Бобомурод Ҳамдамов


Бобомурод ҲАМДАМОВ: «КИМ ЭКАН»НИ АЙТИБ БАЛОГА ҚОЛГАНДИМ…»
   Бобомурод Ҳамдамов деганда негадир Раж Капурни ҳам эслаймиз. Чунки унинг қўшиқларида ҳиндча оҳанг мужассам…У яратган қўшиқлар бугун ҳам хит бўляпти, эл севиб тинглаяпти.
Биз севимли санъаткор, Ўзбекистон ҳамда Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
ҲИНДИСТОН САФАРИ, БИР ШИША СУВ УЧУН АЙТИЛГАН ҚЎШИҚ!
— Сиз Раж Капур билан дўстлашган санъаткорсиз. У билан қандай танишгансиз? Умуман, санъатга қандай кириб келгансиз?
— Аслида ёшлигимда деҳқончилик қилганман. Эрталаб соат бешда туриб, иккита ҳўкизни ҳайдаб, «культивация» қилишга чақирдим. Бир ярим гектар «норма» бериларди. Февраль ойидан бошлаб бодринг экардим. У пайтда ҳозиргидай плёнкалар бўлмаган. Менинг 300 дона банкам бор эди. шуни қуёш ботиши билан ниҳолларга тўнкариб қўяр, тонг тотиб, кун илигач, банкаларни олиб қўярдим. Шундай қилиб, бодрингни анча эрта етказиб берардим. Ҳозир ҳам битта пахта бригадасини бемалол бошқара оламан. Пахтага қачон сув тараш керак, қандай чопиқ қилинади, ҳаммасидан хабарим бор. Бироқ қўшиқ айтишни анча олдин бошлаганман. Мен 13 ёшимдан бери ҳиндча қўшиқ айтаман.
   1964 йили, 24 ёшимда устоз санъаткор Комилжон Отаниёзов билан танишганман. Ўшанда ҳам устозга ҳиндча қўшиқ айтиб берганман. Тинглаб туриб, «шуни ўзбек тилида айт», дедилар. Аммо ҳиндча қўшиқни ўзбекча айтсам, ўхшамасди. Айтолмадим. Кейин устоз насиҳат қилган кўйи дедилар: «Ўғлим, аввал ўз тилингда қўшиқ айт, кейин бошқа миллатларнинг қўшғини айтасан!» Шундан кейин «Феруз»ни, «Сегоҳ»ни ўргандим. Ўша кезлари давра айланиб, ҳиндча қўшиқ ҳам айтардик, микрофон қайда эди. кимда овоз бўлса, ўша одам қўшиқ айтарди. Энди микрофон чиқиб, овози йўқлар ҳам қўшиқ айтяпти.
   1981 йили Тошкентда ўтадиган Халқаро кинофестивалга Раж Капур келадиган бўлди. Ўшанда 41 ёшда эдим. «Ўзбектелефильм»да менинг ижодимга бағишланган фильм-концерт суратга олинаётганди. Фильм режиссёри: «Капурлар келишяпти, сиз уларга ҳиндча қўшиқ куйлаб берасиз!» деб қолди. Уларни Тошкент меҳмонхонасида кутиб олдик. Мен ҳинд тилида қўшиқ куйладим. Ўшанда у мени бағрига босиб, «Ҳиндистонда йўқотган Мукешимни Ўзбекистондан топдим!»-деган. Мукеш машҳур ҳинд қўшиқчиси. У Раж Капур бош ролни ижро этган фильмларда унинг қўшиқларини айтган.
   Кейин Раж Капур фарзандлари билан Ўзбекистонга келди. Бизни бир ойга Ҳиндистонга таклиф қилиб кетди. У ерга бориб, бир ой концерт бердик. Мен битта ўзбекча айтсам, иккита ҳиндча қўшиқ айтардим. Чунки ҳиндлар фақат ўзиникини тинглар экан. Улар бизга ўхшаб, туркча, арабча, эрончани тингламайди. Ўзбекча айтсам, жим ўтиришади, ҳиндча куйлашим билан бутун зал менга жўр бўлади. Гастроль тугашига оз қолганида гуруҳ раҳбари: «Эртага кетамиз. Қўлингизда рупий бўлса, уларни ишлатинг, уйдагиларга совға-салом олинглар»,-деди. Совға-саломларни олиб,  аэропортга бордик. Аксига олиб, самолётимиз беш соат кечикса бўладими? Қўлимизда пул йўқ, рупийларни ишлатиб қўйганмиз, кун иссиқ, чидаб бўлмайди. Ўшанда гуруҳдаги 14та ўзбек аэропорт буфетига кириб, бир шиша минерал сув олиш учун роса қўшиқ айтганмиз. Улар «гана-гана», дейишади. Бу «айтинг, айтинг»,-дегани экан. Шундай қилиб, бир пайтлар одамлар бир бурда нон учун қўшиқ айтишган бўлса, биз бир шиша сув учун қўшиқ айтганмиз. Ўшанда мен Ҳиндистонда туғилсам ҳам қўшиқчи бўлар эканман, деб ўйлаганман. Ҳиндистонда ҳам мени Мукеш, дейишарди.
«КЕКСАЙГАНДА АЙНИМАНГ, ДЕЙДИ»
— «Ким экан?» қўшиғингизни Лола Аҳмедова ҳам айтди. Бунинг учун сиздан рухсат сўрашганмиди?
— Бир куни у «Ким экан?»ни айтсам майлими, деб қолди. «Айтаверинглар…» дедим. Бундан фақат хурсанд бўлиш керак. Демак, унга ёққан. Аммо барибир меникига ўхшатолмайди. Мен ҳеч қачон бегона куйга қўшиқ айтмаганман. Ҳиндча қўшиқларни ҳам ўз куйим, ўз йўлим билан айтганман. Агар эътибор қилган бўлсангиз, ўзбекча қўшиқларимда ҳам ҳиндча оҳанг борлигини сезасиз. Куйни ўзим басталайман. Мен ҳиндча оҳангни ўзбекчага куйга «пайванд» қилиб, ўзига хос қўшиқ яратганман. Ахир пайванд қилинган мевалар ҳам ширин бўлади-ку! Улар «Ким экан»ни айтса, мен бошқасини яратаман. Ундан кейин «Сиз экан» туғилди. Яқинда кексалик ҳақида бир қўшиқ яратдим. Махтумқулининг «Дард ёмони кексаликдир, ёронлар…», ғазалига куй басталадим. Унда ҳам ҳиндча оҳанг сезилади. Кейин ёшлар ҳақида яна бир қўшиқ айтдим.
   Айтганча, «Ким экан»ни айтиб, келинойингиздан балога қолгандим. Бир куни уйда: «Узоқдан бир пари келар, бук им экан…»,-деб қўшиқ машқ қилаётсам, аёлим жаҳл билан ижодхонамга кириб келди. «Ҳой, чол, ёшингизга яраша қўшиқ айтсангиз бўлмайдими? «Ким экан, ким экан»,- дейсиз…Ростдан ҳам ким экан, ўша пари?» деса бўладими?! «Ким бўларди,-дедим мен ҳам кулиб.-Бу шеърни шоир ёзган, мен уни қўшиқ қилиб айтаяпман!»-дедим. Кунларнинг бирида яна «Телефон қилсам олмайсан, СМС ёзсам, очмайсан…»,-деган мазмунда қўшиқ айтдим. Ҳозир ахир техника асри, шундай деб куйламасангиз, ёшлар тингламайди. Янгангиз бу қўшиқни эшитиб, баттар ғаши келди. «Ўзингиз СМС ёзишни билмайсизу, яна «СМСимни очмайсан…»,-деб қўшиқ куйлаганингизга ўлайми?!» деди. «Кексайганда айниманг…»,-дейди. Аёлим тўғри гапни юзимга айтади. Ҳалигача рашк қилишига ҳайрон қоламан…
   «Истиқлол»да ёш санъаткорлар билан бирга концертда қатнашдим. Ёшлар билан беллашмасам бўлмайди. Ҳали-бери таслим бўлиш ниятим йўқ!
«ТЕЛЕВИДЕНИЕ ГОНОРАР ТЎЛАРДИ…»
— Ҳозирги кунда баъзи ёш хонандалар, қўшиқни пишитмай, телевидениега қайта-қайта чиқаверишади. Наҳотки, шундай йўл билан танилиш мумкин бўлса?
— Бир хонанданинг қўшиғи бир кунда 10-15 марта айлантирилади. Тўғри, одамлар уни таниб қолади. Лекин санъатини ёқтирмагач, бундан нима наф: одамлар сени таниди нима-ю, танимади нима?! Авваллари телевидениега чиқишдан олдин 15 киши шеърни, яна 15та мутахассис куйни текширарди. Шу комиссиядан ўтсангиз, чиқардингиз. Ҳозир ҳам ҳофизларнинг радио-телевидениега чиқишини бепул қилиб қўйиш керак. Аммо комиссия тузиш лозим. Кимнинг санъати, овози бўлса, шу чиқсин! Нима энди, санъати бўлмаса ҳам, пули бўлса, ТВга чиқаверадими?! Ёки пули бўлмаса-ю, истеъдодли бўлса, четда қолиб кетаверадими? Талантни қўллаш керак эмасми?! Санъат пулга сотилмайди. Ахир истеъдодни пулга сотиб олиб бўлмайди-ку! Бунақада санъат орқага кетмайдими?! Бир пайтлар бизрадио ёки телевидениеда чиқсак, бунинг учун гонорар, почтадан пул келар эди. ўша пул кўп бўлмаса-да, қадрли эди. уни олиб, бойиб ҳам кетмаганмиз. Аммо бу санъаткорларга нисбатан ҳурматни билдирарди. Энди-чи, радио-телевидениеда чиқиш учун санъаткорлар пул тўлаяпти!
   Ёшлар орасида талантлар жуда кўп. Менга ҳозирги қўшиқчилардан Озодбек Назарбеков, Оғабек Собировлар ёқади. Улар чинакам ҳофиз, яхши куйлашади. Шеърларни ҳам чертиб танлашади. Хонанда ўзига нисбатан талабчан бўлиши керак. Халқ буни билади. Агар сен санъат фидойиси бўлсанг, мухлисларинг сенга фидо бўлади!
САНЪАТКОР ЎЗИ ИСТАГАНДА ЯШАЙ ОЛМАЙДИ…
— Фарзандлар тарбиясида отанинг роли қандай? Сиз нималарга эътибор қилгансиз?
— Очиғи, санъаткорнинг шахсий ҳаёти бўлмайди. Ёки ўзи истаганидай яшай олмайди. Шу боис менда бир йўқотиш бўлган. Болаларимга кўп вақт ажрата олмаганман. Болалар тарбияси билан, асосан, аёлим шуғулланган. Мен кўпинча гастролларда юрардим. У пайтда алоҳида «концерт плани», «томошабин плани»,-деган гаплар бўларди. Бир ойда 19 кун концерт берардик. Тожикистон, Туркманистон, Чимкент—ҳамамёққа борардик. Шу боис уйда кам бўлардим. Болалар онасига қолиб кетарди…
   Тўрт ўғил, бир қизим бор. Бир неварам «Пахтакор» футбол жамоасида тўп суради. Ўғилларимдан Шамсиддин билан Фахриддин яхши қўшиқ айтишади. Айниқса, шамсиддиндан умидим катта. Овози меникига ўхшайди, бирга қўшиқ айтсак, ажратиб бўлмайди. «Кўрдим юзингни, девона бўлдим»ни бирга айтдик, халққа манзур бўлди. У билан ҳали кўп қўшиқларни бирга айтишимиз керак.
«УЙДА БИР ЎЗИМГА ҚЎШИҚ АЙТАМАН…»
— Машҳур бўлишнинг сири борми? Ўғлингиз Шамсиддин Ҳамдамов истеъдодли хонанда. Негадир у бошқалардай машҳур бўлиб кетмади. Нега?
— Устозим Комилжон Отаниёзов бир пайтлар «Олтин ҳам ернинг тагида ётади, керак бўлса, одамлар уни топиб оладилар»,-деган эди. шундай экан, хушовоз хонанда барибир тилга тушади. Бунинг учун меҳнат қилиш керак. Санъат спортдан кўпроқ машқ талаб қилади. Фақат тўй бўлса қўшиқ айтиб, бошқа пайт машқ қилмай юрса, унақа билан бўлмайди. Мен ҳар куни машқ қиламан. Уйда бир ўзим бўлсам ҳам қўшиқ айтаман. Зериксам, кўчага чиқиб бироз айланиб келаман, кейин яна рубобимни қўлга оламан. Яна, яхши шеър танлаш керак. Шеър яхши бўлмаса, уни қўшиқ қилмаслик керак.

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди. 
Манба: "Бекажон" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот