Момо ҳаводан мерос


Дунё нега бир кам бўлган? 

  Гуноҳкорнинг ўзини оқлаш учун кўрсатадиган сабаби битта. Нима эмиш, «ҳаммасига шайтон  айбдор». Бу хусусиятдан аёлларимиз ҳам бенасиб эмас. Эътибор қилганмисиз, аёлларга нисбат сифатида «ғийбатчи» сўзини ишлатсангиз ғурурланиб «бу бизга Момо ҳаводан мерос» дейишади. Бу важни яна неча асрлар елкаларига ортиб юришлари фақатгина ўзларига аён.

  Ғийбат ҳам ўз ўрнида узрли ҳолат. Билиб-билмай қилинган бўлса кечириш осон. Аммо бир ҳовуч нурдек кўримли аёл зотининг муомаласи уни бир фурсатнинг ўзида сўниб қолган кулга айлантириши ҳеч гап эмас.

  Бугун жамиятнинг барча соҳаларида эркаклар билан бир сафда хизмат қилаётган аёллар ўзларининг энг фарқли хусусияти мулойим феъли-ю, ширин муомаласини ҳам унутиб қўймаяптимикан?

Айби бўлса айтиб сот  

 Яқинда бир нохуш холатга гувоҳ бўлдим. Буюм бозорининг расталаридан бирида молини пуллаётган аёлгина  бир харидор билан тортишиб қолди. Сабаби: сотиб олган буюмларининг сифати уни қониқтирмабди. У пулини қайтариб беришини талаб қилди. Шунда Момо ҳавонинг суюкли «набира»ларидан бири бўлган, Оллоҳ нафосат билан сийлаган бу жувон юзидаги пардани сидариб ташлади-ю, қулоқни қоматга келтириб бақира бошлади. Унинг бу қилиғидан ҳам хижолат, ҳам азият чеккан харидор ҳафсаласи пир бўлиб нари кетди. Аёл эса ўз айбини юзсизлик ортига яширганча қолаверди. Биров ачинди. Биров кулди. Яна кимлардир нафратланганнамо боқиб ўтиб кетди.

   Ўйлаб кўринг-а, харидорнинг-ку бу муносабатдан дили хуфтон бўлди. Бир фурсатдан сўнг ёдидан ҳам чиқиб кетар. Лекин шу муҳитда тарбияланаётган ўқил-қизларнинг ҳоли нима кечади. Уларнинг ҳам аччиқ-қуруқ гаплардан «юзи қотиб», шартаки ва жиззаки бўлиб улғаймаслигига ким кафолат беради? Ҳеч ким!

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади   

  Тиббиётда қизиқ бир ҳолат бор. Танангизда пайдо бўлган жароҳатни ҳеч бир дори-дармон билан тузата олмаяпсизми? Билингки, жароҳат ўзаги қуриб битмагунча бу ҳол давом этаверади. Уни бартараф этмай туриб касалликдан холос бўлишнинг иложи йўқ. Юқоридаги ҳолатни ҳам худди шунга қиёс этиш мумкин. Агар оилада соғлом муҳит ҳамда тарбия бўлмаса, ташқаридан берилаётган панд-насиҳат-у ўгитларнинг ҳеч қандай нафи бўлмайди.

  Бу ўринда энг катта маъсулият бориб аёлларимизнинг чекига тушади. Бу оғринадиган юмуш эмас, шарафли йўл. Аммо уни қандай адо этиш уларнинг ўзларигагина ҳавола.

   Ривоятларга қараганда Яратган эгам аёлни яратиш учун барча гўзалликларни бир кам этди. Оловдан тафтни, гулдан ифорни, шаршарадан сочларни олди. Шу-шу дунё бир кам бўлди. Жамики гўзалликнинг бағридаги кемтиклик аёлларнинг бўйнидаги «қарз» бўлиб қолди.

  Бу абадият қарзи. Унинг тўлови ҳеч қандай моддий бойлик билан ўлчанмайди. Шарт шу: аёллар ўзларига берилган мўжизавий латофат-у, муомаладан ўз ўрнида ва кези келган фурсатлардагина фойдалана билмоғи даркор.

 Бугун биз яшаётган жамиятнинг энг ардоқли вакили, ҳеч шубҳасиз, аёллардир. Уларнинг елкасига биз юқорида таъкидлаган шарафли вазифа юклатилган. Яъни соғлом авлодни, баркамол келажакни ва интелектуал салоҳиятни шакллантириб, эртанги кунга пойдевор яратиш. Бу каби вазифаларни адо этиш учун, аввало, унга лойиқ бўлиш керак. Шундагина атрофдагиларга ўрнак бўла олиш мумкин.

  Соҳибқирон Амир Темур келин танлашни давлат сиёсати даражасига кўтаргани ҳам бежиз бўлмаган. Бунинг ортида ҳам чуқур таҳлилий ечим мавдуд. Шундай экан, кун келиб бола ўз онасининг айбидан бош эгмасин.

 Қўпол сўзлар дилни бир фурсатда вайрон қилади. Айниқса, у аёллар томонидан айтилган бўлса. Унинг жароҳатига малҳам бўлиш учун эса баъзан умрингиз ҳам етмаслиги мумкин. Синган кўзани қайта тиклаб бўлмагани каби, яраланган қалб жароҳатига ҳам даво йўқдир. Энг маъқули эса бундай ҳолатларга ўрин қолдирмаслик ва борини ҳам бартараф этмоқ керак. Латофат эгаларининг ҳар бир ҳаракати-ю, сўзлаётган сўзлари жамиятнинг диққат марказида. Эҳтиёт бўлинг: сиз қолдирган таасурот миллатимиз юзи. Бу ерда шахсий хусусиятлар эмас, умуммиллий қадриятлар ҳам мавжудлиги ёдингиздан кўтарилмасин. Сиз яна бир энг буюк ─ Она деган мартабанинг соҳибаси эканлигингиз ёдингиздан чиқмасин. Зеро, оналарнинг порлоқ келажак бошланмасида хато қилишга ҳеч қандай ҳақлари йўқдир. 

Махсума ОҚҚЎЗИЕВА 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот