ҲАЛОЛ ҲОФИЗ ЭДИ...


Хотира-эссе

ҲАЛОЛ ҲОФИЗ ЭДИ...

   Ортиқ Отажонов ҳалол ҳофиз эди. 
   Назаримда, ушбу фазилат унга устози Комилжон Отаниёзовдан юққанди. Ул буюк зотнинг ҳаёти, одамлар билан муомаласи, халқ учун суюкли инсон бўлгани, айниқса, санъатга чексиз садоқати Ортиқ аканинг том маънода ҳақиқий санъаткорга айланишида, бу аъмолга хос ҳар бир хислатида яққол кўриниб турарди.
   Биз Комилжон Отаниёзов билан юзма-юз кўришмаганмиз, бироқ бу улуғ  санъаткорнинг оҳанрабо тасмаларга муҳрланган ҳар бир ижросини диққат  билан тинглаган киши у ҳаёти қўшиққа айланиб кетган инсон бўлганини англаб етади. Ва яна, гоҳида ўта ҳазилкаш, гоҳида мунгли қалб соҳиби саналган Комилжон оғадан жуда катта ижодий мерос ҳамда Ортиқ Отажонов, Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов, Олмахон Ҳайитова, Раҳматжон Қурбонов каби ҳар томонлама етук шогирдлар қолди. Вақт ўтиши билан уларнинг ҳам кўплаб издошлари етишиб чиқди...  
   Ортиқ Отажоновнинг устозига садоқати гўёки унинг либоси янглиғ ўзи билан бирга эди. Ҳофиз етмиш икки ёшида, умрининг сўнгги кунларидаги  мулоқотимиз жараёнида Комилжон оға ҳақида алоҳида меҳр билан жўшиб сўз  юритганди. Бу пайтда ўзи ҳам аллақачон катта мураббий мақомига эришган бўлса-да, ўсмирлик чоғларидаёқ устозига бўлган ҳурмати ва эҳтиромини ҳали-ҳануз унутмаганди. 
   Комилжон Отаниёзов яратган қўшиқларнинг Ортиқ Отажонов талқинидаги ижролари алоҳида бир олам. Эҳтимол, уларда ўзаро уйқаш нолалар бордир, лекин устоз чизгиларига тегинилмаган. Энг муҳими, Ортиқ ака устози қўшиқлари умрига умр қўшди, уни бошқаларга, ёшларга чексиз муҳаббат билан суйдирди. Камтарлик ва самимият ила суйдирди. 
  Комилжон Отаниёзов муқаддас саҳналарда куйлаган қўшиқларни завқ билан тинглаганлардан сўрасангиз, улар Ортиқ Отажонов тимсолида Комилжон оғани кўришганини айтадилар...
   Ортиқ ака ўзининг бирорта ҳам ашуласини маромига етказмасдан тингловчиларга тақдим этмади. Бу эса, санъат кишисига хос юксак маданият саналади. 
  Санъат сунъийликни ёқтирмайди, сохталикни кечирмайди. Шу боис  одамлар хотирасида қолиш, уларнинг қалбидан жой олиш умрини санъатга бахшида этган истеъдодларнинг ҳаммасига эмас, айримларигагина насиб этади. Чунки мухлислар ва томошабинлар ҳар қандай вазиятда ҳам асл ва ҳалол санъатни танлайдилар. 
   Мен Ортиқ ака яратган ва ижро этган ашулаларни тинглаб, бир нарсага амин бўламан. У ҳаддини билиб куйлади, ижод қилди. Яқинда ижтимоий тармоқда ёритилган бир шарҳда уни “мумтоз санъат намояндаси” дейишибди. Бу гапда жон бор, ҳофиз ўзи яратган, ўзи ижод қилган асарларни мумтозлик даражасига кўтара олгани учун ҳам мумтоз санъаткордир. “Умр ўтар”, “Келсун”, “Турналар”, “Васлинг кутиб”... Мумтозлик мақомига эриша олган бундай қўшиқлари кўп... 
   Ортиқ Отажонов “Якпарда”ни айтди, “Сувораи Комил”ни айтди, Чапандозни, сувораларни айтди. “Сегоҳ”, “Феруз”ларни ёниб-ёниб, суйиб-суйиб айтди. 
   Адиб Шерали Сокин Ортиқ Отажонов ҳақида ёзган гўзал китобида “Феруз”ни Хоразм санъатидаги “имтиҳон-ашула” деб атаган. У “Ваҳ, мунча офатми бўлур бир одамизод устина...” деган сатрга урғу беради. Одамзоднинг дардлар билан қоришиқ оламига бундайин шафқатсиз тўғриликни таъкидлайди.
   Аммо... Эътибор қилсам, мен “Она сувора”ни Ортиқ Отажонов ижросида эшитмаган эканман. Балки ижро этгану, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилмагандир. Бунинг сабабларини ҳам ўзимча тахмин қиламан...
   Хоразмлик санъаткорларнинг гала концертида бир қўшиқчи “Она сувора”ни айтиб чиқди. Мен икки-уч бор тингладим. Тўғриси, “Ётиб ғору панода...” деб бошланадиган бу ашулада Отажон Худойшукуров ижросидаги юкнинг ярми ҳам йўқ эди. 
   Нега Ортиқ ака бу ашулага мурожаат этмаган? Ўйлашимча, ҳар бир санъаткор ўз репертуарини танлашда ҳам ҳалол бўлиши лозим. Ортиқ ака эса санъат машаққатини юксак масъулият билан тушунар, масалан, Отажон Худойшукуров ушбу талқинга осонликча эришмаганини, бундай чўққи кўп ва тинимсиз заҳматлар эвазигагина забт этилганини ҳис этар ва уни юқори даражада ҳурмат ҳам қилар эди. Бир гал Раҳматжон Қурбонов билан рўбарў келганида унинг бир-икки ижросини олқишлаб қўйганини ҳам кўрганман.   
   Ортиқ ака билан суҳбатларимиз чоғида баъзан бирор мумтоз ашулани тингласак, дарров “Бу йигит уни айтиб яхши иш қилмабди” ёки “Тўғри айтмабди”, дерди. Бироқ, минг афсуски, у киши танқид қилган қанча қўшиқлар йиллар оша  мажбуран одамлар қулоғига сингдириб келинди ва келиняпти. 
   Мавриди келганда, яна бир катта ҳақиқатни таъкидлагим келди. Хоразм санъатига дахлдор сувораю ферузлар, достонлар, устозининг ашулаларини истисно қилганда, Ортиқ Отажонов ўзи ижро этган барча қўшиқларнинг  муаллифи ҳам эди.
   Дарвоқе, санъаткор билан ижрочини фарқлаш лозим. Эл назарига тушган кўплаб хонандаларнинг асосий репертуари олдин яратилган ашулалардан иборат бўлади. Демак, уларни маҳоратли ижрочилар сифатида тан олиш, ижодкор санъаткор билан ижрочи санъаткор ўртасида яхшигина фарқ борлигини унутмаслик зарур.  
  Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, Ортиқ Отажонов юзлаб қўшиқлар бастакори, беназир муаллифи, моҳир, гўзал ва бетакрор ижрочисидир. Янаям аниқроғи, у матн танлаш, унинг маъно-мазмунига монанд куй басталаш, сўнгра аъло даражада ижро этиш маҳоратини ўзида мужассамлаштирган санъаткордир. 
   1992 йилнинг декабрида “Ўзбекистон овози” газетасида  Ортиқ Отажонов билан суҳбатимиз чоп этилди. Бу менинг республика матбуотидаги илк чиқишларимдан бири эди. Шу-шу Ортиқ ака билан яқин бўлиб қолдим. У киши таҳририят биносига йўли тушса, бирров кириб ўтадиган бўлди. Бир сафар бўлим бошлиғим, бетакрор шоиримиз Муҳаммад Юсуф у кишига бир туркум янги шеърларини берди. Ўша кезлар унинг ҳар бир шеъри қўшиқчилар орасида қўлма-қўл бўлиб кетган эди. Кунда-кунора машҳурлашиб бораётган ёш хонандаларнинг оёғи шоир кабинетидан узилмасди. 
   Мен Ортиқ Отажонов тез орада икки-учта янги қўшиқ яратиб келса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, адашибман. Орадан бир ҳафта ўтиб, ҳофиз ўша шеърларни қайтариб олиб келди. Муҳаммаджон аканинг хонасига кириб, “Бу шеърлар менинг йўлимга мос келмади, уларни ҳеч оҳангларга сола олмадим”, дея узр сўради. 
   Мен бу ҳолатни бирмунча вақт ҳазм қила олмадим. “Наҳотки, Муҳаммад Юсуфдек шоирнинг шеърларини қўшиқ қилиб бўлмаса?” дея ажабландим. Бир куни эса шоирнинг ўзи ёрилди ва ҳофиз ҳақлигини тан олди. “Ортиқ ака мард одам экан. Шеърларимни қўшиқ қилса, ўзи истаганчалик ва мен кутганимдек ҳам  чиқара олмаслигини ҳис қилиб, дангалига иш тутди... Эҳ-ҳе, қанчадан-қанча шеърларим нокамтар қўшиқчи-ю бастакорлар қўлига тушиб ва бир тийинга қиммат ашула бўлиб, менга азоб келтираётганини сиз билмайсиз-да, ука!” деди.  
   Бир куни Шерали Сокин менга қўнғироқ қилиб, яқин орада Панжикентда ўғлини уйлантирмоқчи эканини айтди ва тўйга Ортиқ акани таклиф қилиш учун бирга боришимни илтимос қилди. Биз ҳофизнинг Уйғур кўчаси тугунидаги барча мухлислари яхши биладиган хонадонига ака-ука бўлиб кириб бордик. 
   Илгари саҳнада, телеэкранларда ўзини тутишларига қараб, Ортиқ Отажоновни ўта жиддий инсон деб ўйлардик. Хаёлимиздаги бу стереотиплар ўша куни чилпарчин бўлди. У киши биздан анча соддароқ, ўн чандон камтарроқ ва қувноқ инсон экан. Ўзи пиширган балиқ шўрва билан иккимизни меҳмон қилди. Шу асно ўртадаги қандайдир ийманиш ва ҳайиқиш пардаларни бутунлай олиб ташлади. Янги қўшиқларини куйлаб берди. Сўнг, кетар чоғимиз “Биз энди яқин ака-укалармиз, бундай хизматлар бўлса, овора бўлмасдан бир телефон қилсаларингиз, кифоя” деди.
   Кейинчалик неча бор Ортиқ аканинг таваллуд кунида уйига бориб, меҳмон бўлган бўлсак, ҳар гал беш-олтита янги латифа, кулгили воқеаларни хотирамизга муҳрлаб қайтдик. Улар орасида қоғозга тушириб бўлмайдиганлари кўпроқ бўларди, албатта. 
   Мен ака-ука Ортиқ, Сафарбой ва Қўзибой Отажоновларнинг ҳар бири билан кўп мулоқотда бўлганман. Улар аслан бир-бирига жуда яқин, бирдай тўғри тарбия олган, ота-онаси ризолигига эришган инсонлар эканига ишонч ҳосил қилганман. 
   Сафарбой Отажонов акасининг санъати билан “нафас” оладиган соҳир овоз соҳиби. Қўзибой Отажонов эса бутунлай бошқа дунёнинг одами! Мен у билан талабалик давримдаёқ яқиндан танишдим. Уйида бир неча бор суҳбатлашдим, мақола ёздим. Унинг ҳаётга ҳам, санъатга ҳам қарашлари бутунлай бўлакча. Лекин, энг муҳими, ҳалол инсон! 
