ШЕЪР — ЭНГ КАТТА ОЗОДЛИК


Шоира Зебо Мирзаева билан суҳбат
Суҳбатдош: Умид Али

  Шеър — кўнгил озодлиги, руҳнинг озодлиги. Шеър, масалан, кичкина бир ҳаёт бўлиши ҳам мумкин. У қанча кучли бўлса, ўша сўзлар орқали катта бир озодликни намоён қиласиз.Нима учун биз сўзга эргашамиз. Чунки ўша сўзда эркинлик бор…
  — Зебо опа, суҳбатимизни кўнгил деб номлангувчи хилқатдан бошласак…
— Кўнгил баъзида одамни адаштирувчи, ҳаётда ақл, вазминлик билан, машаққатлар олдида сабр билан тўплаган жамики нарсаларингизни барбод қилгувчи бир куч. У агар туғён қилса, сиз уни бошқаролмайсиз. У сизни бошқаради.
Кўнгил билан яшаётган бир пайтларда ўзингизни ўзгача тушунтириб беролмаслигингиз мумкин. Ҳатто ўзингиз ҳам ўзингизни тушунолмай қоласиз. Лекин атрофдагилар, ким сизни нима деб изоҳламасин, барибир, кўнгил билан яшаш аслида бир ғанимат.
Кўнгил камдан-кам уйғонади. Уйғонгандами, инсонга янги бир ҳаётни туҳфа этади. У бояги сизни қолипингиздаги шаклни барбод қилиши мумкин, лекин руҳингизга илоҳий муҳаббат олиб келганини ўзингиз сезмай қоласиз.
— Биз кўнгил одамларимиз. Кўнгилда кечаётган туйгулар, ҳиссиётларни гоҳида жиловлай олмаймиз. Нега кўнгил амрига қарши боришга журъатимиз етмайди?
— Негаки, унинг жилови бизнинг қўлимизда эмас. Бу туйғулар эгаси ҳам аслида биз эмасмиз. У ўша ўзи сирлиги, илоҳийлиги билан ўз-ўзича озод ва у биздан ташқарида оқади хамиша. Биз у билан бирга бўлган пайтларимиз учун ҳам бахтлимиз. Журъат этолмаслик бу жуда ҳам ожизлик эмас ёки аслида шу ожизликнинг ўзи катта қудрат.
— Энди кўнгил  мулки бўлмиш — шеърият ҳақида фикр юритсак. Шеърни нимага қиёслаш мумкин. Умуман, шеър, сизнинг таърифингизда, нима?
— Шеър — энг катта озодлик. Кўнгил озодлиги, руҳнинг озодлиги. Шеър, масалан, кичкина бир ҳаёт бўлиши ҳам мумкин. У қанча кучли бўлса, ўша сўзлар орқали катта бир озодликни намоён қиласиз.Нима учун биз сўзга эргашамиз. Чунки ўша сўзда эркинлик бор.
Руҳ қанчалик кучли бўлса, ўзининг тажаллисини кўрсатади. Аслида шеърнинг ўзида, ижод билан юзма-юз келганингизда худо билан юзма-юз келгандай бўласиз. Истайсизми, йўқми, ростини айтишга мажбур бўласиз.
— Шоир кўпинча тушкунлик кайфиятидан чиқмай юради. Бунинг таъсирида туғилаётган шеър ҳам шу кайфиятни тақозо этади. Ижодингиз нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, мснимча, шеърларингизда бу ҳол ҳеч тўхтамайдигандек, тугамайдигандек туюлади…
— Бир ижодкорнинг гапи бор: «Энг яхши асарлар инсоннинг энг хор даврларида туғилади». Буни ўзимга тадбиқ қилмоқчи эмасман. Лекин шуни биламанки, менинг руҳим кўнглим ҳаёт ҳақиқатлари билан тўқнашганда мағлубиятга учраган даврларим жуда кўп бўлган ва менинг айтадиган сўзларим айни шу дамларда туғилган. Бироқ ҳар қандай тушкунлик даврида умид бўлади. Эҳтимол, ўша жарликлар тубида туриб сўзимни айтганим учун у тушкунлик эмас деб ўйлайман. Барибир руҳим ҳақиқатни айта олган экан.
— Энг дастлабки тўпламингиз «Тун маликаси» деб номланган. Ижодкор ўзининг илк китобига ном қўйишга қийналади. Умид, ишонч, орзу-ҳаваслар билан яшаётганлиги учун ҳам эртанги кун кўзи билан қарайди ҳаётга. Назаримда «Тун маликаси»га фақат шу бугунги кун-тундан кейин эртанги кун йўқ?
— Бу тўпламга 20-23 ёшлигимда ёзилган шеърлар киритилган. Ўша пайтдаги ҳиссиётлар билан боғлиқ. Сиз айтган ўша  тушкунлик шу даврларда юз берган. Яна бошқа бир сабаби илк ёзган шеърим ҳам «Тун маликаси» (1982 йил, октябр) эди.  Китобга Муҳаммад Юсуф муҳаррирлик қилганди. Шавкат Раҳмон, Рауф Парфилар ўзларининг илиқ муносабатларини билдиришган.
— Шеъриятни ҳақли равишда дарддан туғилган ишқ десак бўладими?
— Албатта. Зеро, дардсиз ҳеч нарса туғилмайди.
— Ҳар бир кишининг  ўз севган фасли бўлади. Масалан, мен кузни яхши кўраман. Назаримда, куз, хазонрезгилик — дарду оғриқдан фориғлик, ерга тўкилган андуҳ, мунг, ситамлар. Улар энди оёқ остида қолиб кетадигандек туюлади.  Сиз қайси фаслни ёқтирасиз?
— Албатта, кузни. «Ўзингизни қайси фаслга ўхшатасиз?» дейилган саволга «кузга ўхшатардим» деган жавобни берардим. Шунингдек, бошқа фасллар ҳам дилимга яқин. Қишнинг қорларини яхши кўраман, баҳорнинг майсаларини. Ёз билан ҳеч келишолмайман. Нималигини ўзим ҳам билмайман.
— Тасаввур қилинг, дунёда бирорта ҳам шоир қолмаган…
— Унда ҳаёт бўм-бўш, тип-тинч бўлиб қолади. Дунёнинг зилзилалари, довуллари тинган, мўъжизалари ҳам тугаган… Қуёш, ой, юлдузлар ҳам йўқ. Умуман, ҳаётнинг ўзи бўлмайди.
— Устозларингиз хақида…
— Устозларим ҳақида сўз юритганда кўзларимга ёш келади. Улар ўзларидаги бор нарсаларни ўргатганлар. Муҳаммад Юсуф, Шавкат Раҳмон. Бу икки шахс мен учун энг қадрли инсонлар бўлиб қолади. Ҳақиқатни айтишга, кескин, жасоратли бўлишга ўргатган азиз устозларим ҳам шулар. Шеърни оловдай, чақмоқдай бўлиб ўқишга, айтишни ҳам ўргатган шу инсонлар. Улар даврида, уларнинг олдида бир сатр шеър ўқиш катта жасорат эди. Шеър мен учун кураш, исён бўлиб қолди. Улар ўргатганлари каби ҳақиқатни айтишга ҳеч нарсадан қўрқмаслик керак. Устозларни доимо яхши хотиралар билан ёдга оламан.
— Кимларнинг ижодини қадрлайсиз? Сиз севган асарлар…
— Шавкат Раҳмонни жуда ҳам қадрлайман. Ҳам шахс, ҳам шоир сифатида. Рауф Парфининг шеърларини севаман. Абдулла Орифнинг илк шеърлари билан яшайман.
Бугунги кунда Усмон Азим, Хуршид Даврон, Мирзо Кенжабек, Ҳалима Худойбердиева дарди билан яшайман.  Иқбол Мирзо, Салим Ашур, Ғулом Мирзо шеърлари билан ҳамнафас бўлишга ҳаракат қиламан. Эшқобил Шукур, Абдували Қутбиддин шеърларини қанча ўқимай, ҳеч чарчамайман.  Фарҳод Арзиевнинг «Ёлғизлик ранглари» китоби менинг ён дафтарим. Умуман, Сўзи билан ҳалол яшаётган барча шоирларни яхши кўраман.
— Юракнинг ожизлиги нимада, қодирлиги, энг устувор жиҳатлари нимада деб  ўйлайсиз?
— Юракнинг ожизлиги муҳаббатда. Унинг қудрати ҳам муҳаббатда. Чунки севиш — жасорат. Севасиз, лекин севишни талаб қилолмайсиз. Бу унинг ожизлиги, қуллиги. Лекин энг чиройли қуллиги.
— Бахтнинг суратини нимада кўриш мумкин?
— Бу дунёда кўнгил бахтидай бахт йўқ. Кўнгил кимнидир танлайди, кимдир- кўнгилни. Ўз соғинчлари билан муҳаббат бахшида этган кўнгил, бу сизга берилган беминнат бахтдир.
— Ҳаётдаги шиорингиз?
— Севиб, севилиб яшаш!
— Инсон учун энг муҳим нарса нима?
— Кўнгил. Ва мана шу хилқат барчага насиб этсин.

Манба: «Бекажон» газетаси. 2004 йил, 39-сон.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот