ЎРТАМИЗДА ХАФАЧИЛИК БОР!..
Танқид ҳамиша керак!.. Танқид - танқид бўлгани учун эмас, туйғулар ҳалолиги учун ҳам... Адабиёт ҳақида фикр билдирсам, ғаразгўйлик ёки кўролмасликдан эмас, холислик нуқтаи назаридан ёндошаман. Бу журъатни менга журналистика берган. Тўғри, танқид қилаётганда муаллиф менга нотаниш бўлиши мумкин (Масалан, ёзувчи Мурод Човушни танимайман. "Ҳеч"ни ҳам ФБдаги рекламалардан кейин эмас, яқинда китоб дўконидан сотиб олдим. Мен ҳурмат қилган ёзувчи фикр билдиргани учунгина... Шубҳасиз, Мурод ака яхши ёзувчи... Аммо нега адабиётимизда бу асар НЕТчалик шуҳрат қозонмади, деган саволни ўртага ташладим) бирдан рақиблар жонланиб биргаликда ёлғиз одамга ташланиш - бу ибтидоийлик давридан қолган одат. Битта савол: ФБга нега кирамиз?.. Бир-биримизга "пахта" қўйиш учунми?.. Агар шундай бўлса, қўйган постларимизда фақат хайрихоҳларни белгилайлик, бошқа одам кўрмайди ҳам, фикр билдирмайди ҳам. Нима бу, холис бир фикр айтсанг, дарров ёқангдан олади, китоб кўрмаганлик, ичиқораликда айблаб ўзиникини маъқуллаш... Қайси асар ҳақида фикр билдирсак, ўша китобни ўқиганмизки, бунга жазм этдик... Арзитмаганларимиз ҳақида тўхталиб ҳам ўтирмаймиз. Яқинда "Кўнгил" ҳақида ФБга бир шеър қўйсам, бир шоира опамиз мени кўчирмачи, бир тийинга қиммат шоира, лайк босманглар, деб айрим дўстларимга хабар жўнатибди. Ундан хафа бўлиш ўрнига ўша шеърни қайта кўриб чиқиш имконини бергани учун раҳмат, айтаман. Лайк нима у?.. Мени таниганлар билади, шуҳратга ақлдан озар даражада ўч эмасман, қаерда эътироф этилган бўлсам, пешона терим, кўз ёшим, меҳнатим билан... Бирор жойга ҳужжат тахлаб чопмаганман, ўзлари нимани лойиқ кўришса шу... Чунки атрофдаги, тепадагилар кўр, соқов эмас... Ҳаммамизни кузатиб боришади, рағбат ҳам иқтидор, машаққатга яраша бўлади. Кейин адабиёт - бир қоп картошка эмас, елкага ортиб бозорга сотсанг, бир кунда фойдасини чўнтакка урсанг...
Америкалик шоира Эдна шеърлари ўлгандан кейин тан олинган, Гиппусни ҳам ҳаётлигида ҳеч ким писанд қилмаган, Германияга кетгач, асарларини излаб ўқишган. Мен сизга Ахматова, Гиппус, Эдна, Эмили, Марианна Мурни бир мавзуда ёзган бир-бирига яқин шеърларини албатта, русча таржимасида таҳлил қилиб беришим мумкин. Аммо уларнинг ҳеч ким дахл қилолмайдиган ўз дунёси бор... Ижодкор шу чўққига чиқиши керак. Тепангда Гиппус: "Бошингни кўтар-е, азоб-уқубатли, хушомадгўй дунё тувагидан", деб жавраб турса, қандай қилиб замондошингни ўртача асарини шедевр, деб мақтайсан!.. Кейин келажак кўзига қандай қарайсан?.. Мақтамасанг ҳамма еб қўйгудек...
Дўстлар, бир-биримизга холис бўлайлик, танқидни тўғри қабул қилайлик!..
Очиғи, дунёда рақиби йўқ одамга доим ҳавас қиламан, ҳамма уларни яхши кўради, аммо мен ўзимга-ўзим душман орттирсам ҳам Адабиёт ва Сўзга хиёнат қилолмайман. Агар шу нуқсон бўлса, майли, шу нуқсоним учун мени кечирманг!.. Бошқа пайтларда сиз билан зўр оғайни бўла оламан, ҳаётда ўлгудек қувноқ ва ҳазилкашман, алдасангиз ҳам кечираман, панд берсангиз ҳам туриб кетавераман, ишонинг, чунки мен ҳеч кимни жуда қаттиқ ёмон кўра олмайман!..
Адиба УМИРОВА.
2021 йил.