар озми бизга? Бу саволларга ҳанузгача жавоб йўқ.
Тарихнинг аччиқ ҳақиқатлари
Оддий мисол. Не-не даҳоларни ўқидик, ўргандик, ёд олдик. Минг шукур. Кам бўлмадик. Аммо – бир замонлар ўзимизда етишиб чиққан даҳоларни, буюкларни чет элликлар билганчалик билмай юзимиз қизаргани ҳам ёлғон эмас-ку.
Навоий вилояти биринчи марта 1982 йил 20 апрелда ташкил этилганини яхши биласиз. Бундан кўзланган асосий мақсад Қизилқум чўлининг бебаҳо ерости бойликларини ўзлаштириш эди. Бойликлар ўзлаштирилди-ю, лекин орадан кўп вақт ўтмай вилоят тугатилди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Ўзбекистон харитасида 1992 йил 27 январь куни яна Навоий вилояти пайдо бўлди. Унгача қанча дарёларнинг суви лойқаланди, қанча яхши инсонларнинг бошига “сув қуйдик”…
Кўпинча Навоий интернационал ҳудуд сифатида тилга олинади. Тўғри, бу ҳудудда 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилгани аниқ. Биз уларнинг ҳурматини доимо жойига қўйдик. Улар биздан ўн чандон, юз чандон яхши яшади. Уларга ҳамма нарсани навбатсиз қилиб қўйдик. Уларни бошимизга кўтардик. Бизни ҳақорат қилса ҳам тилимизни тийдик, тилимизга беписандлик қилса ҳам индамадик. Улар пар ёстиқларда шоҳона яшади. “Улуғ оға”ларимизнинг кўпчилиги ҳатто севимли кучуги билан самолётларда дунёнинг хоҳлаган пучмоғига давлатимиз ҳисобидан учиб бориб келишга ҳақли эди. Бизникилар эса бепоён далаларда жазирама саратонда, совуқ изғиринларда оёғида йиртиқ этик, эгнида ямоқ чопон билан офтобларда куйган елкасида кетмонини кўтариб тонгларни далада орттирди. Ивановога пахта етиштириб бергани учун қўлларига кишан солинган қариндошларимизнинг изтиробларини ҳали унутганимиз йўқ. Оқ-олтинни яратган олтин қўлларга кишан солган Гдлян ва Ивановларга нега қарши чиқа олмадик, бас келолмадик? Чунки тилимиз ожиз эди…
Собиқ иттифоқ давридаги саксонинчи йилларнинг оғриқли лавҳаларини бугун жуда оғир бўлса ҳам эслашга тўғри келади. Катта-катта залларда рус тилини умуман тушунмайдиган қора кўзлар учун обком партиянинг олифта ўзбеклари рус тилида маъруза қилиб, рус тилида савол-жавоблар қилиши модага айлангани ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Ўзимизнинг ўзбеклар ўзимизга бегона эди, ўз миллатимиз устидан куларди. Чунки тилимиз ожиз эди…
Шаҳарлар эмас, ҳатто олис қишлоқ туманларида ҳам партия қўмиталарига фақат рус тилини биладиганлар ишга олинган. Ишга қабул қилинганлар коммунистик партиянинг катта уставини ёдлашга мажбур эди. Уларнинг тилини билмайдиган асл мутахассислар, билимдон зиёлилар мансаб эмас, ҳатто ишсиз ҳам қолиб кетгани рост.
Топталган қадриятлар
Энг ачинарли томони шундаки, нафақат тилимиз, ҳатто ўзбекона қадриятларимиз оёқости қилинди, топталди. Навоий вилоят партия қўмитасининг Ленинграддан юборилган биринчи секретари Анатолий Ефимов қўлини кўксига қўйиб салом берган ходимлардан бирининг қўлига урганлари ёлғон эмас, аччиқ ҳақиқат. Унга ҳеч ким нега бундай қилдинг, деган саволни бера олмасди. Чунки тилимиз ожиз эди.
Падари бузрукворини сўнгги йўлга кузатиш учун қабристонга боргани учун ишдан олинган, компартия сафидан ўчирилган райкомнинг биринчи секретари ҳам бизнинг замондошимиз эди... Инсонийлик эскилик сарқити деб баҳоланган бундай оғир замонлар кўпларнинг бошидан ўтган.
Ўша йилларда юртимиздаги энг маърифатли билимли, илм эгалари, зиёлилар, фан докторлари, академикларни юзи қорага чиқариб ёзилган мақолалар сони кўпайганди. Шулардан Навоий вилояти партия қўмитасининг нашри “Знамя дружбы” газетаси мухбири Россиядан келиб ишлаётган А.Пазовскийнинг рус тилида ёзган туҳмат ва бўҳтонларга қўмилган ана шундай туркум буюртма мақолаларини “Дўстлик байроғи” вилоят газетасига кўз ёшимизни ичимизга ютиб ўзбек тилига таржима қилганимиз алами ҳамон азоб беради. Биз бу маърифатли инсонларнинг яхшилигини, халқимиз, миллатимиз фахри эканлигини билардик, тан олардик аммо айтолмасдик. Айтганимиз билан ҳеч ким бизни эшитмасди. Чунки тилимиз ожиз эди…
Вилоят тугатилиб, гоҳ Самарқанд, гоҳ Бухоро вилоятларига қўшилгач, навоийликларнинг кўпчилиги ишсиз қолди. Айнан газета мисолида оладиган бўлсак, ўзбек тилида нашр этиладиган “Дўстлик байроғи” газетаси биринчи бўлиб эшикларини ёпиб, журналистларни ишсиз қолдирди. Рус тилидаги “Знамя дружбы” газетаси эса Навоий шаҳар газетаси бўлиб, ўз фаолиятини давом эттирди. Биз ўзбекистонлик ўзбек журналистлари ўз юртимизда ишсиз қолдик, олисдаги ўзга юртдан келганлар эса бизнинг юртимизда ўз иш жойини сақлаб қолди…
Чунки бизнинг тилимиз йўқ эди…
Давлатимиз тили — виждонимиз тили бўлсин!
Хуллас, миллат руҳи, ғурури бўлган тилимизни узоқ йиллар топташларига, оёқ ости қилишларига йўл қўйганмиз. Тилимиз танобини доимо бировларга бериб қўйганмиз. Энди ундай бўлмайди. Энди тилимизни тишлаб ўтирмаймиз! Энди миллий ғуруримиз, ифтихоримиз, қадриятларимизнинг энг қадрлиси — ўз тилимиз виждонимиз рамзи бўлиб қолади. Давлат тилимиз виждонимиз тили бўлсагина уни ҳимоя қила оламиз ва эъзозлаймиз. Президентимизнинг “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим!” деган таъкидлари миллий ғурури бор замондошларимизнинг шиорига айланишини жуда-жуда истардик...
Маруса ҲОСИЛОВА - журналист.
2020 йил.