20 октябрь – Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг устоз санъаткори – Маҳмуджон Ғофуров таваллуд топган кун.
Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек санъати устаси – Маҳмуджон Ғофуров 1917 йилнинг 20 Октябрь куни Тошкентда туғилиб, ҳаётда, санъатда поклик, ҳалолликнинг тимсоли сифатида узоқ ва мазмунли умр кечирган. «Отам ёшлигимда ўлиб кетганлар, – деб ҳикоя қилган эди Маҳмуджон ака. – Онамнинг қўлида тарбия олдим. Шунинг учун ҳам мактабга кечикиброқ бордим. 1927 йилдан бошлаб Охунгузардаги Ҳофиза мактабида араб алифбосида ўқидим. 1935 йилда Баламачитдаги Лоҳутий номидаги техникумда ўқиб, уни 1939 йилда битирдим. Шоир ва драматург Туроб Тўла ҳам биз билан шу техникумда ўқиган. Ёшлигимдан меҳнатга ўрганганман. Ўн яшарлигимдан деҳқончилик қилганман. Чангалзор мавзесида бизнинг катта еримиз бўлар эди. Бир гектар ерга қовун, тарвуз, картошка, пиёз, кунгабоқар эккан эдим. Иморат қурар эдим, пахса девор урар эдим. Сигиримиз бўларди. Қора меҳнатдан ҳеч қачон қочмаганман». 1935 – 1940 йилларда Ўзбекистон радио қўмитасида хор артисти сифатида фаолият кўрсатган. Хор жамоаси 1937 йилда собиқ Иттифоқ Радио қўмитасининг Москвада бўлган хор фестивалида қатнашиб, биринчи ўринни олган. 1938 йилда ўзбек хоридаги фаолияти учун "Ташаккурнома" олган. 1939 йил май ойидан бошлаб Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида актёр сифатида ишлай бошлаган ва аста-секин театр санъатида ўз ўрнини топган. Маҳмуджон Ғофуров табиатан таъби нозик, адабий тилни пухта эгаллаган, камгап, доимо ўзига қараб юрадиган, озода ва тартибли кийинадиган, эгнига гард юқтирмайдиган, саксон ёшида ҳам қадди тик, хушсурат, юксак маданиятли инсон эди. Ўзбек театр санъати равнақидаги буюк хизматлари учун 1940 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони ва қатор орден ва медаллар билан, мустақиллик йилларида эса «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган. Маҳмуджон Ғофуров 2000 йилда вафот этган.