   Мени ҳайратларга ошно қилган яна бир жиҳат, бутун бошли халқнинг меҳр-муҳаббатини қозонган, машҳурликда тенги йўқ, ошиғи олчи бўлиб яшаган Ортиқ Отажоновни бу машҳурлик, бу эъзозу эҳтиромлар, юлдузлик буза олмаганидир. Концертларидан бирида у қўшиқ куйлаётганида бир зум тин олиб шундай деган эди: “Ие, маъзур тутинглар, бу ерда халқимизнинг улуғ шоирлари ўтиришган экан, биз ҳар нимани ашула деб айтиб турибмиз...” Ҳолбуки, ўша шоирлар аслида ҳофизнинг дилтортар қўшиқларини эшитиш учун келишганди. 
   Ортиқ Отажоновда санъаткор деган катта мартабага муносиб бўлиш учун зарур бўлган барча хислат бор эди. У яхши матн танлай оларди, сўзнинг маъно-мағзини теран тушунар, шоирнинг мақсад-муддаосини англар эди. Ҳар қораламани шеър дейишга шошмасди. Унинг қай мисраси ашулада авж пардага маъно жиҳатдан мувофиқ бўлишини обдон ўйларди. Шеър мавзусидан келиб чиқиб, унга ҳар жиҳатдан муносиб мусиқа ёзарди. Яна денг, сўзларни дона-дона қилиб айтарди. 
   Ортиқ Отажонов бағоят сермаҳсул бастакор эди. У яратган юзлаб муаллифлик қўшиқлари бугун ҳам ўнлаб шогирдлари ва мухлислари томонидан севиб куйланмоқда. Бу – биринчидан. Иккинчидан, ҳофиз санъатга ҳамиша катта ҳурмат билан қаради. Халқ қўшиқлари, яллалар, достонлар мазмуни ва оҳангини, айтилиш усулини ҳеч қачон бузмади, ўзига мослаштирмади. Уларни аввалги ижрочиларникидан юқори даражада куйласа куйладики, паст савияда куйламади. Шу боис ўша ўлмас санъат намуналарини Ортиқ аканинг ижросида тинглаган бирор киши ундан ранжимади. Аксинча, уларда хоразмча шўхчанлик ва жўшқинликни янада мукаммалроқ ҳолда кўрди. Зеро, ҳофиз неки қўшган бўлса, ярашиқли, ёқимли, муносиб, устозларига монанд қилиб қўшди. “Тоҳир ва Зуҳра”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонларидан айтилган ашулаларни қайта-қайта тингласангиз, ҳар сафар янгидан кашф этасиз бу ўлмас санъатнинг  жозибасини...
   Ортиқ Отажонов “Лазги”ни бир поғона баландга олиб чиқди. Бу бетакрор куйга она замини Хоразмнинг тарихи, улуғ мероси, ажиб бир қисматини қўшди. Уни бир томонда шўх куйга солиб рақсга тушиш мумкин бўлса, бир томондан унда зоҳир бўлган элнинг аччиқ қисматидан кўзларга ёш келади. 
   Ҳофиз она юртига катта юрак билан муҳаббатини изҳор эта-эта куйлади. Абдулла Ориповнинг “Ватан” шеърини худди шундай қалб билан куйга солди, Омон Матжоннинг “Умр ўтар”и, Воқифнинг “Турналар”и, Эркин Самандар қаламига мансуб “Хоразм фарзандиман”,  ўзи ёзган “Устозни эслаб” каби ўнлаб қўшиқларда ўша бегидир, беғараз муҳаббатни кўрамиз, ҳис қиламиз. 
   Машрабнинг “Келсун” радифли мухаммаси Ортиқ Отажонов талқинида сувора йўлларидаги умрбоқий қўшиқлардан бирига айланди. Халқимиз дилига оташ сола олган ва Ортиқ аканинг энг сара ижод маҳсулларидан бири сифатида эътироф этилган бу қўшиқ ҳозир бир қанча ҳофизлар томонидан куйланмоқда. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида бир тадбирда авж пардаларда куйлаганида ёзиб олинган ушбу ашулани тинглаб, ҳофиз бир мукаммал мумтоз асар яратганига қойил қоламан. Негаки, унда Хоразм санъатининг бор жозибаси, нолаю оҳанглари, бир жойида жўшқинлиги, бир жойида мунгли ноласи, дард, дардкашлик – ҳаммаси бор. Ашула айтилаётганда ҳофизнинг тори ҳам сайраб кетган, унга чин садоқати билан жаранглаган. Ўшандай ижро бошқа такрорланмаган. Буни кейинчалик Ортиқ аканинг ўзи ҳам тан олган, бир суҳбат пайти бу ёзувни тинглаб, “Энди бундай тор чалишлар қани?” деб қўйган экан.
   Машрабона “Ваҳ-ваҳ, на гўзалсан, на ажойиб, на қиёмат?”, “Ишқ балоси”, ”Билиб бўлмас” “Санамо”, ”Эй санам, гулгун ёнибсан”, ”Дард сўранг”, Махтумқулидан “Бўйларингга”, “Муҳтож айлама”, ”Айрилма”, ”Ошиқ бўлмишам”, “Поёни бўлмас”, Алишер Навоийдан “Кўнглим”, “Топмадим”, “Муножот”, ”Гулузорим”, Огаҳийдан “Ҳар дам манга юз жафо қилурсан”, ”Савти” ва “Сувора”лар, “Феруз”лар, Мулланафасдан “Гулзориннан”, “Қизлар”...
   Билишимча, Ортиқ аканинг Самарқандда, Қаршида, Хоразмнинг Боғоти ва Урганчида, водийда ҳам борар уйлари бор эди. У тўй-томошаларда хизматда бўлган пайтлари сўз ва соз муштараклигидаги дилкаш суҳбатлар ана шу хонадонларда давом этарди. Бу одамларнинг суюкли ҳофизга меҳри беқиёслигини англатарди. Унинг ташрифи ўша уйлар эгалари учун ҳар сафар байрамга айланарди. 
   2017 йили Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллиги кенг нишонланди. Ичан Қалъадаги катта саҳнада бўлган концертда Ортиқ Отажонов иккита қўшиқ куйлади. Бу пайтда у етмишга кирганди.  
   Ўша йили Комилжон Отаниёзов қўшиқлари ижрочиларининг анъанавий кўрик-танлови у таваллуд топган туманда ўтказилди. Танловнинг охирги концертида Хоразмнинг беназир “бренд”и бўлиб яшаб ўтган Шакаржон Хўжаниёзова (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!) билан бирга, гўзал ижролардан баҳраманд бўлиб ўтирдик. Кейин якун бўлди. Ҳакамлар ҳайъати раиси Ортиқ Отажонов бирор иштирокчига “Сен пишмагансан, қўшиқ сўзини чала айтдинг, оҳангини буздинг” демади, аксинча, ҳаммасига раҳмат айтиб, “Ҳеч бирингиз кам эмассиз, барчангиз ғолибсиз аслида”, деди. Сўнгра ўзи ҳам бир жуфт ашула куйлади. Очиғини айтсам, ўша конкурсда энг катта катта олқишни Ортиқ Отажонов олди. Ҳаммани куйлатиб, одамларнинг ярмини рақсга туширди, ўзи ҳам куйлади ва рақсга тушди. Ўшанда бу улуғ ҳофиз раислик қилган сўнгги танлов эканлигини ким ҳам ўйлабди, дейсиз.
   Шу куни Урганчга бирга қайтдик. Йўл-йўлакай Ортиқ аканинг кайфияти яхшилигини сезгач, фурсатдан фойдаланиб қолиш пайида бўлдим.  Президентимиз таниқли санъаткорлардан ўз мактабини яратишни илтимос қилганини эслатиб, “Албатта, сиз ҳам Ортиқ Отажонов мактабини очишингиз керак”, дедим. Шунда ҳофиз “Бунга энди кучим етармикан?.. Лекин менинг катталарга бунданам муҳим битта таклифим бор”, деди. Кейин Ўзбекистон радиосининг “Олтин фонди”да сақланаётган асарларнинг аксарияти бузиб ёзилганини, айниқса, матнларда чалкашликлар, мусиқаларда ўзгартирилган жойлари жуда кўплигини  айтиб, бу ўзбек санъатига, айниқса, мумтоз санъатга катта хиёнат эканлигини алоҳида таъкидлади. Пировардида ўзининг эзгу бир ниятини айтди:  
–  Биз “Олтин фонд”га ашула ёздириш арафасида не-не чиғириқлардан ўтардик. Аввало, унга ўта жиддий ҳозирлик кўрардик. Устозларимиз қўшиғимизни эшитиб кўришганидан кейин бадиий кенгаш тасдиғини кутардик. Шу тариқа хато кетишининг имкон қадар олди олинарди. Ҳозир-чи?.. Ҳозир бурунгидек қўшиқ матнлари мазмун-моҳиятини синчиклаб ўрганиш, савиясини баҳолаш ва ижронинг мукаммаллигини назорат қилиш батамом издан чиққан. Мен бунинг учун кимларнидир қоралаб, айбдор қилиш фикридан йироқман. Асосий мақсадим шунақа хато-камчиликларни бартараф этиб, ўзбек санъатининг мусаффолигига баҳоли қудрат ҳисса қўшишдир. Бу ишга виждон амри билан киришиб, биринчи навбатда, фарзандларим ва шогирдларим ижроларини нуқсонлардан тозаламоқчиман. Натижаси шундай бўлсинки, бир кун вақти-соати келиб, кейинги авлод вакиллари “Ўша кезларда ўзбек санъатининг дарвозаси олдида қоровули бўлмаган экан-да”, демасинлар. Ким билсин, унда биз қаёқда юрган бўламиз?..
   Ҳа, афсус, энди Ортиқ ака орамизда йўқ. У ўзининг армонли орзусига эриша олмай бу ёруғ дунёни тарк этди. Шу боис сўнгги пайтларда мени бир савол кўп қийнайди: машҳур ҳофизимизнинг ўша эзгу мақсадини кимдир амалга оширармикан?..
   Аслида санъаткорлар ва адиблар ҳам ойдин сиёсатчиларга ўхшайдилар. Улар халқни яхшиликка ва эзгуликка ундовчи, Ватанни севишни тарғиб этувчи ҳар қандай сиёсатчидан кучлироқ имконият ва салоҳиятга эга бўладилар. Қолаверса, уларнинг бу борадаги ишлари ўзлари вафот этганларидан кейин ҳам  ҳаётликларида яратган ва ижро этган куй-қўшиқлари, ёзган китоблари воситасида давом этаверади. Чунки ўзлари дунёдан ўтсалар ҳам, овозлари ва  асарлари  ўлмайди.
   Бугун эрталаб хоразмлик Равшанбек исмли акамиз Ортиқ аканинг бундан ярим асрча муқаддам Маҳтумқули сўзи билан айтилган “Поёни бўлмас” қўшиғи аудиосини юборибди. Мен ғазалдаги сўзлар мағзини чақиб, ашулани мароқ билан тинглай бошладим: 
“Дўстларим, дунёга айламанг ҳавас, 
Фонийдир ҳеч кима поёни бўлмас,
Жон қуши булбулдир, танинг бир қафас,
Бир кун учар, доим даврони бўлмас”...

Ҳусан ЭРМАТОВ, 
журналист.
Манба: "Ишонч" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот