Қойил сизга ўзбек аёллари!


 

Қойил сизга ўзбек аёллари!

 

 

     Тарихдан маълумки, табиатан ожиза саналган аёл кўпинча эркакларнинг соясида бўлиб келган. Унга уйнинг бекаси сифатида қаралган. Лекин бошқарувни ўз қўлига олган аёллар бўлгани ҳам ҳақиқат. ДороIни тор-мор этган малика Тўмарис, Темурийларга хос бўлган Бибихоним, тарихга жон бағишлаган Гулбаданбегим... Улар номини узоқ давом эттириш мумкин. Бугун ҳам бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратаётган ўзбек аёллари неларга қодирлигини исбот этмоқда. Бугунги куннинг "қудратли”, "енгилмас” ўзбек хонимлари ҳақида ҳикоя қиламиз.


119 ёшли ёртепалик онахон


     Овқат қилиш, уй йиғиштириш, бола парваришлаш... яна қанча юмушлар... аёл гарданидаги ишлар. Уни ҳеч ким бу ишга мажбурламайди. Ўзбек аёлига булар момомерос мажбуриятлар. Баъзида чарчаб қолса бир "уф”ини айтмаганда биров бундай ҳаётидан нолиб шикоят қилиб хат-қалам этган эмас.

    НаманганликСаъдияхон Иномованинг умри ҳам меҳнат билан ўтди. Эрта баҳорда кетмон олиб далада ишлаш, ипак қурти парвариши, ёзда буғдой бошоғини йиғиш, кузда пахта йиғим-терими, қишгача кўсак чувиш. Шулардан ортиб, яна саккиз фарзандни оқ-ювиб оқ тараш. .. Бир одамга жуда оғирлик қиладиган бу ишларни пешона тери билан уддалаган онахон бугун дунёнинг энг ёши улуғ инсонларидан бири. Асл ҳақиқат шуки, Саъдияхон Иномова 1897 йил Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Ёртепа қишлоғида дунёга келган. Шу йил баҳор фаслида 119 ёшни қаршилайдиган Саъдияхон ая ҳозир 45 набира, 141 нафар эвара, 139 чеваранинг момосидир. Онахондан бундай бахтнинг сирини сўраганимизда у киши:

-Ёшлигимдан ҳалол меҳнат қилиб, рўзғоримнинг борига шукр қилдим. Саҳарда туриб тандирда нон пиширардим, кечқурун даладан қайтиб кир ювардим. Бўш вақтим бўлди дегунча болаларимга китоб ўқиб берардим. Ҳаётдан нолиманглар, у баракани тугул, умрингизни ҳам қисқартиради, -- дея жавоб бердилар.

Уч аср яшаган онахоннинг кўзларида равшан нур, қулоқларига жарангдор овоз кирмаса-да, уларга ҳавасимиз келди. Чунки бувижон ўз хонадонларида эъзозу эътиборда. 50 йилдан буён хизматида бўлган кенжа келини Муҳаббатхон ая , уларнинг қиз-у, ўғил ва келинларининг бири чой тутса, яна бирови ширин таомини илинади.

-Турмуш ўртоғим Салоҳиддин амакингиз оиланинг кенжа фарзанди бўлади. Улар ҳозир 74 ёшда бўлсалар-да, ҳанузгача аям уларни тергаб турадилар, - дея суҳбатга қўшилади Муҳаббатхон опа. - Она учун боланинг ёши бўлмаскан. Яна бир сирни айтиб қўйсам кимгадир фойда. Аям жуда тартибли овқатланадилар. Ёнғоқ, майиз, думба ёғи дастурхонларидан аримайди. Ширинсуханликлари маҳалламизда достон. Шунинг учун қишлоғимизда туғиладиган ҳар бир чақалоқни "сизга ўхшаб пир-у-бадавлат бўлсин” дея дуо қилишга олиб келишади.

100 ёшга кирганларида Саъдияхон ая ҳукуматимиз томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирланган эдилар. Аёл матонатини кўрсатишга муваффақ бўлган бу камсуқум ўзбек онахони ҳали кўплаб мукофотларни ўз қўллари билан олишларига ишонамиз.

 

 

"Генниснинг рекордлар китоби” га кирган ўзбек аёли

 

 

 

     Полвонлик аёлларга хос бўлмаган ҳунар кўринади назаримизда.

     Тош кўтариш спорти бўйича турли мусобақалар ғолиби, андижонлик Муҳтарама Алиева 2014 йилда Францияда бўлиб ўтган мусобоқада ажойиб натижа қайд этиб жаҳоннинг етти карра чемпиони сифатида тан олиниши бу фикрларимизни чилпарчин қилди.

-Ёшлигимда соғлигим ёмонлиги туфайли спортни танлаганман. Биласиз, олдинлари вилоятларда спортнинг маълум бир турлари билан шуғулланишгагина имконият бор эди. Шунинг учун дастлаб ўғил болалар билан футбол ўйнаганман. 5-синфда ўқиётганимда мактабимизда самбо тўгараги очилган. Бу ерда шуғулланаётганимни эшитган раҳбарият отамни мактабга чақирган. Аммо отам Худойберди Алиев мени қўллаб-қувватлаб кимоно совға қилган, –дейди Муҳтарама опа. -Тош кўтариш спортига эса 25 ёшимда қизиқиб қолдим. Азалдан юртимизда бу спорт тури оммалашган. Дорбоз-полвонларнинг чиқишларини халқимиз олқишлар билан кутиб олган. "Полвонларга Хизр назар солган”, дердилар ёшлигимда онам. Ўзимда бу нарсани исботладим. Поклик ва ҳалоллик билан бажарилган иш шунчаки эътибордан четдан қолмаслигига ўзим амин бўлдим.

     Бу айни ҳақиқат. Муҳтарама Алиева 2012 йилда Германияда ўтказилган жаҳон чемпионатида 16 кг. ли тошни 50 марта кўтариб, ғолибликни қўлга киритганди. Ўшанда у жаҳон чемпионатларидаги илк рекордини ўрнатган . 2013 йилда эса пойтахтимизда бўлиб ўтган мусобоқада 16 кг. ли тошни 75 марта кўтариб ўз рекордини янгилади. Грецияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бир дақиқада 16 кг. ли тошни 50 марта кўтариб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

     2013 йилнинг ноябрь ойида Архангельскда бўлиб ўтган мусобоқада 60 килограммгача бўлган қатнашчилар орасида жаҳон чемпиони бўлди. Ўшанда у ҳар бири 6 кг. ли иккита 12 кг. ли тошни бир дақиқада 118 марта кўтариб, ўзбекистонлик биринчи аёл сифатида "Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирди.

-Муҳтарама опа, полвонлик аёл киши учун оғир эмасми?

-Агар қўрқоклик қилсангиз инсон учун ҳамма нарса оғирлик қилади. Фақат сабр қилсангиз мақсадингизга эришасиз.

-Онангиз бу ишингизга қандай қарайдилар?

-Бошида "эркакча” кийиниб тош кўтаришимга жуда қарши бўлганлар. Бироқ муваффақиятларимни, соғлигим тикланганини кўриб ҳозир хурсандлар. Аммо ҳар куни нима овқат единг, деб тергаб турадилар. Чунки овқатга жуда инжиқланаман-да.

-Муҳим мусобоқаларга уларни ҳам таклиф қиласизми?

-Олдинлари дадам икковлари мени турли мусобоқаларга бирга олиб боришарди. Энди ўзим бунга рухсат бермайман. Чунки уларни кўриб ўзим ҳаяжонланиб кетаман. Яқинда бир шундай мусобоқага икки опамни таклиф қилгандим. Оғир чиқишларимни кўриб улар йиғлаб юборишди.

-Оилада олти қиз экансизлар, демак ўғилликка даъвогар сиз экансиз-да?

-(кулади) Оиладаги бешинчи, дадамнинг эрка қизиман . Отам биз туғилганимизда доим хурсанд бўлган экан. Ўзбекларда ўғил бола Ватан ҳимоячиси сифатида тарбияланиб, унга ишонч билдирилади. Мен ҳам юртимиз байроғини баландларга кўтарилишига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман. Балки ўғил бола бўлганимда ҳам шундай ишларни қилардим...

-Доим оғир тош кўтариш билан шуғулланасиз...

-Тўғри, бу ишда метин ирода, сабр-матонат керак. Аммо менинг кўнглим жуда бўш, тўғрироғи йиғлоқироқман. Дарров кўзимга ёш келади. Онамни соғинсам ҳам, энг яхши мусобоқаларда менинг шарафимга юртимиз байроғи кўтарилса ҳам...

-Онангизга қилган энг яхши совғангиз?

-Онам Маҳбуба Ҳожибобоева 77 ёшдалар. Илоҳим бахтимга узоқ умр кўрсинлар. 2011 йилда ҳукуматимиз томонидан менга берилган "Шуҳрат” медали улар учун энг катта совғам бўлган. Уни онам доимо меҳр билан асраб келяптилар.

 

 

     Энг катта орзуси - оғир атлетикада нуфузли саналадиган "Олтин тош” совринини олиш. Муҳтарама Алиевадан ўзи ҳақида қисқача маълумотларни сўраганимда, у "Ёшим 44 да, бўйим 1,50 сантиметр, вазним 60 кг, 36 ўлчамдаги пойабзалини кияман” дея жавоб берди.

 
     Қойил сизга ўзбек аёллари!
 
Лайло Каримова суҳбатлашди